3. Табақадаги мутавотирлик. Бунда хабарни бир табақадан бошқа бир табақа олиб, бошидан то охиригача шундай давом этади. Лекин бу хабар исноддаги мутавотирликни лозим тутмайди. Бу яна “Фуқаҳоларнинг мутавотири“ деб ҳам аталади. Мана шу мутавотир кўпинча фиқҳ китобларида топилади .
Табақадаги мутавотирлик мисоллари:
Биринчи мисол: أسفروا بالفجر فإنه أعظم للأجر – “Фажрни ёриштиринглар. Чунки унинг ажри улуғдир” ҳадиси .
Суютий ва Муновий раҳматуллоҳи алайҳлар бунинг мутавотирлигини очиқ айтиб ўтганлар. Таҳовий айтади: “Батаҳқиқ, Умар розияллоҳу анҳудан у зот намозидан кун ёришганда чиққанлигига далолат қиладиган мутавотир осорлар ривоят қилинган” .
Иккинчи мисол: Беш вақт намоз ва жума намозидан бошқасига азон айтилмаслиги тўғрисидаги ҳадислар.
Бу маълумдир. Буни “Ҳидоя” соҳиби очиқ айтиб ўтган .
Учинчи мисол: إذا اشتد الحر أبردوا بالصلاة – “Ҳарорат кучайганда намозни совитиб ўқинглар” ҳадиси .
Бу ҳадисни ўн етти саҳоба ривоят қилган. Суютий мутавотир эканини айтиб ўтган .
Тўртинчи мисол: Асрни қуёш оппоқ (қизармаган) ҳолатигача кечиктириш ҳадиси.
Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Аср қуёш оқариб турганда шундай вақтда ўқиладики, ундан кейин қуёш ботишидан олдинги (сарғайиб қизариб қолиши) муддати қолади. Агар ўйлаб қарасак, барча намозларни аввалги вақтларида ўқишлик афзал бўлар эди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан осорлар тавотур бўлган ривоятга эргашиш авлороқдир. Қолаверса, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан ҳам шунга далолат қиладиган хабарлар ривоят қилинган” .
Бешинчи мисол: Иқомат иккита-иккитадир ҳақидаги ҳадислар.
Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Бу осорлар маъноларини саҳиҳ, дея ҳукм қилиш айтганимиздек, иқомат азон каби, у билан бир хил бўлмоқлигини тақозо этади. Билол розияллоҳу анҳуга бу масалада буюрилган иш (қайси бири эканлигида) ихтилофли бўлиб кейинчалик бу ҳақида осорларни мутавотирлигига кўра иқома иккиталик экани собит бўлган. Бундан иқоматда лафзлар иккита қилиб айтилиши унга буюрилган иш эканлиги маълум бўлди” .
Олтинчи мисол: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Арафотдан кейин Жамротул ақабагача талбия айтганлари ҳақидаги ҳадислар.
Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Батаҳқиқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Арафотдан кейин Жамротул ақабага тош отгунга қадар талбия айтиш тўғрисида мутавотир осорлар келган” .
Еттинчи мисол: Қуръони карим мутавотирлиги.
Қуръон шарқда, ғарбда дарс эътиборидан, тиловат, ёдлаш, қироат қилиш жиҳатидан кенг ёйилиб, мутавотирликка етган. Уни жамоа жамоадан, бир табақа бошқа бир табақадан олиб, то Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламгача етказилган.
4. Амалий мутавотирлик. Бунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларидан то ҳозирги давргача ҳар бир замонда жуда кўп амал қилувчилар бир нарсага амал қиладилар. Ҳаттоки, мана шу катта жамоани ёлғонда бирлашиб қолишлари одатда, маҳол ҳолат ҳисобланади .
Амалий мутавотир мисоллари:
Биринчи мисол: سئل عن البحر فقال هو الطهور ماءه الحل ميتته – “Расулуллоҳ зот соллаллоҳу алайҳи ва салламдан денгиз ҳақида сўрашди. У зот дедилар: У – суви покловчи, ўлимтиги ҳалолдир” ҳадиси .
Буни ўн икки саҳоба ривоят қилган. Зарқоний раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Бу ҳадис Исломнинг усулларидан бири бўлиб, имомлар қабул қилиб тан олганлар. Турли ўлка, турли замон фақиҳлари бир-бирларига етказиб келганлар” .
Иккинчи мисол: Мол-мулкга бир йил ўтмагунча унда закот йўқлиги тўғрисидаги ҳадислар.
Жассос раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Бир йил ўтиши борасидаги бу хабар гарчи оҳод хабарлар жумласидан бўлса-да, фақиҳлар уни розилик ила қабул қилиб қўллаганлар. Демак, бу маънодаги хабар илмни тақозо этувчи мутавотир остига дохил бўлади” .
Учинчи мисол: Мисвак қилишнинг фазли ҳамда таҳорат ва бошқа ҳолатларда ундан фойдаланишга ундаш ҳақидаги ҳадислар.
Бу масаладаги ҳадислар кўплаб саҳобалар жамоасидан ривоят қилинган .
Тўртинчи мисол: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳоратларининг кайфияти ҳақидаги ҳадислар. Буларнинг ҳаммасида оғиз ва бурун чайиш борлиги ҳамда аксарида аввало қўлларни уч бор ювиш келганлиги.
“Ҳидоя” китоби ҳадисларини тахриж қилишда Зайлаъий раҳматуллоҳи алайҳ қуйидагиларни зикр қилиб ўтган: “Бу масалада йигирмата саҳобадан ҳадис ривоят қилинган” .
Бешинчи мисол: Туя ва сигир етти кишидан ҳисобга ўтиши мазмунидаги ҳадислар.
Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари у зот билан бирга туяни етти кишидан ва сигирни етти кишидан қурбонлик қилдилар. Бу амал саҳобалар наздида у зотдан улар учун кўрсатма бўлиб, сигир ёки туя ўша пайтдаги неччи нафар кишидан сўйилган бўлса, ундан кўпидан ўтмаслигини билдиради. Бу борада улардан ривоятлар мутавотир даражада келган” .
Олтинчи мисол: في الركاز الخمس – “Рикозда бешдан бири берилади” ҳадиси.
Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Рикоз – Аллоҳ таоло Расулининг тилида ундан бешдан бирини жорий қилган кондир. Бу масалада у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан осорлар мутавотир тарзда келган” .
Еттинчи мисол: “Намозда басмалани жаҳрий айтмаслик” ҳақидаги ҳадис.
Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр, Умар, Усмон розияллоҳу анҳумлардан улар намозда бисмиллаҳни жаҳрий айтмаганликлари борасида осорлар мутавотир тарзда етиб келган” .
Саккизинчи мисол: “Намоздаги икки салом” тўғрисидаги ҳадислар.
“Буни ўн тўрт саҳоба ривоят қилган” .
Таржимон: Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулҳодий Ғиёс