Бугунги кунда ҳаётимизни ахборот технологияларсиз тасаввур қилиш қийин. Чунки, ҳар бир кунимиз ахборот технологияларга зарурият туғдирмоқда. Дунёда бўлаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, янгиликларни албатта биз интернет тармоғи ёки ОАВ орқали оламиз. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, интернет ва ахборот технологиялари бугунги куннинг муҳим омилларидан бирига айланди.
Айтиш мумкинки ҳар қандай тарраққиёт махсулидан икки хил мақсадда згулик ва ёвузлик йўлида фойдаланиш мумкин. Бугун дунёнинг энг чеккасида содир бўлган воқеа бир сониядаёқ оламга ёйилади. Баъзан аслича, баъзан умуман тескариси. Ана шундай маълумотлардан келиб чиқадиган таҳдидлардан бизнинг ёшларимиз ҳам бебаҳра қолишмайди. Айниқса, бугунги ёшларнинг интернет тармоғида танлаган ёки адашиб кирадиган сайт ва порталлари мавжуд. Улар тарқатаётган миллионлаб хабарлар ичида улар онгини захарлайдиган, одамни сеҳрлаб ўз домига тортадиганлар сони кўп.
Ҳаётнинг асл ҳақиқатларини ҳали тушуниб етмаган ёшлар-интернетни ёвузлик қуроли қилиб олганлари учун тайёр ўлжа. Шу нуқтаи назардан мушоҳада қиладиган бўлсак, дунёнинг мафкуравий манзараси жуда мураккаблашиб боришда давом этмоқда. Унда кучли таъсирга эга бўлишнинг энг мақбул йўли, ҳар қанча маблағ талаб этилишдан қатъий назар, йирик ахборот тарқатувчи мавқеини эгаллаш экани аён бўлиб қолади. Жаҳонда “ахборот уруши” кетаётганини ҳатто оддий одамлар ҳам пайқаши қийин эмас. Масалан, бирон бир хорижий мамлакатнинг турмуш тарзи, қадриятлар тизимини улуғловчи рисолалар, кинофильмлар тарқатилмоқда дейлик. Табиийки, бундай ахборотлар жамиятда маълум ижтимоий фикр шаклланишига таъсир этмай қолмайди. Балки, ахборотлашув ва глобаллашув жараёнлари орқали, фақат моддий манфаат ва эҳтиёжларини қондиришга интиладиган, миллий қиёфасини қарийиб йўқотган, ўз мақсади йўлида ҳар қандай ғояни қўллашга тайёр тоифали шахсларни ҳам вужудга келтиради. Бундай салбий ҳолат мамлакатимиз аҳолиси, айниқса, ёшларимизга ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди.
Биз шу ўринда “Етакчи” ёшлар маркази томонидан ўтказган тадқиқотимизга эътибор қаратамиз ва таҳлил қиламиз. Сўровнома юқори синф ўқувчилари, коллеж ва олий ўқув юрти талабларидан ўтказилган. Сўровнома ўтказиш жараёнида шу нарса маълум бўлдики, баъзи таълим муассаларидаги кутубхоналарда заҳира китоблар етарли эмас. Бугунги кунда китобхонлик масаласини оммалаштиришдан мақсад ҳам ёшларимизни китобга, илм олишга бўлган муносабатини ўзгартиришдан иборат. Шунинг учун кўпгина ёшлар 49% дарслик ёки фанга оид китобларни излаб интернетга киришини билдирган. Баъзи ёшлар шундай фикр билдирган, ўзининг билим олиш ва ҳаётга муносабатини белгилашда ота-она, устоз-мураббий эмас, ОАВ ҳамда интернетни авторитет сифатида эътироф этиши, улардаги ахборот ва маълумотларни мутлақ чин деб ишонишини эътироф этган.
Сир эмаски, интернет тез ва арзон ахборот ёки маълумот олиш, етказиш ҳамда қайта ишлашда беқиёс манба саналади. Кундан кунга сафи кенгайиб, фойдаланувчилар сони ортаётган мазкур тизим дунё ҳамжамиятининг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондирмоқда. “Узоқни яқин қиладиган” интернетнинг кўпроқ ёшлар кирадиган сайтларга жиддий эътибор қаратиш лозим деб ўйлаймиз. Сабаби соғлом турмуш тарзини шакллантириш, юксак маънавий, пок аҳлоқ асосида йигит қизларни тарбиялаш вазифаси ана шуни тақозо этади.
Ўтказилган тадқиқотлар ҳам ёшлар орасида интернет орқали ахборот олувчиларнинг миқдори ошиб бораётганлигини кўрсатади. Бу эса ёшларнинг компьютер саводхонлиги юқори эканлигини кўрсатувчи омиллардан бири саналади. Ўз навбатида бу жиҳат интернет хизматларини тақдим этувчи провайдерлар зиммасига катта маъсулият юклайди. Таъкидлаш лозимки, афсуски ёшлар орасида шунчаки шов-шув учун ёки порно сайтлар хизматидан фойдаланишни истаган ёшлар ҳам мавжуд. Уларнинг аксарияти кўчалардаги интернет кафеларда ёки шахсий телефонларида вақт ўтказишади. Шу билан бир қаторда интернет кулубларда тақдим этилаётган хизматларга белгиланган нархнинг арзонлиги интернетдан фойдаланиш имкониятини оширади. Шу боисдан интернет клубларида 18 ёшгача бўлган болаларнинг қаровчиларсиз ўтиришини тақиқлаш ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириш ёки интернетдан фойдаланиш хизмат ҳаққини ошириш тавсия этилади. Ҳудуларда ziyonet тизимнинг иш самарадорлигини ошириш, ушбу тизимдаги сайтларни сифатли ва янги ахборотлар билан таъминлашни яхшилаш лозим.
Ўзбекистонда болалар ва ёшларнинг спорт билан шуғулланиши учун зарур шароитларни яратишга катта эътибор қаратилган. Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан қурилган спорт иншоотларида барча қулайликлар мавжуд. Бу ҳолат тадқиқотимиз натижаларида ҳам ўз аксини топган. Сўровномада иштирок этганларнинг аксарияти спорт билан шуғуллланишини таъкидлаган. Баъзида бу иншоотлар таълим муассасаси маъмурияти томонидан беркитиб қўйилади ва маҳалла болаларининг дарсдан ташқари вақтда шуғулланишлари учун очиб берилмайди. Шу сабабли болалар спорти иншоотларидан самарали фойдаланиш мақсадида давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, вилоят ва республика миқёсидаги мусобақаларнинг саралаш босқичларини ўтказишда қишлоқлардаги болалар спорти иншоотларидан кенг фойдаланиш тавсия этилади.
Ёшларда ахборотни саралай олиш, яъни ахборот истеъмоли маданиятини юксак даражада шакллантириш зарур. Бунинг учун ёшларда миллий ғурур, ватанпарварлик, фидоийлик туйғуларини уйғотиш ўта муҳим. Ҳар тамонлама комил ва баркамол авлодни вояга етказиш, ёшларимизни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш масаласи давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан биридир.
Ёшларни тарбиясида ота-оналар билан бўладиган мулоқот ҳам катта аҳамиятга эга. Ота-оналарнинг назорати боланинг ёмон йўлларга кириб кетишининг олдини олувчи омиллардан бири эканлиги тажрибада исботланган. Сўровларда иштирок этган респондентларнинг аксарияти ота-оналари уларнинг ўқиши, интернет ва телевизор учун сарфлаётган вақтларини, назорат қилиб туришини таъкидлашган. Шу билан бирга ота-оналар орасида фарзандлари билан мулоқот давомида бирорта тарбиявий усулни қўлламайдиганлари ҳам учрайди. Шунингдек фарзандлар тарбияси билан шуғулланиш оналар зиммасидаги ишга айланиб улгурган.
Ота-онангиз телекўрсатувларни кўришга сарфлаётган вақтингизни тартибга солишадими (назорат қилишадими)?-деган саволга респондентлар қуйидагича жавоб берган. Аксарият талабаларнинг ота-оналари улар ўқиётган вилоят марказлари ва Тошкент шаҳридаги ОЎЮларидан олисда яшайди. Ойда ёки ҳафтасига бир марта ота-онасини кўришга борган талабани ота-оналари уларнинг телекўрсатувларни кўришга сарфлаётган вақтларини ҳар куни қандай назорат қилишади. Респондентларнинг 46% ҳа доимий назорат қилишади, 40% ҳа баъзан назорат қилишади, 12 % респондент ҳар замонда, ўқиш билан боғлиқ муаммолар туғилганда деб жавоб беришган. 12% респондент эса ҳеч қачон мен мустақилман деб жавоб берган.
Сизнингча телкўрсатувларни кўриш дарсларни ўзлаштиришингиз, уй вазифаларини бажаришингизга салбий таъсир қиладими? -деган саволга 34 % респондентлар йўқ, 45% менимча ёрдам беради, 16% респондент балки таъсир қилар, 3% респондент тўла даражада таъсир қилади деб ҳисобласа, 2% респондент эса жавоб беришга қийналаман деган жавобни берган. Бундан кўриниб турибдики репондентларнинг кўпчилиги дарсларни бажаришимга ёрдам беради деган хулосага келган. Бизни назаримизда бу маълум даражада нотўғри.
Аксарият оталар ҳафтада бир марта фарзандлари билан бир-икки маротаба мулоқот қилишлари мумкинлигини кўрсатган. Айрим ҳолларда респондентларнинг отаси хорижга ишга кетганлиги сабабли, уларнинг тарбияси тўлиғича оналар зиммасида қолган.
Тадқиқот натижаларининг кўрсатишича ҳозирги кун ёшлари ўзларининг ўқишдан бўш асосий вақтларини асосан уй вазифаларини тайёрлашга, ўқишга, телевизор кўриш, интернетдан фойдаланиш ва дўстлари билан мулоқот қилишга сарфлашлари аниқ бўлиб қолди. Санаб ўтилганларни янада самарали ташкил қилиш учун бир қатор ишларни амалга ошириш талаб этилади.
Биринчи навбатда жамоатчилик кутубхоналари анъаналарини янада ривожлантириш зарур. Мактаб кутубхоналарида учрамайдиган китобларни мазкур кутубхоналардан топиш имконияти пайдо бўлади.
Шу ўринда тадқиқот натижаларини келтириб ўтамиз. “Сиз таълим олаётган муассасадаги кутубхонага қатнайсизми?-деган саволга респондентларнинг 55% ҳа, мунтазам қатнайман, 40 % респондент “ҳа баъзан қатнайман”, 3.6 % респондент “жуда кам қатнайман”, 1% респондент “йўқ қатнамайман” деб жавоб берган бўлса, 0.4 % респондент қатнашни ҳоҳлардим, лекин таълим муассасамизда керакли китобларни топиб бўлмайди деган фикрни берган. Бундан кўриниб турибдики таълим олувчиларнинг асосий қисми кутубхоналардан фойдаланади.
“Сиз интернетдан фойдалансизми” –деган саволга респондентларнинг 48% ҳа, доим фойдаланаман, 45 респондент эса зарур бўлганда фойдаланман деб жавоб берган бўлса қолган 7% респондент жавоб беришни ҳоҳламаган. Демак бугун ёшларимизни асосий қисми интернет тармоғидан фойдаланмоқда.
Глобал тармоқдаги ахборот ресурсларининг ўсиб келаётган ёш авлод ҳаёт тарзининг шаклланишига таъсирини таҳлил қилиш натижасида шундай фикр келиб чиқмоқдаки, интернет ҳозирги кунда ижтимоий муносабатларнинг ўзига хос муҳитига айланиб қолди. Шундай экан фикримизча, миллий тармоқда ёшларнинг психологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда уларнинг дунёқараши, қизиқишларидан келиб чиқиб, бевосита ёш авлод манфаатлари ва муаммоларини қамраб олувчи маънан мазмунли, шу билан бирга, замонавий мавзулардан иборат веб-сайтлар яратиш ниҳоятда муҳимдир.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки бугунги ёш авлод шу даражада шаклланган ва қарор топган бўлиши лозимки, улар виртуал маконда умуммиллий манфаатга хизмат қиладиган, унинг тараққиётига ёрдам берадиган ахборотни танлай олиши зарур.
Имом Бухорий номидаги
ТИИ катта ўқитувчиси Қаюмов Қ.Н.