islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳанафий улуғлар наздида ҳадис илмлари қоидалари-23

Муҳаддислар наздида мажҳул ровийнинг ҳукми

Бу масалада мажҳулнинг ҳукми бўйича муҳаддислар мазҳабини баъзи бир тафсилотлари билан зикр қилишимиз ўринли. Шунда тушуниш осон бўлади. Муҳаддислар мажҳулни икки қисмга тақсимладилар:

1. Мажҳулул ъайн: Ундан бир ровий ривоят қилиб, у ҳақида жарҳ ҳам таъдил ҳам зикр қилинмаган шахс.

2. Мажҳулул ҳол. У “Мастур” деб ҳам номланади. Ундан икки ёки кўпроқ шахс ривоят қилиб, лекин бунда ҳам жарҳ ҳам таъдил ҳам зикр қилинмаган ровий.

Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар ровий номи айтилиб, ундан фақат бир кишигина ривоят қилган бўлса, ўша шахс мубҳам сингари мажҳулул айн бўлади. Саҳиҳроқ қавлга кўра, унинг ҳадиси қабул қилиниши учун ундан ривоят қилган ўша бир ровийдан бошқаси уни сиқа деб айтиши керак. Шунингдек, агар ундан ёлғиз ўзи ривоят қилган шахс аҳл бўлса, унинг сиқа деб айтиши ҳам ҳисобга олинади.

Агар икки ёки кўпроқ одам ундан ривоят қилган, аммо сиқага чиқарилмаган бўлса, у мажҳулул ҳол – мастурдир. Унинг ривоятини Имом Абу Ҳанифа, Дориқутний ва Баззор раҳимаҳуллоҳлар каби бир жамоа қайдсиз қабул қилганлар. Жумҳур эса рад этган. Таҳқиқ гап, мастур ва шу кабиларнинг ривояти унда эҳтимоли бор бўлган ривоятлар сирасидандир. Бу ривоятларни мутлақ қабул қилинади ёки мутлақ рад этилади, деб бўлмайди. Балки мастурнинг ривояти унинг ҳолати аниқлаштирилишига тўхтаб туради. Имомул Ҳарамайн раҳматуллоҳи алайҳ ҳам мазкур гапга жазм қилган. Ибн Салоҳ раҳимаҳуллоҳ изоҳланмасдан жарҳ етказилган киши тўғрисида шу каби гапни айтган ”.

Мусанниф айтади: Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ мажҳул ва мастурни бир-биридан ажратмади. У зотдан аввалги муҳаддислар бу иккисини бир-биридан фарқлаганлар. У қуйидагича:

Мажҳулул ҳол: У адолати зоҳиран ҳам, ботинан ҳам мажҳул бўлган шахсдир.

Мастур: Адолати зоҳиран мажҳул эмас, ботинан мажҳул бўлган шахсдир . Негаки, унинг фосиқ эмаслиги маълум бўлган. Бу каби фарқлаш ровийларни кўрган-билган одамлар учундир. Аммо биз эса ровийлар тўғрисида ёзилган китоблардан фойдаланамиз, холос. Бу борада иккиси ўртаси фарқланмайди. Демак, бизга нисбатан иккиси ҳам бир хил. Демак, Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳнинг тақсимоти амалга яқин бўлгани учун мўтамад ҳисобланади.

Муҳаддисларни “зоҳирий адолат” дейишларидан мурод фосиқмаслиги билинганлигидир. Аммо, “ботиний адолат”, уни аниқлашда тазкия қилувчиларнинг сўзларига мурожаат қилинади .

Мазҳаблар орасини солиштириш:

Юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, ҳанафийлар мастурни ҳақиқати ва ҳукми борасида муҳаддислардан фарқлидирлар. Муҳаддислар мажҳулул ъайн ва мастурни орасини фарқлайдилар. Ҳамда мажҳулул ъайннинг ривояти қабул қилинмаслигига иттифоқ қилганлар. Мастурнинг ривоятида эса ихтилоф қилганлар. Жумҳур рад этган. Баъзилар эса қабул қилганлар. Аммо ҳанафийларга келсак, улар мажҳулул ъайн билан мастурни орасини фарқламаганлар. Унинг ровийси қачонки аввалги уч аср аҳлларидан бўлса, қабул қилинади, бўлмаса йўқ, деганлар. Бу икки истилоҳдаги фарқни аллома, мунаққид Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ жуда гўзал ифода этган: “Улар (ҳанафийлар) наздида мажҳул кам ривоят қилгани учун мажҳулдир. Аммо муҳаддислар наздидаги мажҳул, ундан ривоят қилувчилар оз бўлгани учун мажҳулдир ”.

Таржимон:Абдулҳодий Ғиёс

177190cookie-checkҲанафий улуғлар наздида ҳадис илмлари қоидалари-23

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: