Маҳоратли жарроҳ ортида турган бўлажак навқирон ва илмга ташна шифокорлар тасвири XXI аср учун янгилик ҳисобланмайди. Чунки бундан 800 йил олдин Ислом олами ўзининг тиббиёт билимгоҳларига эга эди. Бу билимгоҳлар талабалар учун бирламчи назарий ва амалий дарсларни ташкил қиларди.
“من تطبب و لم يعلم منه طب قبل ذلك فهو ضامن”. (رواه البخاري و مسلم)
“Кимки билимга эга бўлмай туриб, табиблик қилса, у киши (етказган зарарига) зоминдир”. (Бухорий ва Муслим ривояти)
Ислом тиббиёт масканларида таълим жараёни ҳозирги кундаги каби талабалар билан индивидуал ҳолда олиб бориларди. Маърузалар шифохонанинг катта залида ташкил қилиниб, унда маърузачи минбардан туриб талабаларга дарс ўтган. Маъруза сўнгида бош шифокор ёки жарроҳ талабаларга савол берган ва ўз навбатида уларнинг саволларига ҳам жавоб берган.
Мусулмон толиби илмлар замонасининг машҳур табибларидан таълим олишарди. Ислом оламида қоғоз саноати кенг тарқалгач, талабалар маърузаларни варақларга ёзиб борадиган бўлишди ва бу “талабанинг шахсий тиббий йўриқномаси” деб аталиб, ҳозирги кунгача сақланиб қолган.
“Тиббиётни китобларсиз ўрганаётган киши денгизда харитасиз сузаётган кишига ўхшайди. Тиббиётни беморларсиз ўрганаётган киши эса, асло суза олмайди”. Уильям Ослер, канадалик шифокор (1849-1919)
Таълимга қўшимча равишда талабалар ўзларининг олган билимларини амалий ўрганиш мақсадида шифохонанинг навбатчи шифокори ёки жарроҳига бириктирилар эди. Таълимнинг бундай жараёнига алоҳида эътибор бериларди. Чунки бу услуб илғор талабалар учун муҳим бўлиб, улар шифокор билан бемор ўртасидаги муносабатлари, беморга шифокор қўйган ташхис ва қўллаган муолажаларни ўрганиб боришарди. Ҳозирги кунда буни “pedagogical practice”, яъни “педагогик амалиёт” деб аташади.
Дамашқдаги “Ан-Нури” шифохонаси юқорида айтиб ўтилган тиббиёт масканларидан бири эди. Унга XII асрда ҳукмронлик қилган Нуриддин ибн Занкий асос солган бўлиб, машҳур табиб Абул Мажд Боҳилий раҳбарлиги остида эди. Шу сабабли шифохона унинг номи билан аталган ва озиқ-овқатлар, турли дори-дармонлар билан таъминланган. Шифохонада махсус зал бўлиб, унда тиббиётга доир қимматли асарлар сақланган.
“Ан-Нури” шифохонаси оламга машҳур бўлиб, унда табобат ҳаёти гуллаб яшнади ва равнақ топди. XIII аср бошларида, шифохонага Муҳаззибуддин Ад-Даҳвар номли табиб келди. Аввалига кам маош эвазига ишлаган табиб кейинчалик машҳур бўлди, довруғи атрофга таралди ва кўп бойлик топди. Натижада Дамашқда ўзининг тиббиёт таълим масканига эга бўлди.
“Ан-Нури” таълим даргоҳида кўплаб машҳур табиблар дарс олишди. Улар баъзида султон Нуриддин ҳузурида тўпланишар, тиббиётга оид мавзулар тўғрисида баҳс қилишар, баъзида эса шифохона мудири Абул Мажд маърузаларини тинглашар эди.
Бу маскандан етишиб чиққан машҳур мусулмон табиблардан бири Ибн Абу Усайбиадир. У XIII асрда яшаб ўтган ва ўзининг табиблар табақаси тўғрисида “Уйувнул анбаи фи тобақотил атиббаи” (“Табиблар табақаси тўғрисида хабарлар чашмаси”) номли машҳур асарини таълиф қилган. Бу асар ислом табобати тарихи тўғрисида муҳим манба ҳисобланади.
Улардан яна бири Ибн Нафис бўлиб, у табобат оламида кичиқ қон томири кашфиётчисидир. Олимнинг бу кашфиёти кейинчалик инсон физиологияси тушунчасига янги қадам вазифасини ўтади.
Манчестер Университети профессори
Доктор Салим Ҳассанининг “Muslim heritage in our world” китоби асосида тайёрланди.
Инглиз тилидан Халилуллоҳ Юсуф таржимаси