islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Албоний саҳиҳ деган”

Қайсидир муҳаддиснинг фақат иснодни тадқиқ қилиш орқали ҳадисга саҳиҳ ҳукмини бериши тўғри бўладими?

Ҳадиси шарифларни тушуниш, улардан қандайдир ҳукм истинбот қилиш кўплаб ошкораю махфий билим ва маҳорат талаб қиладиган ишдир.

Бирор ҳадиснинг санади саҳиҳ эканлиги ҳар доим ҳам унинг матни ва маъносининг саҳиҳ бўлишини тақозо қилавермайди.

Гоҳида ривоятнинг санади саҳиҳ бўлади аммо, матнда шузуз, мухолафатус сиқот ва накорат мавжуд бўлади. Маъноси воқеликка тамоман зид бўлади.

Шу ҳолатда ҳадиснинг исноди саҳиҳ бўлса ҳам матндаги мазкур иллатлар туфайли ҳадис саҳиҳ деб ҳисобланмайди. Ва рад этилади. Гарчи, қайсидир муҳаддис унинг санадига “саҳиҳ” деб ҳукм берган бўлса ҳам.

Зеро, бу иш Ислом пайғамбарини ва Ислом динини ғанимлар тарафидан уларга таъна етказишга қурол қилиш мумкин бўлган нарсалардан ҳимоялаб, танзиҳ этади.

Ҳақиқий олим ва фақиҳ юқоридаги ҳолатларни яхшилаб ўрганиб, чуқур мушоҳада ва таҳлил қилиб, бошқа муҳаққиқ олимларнинг ҳам сўзларини ўрганиб чиқиб, ундан сўнггина мазкур ривоят борасида ўз ҳукмини беради.

Акс ҳолда, беихтиёр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни таънаю маломатларга нишон қилиб қўйиб, инсонларни Диндан безиши ёки шубҳага тушишига сабаб бўлиб қолиш мумкин.

Айтганча, шайх Албоний (р.ҳ.)нинг бирор ҳадисни саҳиҳ деб санаши билан иш битмайди. Зеро, у киши гарчи, имом Термизий, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон, Ибн Сакан каби баъзи-бир мутақаддим кибор аҳли ҳадисларни тасоҳулда айблаган бўлса-да, тасҳиҳ борасида баъзан ўзи ҳам тасоҳул йўлини тутиши ва ҳадисларга фақат санаднинг ҳоли орқали саҳиҳ ҳукмини бериши аҳли ихтисос ҳузурида маълум ва машҳурдир.

Кейин, қайсидир ўта машҳур лекин, ҳадис билимларида илми саёз бўлган даъватчи ёхуд оддий ўқувчи ёки талаба ўқиётган китоблару рисолаларида бирор ривоят ортидан “саҳҳаҳаҳул Албоний” (Албоний саҳиҳ санаган) деган сўзга кўзи тушиши билан мазкур ҳадис борасида хотиржам бўлиб қолиб, кўп хатоларга тушиши мумкин.

Чунки, у бундан кейинги барча хулосаю тафаккурини, қаноатини мана шу омонат пойдевор устига қуриб олади. Ва уни мустаҳкам қалъа деб ўйлайди. Сўнгра, доим ўша хаёлидаги “мустаҳкам қалъанинг” ичидан туриб мухолифларига ҳужум қилади. Бу борада ҳамма билан тортишиб юради. Муаммо эса унинг ҳадис билимларини билмаслигида, Албоний (р.ҳ.)га ортиқ даражада эътимод қилишида бўлади.

Юқорида айтганимдек, қайсидир муҳаддиснинг фақат иснодни тадқиқ қилиш орқали ҳадисга саҳиҳ ҳукмини бериши чуқур билимга эга бўлмаганларни ҳақиқатдан чалғитиб қўйиши мумкин. Валлоҳу таъала аъламу бис-соваб.

ТИИ ўқитувчиси

Алишер Султонхўжаев

165030cookie-check“Албоний саҳиҳ деган”

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: