islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Сийрат

Бўлимлар

Исро ва Меърож ҳодисаси қачон юз берган?

«Исро» (الإسراء) Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни кечанинг бир бўлагида Маккадаги Масжидул Ҳаромдан Қуддусдаги Масжидул Ақсога сайр қилдиришидир. «Меърож» (المعراج) эса, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Қуддуси шарифдан юқорига, яъни, Ўзининг Ҳузурига кўтаришидир. Маълумки, бутун оламларнинг Парвардигори Аллоҳ таоло ҳамма нарсадан олий, устун ва юксакдир. Ҳикмати Бу мўъжизавий сафарнинг ҳикматлари кўп бўлиб, энг буюги ва лўндаси Аллоҳ таоло: (لِنُرِيَهُ مِنْ أَيَاتِنَا) «…унга (яъни, Муҳаммад алайҳиссаломга) Ўз мўъжизаларимизни кўрсатиш учун…»[1] деб, айтган оятидир. Шундай ҳам бўлди: (لَقَدْ رَأَى مِنْ أَيَاتِ رَبِّهِ الْكُبْرَى) «Дарҳақиқат, у (Муҳаммад алайҳиссалом) Парвардигорининг буюк мўъжизаларини кўрди»[2]. Аллоҳнинг ҳузурида «меҳмон» бўлиш мушрикларнинг азиятлари чўққисига чиққан пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга катта тасалли бўлди, бу иш туфайли у зотнинг кўнгилларидан тушкун кайфият ариди, умид ниҳоли гуркиради. Айни чоқда, бу воқеа мусулмону кофир учун синов-имтиҳон ҳам бўлди. Бу имтиҳондан барча саҳобалар ўтишди, кофир-мушриклар эса, яна доғда қолишди. Тафсилоти Жумҳур аҳли сунна вал жамоа уламолари Исро ва Меърож ҳодисасининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлганларидан кейин, Макка даврида, ҳижратдан сал олдин, ислом даъвати қувғин билан муваффақият ўртасида турган бир пайтда, уйғоқ ҳолларида, руҳ ва таналари билан, Жаброил фаришта ҳамроҳлигида, Буроқ номли мўъжизавий уловда, кечанинг бир бўлагида, бир марта юз берганига иттифоқ қилишган. Беш вақт намоз Исро кечаси Меърожда фарз қилинганига барча уламолар якдилдирлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага ҳижратлари пайғамбарликнинг 14-йили, рабиул аввал ойининг бошида, у зот қамарий ҳисобда 53 ёшга тўлганларида (милодий 622 йил сентябр ойи ўрталарида) бўлганига ҳам барча уламолар иттифоқ қилишган. Вақти Исро ва Меърож ҳодисаси юз бергани ҳақида Ислом умматида мутлақо ихтилоф йўқ. Аммо қачон содир бўлгани ҳақида турлича қарашлар бор. Қуйида уларни бирма-бир кўриб чиқамиз: – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлишларидан олдин (бу ривоят шозз[3] бўлиб, Шарик ибн Абу Намир тарафидан содир этилган хато эканига барча муҳаддислар иттифоқ қилишган[4]); – пайғамбарликнинг биринчи йили (имом Табарий ихтиёр қилган); – пайғамбарлик келганидан бир йилу олти ой кейин (имом Заҳабийнинг ушбу қавли ҳақида Абу Умар ибн Абдул Барр: «Мен Заҳабийдан бошқа бу гапни айтган бирорта сийрат олимини билмайман», деган[5]); – пайғамбарлик келганидан беш йил ўтиб (қози Иёз нақли); – пайғамбарлик келганидан етти йил кейин (Зуҳрийнинг бир қавли); – пайғамбарликнинг ўнинчи йили (Муҳаммад Сулаймон Мансурфурий ихтиёр қилган); – ҳижратдан уч йил олдин (Ибн Асийр нақли); – ҳижратдан бир йилу олти ой олдин, рамазон ойида (Воқидий ривояти); – ҳижратдан бир йилу беш ой олдин, шаввол ойида (Мовардий қавли ҳамда, Суддийдан Табарий ва Байҳақийлар ривоят қилишган); – ҳижратдан бир йилу тўрт ой олдин, зулқаъда ойида (Суддий ва Муқотилларнинг бир қавли); – ҳижратдан бир йилу уч ой олдин, зулҳижжа ойида (Ибн Форис нақли); – ҳижратдан бир йилу икки ой олдин, муҳаррам ойида (Ибн Абдул Барр нақли); – ҳижратдан бир йил олдин, рабиул аввал ойида (кўпчилик ровийлар ривояти, жумладан: Ибн Аббос, Ибн Масъуд, Ибн Умар, Анас, Жобир, Оиша, Умму Салама, Умму Ҳонилардан ривоят қилинган (Аллоҳ ҳаммаларидан рози бўлсин). Қатода, Урва ибн Зубайр, Мусо ибн Уқба, Ибн Қутайба, Байҳақий, Ибн Саъд, Ибн Асокир, Ибн Мардавайҳ, Ҳофиз Иброҳим Ҳарбийлар ривоят қилишган (Аллоҳ ҳаммаларини раҳматига олсин). Муқотил ва Зуҳрийларнинг бир қавли); – ҳижратдан саккиз ой олдин, ражаб ойида (Абул Фараж ибн Жавзий нақли); – ҳижратдан олти ой олдин, рамазон...

Энг буюк бахт нима?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин. Тушларимда кўрмоқ қолди армон бўлиб, Устозлардан сийратингиз ўрганганда. Равзангизга бормоқ ишқи ёнди тинмай, Фонийлардан топган севгим сиз Ҳабибим. «Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи барокатуҳу». Эй оламлар саййиди, инсоният тарбиячиси, биз умматларга ота-онамиздан ҳам меҳрибон бўлган қалбимиз севгани Аллоҳнинг Ҳабиби Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам. Мен сизга аср бўлмаганим учун авваллари ўксинар эдим. Ёшим улғайиб Каломуллоҳ тафсирларини, сийратингизни устозлар ёрдамида ўрганиш жараёнида, бу ўксиклик секин аста камайди. Ҳозирга келиб, буткул шукроналик ҳисси билан алмашган. Чунки мен илм олиш бахтига эришганимдан сўнг, инсонни ёруғ дунёга қайси вақтда келиши муҳим эмаслигини англаб еттим. Муҳими бизни яратган зот Аллоҳни таниб сизни суннати саниянгизга муҳаббат ва интиқлик ила эргашиш экан. Бахт қайси асрда қайси маконда туғилиш эмас, бахт Аллоҳни гуноҳкор ҳолимизда бўлса ҳам севиб унга тавбатан насуҳ қилиб қайтмоқ, сизни таниб сизни севмоқ экан. Бахт сизнинг асрингизда яшамоқ эмас экан. Албатта мен саҳобалар мақоми бахт эмас дейишдан йироқман. Улар инсонларнинг юлдузи, сизни биздан ҳам кўпроқ севган зотлардир. Аммо мен ўз асримда дунёга келганим, менинг фурсатим эканига шукрона келтириш мақсадида айтмоқчиман. Бахт асли нимада эканини ўзим каби сизга муштоқ замондошларимга оз бўлсада эслатиб таскин бермоқ, аслида эса ўзимга таскин изламоқдир. Сизга ҳам аср бўлган мунофиқлар, мушриклар, яҳудийлар, насоролар ҳам бор эдику, мен ўшалардан бири бўлиб қолмаганим учун ҳам шукрона келтираман демоқчиман. Улар каби Қуръони каримда лаънатланиб қолмаганимга, мунофиқлик билан шарманда бўлмаганимга, адашиб кетиб сизни пок шариат таълимотингиздан юз буриб кетмаганимга шукроналар келтираман. Аллоҳим тақдир қилган шу давр вакиласи бўлиб, Исломий муҳит, Исломий тарбия топиш бахти ила шарафланиб, ҳали балоғат остонасига етмай ибодат таълимоти билан улғайганим менинг бахтим экан аслида. Сизни соғинганимда, сизга ҳам аср бўлиб яшамаганимга афсус қилган пайтларим Аллоҳ асрасин мен ҳам сизга замондош бўлган мушрикалардан бўлиб қолишим ҳам мумкин эдику дея таскин топаман. Абу Лаҳабнинг аёли, ёки сизга озор берган яҳудий аёллар каби бўлиб қолишим ҳам мумкин эдику наузубиллаҳ. Шулар ҳақида ўйласам қалбим титраб Аллоҳга сажда қилиб йиқиламан шукроналар келтираман. Сизни танитганига, Қуръонни таълим олишдек бахтни бериб аҳлидан қилганига, суннати саниянггизни таълим олиб ҳаётимнинг ҳар онига тадбиқ қилдириб муваффақият берганига шукроналар келтираман. Ота-онамнинг ҳаққини билиб улғайганимга, улар мени деб заҳмат тортганларини қандай адо этишим мумкинлиги ҳақида Каломуллоҳ ва сизнинг суннатингиздан ўргандим. Қуръонни ёд олиб, унга амал қилиб, суннатингизни ёйиш, фарзандларимга Аллоҳни танитиб, сизни севдириб савобини ота-онамга бағишлаб, қиёматда шараф тожини кийишларини ўргандим. Эй қалбларимиз маҳбуби, биз сизни қаттиқ севамиз. Равзайи покингизга интиқлик ила яшаймиз. Имкон топдик дегунча ошиқамиз. Биз сизга уммат эканлигимиз аслида энг буюк бахтимиздир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: «… Ғазабга дучор бўлганларнинг йўлига эмас, адашганларникига ҳам эмас» (Фотиҳа сураси, 7-оят) сифати билан сифатланмаганимизга шукр қиламиз. «Аллоҳ уларнинг қалблари ва қулоқларини муҳрлаб қўйган ва кўзларида парда бор. Ва уларга улкан азоб бордир» (Бақара сураси, 7-оят)деганидек муҳрланмаганига ҳам шукр қиламиз. Яна: «Ва Одамлардан, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирдик, дейдиганлари бор. Ҳолбуки, улар мўмин эмаслар. Улар Аллоҳни ва иймон келтирганларни алдамоқчи бўладилар. Ва ҳолбуки, сезмасдан ўзларини алдарлар» (Бақара сураси, 8-9-оятлар) дейилганидек мунофиқлик ҳам қилмаётганимизга тинимсиз ҳамду сано айтамиз. Сизга ожизона саловатлар йўллаб бу йўлда бардавом қилишини дуо қиламиз. Биз лойиқмизми билмаймиз, аммо оятда келганидек: «Улар ғайбга иймон келтирурлар, намозни тўкис адо ўқурлар ва биз уларга берган ризқдан нафақа қилурлар....

Буюк хулқ соҳибининг гўзал сифатларидан намуналар

Аллоҳ таоло мукаммал дин бўлмиш Исломни бандаларига баён этиш учун гўзал фазилатларга эга бўлган, барча замон ва маконларнинг буюги сифатида эътироф этиладиган шахсни Пайғамбар қилиб танлаган. Ушбу буюк шахс Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига барча жабҳаларда ўрнакдирлар. У зотнинг гўзал хулқ ва сифатларини ўрганиб, ҳаётимизга татбиқ этиш дунёда юксак фазилат, охиратда эса улуғ шарафга эга бўлишимизга сабаб бўлади. Мана шу маънода эътиборингизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал сифатларидан баъзиларини ҳавола этамиз. Сўзлашлари: аниқ ва тиниқ, ҳарф ва сўзлари дона-дона, равон, ўта ёқимли ва таъсирли, такаллуфсиз, лўнда ва қисқа, сермазмун ва пурмаъно, ўта фасоҳатли ва балоғатли, бошқаларнинг сўзлашларидан яққол ажраб туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оғизларини яхши очиб гапирардилар, оғиз чеккаси билан гапирмасдилар. У зот сергап ҳам, ўта камгап ҳам эмасдилар. Сўзлашларининг гўзаллигига ҳар қандай инсон маҳлиё бўлиб қоларди. Сўз ва иборалари худди ипга терилган маржондек. Таъблари етук, ҳикматга бой. У зотга сермазмун ва пурмаъно сўзлаш хусусияти берилган эди. Араб лаҳжаларини яхши билар ва ҳар бир қабила аҳли билан уларнинг лаҳжасида сўзлашардилар. У зотда бадавийларга хос сўзамонлик чиройли гап суришда ҳам, шаҳарликларга хос бўлган аниқ ва равон иборалар қўллашда ҳам ўз ифодасини топган эди. Бу борада, албатта, илоҳий мададга ҳам эга эдилар. Ҳар қандай ўринда керагича сўзлардилар, ортиқчаси бўлмас эди. Кўп сукут сақлардилар. Ҳеч кимга беписандлик билан гапирмаганлар. Ҳақоратлаш ва сўкиш у зотга тамоман ёт эди. Бирор кишининг дилини оғритмаганлар. Беҳуда ва миш-миш гаплар, деди-дедиларга яқин келмаганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўз бошлаганларида барча жим туриб қулоқ солар, хутба қилганларида ҳатто пашша учса билинадиган даражада сукунат ҳукм сурар эди. Ўтиришлари: йиғиштириниб, виқор билан, сокин ўтирардилар. Кўпинча жим ўтирар, зарурат туғилгандагина сўзлардилар, ноўрин гапирган одамдан юз бурардилар. Кулишлари: кулгилари табассумдан иборат бўлиб, кулганларида тишлари маржондек бўлиб кўринар эди. Баъзан жуда хурсанд бўлиб кулганларида кўзларини юмиб олардилар. Шижоатлари: беқиёс ва сўнмас эди. У зот инсоният тарихидаги энг шижоатли инсон бўлганлар. Рақибини доимо ер тишлатганлар. Манаман деган полвонларни ҳам доғда қолдирганлар. Энг оғир лаҳзаларда ҳам мардонавор туриб, олға интилардилар, ҳеч қачон ортга чекинмаганлар, саросимага тушмаганлар. Саховатлари: ниҳоятда қўллари очиқ, саховатда тенгсиз, энг сахий инсон эдилар, фақирликдан қўрқмас эдилар. Рамазонда Жаброил алайҳиссалом билан учрашганларида яна ҳам сахий бўлиб кетардилар, саҳобаларнинг таъбирлари билан айтганда, саховатда шамолдек бўлиб кетардилар. У зотдан бирон нарса сўралса, ҳеч қачон “Йўқ” демаганлар. Топсалар, бериб, имконлари бўлмаса, ширин сўз билан сўровчининг кўнглини олардилар. Муомалалари: мулойим, самимий, очиқ ва гўзал эди. У зот энг муомаласи осон киши бўлганлар. У зотни дастлаб кўрган киши ҳайбатларидан ўзини йўқотиб қўяр, яқиндан танигач, у зотни яхши кўриб қолар эди. Ҳеч қачон бировни камситмаганлар. Ҳар бир суҳбатдошга алоҳида аҳамият билан қарар эдилар, шунинг учун уларнинг ҳар бири ўзини у зотга бошқалардан кўра яқинроқ ҳис этар эди. Қўл бериб кўришганларида қўлларини биринчи бўлиб тортиб олмас, суҳбатдошлари гапини тугатиб, ўз ихтиёри билан туриб кетмагунча, суҳбатни бўлмасдан, сабр қилиб турар эдилар. Одамлар ичида энг шафқатли, энг меҳрибон ва энг раҳмдил, муомала борасида энг одобли, хулқ-атвор жиҳатидан энг оддий, ёмон ахлоқлардан энг узоқ киши эдилар. Ёмон ишларни қилмас, ҳаёсиз сўзларни сўзламас, бозорларда шовқин қилмас эдилар. Ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтармас, балки кечириб юборар эдилар. Ҳаммага бирдек бағрикенглик...

Нубувват ва валоят тушунчаси

НУБУВВАТ (“Хабар бериш”)-Сўфийлар нубувватни фарқли тарзда шарҳлаганлар. Ҳаким Термизий, парданинг кўтарилиши ва ғайб сирларидан воқиф бўлиб Аллоҳни билиш, Аллоҳ нури билан ўралган ашёнинг моҳиятига басират кўзи билан разм солиш, дея шарҳлаган. Кейинги давр мутасаввифлари бу масалага фалсафий жиҳатдан муносабат билдирганлар. Масалан, Фарғонийга кўра, набий – Аллоҳнинг зотидан, сифатларидан, исмларидан, ҳукмларидан ва муродларидан хабар берувчи кишидир. Сўфийлар назарида, нубувват – Муҳаммад алайҳиссаломнинг бир ҳақиқати, зоҳирий борлиғи. Фарғоний “Руҳул аъзам” деган нарсага Ибн Арабий “Ҳақиқати Муҳаммадия”, “Нури Муҳаммадия” деган. ВАЛОЯТ – “Дўст” маъносини билдирувчи валий (кўплиги “авлиё”), Қуръони каримда икки хил маънода келган: 1. “Ишларини Аллоҳ таоло кўриб турадиган ва уни нафси билан ёлғиз қолдирмайдиган киши” сифатида; 2. “Аллоҳга ибодат ва тоатини ўрнига қўйган киши” маъносида. Набийлар “маъсум”, валийлар эса “маҳфуз”дирлар. Воситийнинг айтишича, валийнинг тўрт сифати-аломати бор: 1. Ўзи билан Парвардигори орасидаги сирларни сақлайди. 2. Кароматини яширади, риёга йўл қўймайди. 3. Аллоҳнинг яратганлари томонидан етказилган азият ва зулмга сабрбардош қилади ва уларга юк бўлмайди. 4. Аллоҳнинг бандаларини уларнинг табиати ва феъл-атворларига кўра бошқаради. ХОТАМУЛ АВЛИЁ масаласи. Бу масалани илк бор ўртага қўйган, сўфийларнинг долзарб мавзусига айлантирган Ҳаким Термизий бўлиб, бу мавзуда “Хатмул авлиё” номли кўзга кўринган асар ёзган. Пайғамбарларнинг бир-биридан устунликлари бўлганидек, валийлар орасида ҳам даражалар бор дейди. Валийларнинг энг устуни хотамул авлиёдир. Термизийнинг фикрича “валоят байроғини қўлида тутган хотамул авлиё, Муҳаммад алайҳиссаломнинг бошқа пайғамбарларни шафоат қилиши каби, бошка авлиёларни ҳам шафоат қилиш ҳуқуқига эга. Ўша пайт валийлар унинг орқасида, набийлар эса олдида бўладилар”. Термизий бошлаган бу тушунча тобора кенг ёйилди ва Ибн Арабий томонидан янада тартиблироқ ҳолга келтирилди. Ибн Арабий хатми валоят масаласини изоҳлар экан, набийлик ниҳоясига етган, валийлик эса давом этмоқда, дейди. Чунки Аллоҳнинг исмларидан бири – Валий. Шунингдек, “валий набийдан устундир” деган фикрни ҳам ўртага ташлайди. Хотамул авлиё тушунчасини энг қаттиқ қоралаганлардан бири Ибн Таймиядир. У Ибн Арабийни шу фикрлари учун “кофир” деб эълон қилган. Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Тўхтаев Насрулло 607

Сийрат – иймон ва ҳаёт илми

Ўз пайғамбарини каломи шарифида: “(Эй мўминлар,) албатта, сизлар учун Аллоҳнинг пайғамбари (у зотнинг иймон-эътиқоди ва хулқ-атворида) гўзал намуна бордир” (Аҳзоб, 21-оят) дея мадҳ этган буюк ва ғафур зот Аллоҳ таолога туганмас ҳамду санолар бўлсин. Шайх Ҳасан ибн Абдуллоҳ раҳматуллоҳу алайҳ тарихни ўрганишга тарғиб қилиб шундай дейди: “Тарих барча ўтган аждодларнинг ҳаёт мадрасасидир. Тарих бир уммат ўзининг ўтмишига бориб келадиган ва ҳозири билан ўтмиши ўртасидан жой олган кўприкдир”. Мана шу тарихни энг гўзали, энг роҳатбаҳши ва қалбга сурур берувчиси албатта, шафоат тилаган мусулмон аҳлининг шафоатчиси тарихи Сийрати Муҳаммадиядир. Бу илм шунчалар муҳим ва зарурлигидан уламолар у илмни ўрганишга алоҳида тарғиблар билан ҳикматли сўзларини ёзиб қолдириб, биз авлодларга насиҳат ўлароқ илм бериб кетишган. Жумладан кўплаб олимлар бу илмга турлича таъриф ва мақтовлар келтиришганки, қуйида улардан баъзиларини келтириб ўтамиз. “Биз болаларимизга Қуръон сураларини қандай ўргатсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ҳам шундай ўргатар эдик”. Саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазратларининг сийрати шарифларини ўрганиш ҳар бир мўмин-мусулмон учун вожибдир. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳаётларини, суннати мутаҳҳараларини ўрганмасдан туриб, Ислом динининг моҳиятини, Қуръони каримнинг ма’нольарини тушуниб етиш маҳол. Айниқса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини саҳиҳ манбалар асосида ўрганиш жуда ҳам аҳамиятли, зарур ва долзарб. “Агар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлмаганларида, дунёни ёритишга бу қуёшнинг нури етмасди”. Дарҳақиқат, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нурлари зим-зимистон ичимизни ёритмаса, муз қалбларимизни эритмаса, осмондаги қуёш ҳеч нарса қилолмас эди. Шунинг учун ҳам бу Нур сари талпинишимиз чексиздир. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким менинг суннатимга амал қилса, қиёмат кунида шафоатимга мушарраф бўлади”, деган ҳадиси шарифларига асосан, суннатга амал қилиш аввало, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратларини ихлос билан ўқишдан бошланади. Бинобарин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким мени яхши кўрса, Аллоҳ таоло ҳам уни яхши кўради”, деган ҳадислари маълум ва машҳурдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини чуқур мулоҳаза қилиб кўрилса, Ислом оламининг ҳаёт булоқлари ва инсоний жамиятнинг саодати қайнаб чиқадиган ягона манба экани ойдинлашади. Чунки у иймон ва ҳаёт илмидир. Иймон илми экани қуйидаги ҳадисда кўринади: Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч нарса борки, улар кимда бўлса, иймон ҳаловатини топибди: ким Аллоҳ ва расулини бошқа ҳамма нарсадан ҳам яхши кўрса; ким бир бандани Аллоҳ учунгина яхши кўрса; ким Аллоҳ уни қутқаргач, куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўрса” дедилар. Бу иймон ва эътиқодга тегишли шариатнинг мезони бўлсада, Аллоҳни яхши кўрмоқ учун уни яхши танимоқ лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрмоқ учун сийратлари ва шаклу шамоилларини яхши билмоқ ва танимоқ керакдир. Муҳаббат яқиндан танилганда кучаяди. Ҳаёт илми шариат илмидир. Чунки мусулмон киши шариатни билмас экан ҳаёти мураккаблашади ва ҳатто ибодатларда ҳам лаззат топа олмайди. Масалан, инсонлар энг кўп мурожаат қиладиган ҳаётий заруратлардан бири савдодир. Савдо ҳақидаги бир ҳадисда оддий бир ҳолат тушунилади: “Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким егулик сотиб олса, тўлиқ қўлга киритмагунича уни сотмасин”, дедилар. Бундан ташқари яна фиқҳда жорий бўлган закот ҳақида, гувоҳлик ва биз фиқҳда ўрганадиган барча муомалотларни ҳам сийратга боғлаб ўрганиш ҳақида истаганча мисол келтириш мумкин. Шундай экан, сийратни ўрганиш ҳар-бир мусулмоннинг илми, ҳаёт йўлидаги маслаги ва йўл кўрсатувчи илм йўлидир. Манбалар асосида Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Юнусхўжа Орифахон 335
1 6 7 8