“Саҳиҳу-л-Бухорий” ҳадислар тўплами 97 китоб ва 3881 бобдан иборат бўлиб[1], ундаги барча ҳадислар сони, такрорийлари билан қўшиб ҳисоблаганда 7563тадир[2]. Китобнинг ҳошиясидаги муаъаллақ ҳадислар[3] 1391 та, бирор ҳадисга тобеъ бўлиб келган ҳадислар 344 та ва бу китобдаги барча ҳадислар адади 9082 тага етади.[4] Имом Бухорий ҳазратлари бу ҳадисларни олти юз минг ҳадис орасидан энг-энг саҳиҳларини ажратиб олганлигини ҳисобга олсак, бу китобнинг яна бир беқиёс қиймати кўз олдимизда яққол намоён бўлади. Агар ҳадисларни ҳар бирини олдин ғусл қилиб, икки ракаат намоз ўқигандан кейин ўз тўпламига киритганлигини ҳам ёдга олсак, бу қиймат янада равшанроқ кўринади. Бу ҳақда Имом Фаробрийдан шундай ривоят қилинади: Имом Бухорийнинг: “Мана бу “ас-Саҳиҳ” китобимга ҳар бир ҳадисни ғусл қилиб, икки ракаат намоз ўқиганимдан кейингина киритдим”,- деб айтаётганини эшитганман[5].
Биз “Саҳиҳул-Бухорий” ҳақида фақат ўз билимимиз доирасида фикр юритдик холос. Бу асарнинг ўрганилмаган қирралари, ҳикматлари қанчалик кўп мутолаа қилинса, шунчалик кўп намоён бўлаверади. Имом Бухорий ҳазратларининг илмий маънавий меросининг гултожи бўлган бу шоҳ асарни ўрганиб, илмий тадқиқ этишга ва кенг оммага етказишга юртимизда кенг эътибор берилмоқда. Жумладан, шу яқин йилларнинг ўзидаёқ шайх Абдулазиз Мансур таҳририда 2008 йилги ўзбек тилидаги “Саҳиҳи Бухорий”нинг таржимаси, Имом Бухорий ва “ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асари ҳақида батафсил маълумот келтирилган шайх Абдуссалом ал-Муборакфурийнинг “Имом ал-Бухорий”китобини проффессор У.Уватов томонидан қилинган таржимасини кенг жамоатчилик эътиборига тақдим этилиши фикримизнинг далилидир. Шунингдек, бу китобга ёзилган “Умдату-л-Қори”, “Фатҳу-л-Борий” каби шарҳларни таржима қилиб кенг жамоатчиликка тақдим этиш каби улуғ вазифалар турибди.
Ўзбекистон Республикаси жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлган бир шароитда турли конфессия вакиллари билан мулоқот қилишнинг юксак маданиятига эришиши катта аҳамият касб этади. Бунинг ҳосиласи ўлароқ, Имом Бухорий илмий меросини ўрганиш бўйича тадқиқотлар нафақат ўзбек тилшунослигида, балки туркологияда, ҳатто жаҳон тилшунослигида ҳам давом этмоқда. Бироқ бизнинг назаримизда ушбу илмий мерос тўлалигича араб тилида ёки бўлмаса ўзбек тилида ҳамда инглиз таҳлилларида алоҳида-алоҳида кўриб чиқилган. Ўзбек, араб ва инглиз тилларида қиёсий жиҳатдан етарли даражада тадқиқ этилган эмас. Шу боис Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисларда вақт кўрсаткичларини қиёсий жиҳатдан ўрганишни ўз олдимизга мақсад қилдик.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадислар ижтимоий ҳаётда учрайдиган турли диний ва дунёвий масалаларнинг ечимини ҳал қилишда Қуръони каримдан кейинги иккинчи асосий манба ҳисобланади. Уларнинг лексик тизими ранг-баранг бўлиб, озига хос семантик хусусиятларни намоён этади. Бошқа тильдаги таржималарга қиёслаганимизда бунга ишонч ҳосил қиламиз.
Хусусан, ҳадислардаги فجر (фажр) термини тонг, тонгнинг бошланиши, бомдод вақти каби бир қанча маънони билдиради. Масалан:
قد انفجر الصُّبح، و تفجَّر، و انفجر عنه اللَّيل .[9: 395]
Тонг отди, кун ёрилди, тун ундан чекинди. Чунки тун чекиниб ўрнини тонг эгаллайди. Тундан кейин тонгнинг отишини кун ёрилди, деб ҳам аталади.
Шунинг учун бомдод намозини صلاة الفجر номи билан аташган, чунки у куннинг чиқишини белгилайди.
الفجر – тонг, бомдод сўзини Саҳиҳул Бухорийда келганمرفوع (бош келишик), منصوب (тушум келишик), مجرور (қаратқич) келишиклари орқали таҳлил қиламиз[6].
مرفوع бош келишикда келган فجر (фажр) тонг сўзининг лексик семантик таҳлили.
عَنْ عَبْدُ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ، عَنِ النَّبِيّ ﷺ قَالَ: “لا يَمْنَعَنَّ أَحَدَكُمْ – أَوْ أَحَدًا مِنْكُمْ – أَذانُ بِلَالٍ مِنْ سَحُورِهِ، فإِنَّهُ يُؤَذِّنُ – أَوْ يُنَادِي بِلَيْلٍ – لِيَرْجِعَ قَائِمَكُمْ، وَ لِيُنَبِّهَ نَائِمَكُمْ، وَ لَيْسَ أَنْ يَقُولَ الفَجْرُ أَوْ الصُّبْحُ و قَالَ بِعَصَابِعِهِ وَ رَفَعَهَا إلَى فَوْقُ و طَأْطَأَ إلى أَسْفَلُ حَتَّى يَقُولَ هَكَذَا” .[11: 135]
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Билолнинг азони бирортангизни саҳарлигидан тўхтатмасин. Чунки у сизнинг бедорингизни (дам олишга ёки саҳарлик қилишга) қайтариш ва ухлаётганингизни уйғотиш учун кечаси азон айтади. «Тонг отди» ёки «Субҳ кирди» дейиш учун эмас”, дедилар ва бармоқларини тепага кўтариб, пастга тушириб, (субҳи содиқ билан субҳи козибнинг фарқига) ишора қилдилар” [4: 502].
Инглиз тилида қилинган таржимада эса: Narrated ʼAbdullah bin Masʼd رضي الله عنه The Prophet ﷺ said, “The Adhan pronounced by Bilal should not stop you from taking Sahur, for he pronounces the Adhan at night, so that the one offering the late night prayer (Tahajjud) from among you might hurry up and the sleeping from among you might wake up. It does not mean that Al-Fajr (dawn or morning) has started”. Then he (the Prophet ﷺ pointed with his fingers and raised them up (towards the sky) and then lowered them (towards the earth) like this (Ibn Masʼud imitated th gesture of the Prophet ﷺ [8: 219].
Ушбу ҳадиси шарифда فجر (фажр) тонг сўзи семантик жиҳатдан ўзбек ва инглиз тилида тонг отди маъносида келмоқда. Тонг сўзи лексик жиҳатдан فاعل иш – ҳаракат бажарувчиси бўлгани учун مرفوع бош келишикда келган.
و عَنْ عَائِشِةَ، ٌقَالَتْ ” كَانَ رَسُولُ اللهِ ﷺ إِذَا سَكَتَ المُؤَذِّنُ بِالأُولَى مِنْ صَلاَةِ الفَجْرِ قَامَ فَرَكَعَ رَكْعَتَيْنِ خَفِيْفَتَيْنِ قَبْلَ صَلاةِ الفَجْرِ، بَعْدَ أَنْ يَسْتَبِيْنَ الفَجْرُ، ثُمَّ اضْطَجَعَ عَلَى شِقِّهِ الأَيْمَنِ، حَتَّى يَأْتِيَهُ المُؤَذِّنُ لِلإِقَامَةِ” .[11: 135]
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Муаззин бомдод намозига биринчи (азон) айтиб бўлгач, тонг ёришгандан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб, бомдод намозидан олдин енгилгина икки ракаат намоз ўқир эдилар. Кейин муаззин иқома учун у зотнинг олдиларига келгунча, ўнг томонларига ёнбошлар эдилар”[4: 504].
Ушбу ҳадиси шарифда тонг сўзи уч марта зикр қилинган. Биринчи ва иккинчи тонг сўзи (музофун илайҳи) қаратқичда қаралмиш бўлиб келмоқда. Учинчи ўринда эса يَسْتَبِيْنَ феълига (фоил) иш – ҳаракат бажарувчиси бўлиб келмоқда[7].
Семантик жиҳатдан эса صَلاَةِ الفَجْرِ бомдод намози маъносида келган.
عَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: حَدَّثَتْنِي حَفْصَةُ: “أَنَّهُ كَانَ إِذَا أّذّنَ المُؤَذّنُ و طَلَعَ الفَجْرُ صَلَّى رَكْعَتَيْنِ” .[11:238]
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳафсанинг менга айтишича, у зот тонг отиб, муаззин азон айтганда, икки ракъат намоз ўқиб олар эдилар» [5:185].
Ушбу ҳадисдаги طَلَعَ (чиқди) феъли тонг чиқди маъносида келмоқда. Чунки طلوع (чиқиш) инсонни рози қиладиган нарсалар учун келади. Мисол: طلع البدر وطلع الصباح Тўлин ой кўтарилиб, тонг отмоқда.
Араб шеъриятида ҳам فجر сўзи турли хил воситасида бадиий талқин қилинади.
طلعت عليّ و الأحوال سودٌ
كما طلع الصباح على الظلام
Менинг танг аҳволим яхшиланди, Худдики қоронғуликда тонг отганидек.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Табукдан қайтганларида Саҳобалар айтган нашидни ҳам мисол қилишимиз мумкин.
طَلَعَ الْبَدْرُ عَلَيْنَا
مِنْ ثَنِيَاتِ الوَدَاعِ
Бизга Вадоъ водийсидан тўлин ой чиқди.
Инглиз тилидаги таржимасида эса:
O the white moon rose over us
From the valley of Wadaʼ
Ушбу мисоллар орқали طَلَعَ –يَطْلَعُ феъли فجر (фажр) сўзи билан бирга келадиган ва тонг отди маъносини ифода қиладиган феъл эканлиги намоён бўлади.
ТИИ Модуль таълим шакли
талабаси Ибрагимов Жамолиддин
[1] Ал-Кутуб-с-ситта. –Риёз: Дорус салом, 2000. –Б.670.
[2] Ал-Кутубс ситта. –Риёз: Дорус салом, 2000. –Б.670.
[3] Изоҳ сифатида келтирилган санадсиз ҳадислар.
[4] Шамсиддинхон ибн Зиёвиддинхон ибн Эшон Бобохон. Сиҳоҳу-с-ситта. 36.Б.
[5] Ал-Кутубс ситта. –Риёз: Дорус салом, 2000. –Б.5.
[6] Аҳмад ибн Ҳанбал. Муснад Имом Аҳмад ибн Ҳанбал. Ж-7. Муассасатур рисола, 2001. –Байрут: Дорул улум, 2001. –Б.201.
[7] Имом Заҳабий. “Сияри аъламин нубало”. –Байрут: Дорул қалам, 1987. –Б.235.
[8] Ибн Ҳажар Асқалоний. “Ҳадйис Сорий”. –Дамашқ: Дорул улум, 1987. –Б.145.