islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Жавробнинг таърифи ва у борасидаги ихтилофлар

Маждуддин Ферузабодий “Қомус”да айтадиларки – жавроб  кишининг  лифофасидир  (оёққа ўраладиган мато). Абулфайз Муртазо Тожул Арусда айтадиларки – жавроб  кишининг лифофасидир, форсчада “кўрб” дейилади. Аслида “кўрпа” бўлиб, “кишининг қабри” маъносидадир. Тибий айтадилар –жавроб тери ўрами, у “соқ”қа ўхшаш билинган маҳсидир. “Мажмаул биҳор”да ҳам шундай келган. Шавконий “Нил”да айтадиларки: “Ҳуф иккита оёқни ўраб турадиган теридан бўлган оёқ кийимдир, журмуқ ундан каттароқ бўлади. Жавроб эса журмуқдан ҳам катта бўлади”. Шайх Абдулҳақ Деҳлавий “Ламъот”да айтадиларки – жавроб совуқ юртларда маҳсини устидан кийиладиган маҳси бўлиб, тўпиққача бўлади. Маҳсини тагини кир ва ифлосликдан ҳимоя қилиш учун бўлади. Қози Абу Бакр Аробий “Орузатул Аҳвазий” китобида айтадиларки: “Жавроб иссиқ бўлиши учун жундан оёқни ўрташ учун ишлатиладиган нарсадир”. Ҳофизи ибн Таймийя фатвосида айтадиларки: “Жавроб билан наълнинг фарқи – жавроб жундан бўлади, наъл теридан бўлади”. Бадриддин Айний айтадиларки: “Жавроб Шомнинг совуқ қаттиқ бўладиган жойларидаги аҳоли кийиб юрадиган нарсадир. У йигирилган жундан тикилган нарса бўлиб, қадамдан тўпиқ тепасигача кийилади”. Муборакфурий айтадиларки: “Шаърдан[1] ҳам олинади. Юқорида Абу Маъсудни шаърдан бўлган маҳсига  масх  тортишлик ҳақида ривоят келган эди. Ферузободийнинг таърифи оёқни ўраб турадиган барча нарсани қамраб олади. У нарса тери, шаър, жун кабилардан бошқа нарса ҳам бўлиши мумкин. Тикилганими ёки йўқ, буларни ҳам ўз ичига қамраб олади. “Ғунятул Мустоний Шарҳул Мусоллий”да айтиладики, Маждиддиннинг таърифидан сўнг айтиладики, уни тафсири луғат жиҳатдандир, аммо урфда лифофа тикилмаганга нисбатан, жавроб тикиладиган ёки шунга ўхшаш маҳси каби кийиладиганга нисбатан ишлатилади. Тибий, Шавконий, Шайх Абдулҳақнинг таърифлари жавроб теридан қилинишлиги, у маҳсини бир тури бўлиб, ундан каттароқ эканлигига далолат қилади. Ибн Арабий, Ибн Таймия Айнийларнинг таърифи, у жундан олинишлигига далолат қилади. Шасул Аимматул Ҳалвоний (у зот ҳанафийларнинг имомларидан) айтадиларки:

Жавроб беш хил бўлади:

  • Миразий (юмшоқ жундан қилинган эчкининг жуни остидаги кичик жунлардан тайёрланган)
  • Ғазл (пахтадан тўқилган);
  • Шаър (жундан тўқилган);
  • Юпқа тери;
  • Кирбос (пахтадан қалин қилиб тўқилган).

Буни Нажмиддин Зоҳидий “Баҳрур Ройиқ”нинг ҳошиясида ёзган ва айтганки, “Миразий” эчкини жунини остидаги зағб(пат ва сочни кичик ва юмшоғи). Ғазл жундан йигирилган нарса. Кирбос пахтани йигирилганидан тўқилган нарса.  Ҳалабий  айтадики, кирбосга тикилиш натижасида келиб чиқадиган каттон, ибрисим (ҳарир)лар киради.

Жавробни таърифидаги ихтилофлар икки жиҳатга кўрадир:

  • Олинишлиги жиҳатдан.
  • Миқдори жиҳатидан.

Аллома Абу Тоййиб Шамсул Ҳақ “Ғоятул Мақсуд”да ушбу ихтилофларни, навларни баён қилгандан кейин қуйидаги сўзларни айтганлар: “Бу ихтилофлар ёки тафсир қилишликдаги луғат уламоларини ихтилофидан келиб чиққан ёки жавробни ўзи ҳар хил шаҳарларда кўриниши ва ясалиши турличалигидан келиб чиққан. Баъзи маконларда у теридан қилинади, баъзисида жундан, баъзисида икковидан ҳам тайёрланади. Ҳар бир таъриф берган одам ўзини шаҳридан келиб чиқиб таъриф берган”.

Муборакфурий айтадиларки: “ Ушбу турли таърифларни Қомус соҳиби – жавроб у оёғи лифофасидир – деган сўзи билан таърифласак, барча ихтилофларни қамраб олган бўлади”. Аммо тери, жун, шаър ва бошқа нарсалар билан қайдлашликлари юртларидаги ясаш шаклидан келиб чиққан. Валлоҳу Аълам.

Иккинчи баҳс: Мазҳаблар ичида жавробга масҳ тортиш ҳукмларини ўрганиб чиқиш. Таҳовий “Шарҳул Осор”да айтадиларки: “жавробга масҳ тортиш агар улар зич, қалин бўладиган бўлса ҳечқиси йўқ. буни Абу Юсуф ва Муҳаммад айтишган. Аммо Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ бу нарсани улар қалин ва тери билан қопланганлик шартларини ўзида жамламагунча ва натижада худди ҳуффдек бўлмагунча жоиз санамайдилар” [2]. “Шарҳул Виқоя”да келадики “…ёки қалин жавробларга масҳ тортади, яъни боғлашсиз болдирда ўрнашадиган ёки тери билан қопланган бўлса. Агар қалин бўлсаю остига ёки икки тарафига тери қопланмаган бўлса, Имомайнга ҳилоф ўлароқ Абу Ҳанифа Роҳматууллоҳи алайҳ наздларида жоизмасдир. У зотнинг сўзларидан қайтганликлари ҳам ривоят қилинган ва шунга фатво берилган”.

Мунаъал дегани танаъулдан олинган бўлиб таги тери билан қопланган нарсага айтилади.

Мужаллад тажриддан олинган бўлиб, ости ва устига тери қопланган бўлади. Ҳанафийларни мазҳабини хулосаси шуки,  жавроблар  агар  мунаъал,  мужаллат  бўладиган бўлса барчаларининг наздида масҳ жоиздир. Агар  мунаъал,  мужаллат  бўлмаса ихтилоф қилишган. Имом Абу Ҳанифа Роматуллоҳи алайҳ “Унда бардавом  юришликнинг имконияти фақат мунаъал ёки мужаллат бўлганда бўлади. Бўлмаса  ҳуфф маъносида бўлмай қолади”. Икки соҳиблари – агар қалин бўлса, у билан бардавом юришлик мумкин бўлади ва натижада ҳуфга ўхшаб қолади. Агар қалин бўлмайдиган бўлса уларнинг наздида ҳам жавробга масҳ тортиш жоиз эмас. “Уммдатур Риоя”

Аммо Имом Молик мазҳаблари Абу Ҳанифанинг қадим мазҳаблари кабидир. Шофеий ва Имом Аҳмаднинг мазҳаблари термизий зикр қилганидек, агар улар қалин бўлса наъл қилинмаган бўлса ҳам, уларга масҳ тортиш жоизлигидир. Шунга биноан айтамизки, Абу Ҳанифанинг янги сўзлари Икки соҳиблари, Шофеий, Аҳмад р.а.ларнинг сўзлари бир хилдир ва у жавроб қалин бўлса уларга масҳ тортишнинг жоизлигидир. Имом Шофеийдан Абу Ҳанифани қадим сўзларига ўхшаш сўз нақл қилинган. Ибн Қудома Муғнийда айтадиларки – Абу Ҳанифа, Молик, Абу Зоий, Мужоҳид, Амр ибн Дийнор, Ҳасан ибн Муслимлар жавробларга масҳ тортишлик фақат наъл қилинган бўлсагина жоиздир-дейишади. Чунки уларда бардавом юришнинг имкони йўқ, шунинг учун юпқа нарсага масҳ тортиб бўлмаганидек, уларга ҳам тортиб бўлмайди.

Ибн Арабий “Ориза”да айтадилар – уламолар жавробларга масҳ тортишлик борасида уч хил ихтилоф қилишди:

Агар тўпиққача тери қопланган бўлса масҳ тортишликнинг жоизлиги. Буни Имом Шофеий ва бизнинг баъзи асҳобларримиз айтишган.

Агар зич ва қалин бўладиган бўлса, мужаллат қилинмаган бўлсаю наъл қилинган бўлса жоиз. Буни Шофеий мазҳабидаги баъзи олимлар ва Абу Ҳанифа р.а. ҳам айтганлар ва Шофеийнинг асҳоблари Имом Моликдан шуни ривоят қилишган.

Наъл қилинмаган бўлса ҳам, мужаллат қилинмаган бўлса ҳам унга масҳ тортишликнинг жоизлиги. Буни Аҳмад ибн Ҳанбал айтганлар.

Биринчи кўриниш, у борадаги ҳадисларнинг бари заиф. Агар мужаллат қилинган бўлса, ҳуфга ўхшаб қолади ва унга тегишли ҳадисларнинг ҳукмини олади.

Иккинчи кўриниш, у оёққа кийилади ва тўпиққача тўсиб туради. У билан бардавом юришликни имкони бор шунинг учун масҳ қилишлик жоиз.

Учинчи кўриниш, бу ҳадиснинг зоҳири, агар саҳиҳ бўлса шу асл бўлади.

Ибн Руслан Сунани Абу Довудни шарҳида айтадиларки “Имом  Шофеий  Уммда жавробларга масҳ тортиш қалин бўлишлик ва наъл қилинган бўлишлиги шарти билан жоиздир деганлар. Музаний мужаллад қилинмаган маҳсига масҳ тортиш жоиз эмаслигини нақл қилганлар. Қози Абу Тоййиб айтадилар: Жавробларнинг фарз ўринлари билан бардавом юриш имкони бўлсагина масҳ тортиш жоиз. Мазҳабдаги саҳиҳ гап шу.“


[1] Жуннинг туёқни устига тушиб турадиган қисми

[2] Имом Таҳовий Шарҳул Осор. – Байрут: Дорул кутубил илмийя, 2010. Ж. 1.– Б. 59-бет.

Тошкент ислом институти

4-курс талабаси Музаффархонов Абдуллохон

41180cookie-checkЖавробнинг таърифи ва у борасидаги ихтилофлар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: