Кўплаб эпидемиологик касалликлларга қарши вакцинация ва иммунизация қилиш замонавий тиббиёт эришган катта ютуқлардан ва Аллоҳнинг буюк неъматларидан ҳисобланади. Бунда муайян касалликни қўзғатувчи вирус, бактерия ёки микробнинг ўлган ёки заифлаштирилган формасидан олинган агент инсон организмига юборилади.
Мазкур агент эмлаш орқали инсон танасига юборилганда иммунитет унга қарши аксил жисмлар ишлаб чиқаради ва уни зарарсизлантиради. Шу тариқа иммунитет хотирасида мазкур агент далолат қилувчи касалликка қарши қурол пайдо бўлади ва инсон танаси кейинчалик мазкур касаллик вируси билан тўқнашганда уни осонлик билан бартараф қилади.
Вакцинация Аллоҳнинг буюк неъматларидан бири эканлигини айтдик. Зеро, инсонларни муайян хатарли ваболарга қарши вакцинация қилиш оммалашишидан аввал Ер юзи аҳолисидан йилига турли хил юқумли касалликлар оқибатида миллионлаб инсон ҳаётдан кўз юмар эди. Бугунги кунда номи оддий эшитиладиган чечак касаллигининг ўзидан миллионлаб инсон ҳаёт билан видолашган. Ўлмай қолганлари эса турли даражада мажруҳ бўлиб қолганлар. Кўплари кўриш қобилиятидан буткул ёки қисман маҳрум бўлиб қолган.
Мазкур касаллик чақирувчи вирус (Variola major)нинг ўлимчиллик нисбати 20-40% эди. Яъни, унга чалинганларнинг 20 дан 40 фоизгача бўлган миқдори ҳалок бўлган.
Қадимдан медиклар, ҳакимлар ва табиблар ушбу касалликка қарши курашиш учун турли хил методларни қўллаганлар. Улардан бири чечакка қарши эмлаш (вариоляция) бўлган.
Шарқнинг машҳур файласуф ва медикларидан Ар-Розий ва Ибн Синолар чечакка чалиниб, уни осон ўтказган ва соғайиб кетган инсонларнинг бошқа бундай касалликка чалинмаслигини ўз кузатувлари натижасида пайқагач, уларда мазкур касалликка қарши тана ҳимоя тизими пайдо бўлишини англаб етганлар.
Улар ушбу ҳимояни ҳали касалликка чалинмаган инсонларда вужудга келтириш учун чечакка чалинган инсон терисида пайдо бўлган яра ва пўрсилдоқлардан намуна олиб, уни соғлом инсон терисининг ичига юбориш орқали эмлаш тажрибаларини қўллаганлар.
Натижада сунъий равишда касаллик юқтирилган кишиларнинг кўплари бир неча кун иситмалаб, касал бўлиб кейин тузалиб кетишар ва улардан тахминан 2 фоизигина ўлим билан юзлашарди.
Секин-секин чечакка қарши эмлаш тажрибаси дунё бўйлаб ёйилиб, босқичма-босқич ривожланиб борди. Охири, 1796 йилда инглиз врачи Э. Дженнер чечакка қарши вакцина ишлаб чиқди.
Вакцинанинг оддий эмлашдан фарқи шундаки, унда вакцина юборилган инсонлар мазкур касаллик билан оғримайдилар. У жуда ҳам безарар процедурадир.
Оспа (чечак)га қарши вакцина ишлаб чиқилгандан сўнг ҳам икки юз йил давомида мазкур хатарли касаллик Америка, Осиё ва Африка қитъаларида сақланиб қолди. XX асрнинг ўзида 300 миллиондан 500 миллионгача бўлган инсон ушбу хасталик қурбонига айланиб, ҳаётдан кўз юмди. Фақат 1960 йилнинг ўзида ушбу хасталик унга қарши вакцинация қилинмаган 10-15 миллион шахснинг ёстиғини қуритди.
Ахийри, 1967 йил Жаҳон Саломатлик Ташкилоти Ер юзидаги барча инсонларни оммавий равишда вакцинация қилиш орқали чечакни таг-туги билан қўпориб ташлаш учун муҳим қарор қабул қилади. Шундан сўнг бутун дунёда чечакка қарши оммавий вакцинация бошланади.
Оммавий вакцинация кутилган натижани беради. 1977 йили Сомалида сўнгги бора чечак билан касалланиш ҳолати қайд этилади. Расман чечак устидан ғалаба қозонилганлиги эса 1980 йили Жаҳон Саломатлик Ташкилотининг ассамблеясида эълон қилинди.
Бу ҳақиқий маънода Аллоҳнинг неъматидир. Вакцинация умумий маънода Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “даволанинг!” деган кўрсатмаларига тўғри келади. Зеро, у профилактик даволаниш туркумига киради.
Вакцинация туфайли нафақат чечак балки, хатарлиликда ундан қолишмайдиган ўнлаб эпидемиологик касалликлар бартараф этилди ёки жиловланди ва зарари камайтирилди.
Энди, бугунга келиб мазкур касалликлар ниҳоятда камайиб кетгач баъзи одамлар бу амалиётнинг аҳамиятини ҳис қилмай қўйдилар. Уларнинг наздида вакцинация миллатни қириб юбориш учун кофирлар томонидан ўйлаб топилган бир қуролдир. Ёхуд оммавий назоратнинг бир кўринишидир.
Бундай гапларни фитна назарияси тарафдорлари тинмай уқтирмоқчи бўладилар. Оддий мисол, бугунда пандемия даражасида дунёни ларзага солаётган янги коронавирус эпидемияси бошланганда ҳам хорижлик айрим конспирологлар “бу касаллик дунёни қўлга олиш учун атайин чиқарилган. Чиқарган томон олдиндан унга қарши вакцинани ҳам тайёрлаб қўйган. Бундан мақсад бутун дунёни тотал контрол остига олишдир”, деган ваҳима гапларни қиёматдан бурун ёқа йиртиш қабилида илгари сурган эди.
Вақт ўтиб бу каби даъволар нақадар асоссиз ва пуч эканлигини ҳамма кўрди, билди ва билмоқда. Зеро, бугун янги коронавирусга қарши вакцина ўша конспирологлар даъво қилганидек, қайсидир номаълум битта жиҳатдан эмас балки, дунёнинг йигирмадан ортиқ давлати тарафидан ишлаб чиқилмоқда.
Шунчаки, Россия бу ҳақда ҳаммадан эрта эълон қилди. Аслида Россиянинг Спутник-V номидаги вакцинаси ҳам ҳали энди биринчи фазадан ўтди. Олдинда икки босқич мавжуд.
Маълумки, Ислом дини оламлар Раббиси Аллоҳ таоло томонидан сўнгги мукаммал рисолат ўлароқ инсониятга карамли ҳаётни туҳфа этиш, уни дунёю охират саодатига элтиш учун юборилган ҳақ диндир. Шу боис ҳам у барча замону маконларга мос келувчи, башарият салоҳиятининг кафолати учун кифоя қилувчи билим ва шаръий қонунлар билан муайяд қилинган. Шундай экан, ҳеч қачон инсоният салоҳияти бир водийда, Ислом дини эса бошқа водийда бўлиши мумкин эмас. Ҳеч қачон илму маърифат бир томонда, Ислом эса бошқа томонда бўлиши мумкин эмас.
Шундан келиб чиқиб, айтиш жоизки, бирор касалликка қарши вакцина барча синов босқичларидан ўтиб, фойдаси аниқ бўлган бўлса, таркиби пок бўлса, уни профилактик даво сифатида қўллашда ҳеч қандай шаръий маҳзурлик ва зарар йўқ.
Зеро, бу иш Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даволанишга тарғиб қилган ҳадиси шарифларига мувофиқ келади. Жумладан, Абу Дардо (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади:
“إن الله أنزل الداء والدواء ، وجعل لكل داء دواء ، فتداووا ، ولا تتداووا بالحرام”
яъни “Албатта, Аллоҳ дардни ҳам, давони ҳам тушириб қўйган. Ва ҳар бир касаллик учун унинг давосини ҳам яратиб қўйган. Шундай экан, даволанинг. Вале, ҳаром билан даволанманг” (Абу Довуд ривояти:3376-ҳадис;).
Даволанишга тарғиб қилувчи шу ва бошқа шарафли ҳадислар мазмуни касалликдан даволаниш ҳамда бирор касалликка қарши курашиш, уни енгиш учун изланиш, тадқиқотлар олиб бориш, ундан сақланишга сабаб бўладиган вакциналар яратиш устида иш олиб бориш каби жараёнларнинг ҳам машруълигига далолат қилади. Зеро, вакцинация ҳам даволанишга киради. Фарқи шундаки, у “التداوي الوقائي” яъни профилактик даволанишдан иборатдир.
Боз устига, бу ишларда омманинг манфаати мавжуд. Азизу мукаррам қилинган инсон зотининг салоҳияти мавжуд. Шу боис ҳам Шофеъий мазҳаби уламолари умумий маънода даволанишни мустаҳаб санаганлар.
Ҳанафий ва моликий мазҳабига кўра даволаниш мубоҳ ва машруъдир холос. Лекин, уламоларимиз айтадиларки, инсон бирор касаллика йўлиққанда агар даволанмаса бу унинг ҳалокатига сабаб бўладиган бўлса ва бемор шуни билса, у ҳолда даволаниш ҳукми вожибга айланади.
Зеро, шариат мақсадларига кўра, инсон зотининг салоҳияти дин, жон, ақл, насл ва молни муҳофаза қилиш орқали юзага келади. Бу нарсалар куллиёти хамс ёки зарурийёти хамс ҳам деб аталади.
Хулласи калом, вакцинация амалиёти ҳимоявий даволаниш туркумига кириб, Исломда машруъдир. Бу ишда юзага келадиган ножўя таъсирлар унинг кўплаб фойдалари олдида арзимас бўлиб, айрим ножўя таъсирлари туфайли ундан воз кечилмайди.
Бироқ, вакцина ишлаб чиқарувчи ташкилотлар уни кенг кўламда синовдан ўтказиб, имкон қадар ножўя таъсирларини камайтириб, фойдаси зараридан ортиқ эканлигига амин бўлгачгина оммага тақдим этишлари мақсадга мувофиқ. Ва шундай ҳолатда вакцина қабул қилишнинг шаръий зарари йўқ.
Одатда вакциналар тегишли микроорганизмнинг токсини ва оқсилларидан кимёвий йўл билан олинади. Микроорганизмларга нисбатан фиқҳий маънода нопок ёки пок ҳукмини бериш бирмунча мураккаб масала ҳисобланади. Чунки, оддий кўз билан кўриб бўлмайдиган мазкур жонзотлар биз билан бирга яшайди. Еб-ичаётган нарсаларимизда ҳам мавжуд бўлади. Улар пок нарсаларда ҳам, нопок нарсаларда ҳам бўлиши мумкин.
Шундай бўлса ҳам, ислом уламолари вакцина бевосита нопок, нажас нарса бўлмаслиги керак деган эҳтиёт қайдини қўйганлар.
Аммо, у нопок нарсадан олиниб, химиявий реакция орқали моҳияти ўзгарган ва бир моҳиятдан бошқа моҳиятга интиқол этган бўлса, унинг зарари йўқ. Бунга мисол тариқасида нажосат ёқилгандаги тутуни пок бўлиши, туз конига тушиб ўлиб қолган ҳайвоннинг маълум муддат ўтгач тамом тузга айланиб, мурдорликдан покликка истиҳола этиши каби мисолларни келтириш мумкин. Хумдаги хамр маълум вақт ўтиб сиркага айланганда нафақат хумдаги аввалги нопок суюқлик балки, унга идиш бўлган хумнинг ичи ҳам пок бўлиб қолиши ҳам истиҳола жараёнига мисолдир.
Баъзи таниқсиз ширкатлар қайсидир юқумли касалликка қарши сифатсиз, керакли даражада синовдан ўтмаган вакциналарни ишлаб чиқаргани туфайли айримларда ножўя таъсирлар кузатилса, бундай ҳолатлар умумий маънода вакцинациянинг аҳамиятини камайтиролмайди.
Ахир, дори дармонларни ҳам турли хил жиҳатлар ишлаб чиқаради. Баъзида улардан фойда бўлмайди. Бунинг учун барча дори воситаларидан кечиш ақлли иш бўлмагани каби арзонгаров, бетайин вакциналарга учраб қолиб, вакцинацияни буткул инкор этиб, унга қарши кенг кўламли информацион уруш очиш ҳам маъқул иш эмас.
Вакцинанинг муваффақиятли бўлиши тайёрланиш вақтига ҳам боғлиқ. Чунки, қанчали кўп одамда синалиб, фойдаси тасдиқланса, шунчали яхши бўлади. Шунинг учун ҳам бу соҳадаги гигант компаниялар то уч босқичдан ўтиб, кўзланган натижага эга бўлмасдан туриб, вакцинани сотувга чиқармайдилар.
Оддий ҳолатда муваффақиятли вакцина тайёрлаш учун зарур бўлган муддат ўн йилгача чўзилиши мумкин эди. Аммо, жорий вазиятда бу муддат қарийб ўн баробарга қисқармоқда. Дунё бўйича янги коронавирусга қарши ишлаб чиқарилаётган 60 дан ортиқ вакцинанинг лоақал биттаси муваффақиятли чиқади, деб умид қиламиз.
Сўзимнинг охирида Миср диёрининг собиқ муфтийси (2003-2013), Азҳари шариф катта уламолар ҳайъатининг аъзоси, илмий ва ижтимоий соҳаларда умматга фойдаси тегадиган кўплаб ишлар қилган, Ғарб оламида Ислом дини ҳақида шаклланиб қолган бузуқ тушунчани тўғрилаб, халқларга унинг гўзал суратини кўрсатиш йўлида катта муваффақиятлар қозонган доктор Али Жумъа Муҳаммад (ҳафизаҳуллоҳ)нинг болаларни эмлаш борасидаги саволга берган жавоби ва фатвосини тақдим этмоқчиман. Фатво “dar-alifta.org” сайтида мавжуд.
Савол: “Африкада полиомиелитга қарши болаларни эмлаш кампанияси кетяпти. Мазкур касалликка қарши эмлаш борасидаги шариатнинг ҳукми ҳақида сўрамоқчиман. Исломий жиҳатдан бу ишга зид келувчи бирор-бир нарса йўқми?”
Жавоб: “Полиомиелитга қарши эмлаш профилактик тиббиётнинг бир кўриниши бўлиб, у шаръан матлуб ишдир. Ислом шариатининг аҳкомлари унга тарғиб қилади. Шундай экан, мусулмонлар ўз фарзандларини эмлаш ҳамда эмланмаганда уларни нобуд қиладиган касалликлардан ҳимоя қилиш йўлида ўзаро ҳамкорлик қилишлари вожибдир. Валлоҳу субҳонаҳу ва таъоло аълам”.
ТИИ ўқитувчиси
Алишер Султонхўжаев