islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Дунёвий-маърифий давлат” тушунчаси. “Дунёвийлик – даҳрийлик эмас” тамойилининг мазмун-моҳияти

Барча динларда инсон ҳаётининг моҳияти, мазмуни, кишилар ўртасидаги ижтимоий-маънавий, ахлоқий муносабатларни тенглик ва адолат мезонлари асосида ўрнатиш лозимлиги ўз аксини топган.
Диннинг юксак ролини эътироф этиш билан бирга, диний дунёқараш тафаккурнинг, инсоннинг ўзини ўраб турган дунёга, ўзи каби одамларга муносабатнинг ягона усули бўлмаганлигини ҳам таъкидлаш зарурдир. Дунёвий фикр, дунёвий турмуш тарзи ҳам у билан ёнма-ён ва у билан тенг яшаш ҳуқуқига эга бўлган ҳолда ривожланиб келган.
Инсониятнинг тадрижий ривожланиш жараёнида диний ва дунёвий асосларнинг ўзаро нисбати, уларнинг тўқнашуви жаҳоннинг кўпгина давлатлари ва халқлари тақдирига катта таъсир кўрсатган. Бу ҳодисанинг энг кескин шакллари Шарқ мамлакатларида кузатилган ва айни пайтда ҳам кузатилмоқда. Ушбу мамлакатларда маънавий изланишлар ҳамда сиёсатга дин таъсирининг кучайиши XX аср охирига хос хусусиятдир. Бу ҳодисалар жаҳон динларидан бири бўлган ислом динини ҳам четлаб ўтмади. Натижада жаҳон жамоатчилиги ижтимоий онгида “ислом уйғониши”, “қайта исломлашув”, “ислом омили” тушунчалари пайдо бўлди. Умуман олганда, Шарқда жамиятнинг дунёвийлашуви ўта мураккаб ва зиддиятли жараён бўлиб, турли мамлакатларда ўзига хос хусусиятга эгадир.
Диний можаролар ер юзидаги барқарор ва тинчликка таҳдид солаётган ҳозирги кунда дин ва сиёсатнинг ўзаро алоқаси, уларнинг ижтимоий ҳаётга таъсири муаммосини тадқиқ қилиш ўта долзарб бўлиб, нафақат назарий, балки амалий аҳамиятга ҳам эгадир.
Дин билан сиёсатнинг ўзаро нисбатини тавсифлаш учун илмий адабиётларда “секуляризм” атамаси қўлланилади. Бу атама лотинча “saeculum” сўзидан келиб чиққан “секуляризация” терминидан олинган. “Секуляризм” атамасига Вебстер изоҳли луғатида қуйидагича таъриф берилади: “секуляризм – дин ёки диний ақидаларга нисбатан мўътадил позицияда бўлиш”. Оксфорд қисқа луғати секуляризмни “Худога ишонч, эътиқоддан холи бўлган ҳаётда инсон фаровонлиги ҳақида қайғурадиган маънавиятга асосланган доктрина” деб таърифлайди.
Мутахассислар эса секуляризмни таърифлашда уни беш қисмга бўлишади:
1. Диннинг инқирози;
2. Замонавий ҳаёт тартиб-қоидаларига риоя қилиш;
3. Диннинг давлатдан ажратилганлиги;
4. Диний ақидалар ва диний институтларнинг кучсизланиши;
5. Дунёнинг десакрализациялашуви (муқаддасликдан узоқлашиш).
Юқоридаги таърифларга кўра, замонавий араб жамиятида “секуляризм” “‘алманийа” (علمانية), “секуляризация” эса “‘алмана” (علمنة) атамалари билан ифодаланмоқда.
Шундай қилиб, бугунги кунда кенг тарқалган талқинга кўра, секуляризм – барча динлар ҳамда турли қарашларни тенг ҳурмат қилиш, барча фуқароларнинг қонун олдида тенглигидир. Айни вақтда, “секуляризм” атамаси бир маъноли тушунча бўлмай, вақт, минтақа ва мамлакатга қараб тинимсиз ривожланиб боради.
Дунёвийлик ва динийлик ўртасидаги нисбат, унинг шаклий ўзгаришлари Марказий Осиёда доимо муҳим ўрин эгаллаб келган. Ҳудуддаги ижтимоий-сиёсий воқеалар дунёвий-маърифийлик ва динийлик ҳақидаги тасаввурларнинг шаклланиши ва ривожланишига катта таъсир кўрсатган.
Дунёвийлик ва ижтимоий-иқтисодий тараққиёт эҳтиёжлари ҳамиша ҳамоҳанглик касб этиб келган. Яъни дунёвийлик қотиб қолган догма эмас, аксинча, у мунтазам равишда такомиллашиб борувчи ҳодисадир. Замонавий илмий тилда айтганда, дунёвийлик модернизация деб номланувчи жараённинг ҳаракатлантирувчи кучдир. У жамият илмий салоҳиятининг узлуксиз ошиб бориши, технологик тараққиётнинг давомийлиги, иқтисодий ҳаётнинг рационаллашуви, маданиятнинг юксалиб бориши каби муҳим жараёнлар билан уйғун равишда такомиллашиб боради.
Афсуски, собиқ тузум даврида динга оид нашрларнинг биронтасида, ҳатто энг машҳур изоҳли луғатларда ҳам “дунёвийлик” тушунчасининг аниқ таърифи берилмаган: дунёвийлик – бу дунёвий тушунчалар талабларга жавоб берувчи (яъни, ғайридиний, дунёвий, фуқаровий – динийликнинг акси), деган анчагина мужмал изоҳ билан чекланилган.
Жамиятни даҳрийлаштиришда секуляризация жараёни ниқоб сифатида фойдаланилди. Бунинг исботи учун ўша даврда нашр қилинган китобдан иқтибос келтирамиз: “…Социалистик жамиятда диннинг социал илдизлари қўпориб ташланган, шунинг учун бу шароитда секуляризация жараёни чуқур, кенг ва тўлиқ амалга ошади. Дин барҳам топиб бориши билан бир қаторда оламга илмий-материалистик қарашлар, кишилар онги, хулқ-атвори ва муносабатларида чинакам инсоний нормалар ва қадриятлар қарор топиб бораверади”.
Юқоридаги талқинларнинг асосий сабаби тараққиётнинг дунёвий йўли собиқ мафкура “қолиплари”га тушмаслиги, яъни бу тушунчанинг даҳрийлик ҳам ва айни пайтда, динийлик ҳам эмаслиги билан боғлиқ. Бундан “дунёвийлик – зикр этилган икки қарама-қарши қутбнинг оралиғида жойлашган маънавий-маданий ҳолат”, деган хулосага келиш мумкин. Чунки у динийликни ҳам, даҳрийликни ҳам инкор этмайди, уларнинг ҳар иккаласини объектив ижтимоий ҳодиса деб эътироф этади. Бундан келиб чиқадиган мантиқий хулоса шуки, дунёвийлик тушунчаси плюралистик, ҳурфикрлилик тамойилига асосланади. Инглиз тилидаги “secularity” ҳамда рус тилидаги “светскость” тушунчалари билан туташ “дунёвийлик” деган истилоҳнинг қандай талқин этилиши ҳар қандай мамлакатдаги давлат ва дин ўртасидаги муносабатларнинг мазмун-моҳиятини белгилаб беради. Таъкидлаш жоизки, мамлакатни дунёвий асосда ривожлантириш ва дунёвий давлат қуриш йўлидан бораётган Ўзбекистонда “дунёвийлик”нинг мазмун-моҳияти тўғри англаб етилди. Шунга кўра, бугунги кунда секуляризм – мустақил Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ва конституциявий маслагидир.
Замонавий ўзбек жамиятида дунёвийлик тамойили бир-биридан ажралмас уч қадриятга асосланади. Булар:
1. Виждон эркинлиги;
2. Барча дин ва диний ташкилотларнинг қонун олдида тенглиги;
3. Диннинг сиёсатдан ажратилганлиги.
Ҳар бир дунёвий давлатда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам динга бўлган муносабат муайян меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва қонунлар орқали тартибга солинади. Жумладан, мамлакатимизда эътиқод эркинлиги ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлашда 1992 йил қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 1998 йил янги таҳрирда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуни асосий мезон бўлиб хизмат қилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, дунёвий давлатда дин давлатдан ажратилса-да, жамиятдан ажратилмайди. У муҳим социал институт сифатида ижтимоий ҳаётда ўзининг алоҳида ўрнига эга. Давлатдан ажратилган бўлса-да, дин ижтимоий муаммоларни бартараф қилишда дунёвийлик билан яқиндан ҳамкорлик қилади.
Шундай экан, дунёвий тараққиёт йўлини танлаган мамлакатда мазкур тараққиётга мослашув жараёни ҳам қийин кечиши табиий. Бу ҳақда ўтган асрнинг 80-йилларидаёқ машҳур Рим клубига тавсия қилинган ҳисоботларнинг бирида, хусусан, А.Кингнинг “Инсоният учинчи минг йиллик бўсағасида” деб номланган ҳисоботида алоҳида урғу берилиб тўхтаб ўтилган эди. Ушбу ҳисоботда мамлакатнинг қолоқлиги мазкур мамлакат халқининг танбаллиги ёки дангасалигида эмас, балки бу халқларнинг дунёни диний-мифологик идрок этиш шакли ва унга амал қилган ҳаёт тарзининг яроқсизлигида экани кўрсатиб ўтилади.
Дунёвий тараққиёт йўлини танлаб олган мамлакат ёки халқ биринчи навбатда дунёни идрок этиш анъанасини қайта кўриб чиқиши, эндиликда дунёга бўлган муносабатлари жаҳон тараққиёти тажрибаси синовдан ўтган мантиқий хулосаларга асосланиши лозим бўлади.

Тошкент ислом институти проректори Жаҳонгир Мелиқўзиев

171770cookie-check“Дунёвий-маърифий давлат” тушунчаси. “Дунёвийлик – даҳрийлик эмас” тамойилининг мазмун-моҳияти

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: