islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

НАВОИЙ ТАЛҚИНИДА ҲАДИСЛАР ШАРҲИ

Пок дил ва муқаддас ният бирла шафоатчимиз бўлмиш, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини буюк бобомиз Алишер Навоий назмий ифодалар ила шарҳлашга саъй-ҳаракат қилар эканмиз. Авваламбор, Ҳазрат Навоий ва бу китоб ҳақида озгина тўхталалиб ўтмоқликни жоиз деб топдик.

МирАлишер Навоий “ҳижрий 844-986” милодий 1441-1501 йилларда Ҳиротда туғилиб, Темурийлар даврида яшаб темурий шахзодалар билан бирга тарбияланди. 4-5 ёшларида таълим даргоҳига қатнаб, Қуръони карим ва ҳадислар унинг дунёқараши шаклланишига таъсир қилди.

Алишер Навоийнинг “Арбаин” ва бошқа асарларидаги “ҳамд” – Аллоҳ мадҳи, “наът” – Пайғамбар мақтови, умуман, анъанавий муқаддимотларда диний-фалсафий мафкура устувор экани табиийдир. “Арбаин” асарининг бу борадаги аҳамияти ўзгача, унда Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ва бошқа муҳаддисларнинг ҳадислари келтирилган. Асарда қирқта ҳадис жамланган ва ҳадисларнинг ҳар бири қитъа шаклида келтирилган.

Абдураҳмон Жомий (1414–1492) “Арбаин” асарини 1481-йили арабчадан форсчага таржима қилади ва кўздан кечириб чиқиш учун Навоийга тақдим этади. Бу эса устоз ва шогирд ўртасидаги ажойиб анъана эди. Зотан, Навоий асарларининг ҳам биринчи ўқувчиси Жомий ҳазратлари бўлар эдилар. Навоий ҳазратлари бу бебаҳо асарни юксак ихлос ва илҳом ила мутолаа этар эканлар, уни туркий забонга таржима қилиш нияти пайдо бўлади, натижада “Арбаин” асарининг туркий тилдаги муқобили вужудга келади. Мазкур асарнинг туркий тилга биринчи таржимони сифатида Навоий эътироф этилсада, “Арбаини Жомий”нинг туркий тилга Навоийдан бошқа таржимонлари ҳам форс-тожик ва туркий адабиёт оламида машҳур бўлишган. Ушбу асарнинг Навоийдан бошқа таржимонлари ҳам бўлишган. Бу борада улуғ мутафаккир бобомиздан кейин, озарбайжон адабиётининг йирик намояндаси Фузулий номини тилга олиш жоиз.

“Арбаин”даги ҳадисларнинг ҳар бири тарбиявий аҳамияти билан ажралиб туради. Энг кўп мурожаат этилган мавзу одоб-ахлоқ мазмунидаги ҳадислар ҳисобланади. Навоий энг аввало, динни инсон руҳини камолотга элтувчи восита, деб билган. Ўзининг умуминсоний ва барҳаёт ғояларини ифодалашда дин асосларидан энг ишончли манба ва қудратли восита сифатида фойдаланган. Улуғ шоир ана шу талқинда Ислом тарихларидан моҳирлик билан фойдаланди. Мавзуларни юксак маҳорат билан қаламга олган, жумладан вафо, дўстлик, инсонпарварлик, меҳнатсеварлик, ҳалоллик, мардлик, саховат, қаноат, адолат, олийжаноблик, яхшилик каби инсоний фазилатларни улуғлаган бўлса, ёмонлик, зулм-у зўравонлик, ноҳақлик, эътиқодсизлик, бевафолик, дилозорлик, ҳасад, риё, кибр, ёлғон, таъмагирлик, хасислик сингари иллатларни кескин танқид қилган.

Ўзингизда туғилган ҳар қандай саволга жавоб излаб, унга мурожаат қилсангиз, аҳволи руҳиянгизга мос бир ҳикмат топиб, мақсадингиз ҳосил бўлиши, кўнглингиз таскин топиши шубҳасиз. Шоир ҳикматлари ҳаётдан олинганлиги, шаклан гўзал, мазмунан теран, бадиий юксак эканлиги учун ҳам бирор-бир замонда ўз аҳамиятини йўқотмай, барча тоифага маъқул бўлиб келяпти ва то Ер юзида инсон авлоди яшар экан, уларнинг қиймати заррача камаймайди, билъакс тобора ортиб бораверади.

Ҳамд ангаким, каломи хайрмаол
Қилди элга расулидин ирсол.
Ул расулеки, ҳам каломи фасиҳ
Элга еткурди, ҳам ҳадиси саҳиҳ.

(Алишер Навоий)

Тошкент ислом институти 3-босқич талабаси, “Шайх Дарвеш” жомеъ масжид имом-хатиби Жамолов Азизжон

146150cookie-checkНАВОИЙ ТАЛҚИНИДА ҲАДИСЛАР ШАРҲИ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: