islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ўзбекистонда давлат ва дин муносабатларининг устувор йўналишлари. Расмий рўйхатдан ўтган диний конфессия ва ташкилотлар

Мустақиллик ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида, жумладан, маънавий ҳаётдаги янгиланиш жараёни ва туб ўзгаришлар даврини бошлаб берди. Динга бўлган муносабат ижобий томонга ўзгарди: собиқ совет тизимининг динга атеистик ҳужумкорлик сиёсатига барҳам берилди, виждон эркинлиги қонун орқали кафолатланди.
Ўзбекистон раҳбарияти мустақилликнинг биринчи кунлариданоқ диннинг жамият ҳаётидаги муҳим ўрнига мувофиқ, буюк аждодларимиз томонидан яратилган қадриятларни қайта тиклаш асосида аниқ ва принципал чора-тадбирлар кўра бошлади. Давлатнинг динга янгича муносабати “инсон эътиқодсиз яшай олмайди” деган аниқ ишонч асосида белгиланди.
Дин кишиларни ҳамиша яхшиликка, эзгу ишларга чорлаб келган. Жумладан, ота-боболаримизнинг муқаддас эътиқоди бўлган ислом дини ҳам юксак инсоний фазилатларнинг шаклланишига хизмат қилган. У туфайли халқимиз минг йиллар мобайнида бой маънавияти ва мероси, ўзлигини омон сақлаб келди.
Ўзбек халқининг илғор маданий ва маънавий меросини тиклаш ва янги шароитда янада ривожлантириш, бу ҳудуддаги илк замондан ҳозиргача мавжуд динларнинг тарихи, ҳаётий тажрибаси, тадрижий тараққиётини ўрганиш, ватан тарихини чуқурроқ тушуниб етиш, уни севиш ва у билан фахрланиш ҳис-туйғуларини шакллантиришга хизмат қилади. Дин ва Қонун ўзаро муносабатларини билиш республикада демократик ҳуқуқий жамият қуриш пойдеворини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Дин ва дунёвий давлат орасидаги муносабат ҳақида сўз кетар экан, унинг асосида, энг аввало, диннинг давлатдан ажратилиши тамойили ётишини таъкидлаш зарур. Бу ҳақда Конституциямизнинг 61-моддасида шундай дейилади: “Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмайди”.
Мазкур моддада муҳим аҳамиятга эга қоидалар мустаҳкамлаб қўйилган. Биринчидан, диний ташкилотлар қайси конфессияга тааллуқлилигидан қатъи назар, бир хил ҳуқуқий майдонда фаолият олиб борадилар. Иккинчидан, диний бирлашмалар фаолиятини ташкил этиш уларнинг ички иши ҳисобланади.
Шу билан бирга, диний ташкилотлар давлатдан ажратилган бўлса-да, бу диннинг жамиятдан ажратилганини англатмаслигини таъкидлаш зарур. Айни пайтда, бирор динга эътиқод қилувчи фуқаролар ҳам жамиятнинг таркибий қисми ва шу сабабли дин фуқаролик жамиятида ўз мавқеига эга бўлади.
Давлатнинг динга муносабатидаги асосий хусусияти – бу диннинг сиёсатга аралашмаслигидир. Зеро, ҳар қандай дин, биринчи ўринда маънавий-ахлоқий жиҳатни ўз ичига олади.
Давлатнинг динга бўлган муносабатини ифодаловчи яна бир тамойил шундан иборатки, давлат динни халқ маънавиятининг узвий қисми сифатида тан олади. Бундан келиб чиқиб, унинг ривожи учун тегишли шарт-шароит яратишга ҳаракат қилади.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида бу масалалар ўз ечимини топган ва у дунёдаги ривожланган мамлакатлардаги ҳуқуқий-меъёрий талабларга тўла жавоб беради. Ҳар қандай динга эътиқод қилувчи ва ҳеч қандай динга эътиқод қилмайдиган кишилар учун бир хилдаги шартлар қўйилишини таъминловчи Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида, жумладан, шундай дейилади:
“Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”.
Мазкур қоидада дунёвий давлатнинг динга бўлган муносабатини ифодалайдиган асосий тамойиллар ўз ифодасини топган:
– диндорларнинг диний туйғуларини ҳурмат қилиш;
– диний эътиқодларни фуқароларнинг ёки улар уюшмаларининг хусусий иши, деб тан олиш;
– диний қарашларга амал қилувчи фуқароларнинг ҳам, уларга амал қилмайдиган фуқароларнинг ҳам ҳуқуқларини тенг кафолатлаш ҳамда уларни таъқиб қилишга йўл қўймаслик;
– маънавий тикланиш, умуминсоний ахлоқий қадриятларни қарор топтириш ишида турли диний уюшмаларнинг имкониятларидан фойдаланиш учун улар билан мулоқот қилиш йўлларини излаш зарурати;
– диндан бузғунчилик мақсадларида фойдаланишга йўл қўйиб бўлмаслигини эътироф этиш.
Ўзбекистоннинг дунёвийлик, диний бағрикенглик, барча динларга бир хилда муносабат, жамият тараққиётида дин билан ҳамкорлик қилиш хусусиятлари ушбу тамойил асосида амалга оширилади. Чунки, конституциявий дунёвий-маърифий давлатда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунга асосан диний эътиқоди ва дунёқарашидан қатъи назар, сиёсий хоҳишларини билдиришда барча фуқароларнинг тенг иштироки тамойилига риоя қилади.
Мамлакатимизда барпо этилаётган демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятининг тамал тоши “виждон эркинлиги” тушунчаси билан чамбарчас боғлиқдир. Фуқаровий эркинликлар ичида инсоннинг ички маънавий дунёсига ва унинг руҳиятига бевосита алоқадор бўлган виждон эркинлиги демократик дунё бўйлаб умумэътироф этилган инсон ҳуқуқларининг энг асосийларидан биридир.
Фуқаролик жамияти кишилар ўртасидаги муносабатларнинг юксак маданий савия ва теран маънавий заминга асослангани билан ажралиб туради. Бундай жамиятнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида умуминсоний қадриятларнинг устуворлиги, уларнинг мўътабар ва ҳатто, муқаддас саналиши барқарор бўлмоғи шарт. Муайян инсоннинг қадр-қиммати, одамлар орасидаги меҳр-оқибат, самимийлик, ахлоқий поклик, инсофу адолат ва инсонпарварлик каби энг эзгу умуминсоний қадриятлар фуқаролик жамияти ҳаётининг ҳақиқий мезонларидир. Шунинг учун ҳам, Ўзбекистонда кечаётган давлат ва жамият қурилиши жараёнида том маънодаги виждон эркинлигини таъминлашга алоҳида урғу берилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида аниқ-тиниқ белгилаб қўйилган давлат ва жамият қурилишининг бош мақсадлардан бири – инсон фаровонлиги таъминланган, ижтимоий адолат ва қонунийлик устуворлик қиладиган, барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлган, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглигига асосланган жамиятни барпо этишдир. Бу, энг аввало, юксак маънавият ва ҳурфикрлиликка асосланган, виждон эркинлиги амалда барқарор бўлган жамиятни барпо этиш демакдир. Бундай жамиятни қуриш эса, биринчи навбатда, кенг маънодаги виждон эркинлиги, жумладан, диний эътиқод эркинлигини таъминлашни тақозо этади. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ушбу ҳаётий масалага умумэътироф этилган демократик тамойиллардан келиб чиқиб ёндашилган.
Том маънодаги виждон эркинлиги ҳуқуқини кафолатлаш ва амалда таъминлаш учун Ўзбекистонда тўлақонли ҳуқуқий тизим яратилган. “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳририга (1998 йил, 1 май) кўра, “виждон эркинлиги” фуқароларнинг ҳар қандай динга эътиқод қилиш ёки эътиқод қилмасликдан иборат кафолатланган конституциявий ҳуқуқидир. Шу маънода, ҳуқуқий категория сифатида – виждон эркинлиги, бир томондан, эътиқод эркинлигини, иккинчи томондан эса, ҳеч бир динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқини ифода этади.
Ахлоқий нуқтаи назардан виждон эркинлиги – бу муайян инсоннинг фикрлаш тарзи ва шахсий маънавий эътиқодига мос хатти-ҳаракат қилиш ҳуқуқидир.
Демак, давлат виждон эркинлигини ҳуқуқий кафолатлаш ва амалда таъминлаш тадбирларини рўёбга чиқариш билан бир қаторда, уларга нисбатан ҳар қандай таҳдиднинг олдини олишга ҳам интилади. Қонун устуворлиги энг олий мезон бўлган фуқаролик жамиятининг ҳар бир аъзоси ушбу қонуний талабга тўғри муносабатда бўлиб, унинг ҳаётга татбиқ этилишига ҳисса қўшиши лозим. Чунки энг муҳим конституциявий ҳуқуқлардан бўлган виждон эркинлиги ҳуқуқининг амалда рўёбга чиқарилиши фуқаролик жамиятининг маънавий-маданий ривожланганлик даражасининг муҳим кўрсаткичидир.
“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуни 1991 йилда қабул қилинган бўлиб, 1993 йилда киритилган баъзи қўшимча ва ўзгартиришлар билан 1998 йилга қадар амалда бўлиб келди.
1990 йилларнинг бошларида ҳукуматимиз томонидан берилган имкониятларнинг суистеъмол қилиниши, масжид қуриш кампанияга айланиб кетиши оқибатида уларнинг сони 89 тадан 5000 тагача етди. Уларнинг аксарияти ҳужжатлари тўлиқ расмийлаштирилмаган, малакали имомлар билан таъминланмаган (95,8% диний маълумотсиз) ва зарур шароитлар бўлмаган ҳолда фаолият юргизиб, турли “пешво”лар масжидларни ўз уяларига айлантиришга ҳаракат қилдилар.
Баъзи диний ташкилотларнинг раҳбарлари хорижий фуқаролар бўлиб, аслида ҳеч қандай диний маълумотга эга бўлмай, молиявий ёрдам кўрсатиш ҳисобига республика ҳудудидаги диний ташкилотларга раҳбарлик қилиб олиб, бузғунчилик, миссионерлик фаолияти билан шуғулланар эдилар. Уларнинг асосий мақсади турли йўл ва усуллар билан ўз сафларини маҳаллий миллат вакиллари ҳисобига кенгайтиришдан иборат эди.
Давр талаблари асосида “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунни тубдан ўзгартириш зарурати туғилди ва 1998 йил 1 май куни янги таҳрирда қабул қилинди. Жумладан, Қонуннинг 8-моддасига асосан, диний ташкилотлар 18 ёшга тўлган ва республика ҳудудида доимий яшаётган 100 нафардан кам бўлмаган Ўзбекистон фуқаролари ташаббуси билан тузилиши, муайян конфессияга қарашли диний ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва йўналтириб бориш учун уларнинг республика бўйича ягона марказий бошқарув органи тузилиши мумкинлиги ҳақидаги қоида мустаҳкамлаб қўйилди.
Қонуннинг 9-моддасига мувофиқ диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органлари руҳонийлар ва ўзларига зарур бўлган диний ходимлар тайёрлаш учун диний ўқув юртлари тузишга ҳақлидир.
Қонуннинг 5-моддасида бир конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар (прозелитизм), шунингдек, бошқа ҳар қандай миссионерлик фаолияти ман этилади.
Ушбу модданинг мазмуни ва аҳамиятини тушуниш учун миссионерлик ва прозелитизм нима эканини билиб олиш керак. Миссионерлик – бу бошқа диний эътиқодга эга бўлган шахсни ўз динига оғдириб олиш бўйича диний ташкилотлар вакиллари томонидан амалга ошириладиган фаолият. Прозелит – бу ўз динидан кечиб, бошқа динга ўтган одам.
Қонуннинг 16-моддасига асосан: “Диний ташкилотлар учун ер ажратиш ҳамда ибодат бинолари қуриш тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг рухсати билан белгиланган тартибда амалга оширилади”.
Қонуннинг диний адабиётларга тегишли бўлган 19-моддаси ҳам бир қадар ўзгартирилди: “Диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органлари диний мақсадларга мўлжалланган буюмлар, диний адабиётлар ва диний мазмундаги бошқа ахборот материалларини Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишлаб чиқаришга, экспорт ва импорт қилишга ҳамда тарқатишга ҳақлидир”. Мазкур қоида Ўзбекистон ҳудудига диний адабиётларнинг олиб кирилишини тартибга солади.
Қонуннинг 3-моддасида “Динга эътиқод қилиш ёки ўзга эътиқодлар эркинлиги миллий хавфсизликни ва жамоат тартибини, бошқа фуқароларнинг ҳаёти, саломатлиги, ахлоқи, ҳуқуқи ва эркинликларини таъминлаш учун зарур бўлган даражадагина чекланиши мумкин”лиги белгиланган.
Мазкур қонуннинг 23-моддасига кўра виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузишда айбдор бўлган мансабдор шахслар, диний ташкилотларнинг хизматидагилар ва фуқаролар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар. Бу модда қонун олдида барча бир хил бўлишини таъминлайди. “Конфессия” сўзи (лотинча – “confessio”) ўзбек тилига айнан таржима қилинганда “эътиқод қилиш”, деган маънони англатади. Умуман олганда, диний конфессия деганда муайян диний таълимот доирасида шаклланган ва ўзига хос хусусиятларга эга эътиқод ва ушбу эътиқодга эргашувчилар жамоаси тушунилади. Бир дин доирасида юзага келган бўлса-да, ақидалар борасида фарқланадиган жамоалар ҳам диний конфессиялар жумласига киради. Диний конфессиялар манзараси ранг-баранглигини Ўзбекистонда расман рўйхатдан ўтиб фаолият юритаётган диний конфессиялар мисолида ҳам кўриш мумкин. Христианликка мансуб бўлса-да, юртимиздаги 11 та йўналишнинг ҳар бири ўзини алоҳида диний конфессия, деб ҳисоблаши фикримизнинг исботи бўла олади.
Шуни инобатга олган ҳолда, мутахассислар ҳозирги кунда дунёда тахминан 1000 дан ортиқ диний конфессиялар мавжуд, деб ҳисоблайди.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, ислом динида бундай ҳолат кузатилмайди. Ҳеч қайси мамлакатда ҳанафий мазҳаби алоҳида, бошқа мазҳаблар алоҳида конфессия сифатида рўйхатдан ўтмайди. Масалан, Ўзбекистонда ҳам бир неча шиа жамоалари бўлишига қарамай, улар ўзларини алоҳида диний конфессия ҳисобламайдилар.
Жамият ҳаётида тенглик, адолат ғояларининг устувор бўлиши ва амалиётда ўз ифодасини топиши кўзланган мақсадларга эришишга, белгиланган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий мўлжалларнинг барча учун бирдек қадр-қиммат касб этишига, фуқаролар ўртасида бирдамлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро бир-бирини тушуниш ва ҳурмат руҳининг қарор топишига замин яратади. “Бағрикенглик тамойиллари Декларацияси”да таъкидланганидек, “Бағрикенглик бўлмаса тинчлик бўлмайди, тинчликсиз эса тараққиёт ва демократия бўлмайди”.
“Бағрикенглик” (“тoлeрaнтлик”) сўзи деярли барча тилларда бир хил ёки бир-бирини тўлдирувчи мазмунга эга. Хусусан, ушбу тушунча чидaмлилик, бардошлилик, тоқатлилик, ўзгача қарашлар ва ҳаракатларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, муруввaтлилик, ҳиммaтлилик, кeчиримлилик, мeҳрибoнлик, ҳaмдaрдлик каби маъноларга эгалигини қайд этиш лозим.
Диний бағрикенглик ҳамиша диний заминдаги адоватга қарши ўзига хос қалқон вазифасини ўтаган. У турли эътиқодларнинг бир замон ва маконда биргаликда мавжуд бўлишига, уларнинг ташувчилари ўртасидаги ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликнинг шаклланишига йўл очган. Бу эса, ўз навбатида, юрт тинчлиги ва тараққиётига, умуминсоний маданият ва маънавият ривожига хизмат қилган.
Ўзбекистон халқига азалдан хос бўлган хислат – бағрикенглик биз учун анъанавийдир. Ўрта Осиё минтақаси, хусусан, Ўзбекистон азалдан турли урф-одат, маданият, тил, турмуш тарзига эга бўлган, хилма-хил динларга эътиқод қилувчи бир-бирига ўхшаш бўлмаган бир неча халқлар яшаган ўлкадир. Ўзбекистоннинг жўғрофий нуқтаи назардан муҳим савдо йўллари чорраҳасида жойлашгани, кўплаб давлатлар билан иқтисодий, маданий алоқалар қилгани ерлик халқнинг диний ва маданий ҳаётига катта таъсир кўрсатган. Миллати ва диний қарашидан қатъи назар инсонни ардоқлаш ва ўзгаларни қадрлаш, катталарга ҳурмат ва бошқаларни иззат қилиш каби туйғулар Ўрта Осиё халқларининг юксак сифатларидир. Айнан шу омиллар халқимизнинг нафақат маънавий-маърифий, балки динлараро мулоқотнинг маънавий асосини ташкил қилади.
Истиқлол йилларида дин соҳасида чуқур ўзгаришлар содир бўлди. Ўзбекистонда турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлашга, барча фуқароларга ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиб беришга, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга, улар ўртасида қадимий муштарак анъаналарни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 1995 йилнинг октябр ойида Тошкент шаҳрида “Бир само остида” шиори остида халқаро мусулмон-христиан конференцияси ўтказилиши, 1996 йилнинг ноябрида Рус православ черкови Тошкент ва Марказий Осиё епархиясининг 125 йиллиги тантаналари ўтказилиши фикримизнинг исботи бўла олади.
Республикамизда 2200 дан ортиқ диний ташкилот 16 конфессияга, жумладан, Ислом, Рус православ черкови, Рим-католик черкови, Немис-лютеран черкови, Арман-апостол черкови, Тўлиқ инжил христианлари, Евангель-христиан баптистлар черкови, Новоапостол черкови, Еттинчи кун адвентистлари, “Голос божий”, Иегово шоҳидлари, Корейс протестант черковлари, Яҳудийлик, Баҳоийлик, Кришнани англаш жамияти, Буддавийликка мансуб ҳисобланади.

Тошкент ислом институти проректори  Жаҳонгир Мелиқўзиев

172031cookie-checkЎзбекистонда давлат ва дин муносабатларининг устувор йўналишлари. Расмий рўйхатдан ўтган диний конфессия ва ташкилотлар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: