Қалблар қўлида бўлиб бизларга Исломдек улуғ неъмат берган ва қалбларимизни Ўзининг динида собит қилган Аллоҳга ҳамд-у сано. Қалб ниятларнинг маскани эканлигида ва уни доимо пок сақлаш лозимлигини айтиб, суннати санияларида қалбга доимо озуқа беришлик ила, поклаш лозимлигини намуна қилиб ҳидоятга чорлаб ўтган Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга саломлар.
Инсоннинг илми, маънавияти, маданияти-ю дунё қараши қалбга бориб тақалади. Чунки қалб жасаднинг бошқарувчисидир. Қалбнинг буйруғисиз, розилигисиз, истак-хоҳишисиз бошқа аъзоларимиз ҳаракатга келмайди. Қалбда инсоннинг хулқи ҳам – у хоҳ яхши, хоҳ ёмон бўлсин, дунёқараши ҳам, умуман, инсоннинг борлиғи аслида қалбда жойлашган.
Қалб бу – Аллоҳнинг инсонга берган энг катта неъмати, мўъжизасидир. Қалб инсон танасининг энг муҳим бўлаги, ҳамда подшоҳидир. Шу сабабдан тана аъзолари унинг буйруғига мувофиқ иш юритади. Буни ҳам жисмонан, ҳам маънан тушуниш мумкин. Жисмоний жиҳатдан биламизки, юрак тананинг маркази бўлиб, усиз инсон ҳаётини тасаввур этиб бўлмайди. Юрак барча аъзоларимиз учун энг муҳим бўлган қонни етказиб бериб туради. Маънавий жиҳатдан, қалб инсон руҳиятини бошқаради, маънавиятининг ўрнидир. Агар қалб тоза, яхши бўлса, тана шунга мувофиқ иш қилади.
Бу ҳақида Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида шундай деб марҳамат қиладилар:
“Жасадда бир парча гўшт бор, агар у яхши бўлса жасаднинг ҳаммаси яхшидур, агар у ёмон бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузилур”.
Қалб гўзаллиги, поклиги инсон учун қанчалар муҳим? Қалбнинг маънавиятли эканлиги нимада акс этади? Биз баъзи инсонларни қаттиқ яхши кўрамиз, баъзиларни ёмон кўрамиз, баъзида эса бирор киши ҳақида минг ҳаёлларга бориб юрамиз. Хуллас ичимиздан нималар ўтаётгани ёлғиз Роббимизга аён.
Келинг, бироз тафаккур қиламиз. Биз нега қалб ҳақида тўхталиб, шунча гапни гапирдик. Ахир қалбимиз ҳақида бошқалар билан баҳслашишга, у ҳақида бошқаларга ҳисобот беришга мажбур эмасмиз-ку. Аммо! Қанча яширмайлик, қалбимиздаги барча сир-асрорларимиздан хабардор зот Роббимиз Аллоҳ таоло бизни доим кузатиб туради. Роббимиздан ҳеч нимани яшира олмаймиз!? Ҳа, азизлар! Бизни шундай фитрат узра яратган, фақат ўзигагина муҳтож қилиб қўйган Зотга ҳамдлар бўлсин!
Аллоҳ таоло ўзининг Каломи шарифида шундай марҳамат қилади:
“(Эй, инсонлар) сизлар сўзларингизни яширинглар ёки ошкора қилинглар, (барибир) У қалблардаги сирларни ҳам билувчидир”. Мулк сураси, 13.
Биз киммиз ўзи? Нима қиляпмиз? Кейин нима қилмоқчимиз? Қаерга қараб кетяпмиз? Нима учун яратилдик? Бу дунёда бирор камчилик бормидики, биз уни тўлдирган бўлсак? Ушбу саволларни ўзимизга берайлик. Ва жавобимизга қараб ҳаракат қилайлик!
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта Аллоҳ суратларингизга ва мол-у дунёларингизга назар қилмайди. Лекин қалбларингизга ва амалларингизга назар қилади”.
Қалб ҳис-туйғулар макони, инсон ҳис-туйғулари ўта нозик бўлгани учун қалб тез ўзгариб туради. Уни ўзгаришлардан сақлаш учун эса кучли маънавият, эътиқод керак бўлади. Маънавиятнинг макони ҳам қалбдир. Шундай экан, биз қалбга энг яхши, энг соф, эзгуликка олиб борадиган маънавиятни, хулқни, маърифатни солиб, уни тўлдиришимиз зарур, шундагина у қалб эгаси иродали, кучли ва мустақил фикрга эга бўлади. Шуни бошқачароқ қилиб айтсак, қалбга маънавиятни солиш керак. Маънавият инсоннинг бутун умри давомида унинг кучига куч қўшишга, ақл, идрок ва заковатини кенгайтириб, мустаҳкамлашга хизмат қилади. Маънавият ва маънавий бойликлар, қадриятлар, давлат, миллат, шахснинг бебаҳо хазинаси ва тараққиёт манбаидир. Маънавиятни маъносига қарайлик, маъно-мазмундир, унинг аҳамияти нима? Демак, маънавиятли инсоннинг ҳаёти маъно-мазмунли бўлади, у ўзининг ҳаёти фақат ейиш-ичиш, фаровон яшаш эмас, балки ҳаётнинг асл мазмун-моҳияти имтиҳон дунё эканлигини билади. Қалбаки, кўзбўямачи, сохта эмас, аксинча, ҳақиқий бир мазмунга, моҳиятга эга бўлган ишларни амалга оширишга ундаб, Ватанга, келажак авлодга фойдали ишлар қилиб, ўзидан яхши ном, из қолдиришга ва шу йўл билан керак бўлса, кейинги дунёсини ҳам обод қилишга чорловчи ғоя ва мақсаддир.
Суюклигимиз Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо шундай деб дуо қилар эканлар: “Роббим! Қалбимни ўз динингда бардавом қилгин”. Оламлар сарвари, барча гуноҳларда маъсум зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб дуо қилган эканлар. Биз-чи? Бу дуога қанчалар муҳтожмиз. Барча сирлар ошкор бўладиган кунда Роббимиз ҳузурида юзимиз ёруғ бўлсин.
Тошкент ислом институти
“Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси
Зафар Маҳмудов