islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Йиртқич” нашрлар –“ахлат” журналлар

Илмий тадқиқот олиб бораётган тадқиқотчи жуда ҳам эҳтиёт бўлиши керак бўлган хассос жиҳатлар бор, шулардан бири плагиат-сохтакорлик, кўчирмачилик бўлса, яна бири “ахлат” нашрлардир. Бугун сизларга мана шу “ахлат” нашрлар ҳақида айтиб бермоқчиман.

Дейлик сиз илмий тадқиқот иши билан шуғулланишни бошладингиз. Тадқиқотингизнинг дастлабки натижаларини илмий мақола сифатида чоп еттирмоқчисиз. Лекин қайерда ва қандай қилиб чоп этишни билмаяпсиз (аслида, қаерда ва қандай чоп қилишни билмаслик бу – тадқиқотчининг чинакамига тадқиқот билан шуғулланмаётганлигининг биринчи белгиси ҳисобланади). Интернет тармоғида сизга минглаб илмий нашрлар ўз хизматларини таклиф етади. Сиз ана шу нашрлардан бирини танлаб мақолангизни унда чоп этасиз. Афсуски!!! Мана шу ерда сизни жуда катта тузоқ кутиб турибди.

Бу тузоқнинг номи “йиртқич нашрлар” ёки “ахлат журналлар” деб номланадиган “илмий” нашрлардир. Бундай нашрлар уларга тақдим қилинган ишни жуда тез муддатда, ҳеч қандай тақризсиз, пул эвазига чоп қилиб берадилар. Мутахассисларнинг таъкидлашларича, ривожланаётган давлатлардаги илмга эндигина кириб келган ёш тадқиқотчилар одатда мана шундай йиртқич нашрларнинг домига тушиб қолади. Бирор илмий нашрда мақола чоп эттиришдан мақсад аввало тадқиқотчи ўз илмий янгиликларини оммага эълон қилиш бўлса, иккинчиси мана шу мақоласига бошқа тадқиқотчилар томонидан ҳавола берилишига эришишдир. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, йиртқич нашрларда чоп этилган мақолаларнинг 60% дан ортиғига чоп этилганидан сўнг беш йил давомида ҳам ҳеч қандай ҳавола берилмайди. Бу дегани бозорга сотгани бирор нарса олиб чиқасиз, лекин уни беш йил давомида бирорта одам келиб “Бу қанча туради?” деб ҳам сўрамайди.

Мана шундай йиртқич нашрлар (ахлат журналлар)ни қандай аниқлаш борасида бир қанча мезонлар яратилган, шундай нашрларнинг рўйхатлари шакллантирилган. Мен ҳозир сизга ушбу нашрларнинг бир қанча белгиларини санаб ўтаман. Қолганини ўзингиз хулоса қилиб олаверасиз:

  1. Журналга тақдим этилган материал жуда осон қабул қилинади, ҳатто материал ичида очиқдан-очиқ плагиат ҳолати мавжуд бўлганда ҳам.
  2. Журнал одатда бирор бир халқаро тан олинган электрон базаларга аъзо бўлмаган бўлади. Масалан, SCOPUS, Web of Science, PubMed ва ҳоказо.
  3. Журналнинг номи соҳадаги машҳур ва кўпчилик мақола чоп этадиган нуфузли журнал номларига жуда ҳам ўхшаш қилиб номланган бўлади.
  4. Журнал номида қайсидир миллатга тегишлилик бўлади-ю, масалан “Journal of American…”, лекин ўзи бошқа қитъада жойлашган бўлади, масалан, Осиёда. Ёки журнал номида “International” (Халқаро) сўзи бўлади, таҳририят аъзоларига қарасангиз фақат бир мамлакат фуқаролари бўлади.
  5. Журналга юборилган материал ниҳоятда юзаки тақриз қилинади ёки мақола муаллифидан мақоласига мутахассис тақризини ўзи юбориши сўралади.
  6. Муаллифга мақоласи журналга қабул қилинганидан кейин мақола учун тўлов қилиш сўралади.
  7. Журналда мақола ёзиш мумкин бўлган фанлар тармоғи жуда ҳам кенг бўлади; масалан, битта журнал ҳам биология, ҳам ҳуқуқшунослик, ҳам математика, ҳам фалсафа ва шунга ўхшаш ўнлаб йўналишларда мақола қабул қилади.
  8. Мақола ҳажмига қатъий аниқ чегара қўйилади.
  9. Журнал ҳажми ҳар бир сонда мунтазам равишда ўзгариб туради. Баъзан бир соннинг ўзида 50 дан ортиқ мақолалар чоп қилади.
  10. Доимий равишда плагиат ва ўз-ўзини плагиат қилиш ҳолатидаги мақолалар чоп қилинади.
  11. Сиртқи конференсиялар ташкил этади, яъни ўзингиз бормайсиз, мақолангизни конференсияга юборасиз, у чоп қилинади.
  12. Электрон почталарга уларда мақола чоп этишингизни ва таҳририят ҳайъатига қўшилишингиз мумкинлиги ҳақида доимий электрон хабарлар юборади.
  13. Муҳаррирлар қаторига қайсидир олимни унинг розилигисиз қўшиб ёзиб қўйишади ёки исмини олиб ташлаш талаб айтилганда олиб ташлашмайди.
  14. Журналнинг wеб саҳифаси нопрофессионал тарзда ясалган бўлади.
  15. Журналнинг Impact фактори (IF) бўлмайди, ёки бўлса ҳам сохта бўлади.
  16. Бир журнал бир неча тилларда мақола чоп этади. Масалан, Украинадаги айрим журналлар рус, инглиз, украин, қозоқ ва ўзбек тилларида мақолаларни қабул қилишини айтади.

Бундай журналларнинг яна кўплаб белгилари бор. Ҳозирги замонда бирор журналга мақола юборишда “Ўйла, текшир ва ундан сўнг юбор” қоидасига амал қилиш керак.

Бугунги кунда олий таълим тизимида ишлайдиган профессор-ўқитувчиларга халқаро журналларда мақола чоп этиш талаби қўйилмоқда ва бу талаб кучайиб бормоқда. Тадқиқот қиласанми ёки йўқми бунинг фарқи йўқ, тадқиқот қилиш учун шароит борми ёки йўқми бунинг ҳам фарқи йўқ, лекин халқаро журналларда мақола чоп этиш талаби йилдан йилга кучайтирилмоқда. Бу эса хориждаги мазза қилиб пул ишлаш мақсадида бўлган мана шундай йиртқич нашрлар учун тайёр, ёғли, боқилган лаққа балиқ дегандек гап. Дабдабали ном, халқаро журнал, импакт фактори бор, камига мақолангизни юборишингиз билан бир ойга қолмай чоп қилиб беришади. Ушбу арзимаган хизматлари учун мўмайгина “калбош амаки”нинг расми бор қоғоз пулдан олишади. Улар ҳам хурсанд, мақоласи чиққан бизнинг “тадқиқотчи”лар ҳам хурсанд.

Aгар сиз ўз олдингизга ҳақиқий илм дунёсига киришни мақсад қилиб қўйган бўлсангиз мана шундай ахлат нашрлардан узоқроқ юринг. Бу нашрлар фақатгина пулингизни шилмайди, балки тадқиқотчи деган номингизга катта доғ бўлиб ёпишиб олади. Эртага бу доғни ҳеч нарса билан ювиб тозалай олмайсиз.

Ёлқин Мўминов, блогер

174680cookie-check“Йиртқич” нашрлар –“ахлат” журналлар
1 та фикр мавжуд

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: