Аз-Замахшарий ижодининг гултожи бўлган ва илм-фан оламида ғоятда кенг танилган «Ал-Кашшоф» асари Қуръони каримга ёзилган машҳур тафсирдир. Асарнинг тўлиқ исми «Ал-Кашшоф ан ҳақоиқ ит-танзийл ва уйун «ил-ақовийл фи вужуҳ ит-таъвийл» («Қуръондаги берк ҳақиқатларни ва уни шарҳаш орқали ривоятлар кўзларини очиш») бўлиб, ғоят қизиқиш билан ўқилади. «Ал-Кашшоф» АЗ-Замахшарнинг ўзига ҳам ғоятда манзур бўлиб, ҳатто у ўз асари ҳақида шундай ёзган эди:
Чиндан ҳам дунёда тафсирлар беҳад кўпдир,
Бироқ улар орасида «Ал-Кашшоф» кабиси йўқдир.
Агар ҳидоят изласанг, «Ал-Кашшоф»ни такрор ўқи,
Нодонлик бир касал бўлса, «Ал-Кашшоф» унга шифодир.
Еттинчи асрнинг биринчи ярмида нозил бўлган Қуръон мусулмонларнинг муқаддас китоби бўлиб, у ўз тарихий ва маданий аҳамияти билан бутун Шарқ халқларининг маънавий ва ижтимоий тараққиётига катта таъсир кўрсатди.[1] Бир томондан, Қуръоннинг ўша давр классик араб тилига хос мураккаб услуб ва тилда насрий сажъ шаклида ёзилганлиги, иккинчи томондан, Мазмун ифодасининг чуқур ва кенг қамровлиги, табиийки, бу тарихий ёдгорликни тўлиқ тушуниб англашни қийинлаштирган. Араб тилини билган ҳар бир киши ҳам уни тўғри ва тўлиқ тушуниши қийин бўлган. Шу сабабларга кўра зарурат туфайли ўрта асрлардан бошлаб Қуръонни тафсир ёки шарҳ билан ўқиш одат тусини олган. Шу боисдан ҳам Қуръон нозил бўлган даврдан эътиборан унга бағишланган тафсирлар, шарҳлар ёзишга катта эҳтиёж сезилган. Турмуш тақозоси билан мана шундай вазиятда ислом тарихида Қуръонга бағишланган кўпдан-кўп тафсирлар, шарҳлар (асосан араб тилида) вужудга келган. Аз-Замахшарий ҳам аввал ўзидан олдин яратилган, Қуръон тафсирига бағишланган кўплаб асарларни қунт билан ўрганиб, ўз асарида улардан унумли ва танқидий равишда фойдаланган. Натижада мукаммал бир тафсир, яъни «Ал-Кашшоф» вужудга келган. Бу асар Аз-Замахшарий Маккада турган пайтида уч йил давомида (1332-1334) ёзилган бўлиб, бу ҳақда «муаллифнинг ўзи асарига ёзган муқаддимасида ҳам қайд қилиб ўтган. Асарнинг Маккада ёзилиши бежиз эмас, Макка амири Абул-Ҳасан Али ибн Ҳамза ибн Ваҳҳос ас-Сулаймоний кўрсатган хайрихоҳлик ва ёрдам, шубҳасиз, муаллифга анча қулайликлар яратган. Чунончи, у ўша пайтда маълум бўлган барча Қуръон тафсирлари ва шарҳлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлганлигини айтишимиз мумкин. Мазкур тафсир ва шарҳлардан оқилона ва унумли фойдаланган Аз-Замахшарий ўзига хос қимматали бир тафсир «Ал-Кашшоф»ни яратди. Бу ўринда Аз-Замахшарийнинг буюк хизматларидан яна бири шундаки, у ўз тафсирини ёзишда ҳар хил сабабларга кўра кейинги авлодларга етиб қелмаган, ўша пайтда машҳур бўлган тафсир, ҳадис, фиқҳ, илм ал-қироат, наҳву сарф, адаб ва бошқа илмдарга оид кўплаб манбалардан унумли фойдаланган. Асарда, айниқса, Қуръоннинг филологик таҳлилига катта эътибор берилган, шу сабабли ҳам унинг филологик қиммати бениҳоя каттадир. «Ал-Кашшоф» ғоятда машҳур асар эканлигига яна бир ёрқин далил сифатида унинг қўлёзма нусхалари кўплиги, асарга ёзилган бир қанча ҳошия ва шарҳлар сўнгги вақтларда дунёнинг турли бурчакларида қайта-қайта нашр қилинганини кўрсатиш мумкин. Немис шарқшуноси Карл Броккельман дунёнинг турли қўлёзма фондларида «Ал-Кашшоф»нинг юзга яқин қўлёзмаси ва унга ёзилган йигирмадан ортиқ шарҳ ва ҳошия борлиги ҳақида маълумот берадики, бу далил Аз-Замахшарий асарининг катта шуҳратидан ва муҳим аҳамиятга моликлигидан далолатдир. «Ал-Кашшофнинг Аз-Замахшарий ўз қўли билан оққа кўчирган дастхат нусхаси (528 ҳижрий, 1134 милодий йил) Теҳрон кутубхонасида сақланади.[2] Гарчанд Аз-Замахшарий ўзи муътазилий оқимига мансуб бўлса-да, унинг бу асари ислом аҳли орасида шунчалик даражада машҳур бўлиб кетдики, орадан юз йил ўтар ўтмас «Ал-Кашшоф» баъзи ўринлари қисқартирилган ҳолда араб олими Насриддин Абу Саид Абдуллоҳ ибн Умар ал-Байдавий томонидан бир қадар ишланган шакли таълиф этилди. Ал-Байдавийнинг Қуръонга ёзилган бу тафсири «Анвар ат-танзийл ва асрор ат-таъвийл» («Қуръон нурлари ва шарҳлаш сирлари») деб аталиб, у тўлиғича Аз-3амахшарийнинг «Ал-Кашшоф»ига таянган ҳолда, шунингдек, бошқа манбалардан тўлдирилиб ёзилган тафсирдир. Дарҳақиқат, араб олимлари яқдиллик билан таъкидлашларича, Аз-Замахшарийнинг «Ал-Кашшоф» асари ҳар хил даврларда Қуръонга ёзилган тафсирлар ичида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Бу асар ҳозирги вақтгача араб мамлакатларида кўплаб мусулмон аҳли, айниқса олимлар учун энг зарурий китоблардан бири ҳисобланади. Қоҳирадаги бутун дунёга машҳур «Ал-Азҳар» диний дорилфунунининг талабалари эса Аз-Замахшарийнинг «Ал-Кашшоф» асари асосида Қуръонни ва унинг тафсирини ўрганиб, ундан муҳим бир дастур сифатида фойдаланадилар. Бу асар дунёнинг турли шаҳарларида қайта-қайта нашр қилинган. Тошкентда, жумладан, Мовароуннаҳр мусулмонлари Диний бошқармасининг кутубхонасида ва Ўзбекистон жумҳурияти Фанлар академияси Ҳамид Сулаймонов номидаги қўлёзмалар институти фондида ҳам «Ал-Кашшоф»нинг турли даврларда кўчирилган бир қатор нодир нусхалари сақланади. Асли тошкентлик ажойиб олим ва хаттот Аҳмад ибн Маҳмуд ибн Аҳмад Жамшид Шоший 1358 йили насх хати билан кўчирган «Ал-Кашшоф» нинг ажойиб нусхаси Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида сақланмоқда. Юқорида айтилган фикрлардан яққол кўриниб турибдики, хоразмлик буюк аллома Аз-Замахшарий кейинги авлодларга беқиёс бой маданий мерос қолдирган. Чунончи, ўзининг бутун умрини ва жўшқин фаолиятини илм-фан йўлига бахшида этган, фаннинг турли соҳаларига оид кўплаб асарлар яратган. Хоразм ўлкасида ва ўзи зиёрат қилган Шарқнинг турли шаҳарларида бўлган кўпдан-кўп шогирдларига жуда катта эътибор билан қараб, уларни камол топтиришга ўз ҳиссасини қўшган. Ўз даврининг машҳур олимлари билан дўстона муносабатда муттасил равишда боғланиб турган. Аз-Замахшарийнинг чуқур билими, буюк даҳоси ва фаннинг турли соҳаларига оид ўлмас асарлари ҳали у ҳаёт пайтидаёқ бутун мусулмон Шарқида унга бетакрор шуҳрат келтирган. Уни чуқур ҳурмат ва меҳр билан «Устоз уд-дунйа» («Бутун дунёнйнг устози»), «Устоз ул-араб вал-ажам » («Араблар ва ғайри араблар устози»); «Фахру Хоразм» («Хоразм фахри») каби шарафли номлар билан атаганлар. Машҳур олимлар, шоирлар ва адиблар даврасида у доимо пешволардан бири бўларди, қизғин илмий баҳслар, мунозараларда унинг фикри инобатга олинарди. Мана шу зайлдаги улкан обрў-эътибор ва буюк даҳо, эҳтимол, унга ўз асарларидан бирида «ва инний фи Хоразм каабат ул-адаб» («чиндан ҳам мен Хоразмда адиблар учун бир Каъбаман») деб ёзишига асос бўлган бўлса керак. Юқорида қайд қилиб ўтганимиздек, Аз-Замахшарийнинг бой илмий ва адабий мероси Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам азалдан қадрланган ва бир қадар ўрганилган, унинг аксар асарлари бир неча хорижий тилларга таржима ҳам қилинган. Бу бизлар учун ёрқин мисол, намунали ибрат. Чунончи, жумҳуриятимизда Аз-Замахшарий ватанида улуғ аллома мероси ачинарли тарзда кам ўрганилган. Унинг асарларидан бирортаси ҳам ҳали ўзбек тилига тўлиқ таржима қилинмаган. Шу сабабдан Аз-Замахшарий асарларини мукаммал, ҳар томонлама ўрганиб, Ватанимиз халқлари тилларига таржима қилиш, улуғ мутафаккир қаламига мансуб бой меросни кенг жамоатчиликнинг ҳақиқий бойлигига айлантиришдек шарафли ва хайрли иш олимларимиз олдида турган долзарб вазифалардан бири бўлмоғи керак.
4-курс талабаси
Бехзод Холдоров
[1] Интернет малумотлари. www.Islom.uz
[2] Интернет малумотлари. www.Islom.uz