islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Шаръий далиллар ичида мутавотир ҳадиснинг ўрни

Ислом дини Пайғамбарларнинг охиргиси Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва саллам орқали инсониятга тўғри йўл кўрсатувчи маёқ сифатида юборилар экан ҳаётнинг барча жабҳаларида ўз таълимотини келтириб ўтган. Ислом дини туфайли инсоният янгидан-янги илм-фан эшикларини очди. Бу илм-фан эшиги хоҳ дунёвий, хоҳ ухровий бўлсин инсониятга фойда келтиради. Ислом дини туфайли ихтиро қилинган илмлар қаторига Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини бизгача етиб келишини ўрганадиган “ҳадис истилоҳлари” илмини мисол қилиб келтириш ўринли. Хусусан, Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейди: “Иснод диндандир! Иснод бўлмаганда хоҳлаган киши хоҳлаган гапини айтган бўлар эди!”.

Ислом динида маълумотга эга бўлиш йўллари хусусида батафсил айтиб ўтилган. Хусусан, Нуриддин Собуний Бухорий “ал-Бидоя фи усул ад-дин” асарида шундай дейди: “Илм икки қисмга бўлинади. Бири, қадим илм. Бу Аллоҳ таолонинг илми. Иккинчиси, ҳодис (кейин пайдо бўлган) илм. Кейин пайдо бўлган илм икки турга бўлинади: зарурий ва меҳнат қилиб ўрганиладиган. Зарурий илм бу Аллоҳ таоло бандада унинг меҳнати ва ихтиёрисиз яратадиган илмдир. Масалан, ўзининг бор эканини билиш, очлик, чанқоқлик, лаззат ва оғриқ каби ҳолатидаги ўзгаришларни англаш. Бу ишларни билишда ҳеч нарсага шубҳа қилмайди. Бу турдаги илмни билишда барча тирик мавжудотлар муштаракдир. Меҳнат қилиб ўрганиладиган илм эса, Аллоҳ таоло банданинг меҳнати воситасида бандада яратган илмдир. Бу нарса илмнинг сабабларини тўғридан тўғри ишлатишдир. Илмнинг сабаблари учта: соғлом ҳиссиёт, рост хабар ва ақл ёрдамида фикр юритиш.

Ҳиссиётлар бешта: эшитиш, кўриш, ҳидлаш, татиш ва ушлаш. Ҳар бир ҳиссиёт ишлатилганда унинг ёрдамида ўзига хос бўлган ишлар маълум бўлади.
Рост хабар икки хил бўлади: биринчиси, мутавотир хабар. Иккинчиси, Пайғамбарларга мўжиза ёрдамида билдирилган хабар.

Мутавотир хабар – бу кўп ҳар хил инсонлардан турли ҳолатларда эшитилган гап бўлиб, улар ушбу хабарни айтишда ёлғонга келишиб олганлар деган гумон бўлмайди. Бундай хабаларга тарихда бўлиб ўтган воқеаларни мисол қилиб келтириш мумкин” .

Дарҳақиқат, ислом уммати ўз Пайғамбарининг ҳадисларини ўрганишга катта эътибор берди. Бу умматга бошқа умматларга берилмаган хусусият хабарларни санад орқали ривоят қилиш берилди.

Мутавотир сўзининг луғавий маъноси: “кетма-кет келувчи”, “пайдар-пай ёғувчи” деган маънони билдиради. Мутавотир ҳадисга уламолар шундай таъриф берганлар: “Ёлғонга келишиб олишлари мумкин бўлмаган даражада кўп ровийдан ривоят қилинган ҳадис мутавотирдир. Яъни: мутавотир шундай ҳадиски, унинг санадидаги ҳар бир табақада жуда кўп ровий ривоят қилган, ана шу ровийларнинг барчаси ривоят қилинган ҳадисни ўзгартиришга келишиб олишлари мумкинлигини ақл инкор этади.

Уламолар ҳадис мутавотир даражасида бўлиши учун унда тўртта шарт топилиши керак дейдилар:

1-шарт: Ҳадис жуда кўп ровийдан ривоят қилинган бўлиши керак. Бунда ровийларнинг энг ози қанча бўлиши борасида бир неча фикрлар бўлиб, уларнинг энг эътиборлиси ровийларнинг энг ками ўн киши бўлишидир.

2-шарт: Мана шу кўп ровий ҳадис санадининг барча табақасида топилиши керак. (Яъни: санаднинг ҳар бир табақасида ўнтадан кўп ровий ривоят қилган бўлиши керак)

3-шарт: Ровийларнинг ёлғонга келишиб олишлари одатда иложсиз саналиши керак.

4-шарт: Улар берган хабар ҳисга таянган бўлиши керак. Яъни: ҳадис “эшитдик”, “кўрдик” деб ривоят қилинган бўлиши, “ўйлашимизча”, “айтилишича” деган сўзлар билан ривоят қилинмаган бўлиши керак.

Мана шу шартларнинг барчаси топилган ҳадис мутавотир ҳадис ҳисобланади.

Мутавотир ҳадис зарурий илмни ифода этади. Яъни: у билан шундай ишончли илм ҳосил бўладики, инсон уни қатъиян тасдиқлаши лозим бўлади, ҳудди кўзи билан кўриб турган нарсасини тасдиқлагани каби. Чунки кўзи билан кўриб турган нарсасини ҳеч бир одам йўқ деб, инкор эта олмайди. Мутавотир хабар ҳам худди шу кабидир. Шунинг учун мутавотир ҳадисларнинг барчаси мақбул бўлиб, бу ҳадисни текиширишга ҳожат йўқ.

Мутавотир хабар икки қисмга бўлинади:
Лафзий мутавотир – лафзи ҳам, маъноси ҳам мутавотир бўлган ҳадис. Мисол учун: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, ўзига дўзахдан бир ўрин тайёрлайверсин”, деган ҳадислари етмишдан ортиқ саҳоба розияллоҳу анҳумлардан ривоят қилинган ва бошқа табақаларда ҳам шу каби кўпчилик ривоят қилган.

Маънавий мутавотир – лафзи эмас, фақат маъносигина мутавотир бўлган ҳадис. Мисол учун: дуода қўлни кўтариш борасида юзга яқин ҳадис бўлиб, уларнинг барида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуода қўлларини кўтарганлари келтирилган, лекин бу ҳадислардаги ҳолат ҳар хил. Улардаги ҳар бир ҳолат мутавотир эмас. Ҳадислар ўртасидаги боғлиқлик дуо вақтида қўлни кўтариш бўлиб, ҳамма кўринишлари эътиборидан мутавотирдир.

Ҳавзи кавсар, маҳсига масҳ тортиш, шафоат ва шу каби мутавотир ҳадисларни мисол қилиб келтириш мумкин.

Мутавотир ҳадислар борасида ёзилган энг машҳур китоблар:
Имом Суютий раҳматуллоҳи алайҳнинг: “ал-Азҳарул мутаносира фил ахборил мутавотира” китоби.

Имом Суютий раҳматуллоҳи алайҳнинг: “Қатфул азҳар” китоб. Бу китоб юқоридаги китобнинг талхиси (қисқартмаси).

Муҳаммад ибни Жаъфар Каттоний раҳматуллоҳи алайҳнинг:”Назмул мутаносир минал ҳадисил мутавотир” китоби.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мутавотир ҳадисда келган маълумот қатъий бўлиб, аниқ илмни ифода қилади ва унга эътиқод қилиш вожиб бўлади. Уни инкор қилган киши кофир бўлади. Қуръони каримнинг бизгача етиб келиши ҳам мутавотир хабарга мисол бўлади.

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари”
кафедраси ўқитувчиси Рахматхон Махсумхонов

105580cookie-checkШаръий далиллар ичида мутавотир ҳадиснинг ўрни

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: