Ўзбекистонда матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни айнан 27 июнь санасида нишонланишининг ўз моҳияти бор. Бундан 114 йил аввал – 1906 йилда маърифатпарварлар вакили Исмоил Обидий томонидан Туркистон ўлкасидаги илк газета – «Тараққий»га асос солинди. Газетанинг атиги 20 сони чиқиб, рус ҳокимияти томонидан ёпилган бўлса-да, халқни маърифатли қилиш, сиёсий эркинликка интилиш, таълимни ривожлантириш ҳаракати учун бошланғич нуқта бўлиб хизмат қилади.
Kun.uz миллий матбуотнинг шаклланиши ва шўро тузуми томонидан таъқиб этилиши, 72 кун яшаган Туркистон мухторияти, зиёлилар қатағони ҳақида тарихчи Баҳром Ирзаев билан суҳбатлашди.
«Тараққий» – жадид ва миллий матбуотнинг отахони
Жадид матбуоти отахони 1906 йилда Исмоил Обидий томонидан таъсис этилган «Тараққий» газетаси ҳисобланади. Газетанинг жуда машҳур бўлиб кетган биринчи сонида «Тошкент. 14 июнь» мақоласи чоп этилган бўлиб, унда муҳаррир нашрнинг мақсади ва вазифаси ҳақида тушунтириш беради. «Туркистон эли ўз мақсадларига эришиши учун энг аввало ички низоларга барҳам бериши керак», деб ёзади Обидий.
«Тараққий»да тўғридан тўғри сиёсий руҳдаги мақолалар берилган эмас. Чунки муҳаррир аввалданоқ сиёсий мавзуларга аралашмайман, деб расмийларга сўз берган эди. Аммо газетанинг кейинги сонларида сиёсат билан боғлиқ масалалар ҳам кўтарилади. Хусусан, Фансуроллоҳ Худоёрхон муаллифлигидаги мақолада «эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандларини ўқитиш учун хайрия жамиятлари тузилиши керак», деган фикр ўртага ташланади.
Жадидларнинг кўзга кўринган намояндаларидан бири Мунавварқори Абдурашидхонов «Бизнинг жаҳолат – жаҳли мураккаб» сарлавҳали мақоласида халқ орасидаги бидъат, хурофот одатлари таназзулга хизмат қилаётганини таъкидлайди.
Аммо газета кўп яшамайди – турли чақув ва бўҳтонлар оқибатида, 20та сони чиққач ёпилади, муҳаррир эса қамоққа олинади.
Шу йилнинг декабрь ойида Мунавварқори Абдурашидхонов «Хуршид», Абдулла Авлоний «Шуҳрат», Аҳмаджон Бектемиров «Осиё» газеталарини ташкил этиб, йўлга қўйишади. Аммо уларнинг барчаси 5-6та сони чиққач, фаолияти тўхтатилган. Газеталар сақланиб қолмаган.
Жадид мактаблари
Жадид газеталарида кўтариладиган асосий мавзу – маориф тарғиботи эди. Туркистонда ўша пайтгача ҳам эски мактаблар фаолият кўрсатган, ёшларга илм берилган бўлса-да, таълим даражаси ўқитувчининг савияси ва билим доираси билан чекланиб қоларди. Аниқ дастур ва низом асосида иш кўрилмас, битта синфда энди ҳарф таниётган бола ҳам, «Ҳафтияк»ни тугатган бола ҳам ўтирар, билимлар такрорланмаслиги туфайли тез унутиларди. Шу боис, жадид мактаблари янги нажот йўли деб қаралган. Жадид матбуотидаги материалларнинг 40-50 фоизи ҳам шу мактаблар тарғиботига бағишланган.
Жадид матбуоти очиқ эди. Бир газетада чиққан мақолага бошқа газета қарши фикр билдирарди. Биров янги шаклдаги мактабларни ёқлаб чиқса, бошқа биров томонидан асрлар давомида Навоий, Берунийларни етиштирган мадраса энди яроқсиз бўлдими, балки муамммо бошқа ёқдадир, сингари қарши фикрлар ҳам билдирилган.
Рус-тузем мактабига қарши руҳдаги мақолалар ҳам кўплаб нашр этилган. Маҳмудхўжа Беҳбудий «рус-тузем мактабларида ўқиганлар зиёли тугул, ҳаёли ҳам бўла олмайди», деган фикрни ўз мақолаларида илгари суради.
Жадидчиликни рақобатчи деб билган рус империяси
1909-1913 йиллар оралиғида бирорта жадид газетасига рухсат берилмади. Чунки рус империяси жадидчилик ҳаракатини ўзига рақобатчи деб билиб, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қила бошлади.
1913 йилга келибгина жадидлар отаси – Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Самарқанд» газетаси очилди, бу миллий матбуотда иккинчи босқичнинг бошланиши эди. Биринчи ўзбек адвокати Убайдулла Хўжаевнинг «Садои Туркистон», тоғ-кон муҳандиси Обиджон Маҳмудовнинг «Садои Фарғона» газеталари матбуотни бир поғона юқорига олиб чиқди.
72 кун яшаган Туркистон мухторияти
1917 йилги февраль инқилоби (Россия империяси тепасидаги Романовлар сулоласининг қулаши ва Муваққат ҳукумат шаклланиши) жадидчилик ҳаракатида ҳам янги босқичга сабаб бўлди. Сиёсий эркин бўлиш – Туркистон мухториятини тузиш масаласи кўтарила бошланди. Чунки бу пайтда рус империяси жадид мактабларини ёптирар, жадидлар фаолиятига тўсқинлик қиларди. Зиёлилар сиёсий мустақилликка эришмай туриб, маърифат йўлидаги ҳаракатлар зое кетишини тушунишди – жадидчилик маърифатпарварликдан сиёсий руҳга ўтди.
1917 йилнинг ноябрига келиб, Қўқонда Туркистон мухторияти эълон қилинди. Абдурауф Фитрат бу кунни «миллий Лайлат-ул Қадр» деб баҳолади. Мухторият 72 кун яшаган бўлса ҳам халққа катта умид берди, уни ҳаракатга келтирди.
Бутун дунёга эрк ваъда қилган қизил империя ҳали мурғак Туркистон мухториятини йўқ қилишга астойдил ҳаракат қилади. Ҳарбий қурол топишнинг имконини қила олмаган мухторият оддий халқдан минг кишилик қўшин жамлаб, қизилларга қарши отланди, аммо мағлубиятга учради. Шунга қарамай, зиёлилар умрининг охиригача мана шу 72 кунни соғиниб яшади.
Миллат тилини ривожлантиришга ҳаракат
Жадидлар матбуотининг асосий мавзуларидан яна бири миллат тили – туркий тил (ҳозирги ўзбек тили)ни ривожлантириш ҳаракати эди. Улар дунё ҳамжамиятига кириб бориш учун миллатнинг тили соф бўлиши, унда ўзлаштирма сўзлар кўпайиб кетмаслиги лозим, деган ақида билан иш кўришди. Жадидлар ўз мақолаларида ҳам ўзлаштирма сўзлардан деярли фойдаланишмаган.
Имло қоидалари ишлаб чиқилди, зиёлиларни бирлаштирган «Чиғатой гурунги» аъзолари луғатлар ишлаб чиқишда ҳам фаоллик кўрсатишди. Аммо бу луғатларнинг аксарияти йўқ қилиб юборилган.
Манба: kun.uz