islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Аллоҳ таолони зикр қилиш

Зикр нафсни поклайдиган ва ахлоқни сақлайдиган энг кучли амаллардан бири ҳисобланади. Банданинг тили учун Қуръон тиловатидан кейинги энг афзал ибодат Аллоҳ таолони зикр қилишдир. Зикр орқали банда Аллоҳ таолога ихлос билан дуо қилади ва ҳожатларини сўрайди.

“Зикр” сўзи луғатда “эслаш”, “хотирлаш”, “тилга олиш”, “баён этиш”, “шарҳлаш”, “тавсифлаш” каби маъноларни англатади. Умумий маънода эса зикр икки хил бўлади: тил билан зикр қилиш ва дил билан зикр қилиш. Уламолар истилоҳида зикр банданинг Роббини тили ва дили билан эслашидир. Бу Аллоҳ таолонинг Зотини, сифатларини, амалларини ва ҳукмларини зикр қилиш, Китобини тиловат қилиш, Унга дуо қилиш, ҳожатини сўраш, ҳамд ва сано айтиш, Аллоҳни улуғлаш ва шукр келтириш каби амаллар билан бўлади. Зикр ҳар бир бандадан талаб қилинган ва ҳар бир банда учун маҳбуб бўлган амалдир. У доимо қилиниши лозим бўлган марғуб иш ҳисобланади. Фақат шариат истисно қилган ҳолатларда, масалан қазои ҳожат пайтида ёки хутба тинглаётганда зикр қилинмайди.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда кўплаб оятларда бандаларни зикр қилишга амр этган. Зикрни кўп қилиш ва унда бардавом бўлиш нажот учун шарт қилинган. Аллоҳ таоло зикр қилувчиларни мақтаган, уларни Ўз оятларидан баҳраманд бўлганлар деб атаган ва уларнинг ақл эгалари эканини таъкидлаган. Айрим уламолар зикр ҳақидаги оятлар сони 174 та эканини айтганлар. Аллоҳ таоло Ўзини зикр қилмайдиганларни қоралаган ва зикрни унутиб, дунё ишларига берилиб кетган инсонларнинг ҳасрат ва надоматда қолишини таъкидлаган.

Демак, инсон Аллоҳ таолони унутса, Уни зикр қилмаса ва Унинг ҳидоятига эргашмаса, аввало ўзига зиён қилган бўлади. Бундай инсон бу дунёда ночор ҳаёт кечиради. Иймонсизлиги сабабли ўзи тўйса ҳам, кўзи тўймайди. Мол-дунё ва роҳат ичида яшаса ҳам, унга оз кўринади ва улардан ажралиб қолишдан доимо қўрқиб яшайди. Шунинг учун ҳаётида муаммолар кетма-кет келиб чиқаверади. Аллоҳни зикр қилиш қалбни Унга бағишлаш ва Аллоҳ мени кўриб турибди деган доимий ҳушёрликда яшашдир. Бу Аллоҳнинг буйруқларини бир лаҳза ҳам эсдан чиқармасдан, холис амал қилишдир. Аллоҳни кўп зикр қилиш инсонда олий мақомли ахлоқий сифатларнинг юзага чиқиши ва бардавом бўлишига сабаб бўлади. Аллоҳни кўп зикр қилиш ҳар бир мусулмон эркак ва аёл учун зарур амаллардан ҳисобланади. Зокирлик даражаси олий мақомдир. Ҳар бир мусулмон эркак зокир бўлишга интилиши лозим. Ҳар бир муслима эса зокира сифатига эга бўлиши керак.

عن أبي سعيد وأبي هريرة رضي الله عنهما أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: إذا أيقظ الرجل امرأته من الليل فصليا ركعتين كتبا من الذاكرين الله كثيرا والذاكرات .رواه الحاكم

Абу Саид ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Агар эр киши кечаси хотинини уйғотиб, икковлари икки ракат намоз ўқисалар, ўша кеча Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркаклар ва зокира аёллардан ёзиладилар”. Ал-Ҳаким ривоят қилган.

إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ الَّذِينَ إِذَا ذُكِرَ اللَّهُ وَجِلَتْ قُلُوبُهُمْ وَإِذَا تُلِيَتْ عَلَيْهِمْ آيَاتُهُ زَادَتْهُمْ إِيمَانًا وَعَلَى رَبِّهِمْ يَتَوَكَّلُونَ

“Албатта, Аллоҳ зикр қилинганда қалблари титрайдиган, оятлари тиловат қилинганда иймонлари зиёда бўладиган ва Роббиларига таваккул қилувчиларгина ҳақиқий мўминлардир”. Анфол сураси, 2-оят.

عن أبي هريرة رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه و سلم: قال الله عز و جل أنا عند ظن عبدي بي و أنا معه حين يذكرني فإن ذكرني في نفسه ذكرته في نفسي و إن ذكرني في ملأ ذكرته فى ملأ خير منه و إن تقرب إلى شبرا تقربت إليه ذرعا و إن تقرب إلي ذرعا تقربت اليه باعا و إن أتاني يمشي أتيته هرولة. رواه الشيخان والترمذي

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар. Аллоҳ таоло айтади: “Мен бандам Мен ҳақимда қандай гумон қилса, шундайман. У Мени зикр қилса, Мен у биланман. Агар у Мени ёлғиз зикр қилса, Мен ҳам уни ёлғиз зикр қиламан. Агар у Мени жамоат ичида зикр қилса, Мен ҳам уни ундан яхшироқ жамоат ичида зикр қиламан. Агар у Менга бир қарич яқинлашса, Мен унга бир аршин яқинлашаман. Агар у Менга юриб келса, Мен унга югуриб бораман”. Икки Шайх ва Термизий ривоят қилган.

عن أبي موسى رضي الله عنه عن النبي صلى الله عليه وسلم قال: مثل البيت الذي يذكر الله فيه والبيت الذي لا يذكر الله فيه مثل الحي والميت .رواه الشيخان

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ зикр қилинадиган уй билан зикр қилинмайдиган уй худди тирик билан ўлик кабидир”. Икки Шайх ривоят қилган.

Сохиба РАХМАНОВА, ТИИ 403 гуруҳ талабаси

460870cookie-checkАллоҳ таолони зикр қилиш

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: