islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Сохталаштирилган “жиҳод” (моҳият ва талқин) 1-қисм

Бугунги кун мусулмон жамиятларида айниқса ёшлар орасида “инсоният тўлиғича исломни қабул қилиши шарт, мусулмон инсон бошқа бировни бунга тарғиб қилиши, ўрни келганда мажбурлашга бурчли” деган тушунча кенг тарқалиб, бундай зеҳният дунёда терроризм ривожланишига асос бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур ғоя ғаразли тарзда ташкил қилиниб, аслида исломга эл бўлмаган ёки ислом таълимотини чуқур англаб етмаганлар томонидан “жиҳод” атамаси воситасида тарғиб қилинмоқда. Жиҳоднинг биргина уруш маъносига урғу бериб, унда иштирок этиш масъулияти ҳамда иштирок этаётганларга катта илоҳий инъом борлиги тўғрисидаги маълумотлар билан жозибадорлигини оширишга ҳаракат қилмоқда. Натижада бундай чақириқларга тасодифан дуч келган мусулмон ёшлари уларнинг тузоғига тушиб, амалга ошираётган хунрезликларига ўзининг Худо олдида даража топиши омили деб қарамоқда.

Дарҳақиқат, “жиҳод” сўзининг ислом таълимотига оид атама эканлигини инкор қилиб бўлмайди. Бу сўз замирида эзгуликни ёйиш учун қилинган барча ҳаракатлар ва айтилган сўзлар, ватан ва дину диёнат ҳимояси учун курашиш маънолари ётади.

Бироқ бу сўзнинг нотўғри талқин қилиниши оқибатида ижтимоий ва сиёсий муаммолар келиб чиқиётгани, натижада нафақат мусулмон шахси ва жамияти балки инсоният катта озор кўриб, ҳатто ислом динининг обрўйига путур етаётгани барчага маълум.

Ислом таълимотидаги “жиҳод” атамаси оят ва ҳадисларда келган сўз ва иборалар орқали истеъмолга киргани ва таълимотнинг ажралмас қисми экани, шунингдек мазкур атамани ғаразли талқин қилиш ортидан экстремизм ва терроризм дастакланаётганини ҳисобга олсак, бугунги жамият, айниқса ёшлар онгига бу сўз ташийдиган тушунчани соғлом шаклда акс эттириш долзарб масала эканлиги яққол намоён бўлади.

Арабистон тарихида исломгача бўлган давр “жоҳилият даври” деб номланган. Адолатсизлик, зўравонлик, шунингдек, қиз фарзандларни тириклайин ерга кўмиш, қабилалараро адоват каби иллатлар исломгача бўлган даврнинг шундай номланишига сабаб бўлган. Ислом дини мафкураси инсониятни ўша жаҳолат ботқоғидан чиқариб, саодатга йўллашга қаратилган эди. Шундай вазиятда жаҳолатга қарши қўйилаётган мафкурани ҳаётга тадбиқ этиш ҳаракатларини англатадиган кўпмаъноли “жиҳод” атамаси вужудга келган.

“Жиҳод” атамаси ислом нозил бўлишининг дастлабки – Макка даврида муомалага кирган. Ўшанда “Фурқон” сураси нозил бўлиб, унинг 52-оятида кофирларга қарши қуръон ёрдамида жиҳод қилиниши кераклиги айтилади. Исломнинг Макка даври тарихида ҳеч қандай уруш бўлмаганини инобатга олсак юқоридаги оят таркибидаги “жиҳод” сўзи урушни англатмаслиги равшанлашади.

Бу сўз илк ислом давридан инсоннинг ўзини ўзи сарҳисоб қилиши, ёмон хулқ ва амаллардан холос бўлиш йўлида машаққат чекиши, шунингдек, инсон ҳуқуқларининг ҳимояси, унинг дахлсизлиги ва манфаати учун қилинган ҳар қандай ҳаракатга нисбатан қўлланиши одатга кирган.

Жиҳод сўзининг сўзма-сўз таржима қилганда “ҳаракат, жидду жаҳд” маъноларини англатсада, динимиз таълимотида бу сўздан англанадиган мазмун-моҳият ўзбек тилидаги “кураш” сўзи мазмун-моҳиятига мос келишини кўрамиз. Масалан қуйидаги кураш шаклларини ислом таълимотидаги “жиҳод” сўзи билан ифодалаш мумкин:

жаҳолатга қарши кураш – эзгуликни ёйишга қаратилган ҳаракат;

ҳаёт кечириш учун кураш – ғайрат қилиш, жидду жаҳд;

яшаб қолиш учун кураш – имкониятни сафарбар этиш;

ўз нафсига қарши кураш – гуноҳ ишлардан тийилишга ҳаракат;

Худонинг розилиги учун кураш – савоб ишларга бел боғлаш;

ватан ҳимояси учун кураш – жангга кириш ва ҳ.з.

Шундай қилиб, жиҳод инсон ўз шахсий “мен”ини (нафсини) ислоҳ қилиши, ёмон феъл-атвордан ўзини пок тутиши, соф эътиқод ва таълимотни кенг ёйиш орқали жамиятда эзгулик ғояларини ёйишга ҳисса қўшиши, ҳудудий, шахсий, мулкий дахлсизлик, дин, унинг анъана ва қадриятларини ҳимоя қилиши, инсонлар орасида адолат ва тенгликни таъминлашга қаратилган ҳаракатларини ўз ичига қамраб олади.

Шу маънодаги жиҳод яъни кураш мажбурияти кейинги давр фиқҳий манбаларида вояга етган барча мусулмонга баробар шарт ҳисобланган фарзи ъайн ҳамда жамоанинг вояга етган бир гуруҳи иштирок этиши билан адо этиладиган фарзи кифоя турларига ажратилган. Масалан, нафс, шайтонга қарши маънавий кураш, эзгуликни ёйиш, гуноҳдан тийилиш, юрт ва дин дахлсизлиги хавф остида қолганда душманга қарши кураш барчага бирдек фарзи ъайн ҳисобланса, жамият учун зарур турли касб эгаларини тарбиялаш, илм-маърифат тарқатиш фарзи кифоядир.

Мазкур атама Пайғамбар с.а.в. ҳадисларида ҳаётнинг барча соҳаларини қамраб олган “катта жиҳод” ва жанг маъносини англатувчи “кичик жиҳод” сўзлари билан тармоқланган. Пайғамбар с.а.в. Табук юришидан қайтаётиб саҳобаларга қарата “Кичик жиҳоддан катта жиҳодга қайтмоқдамиз” дейдилар. Бу гап билан урушни кичик жиҳод санаб, инсоннинг нафсу ҳаводан, барча салбий хулқ-атворлардан холос бўлиш йўлидаги ғайратини катта жиҳод сифатида тушунтирадилар. Пайғамбар с.а.в.нинг ушбу сўзлари Аллоҳ таолонинг “Менинг йўлимда жиҳод қилганларни албатта ўз йўлимга бошлайман. Аллоҳ эзгу иш қилувчилар билан биргадир” (Анкабут, 69) ояти мазмунига мослигини кўрамиз.

 “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудири,

ТИИ “Ижтимоий фанлар” кафедраси

катта ўқитувчиси М.Насриев

 

372990cookie-checkСохталаштирилган “жиҳод” (моҳият ва талқин) 1-қисм

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: