islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

УЧТАСИ ЯХШИ УЧТАСИ ЁМОН ОЛТИ АМАЛ

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳар бир айтган сўзлари уммат учун мисоли дурдек қимматбаҳо насиҳатлар бўлиб, уни олган киши икки дунёда ҳам кам бўлмайди. Жанобимизнинг минглаб ҳадисларидан атиги бир донаси ҳам катта бир жамиятни ислоҳ қилишга кифоя қилгудек даражада мукаммал сабоқ бўла олади. Мисол тариқасида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган қуйидаги ҳадисни оламиз:

  قال عليه الصلاة والسلامإن الله يرضى لكم ثلاثًا، ويكره لكم ثلاثًا: فيرضى لكم أن تعبدوه ولا تشركوا به شيئًا، وأن تعتصموا بحبل الله جميعًا ولا تفرقوا، وأن تناصحوا من ولاه الله أمركم، ويكره لكم: قيل وقال، وكثرة السؤال، وإضاعة المال

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Аллоҳ таоло сизлардан учта амалга рози бўлади:

  1. Унга ҳеч нарсани шерик қилмасдан ёлғиз Ўзига ибодат қилишларинг;
  2. Фирқаларга бўлиниб кетмасдан, Аллоҳнинг арқонини маҳкам ушлашларинг;
  3. Аллоҳ бошлиқ қилиб қўйган ишбошиларга носиҳ бўлишларинг.

Ва Аллоҳ сизлардаги учта нарсани хуш кўрмайди:

  1. “деди-деди”лар;
  2. Кўп савол беришлик;
  3. Молни исроф қилмоқ. (Ал-адаб ал-муфрад / 442).

Мана шу ҳадисда жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам олти амални қатор санадиларда улардан учтасига Аллоҳ рози, яна учтасига эса Аллоҳнинг ғазаби борлигини билдирдилар.

Аллоҳнинг розилигини топишга сабаб бўлган биринчи амал бу тавҳид ақидасидир. Одам алайҳиссаломдан то Муҳаммад алайҳиссаломгача келган набий ва расулларнинг ҳаммаси умматга фақат битта – тавҳид ақидасини англатиш учун келганлар. Қалбида тавҳид эътиқоди бўлмаган банданинг ҳолига охиратда вой бўлади. Инсон ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиши лозим. Ибодатда Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилиб бўлмайди. Аллоҳ ҳамма гуноҳни кечириши мумкин, аммо ширкни асло кечирмайди.

Аллоҳни рози қилувчи иккинчи амал эса Аллоҳнинг арқони бўлмиш Қуръон атрофида жипслашмоқдир. Мўминлар Қуръон ва унинг аҳкомлари атрофида бирлашишлари керак. Хилма-хил гуруҳ ва фирқаларга бўлинишни Аллоҳ асло хуш кўрмайди. Қуръон атрофида бирлашмоқ учун энг аввало Қуръон ҳақидаги эътиқодни тузатиш керак. Қуръон Аллоҳнинг илоҳий, азалий каломидир. Унда инсониятнинг икки дунё саодатини таъминлаб берувчи ҳукмлар бор. Қуръонни севиш, ёдлаш, сақлаш, кейинги умматга соғлом қолдириш, маъноларини тўғри англаш ва ҳаётга татбиқ этиш билан инсоният Қуръон атрофида бирлашади. Қуръон жаннатдан ерга туширилган мисоли арқондир. Уни ушлаган жаннат сари адашмасдан боради. Четда қолганлар эса йўлни йўқотади.

Раббимизни шод қилишига хизмат қилувчи учинчи амал бу бошлиқларга хайрхоҳ бўлишдир. Жамиятнинг ҳар бир бир аъзоси бошлиққа хайрхоҳ бўлса, унга тўғри йўлни топишида кўмакчи ва камарбаста бўлса, оғир кунда ҳам яхши кунда ҳам уни қўллаб ёнида турса, у жамият гуллаб яшнайди, тараққий қилади. Раҳбарини чалинишини, йўлдан адашишини истаган жамиятда эса барака бўлмайди. Йирик ҳанафий олими, ақидавий матн соҳиби имом Таҳовий раҳимаҳуллоҳ жамиятнинг раҳбари ҳақидаги муносабатини баён этишда шундай деган: “Имомларимиз, бошлиқларимиз агарча зулм қилсалар-да, уларга қарши чиқишни ҳақ деб ҳисобламаймиз. Улардан бирортасини қарғамаймиз. Уларга бўйсунишдан бош тортмаймиз. Улар модомики маъсиятга амр қилишмас экан, уларга итоат қилишни Аллоҳга итоат қилиш ўлароқ фарз деб биламиз. Уларнинг ҳаққига салоҳият, муваффақият ва саломатлик сўраб дуо қиламиз”. (Имом Абу Жаъфар ат-Таҳовий. Ақидатут-Таҳовий).

Ҳадисда Аллоҳнинг ғазабини келтирувчи деб зикр этилган уч амалнинг аввалгиси “деди-деди” яъни, чақимчилик ва гап ташувчиликдир. Чақимчилар ҳар қандай иноқ жамоани ҳам парчалаб бир-бирига душман қилиб ташлаши мумкин. Чақимчиларнинг “деди-деди”сига қулоқ солинган ерда бирдамлик бўлмайди. Шунинг учун ҳам мўмин аниқ-тиниқ далилсиз ҳеч кимнинг нохуш гапи ва шумхабарига ишониши керакмас.

Иккинчси эса кўп савол беришликдир. Араб донишмандлари айтади: “чиройли савол ярим илмдир”. Савол берувчи ўйлаб-ўйламасдан савол бераверса савол сўралувчининг ҳафсаласини пир қилади. Бу эса олимлардан керакли илм ва маълумотларни олишга футур етказади.

Аллоҳ таолонинг ғазабини келтирувчи кейинги амал бу исрофгарликдир. Аллоҳ таоло бойликни ҳаммага ҳам бериши мумкин. Аммо унинг масъулиятини ҳамма бойлар ҳам ҳис қилавермайди. Молни исроф қилиш деб уни ношаръий, ноўрин сарфлашга айтилади. Аллоҳ бойларнинг закотидан, қарамоғидагиларнинг нафақа таъминотини вақтида қилган-қилмаганидан сўрайди. Закотни бермасдан риёкорлик тарзида қилинган даб-дабалар ғирт исрофга киради. Исрофгарларни эса Аллоҳ севмайди!

Андижон шаҳар “Чинор” жоме масжиди имоми
Авазбек Мўминов

77200cookie-checkУЧТАСИ ЯХШИ УЧТАСИ ЁМОН ОЛТИ АМАЛ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: