islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Муҳоварам яхши эмас. Мой разговорный хромает. My speaking is poor: Муаммо нимада?

Она тилим… Нима учун айнан “ОНА” тилим?

Фарзанд дунёга келиши биланоқ одатда доялар гўдакни онанинг кўкси устига ётқизади. Мурғак гўдак ҳали ҳеч нарсани англамаса-да, шу онда икки шахс ўртасида мўъжизавий энергетик боғлиқлик содир бўлади ҳамда унинг бу дунёда кўрган илк инсони – унинг онаси бўлади. Шу каби, инсон қайси миллатда туғилса, атрофидагилар шу тилда сўзлагани сабабидан, ўз юртининг тилини унинг мураккаблигини, сўз бойлигининг ҳажмини англамаган ҳолда табиатан сўзлашиб кетади. Яъни, унинг кўз очиб кўргани шу тил бўлади. Шунинг эҳтимолидан “она тилим” дейилади, назаримизда.

Бугун гаплашмоқчи бўлганимиз – қайси хорижий тилни ўрганмайлик, нима учун оғзаки нутқни ўстириш доимий муаммолардан саналади? Шу масалада ўз фикр-мулоҳазаларимизни ўртоқлашмоқчи эдик.

Мақолани она тили ҳақидаги фикрдан бошлаганимиз бежиз эмас, албатта. Юқоридаги фикрдан англаган бўлсангиз, инсон она тилида гаплашиш маҳоратига ҳеч бир қийинчиликсиз, ўзи билмаган ҳолда ҳамда гўдаклик чоғида ҳали тафаккур шаклланмаган даврда эришади. Мисоли, у туғилган-у, шу тилда сўзлашиб кетган. Бу қайсидир маънода “Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ” деган нақлга тўғри келади. Бу таёқнинг бир учи.

Таёқнинг иккинчи учи шунда-ки, маълумки, мактабда “она тили” фани (миллатга қараб бу ҳар бир тил бўлиши мумкин) ўтилади. Энди ўзимизга савол берайлик, “Она тилини ўрганишга бошқа хорижий тилларни ўргангандек ёндашамизми?” Афсуски, орамизда “Йўқ” деган жавоблар кам эмас. Сабаби – “Туғилгандан бери гапираман-ку, биламан бу тилни, нимасини ўрганиш керак”, деб ҳисоблаймиз аксаримиз. Ваҳоланки, ҳар бир тилнинг ўзига яраша хусусиятлари ва қийинлик томонлари бор. Шу жумладан айни дамда сиз ва бизнинг она тилимиз бўлмиш ўзбек тили ҳам осон тиллар сарасига кирмайди. Энг ачинарли томони ўз тилимизнинг грамматик жиҳатдан билмаслигимиздан тортиб етарли даражада сўз бойлиги ҳамда равон гапириш кўникмасигача камчиликлар бисёр. Ҳар биримиз ўзимизга савол берайлик – ўзбек тилида кундалик турмушдаги ҳолатимиздан тортиб бирор омманинг ўртасидаги нутқимиз қай даражада равон? Ана шу саволга жавоб биз ўрганаётган араб, рус, инглиз ва шу каби бошқа хорижий тилларда нима сабабдан оғзаки нутқимиз оқсашига айни жавоб бўла олади. Бу нима дегани? Оғзаки нутқнинг шаклланишида муаммолар нимада?

Ҳар бир инсон ўз табиатига, характерига эга. Шунга кўра, кимдир сергап ва дадил, кимдир камгап ва тортинчоқ, кимдир яна бошқача. Нутқнинг ифодаланиш сифати инсоннинг табиатидан келиб чиқади. Демоқчи бўлганимиз, қайси бир тилда оғзаки нутқни ўстирмоқчи бўлган инсон аввал ўз она тилида равон гаплаша олиши муҳим. Инсон аввал ўз табиати устида ишлаши керак ва албатта, бу ўз она тили воситасида бўлади. Ўз она тилида фикрини равон ифода қила олган инсон учун бошқа тилларда ҳам шундай гаплаша олишда муваффақиятга эришиш ҳеч муаммо бўлмайди, чунки инсон ўз табиатини енгиб, ўз устида ишлабгина она тилида равон гаплашишга эришиши мумкин. Инсоннинг нутқи –  унинг табиати, илми ва салоҳиятининг кўзгуси ҳисобланади. Бунинг учун нима қилиш керак?

Аллоҳ таолонинг муқаддас каломи бўлмиш Қуръони Каримни ўқиш қоидаларини қаранг-да – унда қадни ростлаб, бўйинни тик тутиб ўтиришдан тортиб ҳарфларни ўз жойидан чиқариб талаффуз қилиш, ҳар бир оятни ўқиётганда оят бошидаги оҳанг оятнинг охиригача шу тазда бориши муҳимдир.

Юқоридаги билдирилган фикр-мулоҳазаларни жамлаб, нутқни ривожлантиришни аввал ўз она тилимиздан бошлашни тавсия қилган ҳолда қуйидаги маслаҳатларни берган бўлар эдик:

  1. Ўзбек тилида қандай китоб ўқишдан қатъий назар (дарслик, бадиий адабиёт ёки журнал) овоз чиқариб ўқиш. Бунда Қуръони Каримни ўқиш услубларидан фойдаланиш, яъни:

– бўйинни кўтариб гавдани тик тутиб ўтириш, бунда халқум сиқилмаган ҳолда бўлиши (бу ҳолатнинг бош мияда қон айланиши борасида тиббиётда исботланган фойдалари кўп);

– сўзлардаги ҳар бир ҳарф аниқ жойидан талаффуз қилиниши;

– гапнинг бошидаги оҳанг гапнинг охиригача бир маромда бориши;

– овоз бақираётгандек чиқмаслиги, лекин нутқ сўзлаётгандек бир маромда баланд бўлиши;

– ўқиётган гапларингизни ўзингиз аниқ тинглаб, сифатини назорат қилиш.

  1. Ўзбек тилида бирор матнни тайёрлаб ойнага қараб ўз-ўзига сўзлаб бериш, чунки илк тингловчи инсоннинг ўзи бўлади. Бунда эътиборга олиниши муҳим бўлган ўринлар қуйидагилар:

– қадни ростлаб, бўйинни тик тутиб тўғри ўтириш;

– матн шеърдек ёдланган бўлмаслиги керак, балки матннинг мазмуни билан танишиб, ўзининг фикри ва сўзлари билан мазмунини ифодалаб бериш;

– сўзланаётган фикрда сўзларнинг аниқ ва равон талаффуз қилинишидан тортиб, фикрнинг сифатини қатъий назорат қилиш;

– кейинги босқичда оила аъзолари ва дўстлари олдида сўзлашни машқ қилиш.

  1. Кундалик ҳаётда имкон қадар ўз нутқини назорат қилиш. Яъни, ким билан, қандай ҳолатда, қандай вазиятда бўлишидан қатъий назар, юқорида келтирилган кўрсатмаларга мувофиқ нутқнинг сифатини назорат қилиш. Шу жумладан, имкон қадар инсонлар билан муомала қилишга ҳаракат қилиш.

Хулоса сифатида шуни таъкидламоқчи эдик-ки, оғзаки нутқнинг сифати инсон табиатига боғлиқ экан. Ўзбек миллатига хос андиша ва тортиниш “Андишанинг отини қўрқоқ қўйди” нақлига тушиб қолмаслиги керак. Яъни, назарий илми кенг бўлган инсоннинг тортинчоқлиги ва атрофдагиларнинг унинг ҳақида қандай фикрда эканлигини ўйлаши ўз фикрини ва илмини лафзда ифодалашига тўсқинлик қилмаслиги керак.

Аллоҳнинг мўъжизасини қаранг. Ҳеч эътибор қилганмисиз – энди тили чиққан ўзбек боласини одатда рус тилини ўрганиши учун боғчада рус гуруҳига беришади. Ана шу боланинг рус тилида сўзлашига бир эътибор қилинг-да, бирор акцентсиз ва хатосиз худди рус боласидек сўзлайди. Бу айни мўъжиза. Бундан келиб чиқади-ки, нутқга боғлиқ илмларни болага етти ёшгача бериб улгуриш керак. У барчасини аслидек “губка” сувни шимгандек шимиб олади. Аллоҳнинг яна бир мўъжизаси шунда-ки, бола икки ёки учта тилни бир вақтнинг ўзида қабул қилаётганига қарамасдан (у бир неча тил ўрганаётганини билмайди ҳам) бир тил иккинчисига аралашиб кетмайди. Ваҳоланки, болада ҳали тафаккур шаклланмаган бўлади. Ана шу икки мўъжизанинг асосий сабаби  ҳам шунда. Тафаккур уйғона борган сари ҳамда турли тиллар ва фанлар борлигини англагани сари қўрқув оқибатида болада қабул қилиш тезлиги ва сифати пасайиши кузатилади. Демак, ўз вақтида ва ўз ўрнида қилинган меҳнат, албатта ўз самарасини беради.

Саодат Валиева,

ТИИ Тиллар кафедраси катта ўқитувчиси

333280cookie-checkМуҳоварам яхши эмас. Мой разговорный хромает. My speaking is poor: Муаммо нимада?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: