islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Фикрлайдиган машиналар, онгли роботлар фойдалими ёки хавфлими?

Тошкент ислом институти Ижтимоий фанлар кафедраси томонидан режа асосида турли мавзуларда илмий семинарлар ўтказилмоқда.

Илмий семинарлар доирасида ўтказилган илк онлайн конференция “Илм-фаннинг сўнги ютуқлари: Сунъий интеллект” мавзусида бўлиб ўтди. Ижтимоий фанлар кафедраси мудири О.Тангиров модераторлигида ўтган семинарда кафедра ўқитувчиси Т.Азимов маърузачи сифатида иштирок этди.

Институт ўқитувчи ҳамда талабалари учун ташкил этилаётган суҳбатда мавзунинг кириш қисмида сунъий интеллект тушунчасига таъриф берилди. Сунъий сўзи, у келиб чиқишига кўра табиий бўлмаган нарсани, яъни, инсон қўли билан яратилган нарсаларни назарда тутади. Интеллектнинг маъноси “қарор қабул қила олиш қобилияти”, “англаш қобилияти” билдириб, “билиш, идрок қилиш ва таҳлил асосида, ҳамда, йиғилган тажриба ҳамда кўникмалар воситасида янги вазиятларга мослаша олиш” деган таърифни берса бўлади. Сунъий интеллект тушунчаси илмий атама ҳолида илк бора 1956 йилда, Дортмонд коллежида ўтказилган илмий анжуманда инглизча “Artificial Intelligence” (AI) тарзида илм-фанга таклиф қилинган эди.

Сунъий интеллект “қарор қабул қила олиш ва англаш қобилияти”ни машинага, яъни компютерга ўтказишни англатади. Яъни компютер инсон томонидан берилган буйруқларни бажариши, саволларига жавоб бериши керак.

Сунъий интеллект соҳаси инсон онги билан боғлиқ имкониятлар: тилни тушуниш, ўргатиш, муҳокама қилиш, масалани ечиш, таржима ва шу каби имкониятларга эга компютер тизимларини яратиш билан шуғулланади ва инсон онги бажариши мумкин бўлган бир қанча вазифаларнинг уддасидан чиқа олади.

1956 йилда Сунъий интеллект бўйича ўтказилган конференция иштирокчилари

Машинанинг интеллектга эга бўлиши мумкинлиги ҳақидаги илк жиддий илмий тадқиқотлар эса, замонавий информатика фанларининг асосчиси саналадиган инсон – Алан Тюринг номи билан боғлиқ. Тюринг сунъий интеллектнинг амалда имконли ёки имкосиз эканлигини исботлаш учун ўз номи билан аталадиган тест таклиф қилади. Тюринг шундай дейди: агар машина ўзини ҳар жиҳатдан фикрлайдиган мавжудотдек тутса, у интеллектга эга бўлиши керак.

Тюринг тести

Тюринг тести қуйидагича ўтказилади: инсон ва у билан “суҳбатлашиши” керак бўлган машина, бошқа-бошқа хоналарга жойлаштирилади. Инсон ўзи ўтирган хонадаги клавиатурадан, ўзи истаган бир неча саволларни комьпютерга матн кўринишида териб киритади ва жавоб талаб қила бошлайди. У киритган саволларга компютернинг ўзи, ўзига аввалдан юкланган дастур-алгоритмалрига кўра жавоб қайтаради. Агар хонадаги инсон, ўзи берган саволларга олган жавоблардан шубҳаланмай, ўзи билан инсон гаплашяпти деб ҳисобласа, демак унга жавоб қайтарган машинани сунъий интеллектга эга деб ҳисоблаш мумкин.

Тюринг ва унинг компютер машинаси
Жаҳоннинг энг етакчи гроссмейстери – жаҳон чемпиони Гарри Каспаров ва Deep Blue комьпютери ўртасида баҳс-1997 йил. Ўйинда компьютер ғолиб бўлган эди.
Сунъий интеллектнинг ёрқин намуналаридан яна бири – IBM Wатсон суперкомпютери бўлиб, у ўз базасидан келиб чиқиб муайян тилда берилган саволларга жавоб беради.
Ассошейтед Прессда “ишлаётган” роботлар молиявий ҳисоботларни ёзиб боради. Сунъий интеллектнинг қўлланилиши ушбу нашрда ҳар чоракда бериладиган янгиликларни 300 тадан 4400 тага оширди.
Карантин чоралари юмшатилиб, Масжидул Ҳаром очилгач, масжид ҳудудини роботлар дезинфекция қиладиган бўлди.
Юзига ниқоб таққан одамсимон робот Пеппер, Токио губернатори Юрико Коике билан covid-19 билан касалланганлар учун очилган меҳмонхона қабулхонасида беморларни кутмоқда.

Сунъий интеллект бўйича фикр-мулоҳазалар

SpaceХ асосчиси Илон Маск: “Сунъий интеллект инсоният цивилизацияси учун асосий хавфдир. Сунъий интеллект меҳнат билан боғлиқ оммавий муаммоларни келтириб чиқаради. Сабаби, роботлар ҳамма ишни биздан кўра яхшироқ бажара олишади. Илғор технологиялар ортидан қувиш натижасида, компаниялар сунъий интеллект ортидан келиб чиқадиган хавф-хатарни кўрмай қолишлари мумкин”.
Майкрософт раҳбари Билл Гейтс: “Бир неча ўн йилдан сўнг, роботлар ишнинг катта қисмини бажара бошлагач, Сунъий интеллект шу қадар кучайиб кетадики, якунда у бизни хавотирга сола бошлайди. Бу борада Илон Маскнинг фикрига қўшиламан. Аммо нега бу савол бошқаларни ташвишлантирмаётганига ҳеч тушунолмайман”.
Марк Сукерберг: “Янги технологиялар ҳар доим ҳам яхшилик ёки ёмонлик қилиш мақсадида яратилиши мумкин. Сунъий интеллектнинг кенг тарқалиши ортидан келадиган ижобий натижани эса, яқин 5-10 йил ичида кўрамиз”.

Сунъий интеллектнинг ҳаётдаги ўрни кундан-кунга чуқурлашиб бормоқда. Улар инсониятнинг ютуғими ёки мағлубияти, деган савол устидаги баҳслар ҳали узоқ давом этади. Семинарда Сунъий интеллект маҳсули бўлган роботларни ишлаб чиқаришда одамларга зарар етказмаслик шиор қилиб олиш кераклиги таъкидланди.

Семинар сўнгида ўқитувчи ва талабалар томонидан берилган саволларга жавоб берилди.

ТИИ матбуот хизмати

182960cookie-checkФикрлайдиган машиналар, онгли роботлар фойдалими ёки хавфлими?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: