islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Ҳофизул Қуръон хулқи”

Биринчи боб. Иккинчи фасл.

Муаллим талабалари учун намуна бўлиши керак. Уларнинг келажакдаги ҳолатларида муаллимнинг таъсири бўлиши лозим. Яхши маънода, албатта. Унинг қўлидан ҳар сафар яхши талабалар чиқиши учун ҳаракат қилиши ва буни талабаларига ҳам ўргатиши керак. Айтайлик, муаллим ҳамма томонлама талабаларга маъқул келди ва кўпчилик унинг ҳузурида таълим олишни хоҳламоқда. Ана шундай ҳолатда кибр ва ғурур муаллимни адаштириб қўймаслиги лозим. Аксинча, шукроналик билан бу неъматлар зиёда бўлишини сўраши керак бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло Каломи шарифида шундай марҳамат қилган:

وَإِذْ تَأَذَّنَ رَبُّكُمْ لَئِن شَكَرْتُمْ لَأَزِيدَنَّكُمْ

“Яна Роббингиз эълон қилган (бу сўзлар) ни эслангиз: “Қасамки, агар берган неъматларимга шукур қилсанглар, албатта (уларни) зиёда қилурман…” (“Иброҳим” сураси, 7-оят.)

Ҳозирги кунда кўпчилик мубтало бўлган бир иллат бор. Яъни, бир муаллим талабаси бошқа устоздан ҳам таълим олаётганини билса, ё хафа бўлади, ё талабасини бу ишдан қайтаради. Бу ҳолат муаллимга асло ярашмайди. Талаба янада кўпроқ фойда олишни истаса, бунда ҳеч қандай зарар йўқ. Бунинг ўрнига муаллим талабани шижоатлантириши ва ўша устозни ҳам лозим тутишини айтиши керак.

Абу Аҳмад Сомирий роҳимаҳуллоҳ (ҳижрий 386-йилда вафот этган) айтадилар: “Биз устозимиз Ибн Мужоҳиддан беркитиб, Абул Аббос Ушнонийдан ҳам таълим олар эдик. Ибн Мужоҳид бу ишимизни билганларида шундай дедилар: “Яхши қилибсизлар. Устозни лозим тутинглар”. (Ибн Шома, “Иброзул маоний”)

 

Ҳар бир талабага алоҳида ёндашиш лозим.

Муаллим қўл остидаги талабаларни диққат билан кузатиши, уларнинг даражаларини аниқлаши ва ҳар бирига мос бўлган ўқув услубини татбиқ қилиши лозим. Ахир, беш қўл баробар эмас. Ҳамманинг қобилияти ҳар хил. Кимдир тез ёдласа, кимдир секинроқ, кимдир яхши фаҳмласа, бошқасига кечроқ етиб бориши мумкин. Бу табиий ҳол. Мана шу нарсани ҳисобга олиш даркор. Аксинча, ҳаммага бир хил услубни қўлласа, аксар ҳолатда фойда келтирмай қўйиши мумкин.

Шунингдек, таълимни кичкина ва осон нарсалардан бошлаш керак.

Талабага кўпгина вазифани бериб, уни бездириб қўйиш ҳеч гап эмас. Oзгина ва осон вазифалар бериб, унинг ҳимматини уйғотиши, кўпроқ мақтаб, шижоатлантириб туриши керак. Натижада, талабада Қуръонга ва умуман илмга бўлган муносабат ўзгаради, муҳаббати зиёда бўлади. Ана шундан кейин қанча вазифа берса ҳам қийинчиликсиз, завқу шавқ билан бажарадиган бўлади.

Муаллим дарс асносида тавозеъ ва виқор билан ўтиради. Oёғини узатиб, ёки бирор жойга суяниб ўтириб Қуръонга ҳам, талабага ҳам беписандлик қилмайди. Чунки талаба устозига қараб шаклланади, унинг хулқи билан хулқланади.

Муаллим ёки ҳар қандай инсон ўзидан мартабаси паст бўлган инсондан ҳам таълим олиши мумкин. Айтайлик, ўз шогирдидан. Агар талаба устози билмаган нарсани билса ёки устоз талабадан бирор фойда олишга кўзи етса, бунга ҳеч нарса тўсқинлик қилмаслиги лозим. Бу борадаги энг гўзал намуна Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллмнинг ҳаётларида бор.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу (ҳижратдан аввали 10- ва ҳижрий 93-йилларда яшаган улуғ саҳоба) шундай ривоят қиладилар:

قالَ النَّبيُّ صلَّى اللهُ عليه وسلَّم لِأُبَيٍّ: إنَّ اللَّهَ أَمَرَنِي أَنْ أَقْرَأَ عَلَيْكَ القُرْآنَ، قالَ أُبَيٌّ: آللَّهُ سَمَّانِي لَكَ؟ قالَ: اللَّهُ سَمَّاكَ لي. فَجَعَلَ أُبَيٌّ يَبْكِي، قالَ قَتَادَةُ: فَأُنْبِئْتُ أنَّهُ قَرَأَ عليه: {لَمْ يَكُنِ الَّذِينَ كَفَرُوا مِنْ أَهْلِ الْكِتَابِ}.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Убай Ибн Каъб розияллоҳу анҳуга (ҳижрий 30-йилда вафот этган улуғ саҳоба) айтдилар: “Аллоҳ таоло сизга Қуръон ўқиб беришимни амр қилди”. Шунда Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу: “Аллоҳ таоло сизга мени исмимни айтдими?!”, дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа, Аллоҳ таоло менга исмингизни айтди”, дедилар. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу йиғлаб юбордилар. Қатода розияллоҳу анҳудан эшитдим, у айтдики: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга “Баййина” сурасини ўқиб берганликлари хабарини эшитдим”. (Имом Бухорий, “Тафсир” китоби, 4960) 

266130cookie-check“Ҳофизул Қуръон хулқи”

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: