Ислом қонуншунослиги – Усулул фиқҳ ҳақида жуда кўп олимлар асарлар ёзганлар. Ҳаттоки ҳар қайси мазҳаб уламолари ўз мазҳабларига мувофиқлаштириб китоблар тасниф қилганлар. Айниқса, ҳанафий мазҳаб уламолари бу соҳада кўплаб китоблар ёзиб қолдирганлар. Ибну Надимнинг феҳрастида айтилишича, биринчи бўлиб бу соҳада тарқоқ қоидаларни тўплаб китоб шаклига келтирган киши Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳ алайҳнинг шогирдлари Имом Абу Юсуф бўлганлар. Бироқ бу кишининг тўпламлари бизгача етиб келмаган.
Ҳанафий уламолардан, Бухорода вафот этган ҳамюртимиз машҳур Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандий (ваф.539/1150) ҳам соҳа уламолари ҳузурида манзур бўлган «Мезонул усул» номли китоб ёзганлар.
Олдин ҳам кишилар усулул фиқҳ қоидаларини саҳобаларнинг, тобеъинларнинг ва бошқа имомларнинг ижтиҳодларидан олиб ишлатишиб юришаверарди. Гоҳида бир-бирига қарама-қарши далилларнинг ораларини мувофиқлашда уларнинг ижтиҳодлари усулий қоида сифатида асос ҳисобланарди.
Мисол учун, маст одамга ҳад уришни ҳазрати Али раҳматуллоҳи алайҳнинг ижтиҳодлари билан, бировни зинода айблаб туҳмат қилган одамга қиёс қилишган. Абдуллоҳ ибн Масъуд раҳматуллоҳи алайҳнинг ижтиҳодларига биноан, «кейинги далил олдингисини ва хос далил умумни насх қилади» деган қоида бўлган. Шу қоида билан у зот: «Эри ўлган хотин ҳомиладор бўлса, ҳомиласини қўйгунича идда ўтиради», деганлар.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида у зотнинг ўзлари Қуръони Карим оятлари ва ўз суннатлари ила барча муаммоларни ҳал этардилар. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг эса асҳоби киромлар Қуръони Карим ва набавий суннат ҳамда ўз ижтиҳодларига эътимод қилиб ҳукм чиқарар эдилар. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламнинг суҳбатларининг шарофати ила ва қобилиятларининг ўткирлиги ҳамда қуъони карим, ҳадиси шарифни жуда яхши тушунганлари учун улар белгиланган қоидаларга муҳтож эмас эдилар.
Ислом дини бир қанча диёрлар ва халқлар орасида тарқалиб, араб халқи бошқа миллатлар билан қўшилиб кетгач, ўзгача шароит юзага келди. Пайдо бўлган муаммоларни ҳал қилиш учун умумий қоидалар ишлаб чиқиш зарурати туғилди. Натижада. «Усулул фиқҳ» илмига асос солинди. Бу иш мазҳаббоши имомлар даврида, ҳижрий иккинчи асрнинг охирларида юзага чиқди[1].
Ибн Надим «Фиҳрист» номли китобида зикр қилганидек, «Усулул фиқҳ»га доир бўлган барча қоидаларни биринчи бўлиб имом Абу Ҳанифанинг шогирди имом Абу Юсуф алоҳида рисолада жамлаган. Лекин, афсуски, бу рисола бизларгача етиб келмаган.
«Усулул фиқҳ»га бағишланган биринчи китобни имом Муҳаммад ибн Идрис Шофеъий таълиф этган. Имом Шофеъийнинг «Рисола» деб аталган мазкур китоби бизгача етиб келган. Шунинг учун имом Шофеъий уламолар ўртасида «Усулул фиқҳ» илмининг асосчиси сифатида машҳурдир.
Сўнг «Усулул фиқҳ» илми икки йўналишга бўлинди ва улардан ҳар бирида кўплаб асарлар яратилди.
Биринчи йўналиш: мутакаллимлар йўналиши бу йўналишда иш олиб борган олимлар далил ва ҳужжатларнинг матни, луғат, калом ва ақида коидаларига суянадилар. Улар ўз ишларида фуруъул фиқҳга қарамадилар. Мутакаллимлар йўналиши бўйича китоб ёзган уламоларнинг услуби асосан уч нарса ила эътиборга сазовор:
- Ақлий далилларга суяниш.
- Маълум фиқҳий мазҳабга ён босмаслик.
- Фуруъул фиқҳга фақат мисол келтириш учун қараш.
Шофеъий, Моликий, Мўътазилий ва бошқа мазҳаб уламолари ушбу йўналишда усулул фиқҳ китоблари таълиф этдилар. Бу йўналишда «Усулул фиқҳ» қоидалари назарий-мантиқий равишда ишлаб чиқилган[2].
Мирахмадов Алимардон 405-гурух талабаси
[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Усулул фиқҳ. – Тошкент: Шарқ. 2011. – Б. 14.
[2] Ўша асар. – Б. 15.