islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Кашшоф” асарининг ўзига хос хусусиятлари

“Кашшоф” тафсирининг тўлиқ номланиши الكشاف عن حقائق غوامض التنزيل و عيون الاقاويل في وجوه التاويل »Кашшоф” ан ҳақоиқ ғовамизит танзил ва уюнил ақовийли фи вужуҳит таъвил” (Танзил (Қуръон)нинг тушуниш қийин бўлган ўринларининг ҳақиқий маъносини ҳамда таъвил қилишда сўзларнинг кўзларини очиб берувчи)дир. Тафсирнинг ўзига хос жиҳати шундан иборатки, унда ҳар бир оят тўлалигича тафсир қилинмайди, балки фақат тафсир қилинишга муҳтож бўлган калималарга маъно ёзилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида “Кашшоф” асарининг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сақланади. Ушбу қўлёзма «Кашшоф”асарининг бешинчи жилди бўлиб, у Ҳужурот сурасидан Нос сурасигача бўлган қисмини ўз ичига олган. Жами 319 варақдан иборат бўлган ушбу қўлёзма нусхаси насх хатида битилган, ҳошияси настаълиқ хатида ёзилган. Унда “ушбу қўлёзма 694 ҳижрий сана 18 зулқаъда жума куни кўчириб битилган”, деган ёзув бор. Хаттотнинг номи маълум эмас.

Қўлёзманинг ўлчами бўйига 30 см. энига 18,5 см. қалинлиги 8,5 см.ни ташкил этиб, Самарқанд қоғозига ёзилган. Ушбу қўлёзманинг нодир нусха эканлигига унда битилган қуйидаги маълумотлар ҳам далолат қилади: Замахшарий айтадилар: “Ушбу нусха қораламадан оққа кўчирилган биринчи асл нусха бўлиб, у муборак ҳарамда ёзилган асл Кашшоф дейилади. Одамлар уни юз-кўзларига суртишга, уни ўқиб осмондан баракотлар ёғилиши, қурғоқчилик йилларида ёмғир ёғишини сўраб васила қилишларига лойиқдир. Ушбуни ёзнинг иссиқ кунларидан бирида, Каъбанинг рўбарўсида, Аллома мадрасаси расми туширилган Ажёд эшигидан кираверишдаги Сулаймонийя ҳовлиси томонида, душанба куни, чошгоҳ вақти, Рабиул охирнинг йигирма учинчи куни, беш юз йигирма саккизинчи йили ёзиб тугатдим”.

Замахшарий раҳматуллоҳи алайҳи «Кашшоф” асарининг муқаддимасида унинг ёзилиш тарихини баён қилиб туриб, жумладан шундай деганлар: “Ушбу тафсир Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг халифалик қилган муддатларидек вақтда (яъни, икки йилу икки ойда) ёзиб тугатилди. Аслида буни тугатиш учун ўттиз йилдан кўпроқ вақт чамаланган эди. Бу ҳам бўлса ушбу Байтул Ҳаром (Каъбаи муаззама)нинг шарофати, қолаверса, Буюк Ҳарамнинг баракотидан менга аталган насиба туфайлидир. Аллоҳ таолодан сўрайман ушбу тафсирни ёзиш туфайли менга етган чарчоқни тўзахдан нажоб топишимга сабаб қилса, сирот кўпригидан ўтишда атрофимга нур қилса ва У қандай ҳам яхши сўралгувчидир”.

Имом Замахшарийни ақидаси мўътазила бўлса ҳам мазҳаби ҳанафий эди. Уни шуҳрат қозонишида, номи ғарбу шарққа ёйилишида “Кашшоф” тафсирини ўрни бениҳоя каттадир. Замахшарий яратган тафсири бошқа тафсирларда бўлмаган фазилатлари билан ажралиб туради.

Муфассир Қуръони каримдаги балоғат сирлари ва унинг ўта нозик эъжозларини яхши биларди. Ундан муқаддам кўпчилик уддалай олмаган ишни у уддалади. Замахшарий кейин яшаб ўтган Қуръонга баёний тафсир ёзганлар ундан жуда кўп иқтибос қилдилар. Улардан баъзилари унинг даражасига етмаган бўлсаларда, тақлид қилиб унга эргашиб тафсир битдилар. Лекин аслий ва тақлидий фикрлар орасидаги фарқ очиқ ойдин кўриниб турарди. У энг аввало маънони зикр қилиб, шундан кейин таъвилий маънога ўтган. Шунингдек тафсир давомида “ин қулта” (агар айтсанки) деб бошқа баҳсларни келтиради, давомидан ўзи ”қулту” (шундай дейман) деб ўз фикрини билдиради. Яъни “ундай десанг – бундай дейман, бундай десанг – ундай дейман” маъносида келтиради. Мана шу услубни Замахшарий тафсирида юксак махорат билан қўллаган муфассирларнинг пешқадами ҳисобланади. Бу услуб мўътазилий оқимидагиларга хос бўлган муноқаша ва мунозарага риоя қилишнинг ўзи эдики, чиндан хам улар бу масалада ўта қобилиятли олим эдилар[1].

Замахшарий раҳматуллоҳи алайҳи ўзиларининг тафсир китобларини мўътазилий мазҳабининг ақидаси, хусусан бешта асосига мувофиқ баён қилганлар. Улар: тавҳид, адл, ваъд ва ваъийд, икки манзила ўртасидаги манзила ҳамда амри маъруф ва наҳйи мункардир. «Кашшоф” ” тафсирини ўқувчи ундаги мўътазилий фикрларга чалғиб қолмаслиги учун хошиясида иккита китоб билан бирга чоп этилиши одатга айланган. Улар: Ибнул Мунир ал-Искандарийнинг الانتصاف فيما تضمنه الكشاف من الاعتزال “Ал-Интисоф фима тазомманаҳу Кашшоф минал иътизол” (Кашшоф тафсири ўз ичига олган мўътазилий фикрларга нисбатан инсоф назари билан боқиш) китоби ва Ибн Ҳажар ал-Асқалонийнинг الكافي الشاف في تخريج أحاديث الكشاف “Ал-Коф Аш-Шоф фи тахрижи аҳодис Кашшоф” (Кашшоф тафсиридаги ҳадисларни тахриж қилишга кифоя қилувчи) китобидир.

«Кашшоф”асарида Бақара сураси муфассал тафсир этилсада, ундаги сўнги оятлар мухтасар ҳолда баён этилган. Муаллифнинг ўзи бунинг сабабини баён қилган. Бақара сурасига ёзган тафсири куч қувватга тўлган пайтига тўғри келиб, қолган қисми эса кексалик пайтида ёзилиб, уни муаллиф тақдир тақозоси (вафотидан олдин тугатишини ирода этганди. Шу боисдан ҳам хисоблаб кўрилса, тафсирни тугатиш зарурати вақтнинг одатий ўтиш қонунияти билан бўлмай, балки шошилинч зарурати билан бўлганлиги аён бўлади. Шу нарса қизиқарлики Замахшарийга эргашганлар ва унга тақлид қилганлар у нимани қилган бўлса, улар ҳам шуни қилганлар. Замахшарий бу услубни узрли томонларини топган. Лекин кейингиларда ҳеч қандай узрли холат бўлмай, бу фақат улар фаолиятини ўзига хос хусусиятларидан иборат[2].

Асарда айниқса, Қуръоннинг филологик таҳлилига катта эътибор берилганлиги сабабли унинг бу услуби қиймати бениҳоя каттадир. “«Кашшоф” асарини ғоятда машҳур асар эканлигига яна бир ёрқин далил сифатида унинг қўлёзма нусхалари кўплиги, асарга ёзилган бир неча хошия ва шарҳларни кўрсатиш мумкин. Шунингдек, сўнги вақтларда дунёнинг турли бурчакларида қайта қайта нашр қилинганлиги ва немис шарқшуноси Карл Броккелман дунёнинг турли қўлёзма фондларида «Кашшоф” асарининг юзга яқин кўлёзмалари, йигирмадан ортиқ асарнинг ўзига ёзилган шарҳ ва хошиялари борлиги ҳақида маълумот беради. Бу эса ўз навбатида асарнинг катта шуҳрати ва беқиёс аҳамиятига моликлигидан далолат беради. Асарнинг олим ўз қўли билан оққа кўчирган дасхат нусхаси (хижрий 528. Милодий 1134) Техрон кутубхонасида сақланади. Гарчанд Замахшарий эътикоди мўътазилий бўлса ҳам мазхаби ҳанафийдир. Унинг бу асари ислом аҳли орасида шу қадар машҳур бўлиб кетганки, орадан юз йил ўтар ўтмас

  Асли Тошкентлик улуғ олим ва хаттот Аҳмад ибн Маҳмуд ибн Аҳмад Жамшид Аш-Шоший 1853-йили насх хати билан кўчирган «Ал- Кашшоф»нинг ажойиб нусхаси Ўз ФА Шарқшунослик институтида сақланмоқда. Бу асарнинг янги нашри 1995-йили Байрутда чоп этилди. Уни тўртта ҳошия билан безатилди. Улар:

  1. “Интисор” (Имом Аҳмад ибн Ал-Мунир Ал-Искандарий).
  2. “Хошияту ала тафсийрил Кашшоф” (Шайх Муҳаммад Улён Ал-Марзукий).
  1. “Ат-тофий аш-Шофий фий тахрийжи аҳодийсил Кашшоф” (Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний).
  2. “Аш-шоҳид ал-интисоф ала шавохилил Кашшоф (Шайх Муҳаммад Улён Ал-Марзукий)[3].

Бу асарларни Муҳаммад Абдуссалом Шохин жамлаган бўлиб, айни вақтда Ислом университетининг қўлёзмалар фондида мавжуд. Худди шу тартибда Мисрдаги тижорат учун босиладиган кутубхонада Мустафо Хусайн Аҳмад томонидан чоп этилди.

Бошқа тафсирлардан яна бир фарқли томони, уларда фақат бирор бир сура оятининг адади ва қаерда нозил бўлганлиги кўрсатилса, “Ал- Кашшоф”да эса оятнинг сони билан бир қаторда ўша суранинг калималари ва ҳарфларининг адади ҳам кўрсатиб кетилган. Ундан ташқари, бир сурани тафсир қилишдан олдин қайси сурадан кейин нозил бўлганлигини ҳам келтирган. Масалан: Фотиҳа сураси Маккий бўлиб, 7 оят, 25 калима ва 126 ҳарфдан иборат деб келтирилган.

Замахшарийнинг қадимги қўлёзмалари нусхаларида ёзилишича, Қуръони карим 114 сура, 6666 оят, 77439 сўз, 325343 ҳарфдан таркиб топган. Булардан 1000 оят диний масалалар, 1000 оят ваъда ва ваъидлар, 1000 оят амрлар, 1000 оят наҳийлар, 500 оят ҳалолу ҳаромлар, 100 оят дуолар, 66 оят носих ва мансухлардан иборат[4].

Тожиходжаев Абдусаломхон,

Наманган вилояти Чуст тумани

Имокулбой масжиди имом-хатиби

[1] Маннонул Қаттон. Улумул Курьон. – Байрут. Муассаса рисала, 1980. Б 338.

[2] Обидов. Қуръон, тафсир ва муфассирлар. – Тошкент.: 2003. Б -215.

[3] Маннонул Қаттон. Улумул Курьон.– Байрут, Муассаса рисола, 1980. Б 370.

[4] Закои Кунпара. Пайғамбаримиз ва Ашараи мубашшара. – Тошкент.: Шарқ 1995. Б 187.

308100cookie-check“Кашшоф” асарининг ўзига хос хусусиятлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: