islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Ал-Фавзул кабир фи усулит тафсир” асарининг усулут тафсир илмида тутган ўрни”

 “У мендан лафзлар санадини олар,

мен эса ундан маъноларни

тўғрилаб олар эдим”[1].

Қуръон мўжизалари ва унинг илмлари асрлар оша бутун инсониятни ҳайратга солиб келмоқда. Олим зотлар уни ўрганиб Қуръон илмларини жуда кўп қисмларга бўлиб беришган. Ана ўшалардан бири ҳозир биз баҳс қиладиган усулут тафсир илми ҳисобланади.

Усулут тафсир илми тўғри тафсир қилиш қоидаларини ўргатадиган фандир. Бу илмни ўрганувчи ислом душманлари томонидан нафс-ҳаволари хоҳлагандек Қуръони карим борасида тўқиган ёлғон, бўҳтон кўринишдаги ҳужумларига қарши ўткир, мустаҳкам қурол билан қуролланади.

Биз бу илмни Шоҳ Валийюллоҳ  Деҳлавийнинг «ал-Фавзул кабир фи усуит тафсир» асарлари орқали таҳлил қилиб чиқамиз. У зот ўз асарларида ҳозирда бўлаётган бузғунчиликларнинг аломатлари ва ўша фасодларнинг ўрнига қандай гўзал тартиб-қоидалар амалга оширилиши кераклигини очиб берадиган фикрий ислоҳотларни тақдим этдилар. «Ал-фавзул кабир фи усуит тафсир» асари мана шундай асарлардан бири ҳисобланади. Ушбу «Фавзул кабир фий усулит тафсир» китоби диний мақсад ва унинг илмларига қаратилган ислом хазинасидаги китобларнинг бири ҳисобланади, чунки муаллиф томонидан ёзилган бу асар тақрибан уч асрдан бери Ҳиндистон ва Покистон диёрларидаги тахминан эллик мингдан ортиқ бутун мадраса ва кўзга кўринган ислом университетларида ҳам ҳали ҳанузгача расмий ўқув дастури сифатида барча талабаларга тафсир ва «Қуръон  илмлари»  фани устозлари томонидан ўқитилиб келинмоқда. Асар уч асрдан бери қайта-қайта турли мактаба-нашриётлар томонидан босилиб, айниқса, сўнгги аср чорагида урду ва араб тилларига буюк устозлар томонидан талабаларга тушуниш осон бўлиш мақсадида  таҳқиқ ва таҳлил қилиниб чоп қилинмоқда. Шунингдек,  ушбу асарга бағишлаб  араб ва урду тилларида янада батафсилроқ тушунтириш мақсадида ушбу фан устозлари томонидан шарҳлар ёзилиб, ўқувчи талабаларга ҳали ҳанузгача тақдим қилинмоқда.[2]

Қуйида китоб тузилиши ҳақида маълумот бериб ўтамиз. Ҳар бир боб ўзидаги баҳсларга қараб фаслларга бўлинган:

 Биринчи бобда Қуръони карим очиқ-ойдин далолат қиладиган беш илм борасида сўз юритилади, у эса икки фаслга тақсимланади.

I­­­­ Боб.  Қуръони карим  ўзида жамлаган беш асосий илм:

а –  Илмул Аҳком. Бунда вожиб, мубоҳ, мандуб, макруҳ ва ҳаром каби шаръий ҳукмлар олинган ҳукм оятлари баён қилинган.

б – Илмул Жадал фасли. Бунда тўртта ботил тоифалар (Яҳудий, Насронийлар, Мушрик ва мунофиқлар) билан бўлган ўзаро тортишувлар баён қилинган. Бу фасл тўрт мабҳасга бўлинган.

в – Илмут тазкир би аалааиллаҳ. Бунга Аллоҳ таолонинг неъматларини эслатиш, яъни, осмон ва ерларни яратиши, У Зот бандаларига зарур бўлган нарсаларни илҳом қилиб туриши ва У Зот Ўзининг комил сифатларининг баёни каби илмлар киради.

г – Илмут тазкир би айямиллаҳ. Бунда Аллоҳ таоло Ўзи  келтирган ҳодисалар (итоъаткорларга инъом-икром қилиши ва осийларни эса азоблаши) каби  воқеаларнинг баёни келтирилади.

д – Илмут тазкир бил мавт. Бунда ўлим ва ўлимдан кейинги ҳолатлар (маҳшар, ҳисоб, мезон, жаннат ва дўзах) кабилар баён қилинган.

Иккинчи бобда Қуръони карим назмидаги маъноларда бизнинг асримизга нисбатан махфийлик мавжудлиги сабабларининг баёни  борасида сўз юритилади, бу эса беш фаслга тақсимланган.

Учинчи бобда Қуръони каримнинг назмидаги латоифлик ва Унинг гўзал услубини шарҳлаш борасида сўз юритилади ва бу боб тўрт фаслга тақсимланади.

Тўртинчи бобда саҳоба ва тобеъинлар тафсирларида ва турли тафсирларда учраб турадиган ихтилофлар ечими борасида сўз юритилиб, бу боб ҳам тўрт фаслга тақсимланади.

Иккинчи боб. Қуръони карим назмидаги маъноларда бизни асримизга нисбатан махфийлик мавжудлиги сабабларининг баёни  борасида сўз юритилади ва беш фаслга тақсимланган:

Бу бобнинг биринчи фаслида «Ғорибул Қуръон» (яъни мубҳам ва ғаробат – кам учрайдиган Қуръон Карим лафзлари устида баҳс олиб борадиган) мавзусига  кириш билан бошланиб, бу мавзуда энг буюк муфассир саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу эканликлари, шунингдек, аввалги муфассирлар Қуръон Карим лафзлари маъноси қандай бўлса, шундай тафсир қилишни олган бўлсалар, кейинги муфассирлар эса лафзларни луғавий ва ишлатиш ўринлари хусусида ҳам изланиш олиб боришлари борасида сўз юритилади.

Иккинчи фаслда эса «Носих ва Мансухни англаш» мавзусида бўлиб, насхнинг аввалги саҳобалар давридаги маъноси ва улар наздида мансух бўлган оятлар сони, шунингдек, кейинги муфассирлар асридаги мансух оятлар сони хусусида сўз юритилади. Юқоридаги маълумотлар айтиб ўтилгандан кейин, Қуръони каримнинг аввалги сурасида учрайдиган мансух оятларни келтирилиб, муаллифнинг ҳам бу борадаги қарашлари баён қилинади. Худди шу тарзда кетма-кет мансух оятлар учрайдиган  суралар келтирилади.

Учинчи бобда «Қуръони каримнинг назмидаги латоифлик ва Унинг гўзал услубини  шарҳлаш» мавзусида бўлиб, бу бобнинг биринчи фаслида Қуръони каримнинг тартиби ва Ундаги суралар саҳобалар даврида тўрт қисмга тақсимланиши, шунингдек, Усмон розияллоҳу анҳу даврларида Қуръони карим мусҳафидан бир нусхадан бошқа юрт мусулмонларига ҳам юборилиш сабаблари ва яна суралар орасида балоғатли каломлар ишлатилган ўринлардан намуналар билан якунланади.

Тўртинчи боб тафсир қилиш услублари, саҳоба ва тобеъинларнинг тафсир қилиш услубларида ўзаро воқе бўлиб турадиган ихтилофларни очиб бериш мавзусида бўлиб, аввал муфассирларнинг бир неча синфларга тақсимланиши ва улар бу йўналишда қандай йўл тутганликлари тўғрисида сўз юритилади.

Китобнинг асл нусхаси дастлаб муаллиф Шоҳ Валийюллоҳ Деҳлавий томонларидан ўша вақтдаги маҳаллий  форс тилида ёзилган. Бу таржима Сулаймон Надавийнинг фикрларига кўра, янада бадиийлаштиришга эҳтиёжи бор эди. У зот қуйида буни баён  қиладилар: «Мен ўқув дарслик рўйҳатидан жой олган  ушбу китобни ўқиётиб, илк бор ўқиётган талабани ўқишидек қийналардим, бироқ китоб ўз ичига олган гўзал маъно-мазмунлар мени жуда қизиқтирарди, лекин бадиий услуби менга ёқмас эди. Мулоҳаза қилиб  аниқ билдимки, муаллиф (Аллоҳ таоло у зотни гўзал мукофот ила мукофотласин) томонидан қилинган бу таржима камчиликдан холи, услуби ҳам ҳозирги бу асримизга мос эмас эди ва яна мақсадга тўлақонли жавоб бермас эди. Шундай бўлса-да, ушбу китобнинг аслий – форсий нусхаси устозлар қўлида бўлгани учун ўша аслий нусхасидан фойдаланишар, китобнинг бадиий услубига эътибор қаратишмас эди. Кейинчалик мен  китобни яна бир бор қайта таржима қилиш, муносиб бўлимларга тақсимлаш ва ўнлаб фойдаларни очиб берадиган қўшимча фасллар очишни қасд қилдим»,[3] – деб қайта нашр муқаддимасида юқорида айтилган маълумотларни келтирадилар.

  Юқорида айтиб ўтилган маълумотлардан келиб чиққан ҳолда шундай умумий хулосаларни айтиб ўтамиз:

  –  асар форсий тилидан ўтган ва ҳозирги давр уламолари тарафидан араб тилига қайта-қайта бир неча бор таржима қилинган ва унга ҳозирги уламолар томонидан  кўпгина шарҳлар ёзилган;

–  асар усулут тафсир фанида ёзилган мухтасар китоблар ичида ўзининг кўп жиҳатлари билан устун  ҳисобланади;

  – бу китоб ўзининг гўзал тартиби, чиройли услуби, ортиқчаликдан холи  экани билан ўз бобида барча мухтасар китоблардан  устун  ҳисобданади. Шунинг учун ҳам бу асар яқину узоқдаги, шарқу ғарбдаги  барча ислом мусулмонларига етиб бориб кенг тарқалди;

  – олимлар ва шориҳлар томонидан ушбу «ал-Фавзул кабир» асарига катта қизиқиш билдирганлар. Шунинг учун ҳам бу китобга ёзилган таржима ва шарҳларнинг сони ўн иккитага етган;

  – муаллиф ушбу китобининг муқаддимасида бу соҳани эгаллашга бел боғлаган аҳли илмлар учун қай даражада муҳим, бошқа китоб ва муфассирларнинг ҳузурида ҳам топа олмайдиган қоидаларни келтирганини таъкидлаган;

  – асарда муаллиф Қуръони каримни  беш  илмга тақсимлашда қай даража тўғри йўл тутгани ва уларни исботини ҳам келтирган.

Тошкент ислом институти талабаси

Мухаммадодилова Сахоба

[1] – Абдулҳай ибн Фахриддин Ҳусаний. Нузҳатул хавотир. – Деҳли.  Мактабату Ҳижоз , 1999.– Б. 400.

[2] Саид Аҳмад Баланпури. Фавзул кабир фи усулит тафсир. – Деҳли:  Мактабату Ҳижаз, 2005. – Б.10.

[3] Саид Аҳмад Баланпури. Авнул кабир шарҳ фавзул кабир. – Деҳли:  Мактабату Ҳижаз, 2005. – Б.4.

400300cookie-check“Ал-Фавзул кабир фи усулит тафсир” асарининг усулут тафсир илмида тутган ўрни”

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: