Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасининг 67-оятида марҳамат қилади:
وَقَالُوا رَبَّنَا إِنَّا أَطَعْنَا سَادَتَنَا وَكُبَرَاءَنَا فَأَضَلُّونَا السَّبِيلَا
“Яна улар дейдиларки: “Парвардигоро, дарҳақиқат, бизлар бошлиқларимизга ва катталаримизга бўйин сундик, бас, улар бизларни (тўғри)йўлдан оздирдилар”.
Улар айтишадики, мана шу оят тақлиднинг ботил эканига далил. Бу оятда йўлдан оздирадиганларга тақлид қилиш қораланган, ҳидоятга бошлаганлар ҳақида гап йўқ, дейишингиз мумкин. Лекин, шу нарсани унутмангки, банда Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашмагунича ҳидоят топган ҳисобланмайди. Агар муқаллид мужтаҳидга тақлид қилаётганида Аллоҳ нозил қилган нарса нима эканини билган бўлса, у тақлид қилувчи эмас, балки, ҳидоят узра бўлади.
Аммо, одатда муқаллид Аллоҳ нозил қилган нарса қайси эканини ажрата олмайди. Шунинг учун у мужтаҳидга тақлид қилади. Демак, бу билан у жоҳил ва адашган саналади. Демак, оятда бу каби тақлид ҳам қораланган. Ҳа, улар ҳидоят аҳлига тақлид қилишаётгандир, бироқ, шу тақлидларида ҳидоят узра бўлган зотлардек эмаслар. Яъни, улар тўғри йўлда юрмаяптилар.
Динда ҳидоят узра бўлган имомга тақлид қилган муқаллид унинг йўлида юряпти, шу боис у ҳам аниқ тўғри йўлда, деб ўйламанг. Чунки муқаллид ўзи тақлид қилаётган имомининг йўлини тутмаяпти. Негаки, мужтаҳиднинг йўли ҳужжатдан далилланиш бўлса, уники мужтаҳидга тақлид қилиш бўляпти. Мужтаҳиднинг йўлида юриш учун у мужтаҳидининг ҳужжатдан далилланиш йўлини ушлаши керак эди. Бундай йўл тутишни арабчада иттибоъ дейилади. Маъноси: эргашиладиган кишининг йўлини тутиш ва у қилган ишни айни ўзини қилишдир. Тақлид ва иттибоъ ўртасида фарқ бор. Тақлидни иттибоъга қориштириб, муқаллиднинг мужтаҳидга тақлидини иттибоъ, яъни унинг йўлини тутиб, унга эргашиш дейиш нотўғри.
Демак, мужтаҳид фақатгина ҳужжатдан далилланган, далилга бўйсунган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа бирор кишини айнан танлаб олиб, унинг сўзини Китоб ва Суннат ўрнига қўймаган. Шундай қилган киши мужтаҳиднинг йўлига эргашган саналади. Мужтаҳид ўз қилган иши билан бошқасини унга мана шу йўлда эргашишига ундайди. Кўр-кўрона тақлид қилишдан эса қайтаради. Энди ҳужжатни тарк этиб, мужтаҳид қайтарган ишни амалга оширган шахс ўша мужтаҳиднинг йўлида юрган саналмайди. Қолаверса, мужтаҳидлардан илгари Аллоҳ ва расули бундан қайтарган.
Мана, шу ергача уларнинг гапларини келтирдик. Гўзал гаплар, аммо буткул тўғри эмас.
Биринчидан, Аллоҳ таолонинг: “Яна улар дейдиларки: “Парвардигоро, дарҳақиқат, бизлар бошлиқларимизга ва катталаримизга бўйин сундик, бас, улар бизларни (тўғри)йўлдан оздирдилар”, ояти йўлбошчилари уларни ўзларининг адашган йўлларига чорлаган ва улар бунга лаббай деб, ўша катталарига эргашиб кетгани учун йўлдан озиб, залолатга ботганини тан олганларини ифодалайди. Демак, оятнинг биз сўз юритаётган мавзуга алоқаси йўқ. Чунки, бу йўлдаги йўлбошчи имомлар ҳидоят узрадирлар. Буни уммат тан олган.
Иккинчидан, улар банда Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашмагунича ҳидоят топган бўлмаслигини айтишди. Бу гап аслида ҳақ. Лекин, Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашиш икки хил бўлади. Аввалгиси, инсон буни ўзи таҳқиқ қилиб, аниқлаб эргашиши ва кейингиси у буни ўзи таҳқиқ қила олмагани учун бошқага тақлид қилиши. Демак, муқаллид Аллоҳ нозил қилган нарсани ўз таҳқиқи билан билмаса ҳам, имомининг ижтиҳодига тақлид қилиш воситасида билади. Бу билан муқаллиднинг Аллоҳ нозил қилган нарса қайси эканини ўзи ажрата олмаслиги улар айтганидек, жоҳил ва адашганлик белгиси бўлиб қолмайди.
Учинчидан, улар айтишгандики, мужтаҳид ҳужжатдан далилланади. Бу билан у бошқаларни шу йўлда унга эргашишларига ундайди. Кўр-кўрона тақлид қилишдан эса қайтаради. Бу нотўғри гап. Чунки, ҳеч бир имом ўзига тақлид қилишдан қайтаргани собит эмас. Қолаверса, Аллоҳ таоло ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бундан қайтармаган. Демак, тақлид қилувчи эмас, балки, ҳужжатга эргашган киши мужтаҳиднинг йўлини тутган бўлади, дейиш асоссиз. Негаки, мужтаҳид имом ҳам ижтиҳод қила олиш рутбасига етишдан илгари бошқасига тақлид қилган. Ҳатто, у шу мартабада туриб ҳам айрим ишларда масаланинг ҳужжат-далилини билмай қолса, ўзидан олимроқ зотнинг айтганига юрган. Нима бўлганда ҳам, ижтиҳод даражасига етмаган муқаллид ўзи тақлид қилган мужтаҳиднинг йўлига эргашган ҳисобланади.
Тўртинчидан, улар тақлид ва иттибоъ ўртасини ажратиб, иттибоъга мужтаҳиднинг йўлини тутиб, айнан у қилган ишни қилиш, деб таъриф бердилар. Фараз қилайлик, бу гап тўғри. Ундай бўлса, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашмаган бўлиб қоладилар. Чунки, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўллари ваҳийга эргашиш эди. Уларнинг йўллари эса ҳадис имомлари ривоят қилган ва саҳиҳ деган сўзларига эргашишдир. Қолаверса, улар ҳадис имомларининг йўлига ҳам эргашмаяптилар. Чунки, у имомлар ўз ижтиҳод ва зоннлари билан ҳадисни саҳиҳ ёки заифга чиқаришса, уларнинг йўли эса ҳадисни имомларга тақлид ўлароқ саҳиҳ ёки заиф санаш бўлди. Бундан маълум бўладики, уларнинг тақлидни ботилга чиқариш йўлидаги юқоридаги далилланишлари тўғримас.
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари
кафедраси катта ўқитувчиси А.Ғиёсов