islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Китоблар хазинасидан” “Донишмандлик уйигача” ёҳуд ўрта аср академияси қандай бўлган?

“Мусулмонлар илм-фанга бор вужудлари билан кирганлар. Қайси шаҳарни фатҳ этган бўлсалар, биринчи қилган ишлари масжидлар қуриш, ундан сўнг университетлар очиш бўлган. Бу эса ўз навбатида кўпгина шаҳарларда нуфузли олий ўқув юртлари сони ортиб боришига хизмат қилган”, дейди тарихчи Гюстав Лебон мусулмонларнинг илм-фанга бўлган эътиборини олқишлаб.

Бундан 1200 йил муқаддам Бағдод шаҳри гуллаб яшнаган. Тахминан 500 йил давомида мазкур шаҳар илм-маърифат ва маданият диёри ҳисобланиб, халифалар бунёд қилган шаҳарнинг обрўсини дунёга машҳур қилган. Ўрта аср Шарқ халқлари фани ва маданияти тарихида Бағдодда бунёд этилган «Байт ул-ҳикма» сўзсиз, йирик илмий воқеа саналади. «Байт ул-ҳикма» ўзбек тилида «Ҳикматлар уйи» деган мазмунни англатади. Бу иборадаги «ҳикматлар» ортида ўша даврдаги қатор фанлар, жумладан, фалсафа, табобат, фалакиёт, риёзиёт, адабиёт, диний илмлар тушунилади. Бинобарин, «Байт ул-ҳикма» биринчи навбатда, ушбу санаб ўтилган фанлар қолаверса, бошқа фан йўналишларида ҳам иш олиб борилган илм ва таржималар даргоҳи бўлган.

Моҳиятан аввалига кутубхона сифатида бунёд бўлган «Байт ул-ҳикма» кўп вақт ўтмай, у ерда жамланган китобларни араб тилига таржима қилиш марказига айланди. Кейинчалик эса, бу марказ теварагида ўз даврининг энг йирик олим ва таржимонлари тўпланиб, ижод қилдилар.

 Ибн ал-Қифтийнинг бу марказ ҳақидаги фикрлари ҳам ниҳоятда диққатга сазовор. У шундай деб ёзади: “Ҳақиқатан, «Байт ул-ҳикма» турли илмий йўналишлар маркази бўлиб, Ҳорун ар-Рашид бу институт ҳақидаги фикрнинг ибтидоси эди. Унинг ўғли халифа ал-Маъмун бу ишни амалга оширди. «Ҳикмат» сўзи мусулмон олимларининг фикрига кўра илоҳий илмлар, ҳисоб, табобат ва фалакиётни қамраб олган”.

Бағдод халифалари Ҳорун ар-Рашид ва ўғли Маъмун тадқиқотлар олиб бориш, янги илмларни кашф қилиш борасида алоҳида эътибор билан қараганлар. “Байт ул-ҳикма”ни ташкил қилишда халифа Маъмун 200 000 динор сарфлагани бунга ёрқин далил бўлади (1 динор 4,25 грамм олтинга тенг).

“Байт ул-ҳикма” (“Донишмандлик уйи”) даставал халифа Ҳорун ар-Рашид (ҳукмронлиги мил. 786-809) даврида “Хизанат ул-ҳикма” номи остида кутубхона очиш билан бошланган. Кутубхонага санъат ва илм-фанга оид турли тиллардаги тўрт миллион жилддан иборат ноёб қўлёзмалар ва китоблар тўпланган.

Ғарб оламидаги кутубхоналар билан қиёслаб айтадиган бўлсак, IX асрда Константа кутубхонасида бор-йўғи 356 та, XI асрда Бенедиктбеуренда 100 та, 1130-йили Бамбергдаги кутубхонада ундан озгина камроқ 96 та китоб бўлган.

Ҳорун ар-Рашиднинг 30 йиллик ҳукмронлиги давомида шунчалар кўп китоб йиғилдики, унинг ўғли халифа Маъмун дастлабки бинога қўшимча равишда иморатлар қуриб кенгайтиришига тўғри келади. Мажмуа қуриб битказилгач, унга “Байт ул-ҳикма” номи берилади ва академияда турли-туман илмларни ўрганиш ишлари бошланади. “Байт ул-ҳикма” IX асрнинг ўрталарида дунёдаги энг катта кутубхона бўлган. Мажмуа математика, астрономия, тиббиёт, кимё, зоология, география ва картография каби илмлар ўрганиладиган марказ ҳисобланган. Халифа ал-Маъмун даврида «Байт ал-ҳикма» қошида осмон жисмларини кузатиш учун иккита расадхона ҳам бунёд этилган. Биринчиси 828 йилда Бағдоднинг аш-Шаммосия минтақасида, иккинчиси Дамашқ яқинидаги Қасиюн тоғида 831 йилда қад кўтарган.

Ибн ал-Фаратнинг сўзларига кўра, кутубхонада ноёб ва бебаҳо китоблар сақланган бўлиб, улардан истаган талаба келиб фойдаланиши мумкин эди. Китоблардан фойдаланиш жараёнида қоғоз ва сиёҳдон билан ҳам таъминланган.

“Байт ул-ҳикма” эркагу аёл бўлсин, бошқа миллат, бошқа дин бўлсин, дунёнинг турли бурчакларидан келган илмга ошно барча учун хазина бўлган. Улар йиллар бўйи излаган нарсаларини шу ердан топганлар. “Байт ул-ҳикма”да ҳар куни таржимонлар, олимлар, ёзувчилар, адабиётшунослар ва бошқа ўз касбининг усталари жамланган меҳнат маҳсулини ўқиш, бошқа тилларга таржима қилиш, нусха кўчириш, баҳс-мунозара ўтказиш учун йиғилардилар. “Байт ул-ҳикма”да араб, форс, иврит, сурёний, юнон ва лотин тилларида гаплашганлар ва маърузалар ўқиганлар.

Хунайн ибн Исҳоқ таржимонлар етакчиси бўлган. У тўрт тилда бемалол суҳбат қура олган. Олим Платон ва Аристотелнинг асари ва шарҳларини ҳамда юнон табобатининг уч асосчилари: Гиппократ, Гален, Диоскоридларнинг асарларини араб тилига ўгирган. Шунингдек, Эвклиднинг “Ибтидо”, Птоломейнинг “Алмагест”, Менелайнинг “Сферика” асарлари ҳам таржималар орасидан ўрин олган. Машҳур таржимонлар орасида Аристотелнинг “Ҳайвонлар китоби”ни араб тилига ўгирган руҳонийнинг ўғли Юҳанно ибн ал-Батрик ал-Таржуман ҳам бор эди. “Байт ул-ҳикма”да шунчаки бошқаларнинг асарлари таржима қилиниб қолмаган, балки мутахассис олимлар уни ўрганиб, воқелик билан солиштирганлар, изоҳлаганлар, керак ўринда раддиялар ёзиб қолдирганлар.

Бағдоддаги академияда фаолият кўрсатган олимлар орасида Бану Мусо ибн Шокир ал-Мунажжим (астроном), Яҳё ибн абу Мансур ал-Мунажжим ал-Маъмун (халифа Маъмуннинг астрономи), Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий (математик), Саид ибн Ҳорун ал-котиб (ёзувчи), Хунайн ибн Исҳоқ ал-Ибодий ва ўғли Исҳоқ, Собит ибн Қурра ва Умар ибн Фарруҳон ал-Мунажжимлар шуҳрат қозонган.

“Байт ул-ҳикма”га ўз таржимаси ва янги китоби билан ҳисса қўшган олим-у таржимонларга халифа Маъмун китобнинг оғирлиги баробарида олтин динорлар билан мукофотлаган.

Бағдодда муваффақият билан очилган академиянинг довруғи бутун дунёга жаранглади. Шу туфайли бошқа мусулмон ўлкаларида ҳам мазкур таълим анъанасига алоҳида эътибор берилди. Натижада, 1005-йили Қоҳирада ҳам халифа ал-Ҳаким томонидан шундай Дор ул-ҳикма қад кўтарди. У 165 йил давомида талабаларга зиё улашган.

1258-йили Бағдод мўғуллар хони Хулагу томонидан эгаллангач, “Байт ул-ҳикма” бузиб ташланган, ундаги ноёб қўлёзмалар дарёга оқизиб юборилган. “Байт ул-ҳикма”га оид археологик маълумотлар жуда оз сақланиб қолган. У ҳақидаги асосий маълумотлар тарихчи Табарий ва Ибн Надимнинг манбаларида батафсил келтирилган.

4-курс талабаси Ниёзалиева Мунаввар

177130cookie-check“Китоблар хазинасидан” “Донишмандлик уйигача” ёҳуд ўрта аср академияси қандай бўлган?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: