islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Fevral 16, 2019

Day

Қуръони каримнинг бўлиб-бўлиб нозил қилинишининг ҳикмати

Маълумки, Қуръони Карим Пайғамбаримиз алайҳиссаломга йигирма уч йил мобайнида тадрижий равишда нозил қилинган. Қуйидаги нуқталарда унинг босқичма-босқич нозил бўлиш ҳикматлари борасида қисқача сўз юритамиз. 1) Машаққатли ва узун даъват йўлида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дилларини мустаҳкамлаш учун. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб, деди: وَقَالَ الَّذِينَ كَفَرُوا لَوْلَا نُزِّلَ عَلَيْهِ الْقُرْآنُ جُمْلَةً وَاحِدَةً كَذَلِكَ لِنُثَبِّتَ بِهِ فُؤَادَكَ وَرَتَّلْنَاهُ تَرْتِيلًا (“Фурқон” сураси: 32-оят). Маъноси: “Куфр йўлини тутган кимсалар: «(Нега) бу Қуръон унга (пайғамбар алайҳиссаломга) битта тўплам бўлган ҳолида нозил қилинмади?» (Эй Муҳаммад), Биз у – Қуръон билан сизнинг дилингизни устивор қилиш учун мана шундай (парча-парча ҳолида нозил қилдик) ва уни бўлиб-бўлиб баён қилдик”. 2) Одамларга уни ёдлаш, тушуниш ва амал қилишни осонлаштириш учун. Зеро, агар бир бутун ҳолида нозил этилса, уни биттада онгга сингдириш, ёдлаб олиш ва амал қилиш қийин бўлиб қоларди. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб, деди: وَقُرْآناً فَرَقْنَاهُ لِتَقْرَأَهُ عَلَى النَّاسِ عَلَى مُكْثٍ وَنَزَّلْنَاهُ تَنْزِيلاً (“Исро сураси, 106-оят). Маъноси: “Сиз Қуръонни одамларга аста-секин ўқиб беришингиз учун Биз уни бўлакларга бўлдик ва бўлиб-бўлиб нозил қилдик”. 3) Одамларни руҳоний жиҳатдан аста-секинлик билан тарбия қилиб, турли-туман ахлоқий иллатлардан босқичма-босқич мусаффо қилиш, шариат аҳкомларини тадриж билан татбиқ этиш. Зеро, агар шунча шаръий ҳукмлар, таъқиқ ва буйруқлар бир дафъада жорий қилинганда уларни “ҳазм қилиш” ва амал қилиш мушкул бўлиб қоларди. Шариатга амал қилиш кишиларга жуда улкан тоғдек бўлиб кўринар ва натижада ғайратлар сўниб қолган бўларди. Бунинг ёрқин мисолини ўша замон одамларининг қон-қонига сингиб, кундалик ҳаётларининг ажралмас қисмига айланган «хамр»нинг ҳаром қилиниш жараёнида кўришимиз мумкин. Воқеълик кўзи билан қаралса, уларга нисбатан мазкур нарсанинг бир дафъада ҳаром этилиши катта қийинчилик туғдирарди. Шу боис, Аллоҳ таоло аввалига у нарсани бир оятда қатъиян ҳаром қилмасдан, босқичма-босқич нозил бўлган бир неча оятларда хамрга нисбатан уларда салбий фикр уйғотди. Кишиларни руҳан сўнги, ҳал қилувчи ҳукмни қабул қилишга тайёрлаб борди. Вазият пишиб етилгач, хамр бир оятда узил-кесил ҳаром қилинди. Натижада, жарчи орқали буни эшитган одамлар хамрни энди сипқорай деб турганларида тўкиб юбордилар, баъзилар бўғзиларига қўлларини тиқиб қайт қилиб ташлашди. Ўша куни Мадина кўчалари шароб билан оқди. Аллоҳнинг ҳикмати ўзининг беназир самарасини берди. “Тиллар” кафедраси ўқитувчиси Алишер Султонхўжаев Манба 352

Бир оят тафсири: Илмнинг шарафи

“Аллоҳ адолат ила туриб, албатта, Ундан ўзга илоҳ йўқлигига шоҳидлик берди. Фаришталар ва илм эгалари ҳам. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У азиз ва ҳаким зотдир” (Оли Имрон сураси, 18-оят). Имом Қуртубий роҳматуллоҳи алайҳи айтади: “Ушбу оят илмнинг фазлига, уламоларнинг шарафли эканига далолат қилади. Чунки агар уламолардан кўра шарафлироқ бирор кимса бўлганида эди, Аллоҳ таоло Ўзининг исми ва фаришталарининг исмига уламоларни қўшиб келтиргани каби уларни ҳам қўшиб келтирган бўлар эди. Илмнинг шарафига Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга: «ва: «Роббим, илмимни зиёда қилгин», дегин» (Тоҳа сураси,114-оят) деб айтган сўзи ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Албатта уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир”  деган сўзлари кифоя қилади. “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси, Тошкент шаҳар “Аҳмаджон қори” жоме масжиди имом ноиби Қудратуллоҳ Сидиқметов таржимаси Манба 161