Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллиги муносабати билан Тошкент ислом институтида соҳа мутахассислари иштирокида турли давра суҳбатлари, илмий-амалий анжуманлар, учрашувлар ўтказилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими томонидан ташкил этилиб, унда Тошкент давлат юридик университети “Конституциявий ҳуқуқ” кафедраси мудири, юридик фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент Бекзод Нариманов маъруза қилди. “Конституция – инсон қадри кафолати” мавзусидаги учрашувда институт ҳуқуқшуноси Ж.Низомов, ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.
Тадбир қатнашчилари бош қонунимизнинг жамиятимиз ҳаётида тутган ўрни ва аҳамияти билан яқиндан танишишди. Шу билан бирга, кейинги йиллар давомида кенг кўламли ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши натижасида қўлга киритилган муваффақиятлар ҳақида сўз юритилди.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши белгилангани таъкидланди.
Сермазмун мулоҳазаларга бой бўлган ушбу тадбирда иштирокчилар ўзлари учун фойдали билимларга эга бўлишди. Учрашув якунида самарали ҳамкорлик учун институт номидан Б.Наримановга ташаккурнома ҳамда эсдалик совғаси топширилди.
Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва
маърифат бўлими ходими Ш.Бадиев