Тўрт фиқҳий мазҳабнинг аҳамияти ва бирор муайян мазҳабга эргашиш
2020 йил 20 ноябрь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Ноябрь ойи – фиқҳ, илмул фароиз ва усулул фиқҳ фанлари ойлиги” муносабати билан институт ўқитувчилари ва талабалари ҳамда ЎзХИА ўқитувчилари ва талабалари билан Булғор ислом академияси катта устози доктор Шайх Сайф ал-Асрий иштирокида “Тўрт фиқҳий мазҳабнинг аҳамияти ва бирор муайян маҳабга эргашиш” мавзуида илмий семинар бўлиб ўтди. Конференцияга ЎзХИА “Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш ISESCO” кафедраси мудири доктор (PhD) Ҳайдаров Миродил Мирвахидович модераторлик қилди.
Суҳбатни доктор Миродил Мирвахидович бошлаб бердилар. У киши аввало йиғилганларга ҳурматли Шайх Сайф ал-Асрий ҳақида қуйидаги қисқача маълумотларни бериб ўтдилар:
Шайх Сайф ибн Али ал-Асрий 1975 йилда Йаманнинг Ҳаж вилоятида таваллуд топган. Тўрт ёшида оиласи билан Саудия Арабистонига кўчиб кетган ва у ерда тўққиз йил яшаган. Дастлабки илмларни шу ерда олган, Қуръони каримни ёдлаган. Кейин оиласи билан Яманнинг Санъо шаҳрига кўчиб ўтган. Бу ерда шофеий мазҳаби олими доктор Ҳасан Ахдал қўлида таълим олган. Сўнг, Шайх Абдулмажид Зиндоний раҳбарлик қиладиган “Имон” университетига ўқишга кирган. 2000 йилда университетни бакалавр босқичини тамомлаб, Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида магистратурани давом эттирган. 2001-2007 йиллар давомида Қатар фатво қўмитасида фаолият олиб борган. 2007 йилданҳозирга қадар Бирлашган Араб Амирликларининг фатво қўмитасида фаолият олиб боради. Шунингдек, Булғор ислом академиясида турли исломий фанлардан дарс бериб келмоқда. Шайх Сайф ибн Али ал-Асрий Шайх Содиқ ал-Ироқий, Шайх Мустафо Банжавий, Шайх Солиҳ Асмирий каби улуғ устозларда таълим олди. Аҳли сунна вал жамоа ақидасини турли ботил ақидалардан ҳимоя қилиб “Алқовлут там би исбатит тафвизи мазҳабаа лис салафил киром”, “Ал-Ашаъиро вал-Матрудия ҳум саводул аъзам” номли жуда фойдали асарлар ёзган.
Шайх Сайф ибн Али ал-Асрий:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ислом динида мазҳаб масаласи бундан ўн уч аср аввал қандай муҳим деб топилган бўлса, бугун ҳам, кейинчалик ҳам худди шундай долзарб ва зарурлигича қолаверади.
Маълумки, ҳар бир мўмин-мусулмон инсоннинг ўз динига амал қилишидан асосий мақсади Аллоҳ таолога бўйсуниш ва итоат этишдир. Бўйсуниш эса унинг буйруқларига итоат этиш ва у қайтарган нарсалардан қайтиш ила бўлади. Аллоҳ таоло ўз буйруқ ва қайтариқларини Қуръони карим ва Пайғамбаримиз ҳадис шарифларда баён қилган. Шунинг учун ҳам мусулмон киши амал қиладиган барча ҳукмларнинг асоси, яъни далили мана шу икки нарса ҳисобланади. Лекин ҳар қайси инсон Қуръони карим ва ҳадиси шариф ҳукмларини тўлиқ ва тўғри тушуниб амал қила олмайди. Шу сабабдан ҳукмларга тўғри ва тўлиқ амал қилиши учун, бу далилларни мукаммал тушуниб, ундан ҳукм олишга қодир инсондан сўрашга мажбур бўлади, эҳтиёжи тушади. Бунга Аллоҳ таолонинг ўзи ҳам буюрган. Қуръони каримнинг ушбу оятида шундай марҳамат қилинади:
فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِن كُنتُمْ لَا تَعْلَمُونَ
яъни: “Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўрангиз” (Наҳл сураси 43-оят).
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло бандаларига ўзлари билмаган масалаларнинг жавобини зикр аҳли ҳисобланган уламолардан сўрашга буюрмоқда. Мусулмонлар бу оятга Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва салам замонларидан бери амал қилиб келишмоқда. Асри саодат даврида саҳобалар бир масаланинг жавобини билмасалар, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларидан сўраганлар. У зотдан сўнг эса инсонлар ўзлари муҳтож бўлган масалаларида уламолардан фатво сўраб, унга амал қилиб келганлар. Модомики, инсонлар фатво сўрайдиган муфтийнинг илми ва тақвоси кучли бўлар экан, унинг айтган гапига ҳужжат талаб қилмасдан амал қилиб келганлар. Мана шу истилоҳдаги тақлиднинг айни ўзи ҳисобланади. Зероки, тақлидга “бошқа бировнинг гапига далилини билмасдан ёки талаб қилмасдан эргашиш” деб таъриф беришган.
Дастлабки ҳижрий асрларда кўплаб авом инсонлар ўзлари ишонган, унинг фатвосини бошқанинг фатвосидан устун қўйган кишиларига мурожаат қилган. Бир пайтнинг ўзида бир кишининг берган фатвоси билан чекланмасдан, хоҳлаган кишидан масала сўрайдиганлар ҳам бўлган. Бунга ўша пайтда мазҳаблар ўзига хос, ҳозиргидек услубда тартибланмагани сабаб бўлган. Лекин улар бу ишларидан фақат динни тушуниб, унга амал қилишни исташган, холос.
Кейинчалик тўрт мазҳаб ўзига хос кўринишда тузилиб, ҳар бир мазҳабнинг китоблари ёзилиб, мадрасалар уларни ўрганиш билан чекланган пайтда бу мазҳабларнинг сўзлари инсонлар ўртасида машҳур ва маъруф бўлди. Барча мазҳаббошилар ўз мазҳабларини Қуръон ва ҳадисдаги далиллар асосида барпо қилдилар. Улар ҳукмларни чиқариб олиш йўлларини араб тили нуқтаи назаридан, ҳукмларни баён қилиш услуби нуқтаи назаридан маълум қоида шаклида тартибладилар. Яъни улар ўз мазҳабларини Қуръони карим ва ҳадиси шариф асосига кўра тартибладилар. Энди бу пайтга келиб, ўзи шу ишга қодир бўлмаган, яъни шариат асосларидан ҳукм олишга қудрати етмайдиган, бунга етарлича илми бўлмаган ҳар бир мусулмон шу тўрт мазҳабдан бирига эргашиши вожиб бўлади.
Имом Аҳмад айтадилар: “Ким динда тақлид (эргашиш) йўқ деса, Аллоҳ ваУнинг Расули олдида фосиқдир. Бу билан у сунна ва салафи солиҳлар қарашларини рад қилади”.
Мужтаҳид Абдуллоҳ ибн Ваҳб айтади: “Мен 360 та уламони учратдим. Агар Имом Молик ва Имом Лайс бўлмаганида уларнинг илмларида адашиб кетардим”. Бу билан ибн Ваҳб, ҳадисларни тушуниш ва уларни танлашда Имом Молик тушунча бермаса эди, адашиб кетар эканман, деб айтмоқчи бўлган.
Имом Таҳовий, Ибн Сурайж, Қудурий, Сарахсий, Жувайний, Ғаззолий, Нававий ва кўплаб мужтаҳид уламолар тўрт мазҳабдан бирига эргашган. Ваҳоланки, уларнинг илмлари денгиз бўлиб, бугунги кунда барча мусулмонлар уларнинг илмларидан фойдаланиб келмоқдалар”.
Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий “Ҳужжатуллоҳил болиға” асарида шундай ёзади: “Албатта, ушбу девон тузилиб, таҳрир қилинган тўрт мазҳабга эргашиш жоиз эканига уммат ёки унинг эътимод қилинадиганлари шу кунгача ижмо қилиб келишмоқда. Албатта, бунинг фойдаси очиқ-ойдиндир. Хусусан, ҳимматларимиз сустлашган, нафслар ҳавога берилган ва ҳар бир раъй эгаси ўз раъйига маҳлиё бўлган ушбу кунларимизда. Ибн Ҳазмнинг “Тақлид ҳаром” деган гапи хатодир”.
Самҳудий “Иқдул фарид фий аҳкомит тақлид” китобида шундай дейди:
“Билгинки, ушбу тўрт мазҳабни ушлашда ката масолиҳил мурсала бор. Улардан юз ўгиришда эса ката фасод – бузуқликлар бор. Биз сенга бунинг бир неча жиҳатларини баён қиламиз:
Биринчидан, уммат шариатни танишда ўтган олимларга суянишга ижмо қилиб келганлар. Демак, тобеинлар саҳобаларга суянганлар, табаа тобеинлар эса тобеъинларга суянганлар. Шунингдек, ҳар бир табақадаги олимлар ўзларидан олдингиларга суянганлар. Қабул қилиш мана шу ишнинг яхши эканига далолат қилади. Агар ўтган олимларнинг гапларига суяниш аниқ бўлса, уларнинг суянилаётган гаплари саҳиҳ иснод билан ривоят қилинган бўлмоғи лозим ёки машҳур китобларда битилган бўлмоғи керак. Ушбу тўртта мазҳабдан бошқа ҳеч бир мазҳаб бу хилда эмас.
Иккинчидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар: “Ўзингизга ката жамоани – саводи аъзамни лозим тутинг!»
Ҳақ мазҳаблардан фақат мана шу тўрттаси қолган экан, демак, уларга эргашиш саводи аъзамга эргашиш демакдир”.
Яна “Инсоф фий баяни сабабил ихтилоф” асарида шундай дейилган: “Одамлар аввалги ва иккинчи юз йилликларда муайян мазҳабга тақлид қилишда жамланмаган эдилар. Иккинчи юз йилликдан сўнг одамларда мазҳаблашув юз берди. Муайян мужтаҳиднинг мазҳабига суянмайдиган кимсалар жуда оз эди. Бу нарса ушбу даврда вожиб бўлганди”.
Шайх Хатиб Бағдодий эса, шундай ёзган: “Шариат аҳкомлари иккига бўлинади: биринчиси, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган диний таълимот экани бир қарашда маълум бўлган беш вақт намоз, закот, Рамазон ойи рўзаси, ҳажнинг фарзлиги ёки зино, маст қилувчи нарсаларни ичиш ва бошқа амалларнинг ҳаромлиги каби. Буларда тақлид қилиш жоиз эмас, чунки бу масалаларни ҳар бир киши билиб, идрок этади. Уларда тақлид қилишнинг бирор маъниси йўқ. Иккинчиси, фақат ўрганиш ва муҳокама қилиш орқали билиш мумкин бўлган нарсалар ҳисобланади. Масалан, ибодат, муомалот, никоҳ ва бошқа ҳукмларнинг фаръий мсалалари. Бундай масалаларда, Аллоҳнинг: “Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўранг” деган сўзига биноан тақлид қилишга рухсат бор. Агар дин соҳасидаги масалаларда тақлид қилишни ман қилсак, унда ҳар бир киши уларни тўғридан-тўғри ўрганиши керак бўлиб қолади. У вожиб қилинса, бошқа соҳалар издан чиқади. Натижада, деҳқончилик ва чорвачиликка зарар етади”.
Уламоларимиз фиқҳий мазҳабларга амал қилиш айниқса бугунги кунда янада аҳамиятли эканини таъкидламоқдалар. Чунки фиқҳий мазҳабга амал қилиш ҳозирда мавжуд турли ихтилофлар ва келишмовчиликларнинг олдини олиб, ҳамма ўз мазҳабига амал қилган ҳолда, ўзга мазҳабларни ҳам ҳурмат қилишига сабаб бўлади.
Бугунги кунда ихтилофлар асосан мазҳабни тан олмасликдан келиб чиқмоқда. Мазҳабни инкор қилувчиларнинг гап-сўзлари ва тасарруфлари кўпчиликни норози қилмоқда. Кези келганда, мусулмонлар жамиятининг доимо фиқҳга эҳтиёжи борлигини яна бир бор таъкидламоқчимиз. Ҳар бир мусулмон ибодатларини шариат қонунлари асосида олиб бориши, муаммоларини ҳам шариат қонунлари асосида ҳал қилиши лозим. Бу қонунларни ўргатиш учун эса фиқҳ керак. Аввалги уламоларимиз қолдириб кетган улкан фиқҳий меросдан самарали фойдаланишимизнинг ўзи етмайди.
Чунки ҳаёт ўзгариб туради. Шу туфайли янгидан-янги масалалар ҳам пайдо бўлиб бораверади. Бу масалаларга тўғри жавоб топишда эса фиқҳ керак бўлади.
Анжуман сўнгида семинарни ўтказишда яқиндан ёрдам берган доктор М.Ҳайдаровга ТИИ ректори У.Ғафуров ташаккурнома топширди ва келгусидаги илмий фаолият доирасида ўзаро ҳамкорлик давом этишини таъкидладилар.
Тошкент ислом институти “Ақоид ва фиқҳий фанлар”
кафедраси ўқитувчиси Мурод Умарходжаев