islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Oktabr 10, 2019

Day

Тошкент ислом институти махсус сиртқи бўлими талабалари ўртасида Қуръон ва Азон мусобақаси бўлиб ўтди

Ватанимиз мустақилликка эришиб, эркимиз ўз қўлимизга қайтгандан сўнг кўплаб йўналишларда ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хусусан, мустақилликдан буён ҳар йили Қуръони каримни тўлиқ ёдлаш ва уни гўзал тиловат қилиш йўналишларида Республика миқёсида “Қорилар мусобақаси” ўтказиб келинмоқда. Энг қувонарлиси, 2018-йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Республика миқёсида кенг кўламли ҳамда бир неча босқичли “Қуръони мусобақаси” юқори кайфиятда ўтказилди ва ушбу мусобақа юртимизга нур, халқимиз қалбига сурур олиб кирди. Ҳақиқатда ҳам, бу ташаббус ва ислоҳотлар гўзал ва хайрли ишлар сирасидандир. Зеро, Аллоҳ таоло каломи шарифида марҳамат қилиб айтганидек: وَفِي ذَلِكَ فَلْيَتَنَافَسِ الْمُتَنَافِسُونَ “…Бас, мусобақачилар шу (неъматлар) йўлида мусобақа қилсинлар!”[1]. Президентимиз Шавкат Мирзиёев: “Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифатдир. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак бу муваффақият бўлади. Элимизга нур келади” деб таъкидлаган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 14-15 апрель кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар ва кенгайтирилган мажлис қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош Вазирининг 2017 йил 29 майдаги 08/1-856-сонли топшириқ хатига мувофиқ Тошкент Ислом институти Махсус сиртқи бўлими 2017-2018 ўқув йилидан илк бор ўз фаолиятини бошлади. Махсус сиртқи бўлим талабалари учун ҳар томонлама қулай шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Уларга институтнинг юқори малакали, узоқ йиллик тажрибага эга бўлган профессор-ўқитувчилари дарс беришмоқда. Талабалар институт махсус фан ва ўқув аудиторияларидан, ахборот ресурс марказидаги дарсликлар, манба ва адабиётлардан, компютер хоналаридан фойдаланишлари учун имкониятлар яратиб берилган. Махсус сиртқи бўлимни тугатган талабаларга диний олий маълумот даражасидаги Тошкент ислом институти дипломи берилади. Бугунги кунда махсус сиртқи бўлимида умумий 180 га яқин талабалар таҳсил олишмоқда. Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтимизда “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси ташаббуси билан Қуръони каримнинг “тиловат” (яъни, Қуръонни тўғри, гўзал ва равон ўқиш) йўналишида “Қуръон мусобақаси” ва Азон мусобақаси ўтказилди. Ушбу Азон мусобақаси ҳам институт миқёсида уч йилдан буён ўтказилиб келинмоқда. Мусобақани қуйидаги ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди: ТИИ “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири: Жаҳонгир қори Нематов,  “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси ўқитувчилари: Исломхон қори Убайдуллаев, Аҳмадхон қори Рашидов, Валихон қори Азимбоев, Жаҳонгир қори Рўзиев. Котиб ва ҳисобчи: Элёр қори Аҳматқулов. Мусобақа якунига кўра қуйидаги талабалар ғолиб деб топилдилар:  Қуръон мусобақаси: Биринчи ўрин: Қурбаниязов Ўктам (701 гуруҳ); Иккинчи ўрин: Якубов Музаффар (703 гуруҳ); Учинчи ўрин: Панжиев Жасур (702 гуруҳ). Азон мусобақаси: Биринчи ўрин: Мадгазиев Жамолиддин (703 гуруҳ); Иккинчи ўрин: Холхўжаев Дилшоджон (702 гуруҳ); Учинчи ўрин: Абдуллаев Фозилжон (701 гуруҳ). Мусобақа сўнгида ғолиблар институт томонидан дипломлар ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Тадбир охирида юртимиз тинчлиги ва тараққиёти, халқимиз фаровонлигини сўраб дуойи хайр қилинди. Жаҳонгир қори Нематов, Тошкент ислом институти “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири [1] Мутоффифийн сураси, 26-оят. 289

ҚУРЪОНИ КАРИМ АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ҲАҚ КИТОБИ

وَإِنْ كُنْتُمْ فِي رَيْبٍ مِمَّا نَزَّلْنَا عَلَى عَبْدِنَا فَأْتُوا بِسُورَةٍ مِنْ مِثْلِهِ وَادْعُوا شُهَدَاءَكُمْ مِنْ دُونِ اللَّهِ إِنْ كُنْتُمْ صَادِقِينَ فَإِنْ لَمْ تَفْعَلُوا وَلَنْ تَفْعَلُوا فَاتَّقُوا النَّارَ الَّتِي وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ أُعِدَّتْ لِلْكَافِرِينَ (سورة البقرة 23- 24) “Ва агар бандамизга (Муҳаммадга) туширган нарсамиздан (Қуръондан) шубҳада бўлсангиз, бас, сиз ҳам унга ўхшаш (биргина) сура (ёзиб) келтиринг ва Аллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринг – агар ростгўй  бўлсангиз. Борди-ю, (бу ишни) қилмасангиз – зинҳор қила олмайсиз ҳам – у ҳолда ёнилғиси одамлар ва тош (бут ва санам)лардан иборат, кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқинг” (Бақара сураси, 23-24 оятлар). Қуръони карим – тўғри йўлни кўрсатувчи, инсонга қиёматгача дастурул амал бўладиган Аллоҳ таолонинг ҳақ каломидир. Олдинги пайғамбарлар замонларида бўлганидек, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидан замонамизгача ва то қиёматгача Аллоҳ таолонинг мукаммал дини – Исломга, пайғамбари ва ҳақ китобига шубҳада бўлувчи ва ёлғон деб даъво  қилувчи кимсалар ҳам чиқаверади. Аллоҳ таоло бу ояти карималарда пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга туширган каломига, унинг Аллоҳ томонидан эканлигига  шак-шубҳада бўлсалар, Қуръон каримга ўхшаш, ҳеч бўлмаса биргина сура келтиришларига уларни чақиряпти. Қилаётган ёлғон даъволарида тўғрисўз бўлсалар уларни бу даъволарини тасдиқловчи гувоҳларини чақиришларига ундаяпти. Зеро, Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони каримни Пайғамбарига ҳақ ила туширганига гувоҳлик бериб бўлган. Имом Ибн Жарир Тобарий ушбу оятларни шундай тафсир қиладилар: “Оятнинг умумий маъноси: “Агар сиз – кофир ва мушриклар  Муҳаммад Менинг ҳузуримдан келтирган Қуръонни Мендан эканига шубҳада бўлсангиз унга ўхшаш биргина сура келтиринг ва бир-бирингизга бу ишингизда ёрдам беринг.  Токи ожиз қоласиз ва Қуръон фақат Менинг ҳузуримдан экани ва уни сизлар ўйлаганингиздек Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўзи ва ундан бошқа бирор кимса ҳам ўзидан тўқиб чиқиши мумкин эмас эканини тушуниб етасиз. Агар сизлар ва шерикларингиз бир-бирингизга ёрдам бериб ҳам биргина сура келтира олмасангиз – келтира олмайсизлар ҳам –  ёнилғиси одамлар ва тош бўлган дўзахдан қўрқинг”. Қуръони каримни тўқима деб даъво қилганлар (яъни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларидаги араблардан иборат кимсалар) Қуръон уларнинг ўз она тилларида ва уларнинг сўзлашув услубларида нозил бўлган бўлсада, унга ўхшашини келтиришликка ожиз қолдилар. Зеро, Аллоҳ таоло Исро сурасининг 88-оятида шундай марҳамат қилади: “Айтинг: “Қасамки, агар инсу жин ушбу Қуръоннинг ўхшашини келтириш учун бирлашиб, бир – бирларига ёрдамчи бўлсалар-да, унинг мислини келтира олмайдилар”. Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бас, сиз ҳам унга (Қуръонга) ўхшаш (биргина) сура (ёзиб) келтиринг”,- яъни “Унда ботил ва ёлғон бўлмаган, ҳақ ва тўғриликда Қуръонга ўхшашини келтиринг”,-маъносидадир”. Оятлардаги “зинҳор қила олмайсиз ҳам (яъни, Қуръонга ўхшаган биргина сура келтиришни)…” жумласи ҳам бир мўъжизадир. Чунки ўша замонлардан токи бугунги кунгача қанчадан-қанча кимсалар Қуръони каримга ўхшашини ўзларича келтиришга уринишди. Лекин бунинг уддасидан чиқа олмадилар ва қиёматгача уддалай олмайдилар ҳам. Чунки Аллоҳ таоло юқорида келтирган ояти каримада: “зинҳор қила олмайсиз ҳам…”,- дея хабар қилган. Қуръони каримга ўхшашини қила олмасликлари у ёқда турсин токи қиёматгача Қуръонга бирор бир ҳарф қўшишлари ёки камайтиришлари ёки уни ўзгартиришларидан сақлаб, ҳимоя қилиб туришини  ваъда қилиб шундай дейди: إِنَّا نَحْنُ نَزَّلْنَا الذِّكْرَ وَإِنَّا لَهُ لَحَافِظُونَ “Албатта, биз бу зикрни (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва уни ўзимиз асрагувчидирмиз”. Энди ўрганиб чиқаётган юқоридаги икки оятдаги “у ҳолда ёнилғиси одамлар ва тош (бут ва санам)лардан иборат, кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқинг” жумласига эътибор қаратсак....

Хурофотларга барҳам берайлик!

“Билмасангиз зикр аҳлидан сўранг” Жорий йилнинг 8 октябрь куни Тошкент ислом институти талаба қизлари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди. Суҳбатга барча курсларнинг талаба қизлари ва устоз-ходимлар қатнашди. Суҳбатни янада қизғин ва сермазмун бўлиши мақсадида, ЎМИ аёл-қизлар билан ишлаш бўлими ходимаси Марям опа Абдуллаева таклиф қилинди. “Хурофотларга барҳам берайлик!” дея номланган давра суҳбатида талаба қизлар М.Абдуллаева билан дилдан, очиқ суҳбат қилдилар.Марямхон опа “Ҳозирги кунда жамиятимизда хотин-қизлар ролини ҳар тарафлама кўтариш, ҳаётда учраб турадиган муаммоларини ўз вақтида ҳал қилиш ёки зиддиятларни олдини олишда уларга маънавий кўмак бериш сизу бизни бурчимиздир. Жамиятда аёллар фаолиятини ошириш билан уларни ҳам диний, ҳам маънавий салоҳиятини камолига етказа олсак, аёллар орасидаги жиноят ва ҳуқуқбузарликларни бартараф қилишга эришамиз. Бу чора-тадбирларни амалга оширишда ислом институти битирувчиларни кенг жалб қилиш лозим. Сизлардан дин соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлардан кенг фойдаланиб, эришилаётган ютуқларимиз ва яратилган улкан имкониятларни англаган ҳолда, юртимизнинг бугуни ва эртаси учун хизмат қилишингиз талаб этилади.” – деди.Талаба қизлар суҳбат давомида талабалик даврини ғанимат билиб, солиҳ амални ўзида жамлайдиган билимларни тўла эгаллаш лозимлигини ва уни жамият, дин ислоҳоти йўлида сарф этиш буюк шараф эканлигини тушуниб етди. Марямхон опа Абдуллаевага вақтини аямасдан суҳбатга ташриф буюргани учун миннатдорчилик изҳор этди. Суҳбат асносида талаба қизлар ўзларининг қизиқтирган саволларига Марямхон опадан етарли жавобларни олдилар. Талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова 277