islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

РЎЗА ТУТИШГА ТАРҒИБ ҚИЛИНГАН ФАЗИЛАТЛИ КУНЛАР – 1

Рўза ибодати энг улкан ибодатлардан бўлиб, бу ибодат туфайли банда ўзини ҳавойи нафсга қарши курашга ўргатиб боради. Ҳадиси шарифларда рўза тутувчиларга кўплаб хушхабарлар берилган:

عَنْ أَبِى سَعِيدٍ الْخُدْرِىِّ رَضِىَ اللهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ:« مَا مِنْ عَبْدٍ يَصُومُ يَوْمًا فِى سَبِيلِ اللَّهِ إِلاَّ بَاعَدَ اللَّهُ بِذَلِكَ الْيَوْمِ وَجْهَهُ عَنِ النَّارِ سَبْعِينَ خَرِيفًا ». رَوَاهُ مُسْلِمُ.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир банда Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутадиган бўлса, албатта Аллоҳ ўша кун сабабли унинг юзини (яъни унинг бутун танасини) дўзахдан етмиш кузга (етмиш йиллик масофага) узоқлаштиради”, дедилар”. Муслим ривоят қилган.

Шунинг учун соғлом мусулмон киши ўз танасининг ва аҳли оиласининг ҳақларига нуқсон етказмайдиган даражада кўпроқ нафл рўза тутиши мустаҳаб саналади. Шу маънода Ислом шариатида баъзи кунларнинг фазилатли экани баён қилиниб, уларда рўза тутишга тарғиб қилинган. Бундай кунларнинг асосийлари қуйидаги кунлардир:

1. Кечалари тўлин ой бўладиган кунлар (Аййамул бийз)да рўза тутиш. Ҳар бир қамарий ойларнинг ўн учинчи, ўн тўртинчи ва ўн бешинчи кунлари “Аййамул бийз”, яъни кечалари тўлин ой бўладиган кунлар ҳисобланади. Бу ҳақда машҳур саҳобий Абу Зар розияллоҳу анҳу бундай деганлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечалари ой энг тўлин бўладиган кунларнинг: ўн учинчи, ўн тўртинчи ва ўн бешинчи кунларнинг рўзаларини тутишга буюрганлар”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур кунларда рўза тутишга катта иштиёқ кўрсатганлар. Ҳатто Имом Насоий ва Табаронийлар ривоят қилган ҳадисда: “У зот алайҳиссалом “бийз кунлари” муқимликда ҳам, сафарда ҳам оғизларини очмас эдилар”, дейилган.

2. Душанба ва пайшанба кунлари рўза тутиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам душанба ва пайшанба кунлари рўза тутганлар ва бошқаларни ҳам бу кунларда рўза тутишга ундаб бундай деганлар:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: « تُعْرَضُ الأَعْمَالُ يَوْمَ الاِثْنَيْنِ وَالْخَمِيسِ فَأُحِبُّ أَنْ يُعْرَضَ عَمَلِى وَأَنَا صَائِمٌ ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ .

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Душанба ва пайшанба кунлари амаллар (Фаришталар томонидан Аллоҳ таолога) кўрсатилади. Мен амалларим рўзадор ҳолимда кўрсатилишини яхши кўраман”, дедилар”. Термизий ривоят қилган.

3. Ашуро куни рўза тутиш. Ашуро куни деганда луғавий жиҳатдан “ўнинчи кун” маъносини англатади. Истилоҳда эса Муҳаррам ойининг ўнинчи куни ашуро куни ҳисобланади. Ашуро куни рўзасига тўққизинчи кунини ҳам қўшиб тутиш афзал саналади. Бу кундаги рўза ҳақида ҳам кўплаб ҳадислар келган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ашуро куни рўзасини тутганлар ва бу куннинг рўзасини тутишга буюрганлар. Тўққизинчи кун ҳам рўза тутиш ҳақида “иншоалллоҳ, келгуси йил тўққизинчи кун ҳам рўза тутаман”, деганлар. Аммо келгуси йил ушбу кун келгунича у зот алайҳиссалом вафот этганлар. Бошқа бир ҳадисда эса ашуро куни рўзаси нақадар савобли экани ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

وَصِيَامُ يَوْمَ عَاشُورَاءَ أَحْتَسِبُ عَلَى اللهِ أَنْ يُكفِّرَ السَّنَةَ الَّتِي قَبْلَهُ

“Ашуро куни рўзаси тутиш ўтган бир йилга каффорот бўлади, деб Аллоҳ таолодан умид қиламан”. Муслим ривоят қилган.

Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим

160610cookie-checkРЎЗА ТУТИШГА ТАРҒИБ ҚИЛИНГАН ФАЗИЛАТЛИ КУНЛАР – 1

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: