Демак, сўйилган жонлиқнинг гўшти ҳалол бўлиши учун у, албатта, Аллоҳни улуғлаб, Унинг исмини айтиб сўйилган бўлиши лозимдир. Сўйишда “бисмиллаҳ”ни айтиш тўғри бўлиши учун эса, унда қуйидаги тўртта шарт топилиши керак:
- “Бисмиллаҳ”ни сўювчининг ўзи айтиши керак;
- Сўйиш нияти билан “бисмиллаҳ”ни айтиши керак;
- “Бисмиллаҳ”ни ёки унинг маъносидаги Аллоҳни улуғлашга далолат қиладиган сўзларни айтиши, булардан бошқа маънодаги сўзларни айтиб сўйишдан сақланиши керак;
- “Бисмиллаҳ”ни сўйилаётган жонлиққа тайин қилиши керак.
Ушбу тўртала шартнинг ҳар бири билан алоҳида танишиб чиқиш кўплаб тушунмовчиликларга барҳам беради:
- “Бисмиллаҳ”ни сўювчининг ўзи айтиши керак.
Жонлиқ сўйишда “бисмиллаҳи Аллоҳу акбар”ни сўяётган кишининг ўзи айтиши керак. Яъни, сўяётган киши “бисмиллаҳи Аллоҳу акбар”ни айтиши кераклиги ёдида турган ҳолда бошқа бировнинг айтганини эшитиб ўзи талаффуз қилмасдан сўядиган бўлса, сўйилган жонлиқ ҳалол бўлмайди. Аммо ёдидан чиққани сабабли айтилмасдан қолган бўлса бундай бўлмайди. Сўювчи жонлиқнинг бўғзига пичоқни тортишга киришган вақтда “бисмиллаҳ”ни айтади. Яъни, “бисмиллаҳ”ни айтиши билан сўйиши керак бўлади. Агар “бисмиллаҳ”ни айтганидан сўнг, жонлиқни сўйишдан олдин сув ичишга ўхшаш ёки бировга жавоб беришга ўхшаш бошқа бирор ишни қилса ва ўша иши оз бўлса, агарчи бу иши макруҳ бўлса-да, сўйилган ҳайвон ҳалол ҳисобланади. Аммо кўп иш қилса, мисол учун, таҳорат қилиш миқдорича чўзилган ишни қилса, ҳалол бўлмайди. Шунинг учун “бисмиллаҳ”ни айтиш билан сўйишга киришиш лозим бўлади.
- Сўйиш нияти билан “бисмиллаҳ”ни айтиши керак.
Яъни, одатдагидек бирор ишга киришишдан олдин айтиши маъносида эмас, балки, “бисмиллаҳ”ни жонлиқни сўйиш учун айтиши лозим. Ушбу сўзга “акбар”ни ҳам қўшиб, “бисмиллаҳи Аллоҳу акбар” деб айтиш суннат бўлади. Шунингдек, Аллоҳнинг исмини айтишни ният қилиб, “алҳамдулиллаҳ” ёки “субҳаналлоҳ” деб сўйган бўлса ҳам жонлиқнинг гўшти ҳалол бўлади. Чунки бу сўзлар ният туфайли Аллоҳ таолонинг исмини айтиш ҳисобланади ва оятда айтилган “Аллоҳнинг исмини зикр қилинг” деган буйруқ бажарилган бўлади. Лекин бу сўзлардан Аллоҳнинг исмини айтишни ният қилган бўлиши шартдир. Агар Аллоҳнинг исмини айтишни ният қилмаган бўлса, жонлиқнинг гўшти ҳалол бўлмайди. Бу ҳақида Абдулҳамид Маҳмуд Тоҳмоз раҳматуллоҳи алайҳ “Ал-фиқҳул ҳанафий фи савбиҳил жадид” асарида қуйидагиларни ёзган: “Жонлиқ сўйишга киришаётган акса урса ва акса ургани учун “алҳамду лиллаҳ” деб, шу гапнинг ўзи билан яъни,“бисмиллаҳ”ни айтмасдан сўйган бўлса, сўйишда Аллоҳнинг исмини айтишни ният қилмагани учун сўйгани ҳалол бўлмайди. Чунки у “алҳамду лиллаҳ”ни акса ургани учун айтган эди. Аммо жонлиқ сўйиш ниятида айтган бўлса, сўйгани ҳалол бўлади”.
- “Бисмиллаҳ”ни ёки унинг маъносидаги Аллоҳни улуғлашга далолат қиладиган сўзларни айтиши, булардан бошқа маънодаги сўзларни айтиб сўйишдан сақланиши керак.
Сўйишда Аллоҳнинг исмини айтиш деганда Аллоҳнинг гўзал исмларидан бирини айтиш, масалан, “бисмиллаҳ” дейиш, ёки ўша исмни бирор сифати билан қўшиб айтиш, масалан, “бисмиллаҳи Аллоҳу акбар” дейиш, ёки тасбеҳ айтиш, масалан, “субҳаналлоҳ” деб, ёки таҳлил айтиш, масалан “лаа илаҳа иллаллоҳ” деб айтиш тушунилади. Агар сўювчи “бисмиллаҳ”нинг ўрнига “Аллоҳуммағфир ли” (Эй, Аллоҳ мени мағфират қилгин) деб сўйса, бу жонлиқнинг гўшти ҳалол бўлмайди. Чунки бу гап Аллоҳнинг исмини айтиш эмас, балки дуо ҳисобланади.
Агар сўйишда Аллоҳ исмига бошқа исмни ҳам боғлаб айтса сўйилган ҳайвон ҳалол бўлмайди. Масалан: «Бисмиллаҳи ва Муҳаммадир-Расулиллаҳ» (яъни, Аллоҳнинг ва Аллоҳнинг элчиси Муҳаммад алайҳиссаломнинг исми билан) деса, сўйилган ҳайвон ҳалол бўлмайди. Агар бошқа исмни боғламасдан айтган бўлса макруҳ бўлади. Масалан сўювчи “бисмиллаҳи ва “Муҳаммадур Расулуллоҳ” (яъни, Аллоҳнинг исми билан ва Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг Расулидир) деса, ёки “бисмиллаҳи Аллоҳумма тақоббал минний” (яъни, Аллоҳ исми билан, Аллоҳим мендан қабул қилгин) деса, сўйилган мол ҳалол бўлса ҳам, сўйишда Аллоҳ исмининг орқасидан бошқа исмни ҳам келтиргани учун макруҳ бўлади. Аммо “бисмиллаҳ”ни айтишдан олдин ва ҳайвонни ётқизишдан аввал айтилган дуолар “бисмиллаҳ”га халал бермайди.
- “Бисмиллаҳ”ни сўйилаётган жонлиққа тайин қилиши керак.
Сўювчи бир жонлиқни сўйишга киришиб “бисмиллаҳ”ни айтса-ю, сўнгра уни сўймасдан ўша “бисмиллаҳ” билан бошқа жонлиқни сўйса ҳалол бўлмайди. Чунки сўйиш олдидан айтилган “бисмиллаҳ” шу сўйилаётган ҳайвонга хос бўлади. Шунингдек, ётқизилган қўйга “бисмиллаҳ”ни айтганидан сўнг қўй ўрнидан туриб кетиб, бир муддатдан сўнг яна сўйиш учун ётқизилса, ҳалол бўлиши учун “бисмиллаҳ”ни яна айтиш шарт бўлади. Аммо овда “бисмиллаҳ”ни айтиш ҳайвонга эмас, балки ов асбобига хос бўлади.
Демак, “бисмиллаҳ”ни айтиш сўйиш ва ов қилишда қуйидагича фарқланади:
- Сўйишда “бисмиллаҳ”ни айтиш сўйилаётган ҳайвонга хос бўлади. Яъни, қассоб бир қўйни ётқизиб, “бисмиллаҳ”ни айтса, сўнгра қўлидаги пичоқни қўйиб, бошқа пичоқ билан сўйса ҳам, сўйгани ҳалол бўлаверади. Аммо ўша “бисмиллаҳ” билан бошқа қўйни сўйиб бўлмайди. Чунки “бисмиллаҳ”ни айтиш сўйишда сўйиш асбобига эмас, балки сўйиладиган ҳайвонга айтилади.
- Овда эса “бисмиллаҳ”ни айтиш ов асбобига хос бўлади. Шунинг учун овчи “бисмиллаҳ”ни айтган ўқидан бошқа ўқ билан отган бўлса, ўша ови ҳалол бўлмайди. Аммо “бисмиллаҳ”ни айтиб, отса-ю, аммо ўқ у нишонга олганидан бошқасига тегса ҳам, овланган ҳайвон ҳалол бўлаверади. Чунки “бисмиллаҳ”ни айтиш овда ҳайвонга эмас, балки ов асбобига айтилади.
Демак, сўйилган жонлиқ ҳалол бўлиши учун унда мана шу тўртала шарт албатта, топилиши лозим бўлади.
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Абдулқодир Абдур Раҳим