islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Mart 28, 2019

Day

Тўғри эътиқод – саодат калитидир

Аҳли сунна вал жамоанинг икки имомидан бири бўлган улуғ бобомиз Муҳаммад Абу Мансур Мотуридий Ислом оламида турли ўзгаришлар авж олиб турган, хусусан, ҳар хил ақидавий фирқалар, тоифалар кўпайиб, бир-бирлари билан тортишган, ўзларининг бузғунчилик ҳаракатлари билан Аҳли сунна вал жамоа мазҳабига таҳдид солиб турган бир пайтда, Аҳли сунна ҳимоясига бел боғлаб, ақида масалаларини тўғри баён қилиб берганлар. У зот Мотуридия мазҳабига асос солганлар. Бу мазҳабнинг ривожланиб, тараққий этишига жуда кўплаб уламолар хизмат қилганлар. Камол ибн Ҳумом, Нуриддин Собуний Бухорий, Абу Ҳафс Нажмидин Умар Насафий, Абул Юср Паздавий ва бошқалар шулар жумласидандир. “Март ойи – Ақоид фани ойлиги” муносабати билан 2019 йил 27 март куни соат 13:30да Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти аёл-қиз талабалари ўртасида “Тўғри эътиқод – саодат калитидир” мавзуcида мусобақа бўлиб ўтди. Мусобақада Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов, “Вақф” хайрия жамоат фонди раиси ўринбосари З.Тўраев, “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси мудири С.Примов, кафедра ўқитувчилари Я.Раззақов, Ф.Жўраев, Қ.Сидиқметов, С.Жўраев, Ҳ.Зойирова, Н.Усмонова ҳамда институтнинг аёл-қиз талабалари иштирок этдилар. Мусобақа 5 шартдан иборат бўлиб, ҳар бир шартда талабаларнинг чиқишлар ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланиб борилди. Мусобақада “Имом Таҳовий давомчилари”, “Имом Мотуридий шогирдлари”, “Имом Насафий авлодлари”, “Имом Абу Ҳанифа ворислари” гуруҳлари иштирок этишди. Ҳар бир гуруҳда 6 тадан иштирокчи қатнашди. 1-шартда иштирокчилар Мотуридия таълимоти уламолари таржимаи ҳоли, илмий мерослари ҳақида жавоб беришди. 2-шартда эса “Бадъул амолий” матнидан ёддан байтларни айтиб, белгиланган жойларни маъноларини айтиб, шарҳлаб беришди. 3-шартда Ашраф Али Таҳонавийнинг “ал-Интибоҳотул муфида” асарида келган ақлий эътиқодий қоидалардан бирини ёддан айтиб, шарҳлаб бердилар. 4-шартда Сўфи Оллоҳёр ҳазратларининг “Саботул ожизин” асаридан билет асосида ёддан айтиб беришди. 5-шарт эса, иштирокчиларга аввалдан мавзулар бериб қўйилганди. Улар мавзу юзасидан мақолалар ёзишган. Мақолаларни кафедра ақоид фани устозлари баҳоладилар. Иштирокчилар ҳар бир шартда ўзларининг илм ва иқтидорларини намоён қилдилар. Мусобақа натижаларига кўра, “Имом Мотуридий шогирдлари” гуруҳи 196,6 балл билан биринчи ўринни, “Имом Таҳовий давомчилари” гуруҳи 175,6 балл билан иккинчи ўринни, “Имом Абу Ҳанифа ворислари” гуруҳи 175,2 балл билан учинчи ўринни эгаллади. Ғолиб гуруҳларга “Вақф” хайрия жамоат фонди ва институт раҳбарияти томонидан қимматбаҳо совға ва китоблар топширилди. Илм олиш, илм улашиш ва айниқса, бу соҳада мусобақалашишдек ҳақиқий байрам, ҳақиқий тантана бўлмаса керак аслида. Зеро, хайрли амалларда мусобақалашиш – Аллоҳ розилиги йўлидаги мусобақа бўлиб, бу мусобақада мағлуб асло бўлмайди, иншааллоҳ. Дунёда бахтли ҳаёт кечириш ва охиратда жаннатга эришиш ҳар бир мусулмоннинг асосий мақсади ҳисобланади. Ушбу улуғ мақсад эса Яратувчини таниш ва Унинг буйруқларини адо этиш билан ҳосил бўлади. Аллоҳ таолога ибодат қилишнинг асл моҳияти, У зотни танишнинг асоси ақоид илмида баён қилинади. Шу боис, бу илм билимларнинг олийси ва диннинг асли ҳисобланади. “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси кабинет мудири Ш.Ибрагимов 117
1 2