islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Зигмунд Фрейднинг диний қарашлари

Кўп тортишувларга сабаб бўлган ва ўта шубҳали руҳий таҳлил назариясининг муаллифи саналган Зигмунд Фрейдга бағишланган илмий семинар мавзуси “Зигмунд Фрейднинг диний қарашлари” деб номланди. Ижтимоий фанлар кафедраси томонидан ташкил этилган навбатдаги онлайн анжуманда кафедра катта ўқитувчиси психология фанлари номзоди Х.Алимов маърузачи сифатида иштирок этди.

З.Фрейд ўзининг психоаналитик назарияси билан дин психологиясида янги концепция яратди. Диннинг пайдо бўлиш сабаблари ва моҳияти тўғрисидаги масалалар Фрейдни доимо қизиқтириб келган. У ўзининг бир қанча китобларида, масалан, “Тотем ва табу”, “Мусо ва монотеизм”, “Бир иллюзиянинг келажаги” асарларида дин масаласини кўтаради ҳамда бу масалага материалистик ва атеистик нуқтаи назардан туриб ёндашади.

Зигмунд Фрейднинг диний қарашлари

Зигмунд Фрейднинг диний қарашлари соф атеистик асосга қурилган. Унинг ўзи бу ҳақда шундай деган эди: ”Агар мен дин масаласидаги қарашларимни бундан анча илгари, масалан, инкивизиция даврларида айтганимда эди, инкивизиторлар мени тириклай гулханга ташлаган бўлишар эди”.

Чунки унинг диний қарашларида илоҳиёт масаласига материалистик нуқтаи назардан туриб ёндашилган. Фрейднинг қуйидаги гапи унинг динга муносабати яққол кўзга ташланади: “Дин инсоннинг болалик давридаги ва инсониятнинг илк даврларидаги иродасизлиги ва қўрқувидан пайдо бўлади”.

Фрейднинг диний қарашларини учта даврга бўлиб ўрганиш мумкин. У ҳар бир даврда динга нисбатан турли хил қарашларни баён этади.

Биринчи давр

Биринчи даврда Фрейд томонидан дин болада отанинг ўрнига Худо тасаввурининг пайдо бўлиши сифатида талқин қилинади. Эмишки, бола учун ота мукаммаллик тимсоли, чексиз куч-қудрат рамзи ҳисобланади. Бола катта бўла бошлар экан, отасининг ҳам камчиликларини, унинг ҳам имконияти чегараланганлигини, ожиз бир инсон эканлигини англаб боради. Кейин унда мукаммал, ҳар нарсага қодир, камчиликлардан ҳоли зотга нисбатан эҳтиёж пайдо бўлади. Болада Ота Худо образини яратади ва энди у ўшанга эътиқод қилади.

Иккинчи давр

Иккинчи даврда Фрейд динни сублимация (кўчириб ўтказиш) сифатида тушунтиришга ҳаракат қилади. Диндаги ибодат, тавба-тазарру, дуолар аслида сублимация, яъни инсон дин ёрдамида ва тасаввурда пайдо бўлган Худо образининг ёрдам беришига ишонган ҳолда ўзидаги асабий ҳолатдан қутилар эмиш.

Учинчи давр

Фрейд ўзининг “Бир иллюзиянинг келажаги” асарида динни миядан кетмайдиган ҳолатларнинг (навязчивые состояния) жамоавий неврози деб уқтиради. Бу ҳолатни тиббиётда бундай тушунтиришади: миядан кетмайдиган неврозда беморда ўта сержаҳиллик, ўта чарчаганлик, ҳаддан ошиқ уйқусизлик, иш қобилиятининг сусайиши ҳолатлари кузатилади.

Касалликнинг миясида ўрнашиб қолган ҳолатлар уч хил кўринишда бўлади: а) фикрлар кўринишида: беморнинг миясига бирорта фикр келади-ю, умуман ундан қутила олмайди (Одамнинг миясида Худо образи туриб қолади ва у муттасил ҳолда фақат шу ҳақда ўйлайди, четдан келадиган турли туман фикрларни ҳам фақат мана шу образ призмасидан ўтказади); б) ҳаракатлар кўринишида: бемор маълум бир ҳаракатни тўхтовсиз амалга ошираверади (мас., бетўхтов қўлини ювади, сочини кесади ва ҳ. Одам қандайдир стереотип ва маънисиз ҳаракатларни мажбуран такрорлайди. Ибодатлар ва турли хил ритуаллар шулар жумласига киради); в) ваҳима кўринишида: бемор доимо қандайдир ваҳима билан яшайди (мас., уни ўлдириб қўядигандек бўлаверади. Ёки одам Худонинг олдида қачондир ҳисоб-китоб қилиниши ваҳимаси билан яшайди). Фрейднинг фикрига кўра, дин – бу инсоннинг миясида кетмайдиган бўлиб қотиб қолган фикр кўринишидаги невроздир.

Фрейд илгари сурган назариянинг деярли барча фундаментал постулатлари (исботсиз қабул қилинадиган қоидаларини) Карл Ясперс, Эрих Фромм, Алберт Эллис, Карл Краус каби жуда кўп бошқа атоқли олим ва ёзувчилар қаттиқ танқид қилган. Фрейд назарияларининг эмпирик асосларини Фредерик Крюс ва Адолф Грюнбаум “адекват эмас”, деб айтганлар. Питер Медавар эса, унинг психоанализини “қаллоблик” дея атаган. Карл Поппер эса, Фрейд назариясини ғайри илмий деган.

Э.Фромм фрейдизм ҳақида

Э.Фромм ўзининг “Психоанализ ва дин” деган китобида шундай деб ёзади: “Фрейд диннинг иллюзия эканлигини исботи билан чегараланмайди. У динни хавфли, деб айтади. Чунки дин аҳмоқона инсоний қоидаларни ёритади.  Дин ўз тарихи давомида улар билан боғлиқ бўлади; тағин одамларни иллюзияга ишонишга ўргатади ва танқидий тафаккурга тақиқни жорий эта туриб, дин ақлий қобилиятларнинг қашшоқлашуви учун жавобгардир. …Фрейднинг учинчи эътирози шундаки, дин ахлоқ учун ўта ғазабланадиган асосдир. Агар ахлоқий нормаларнинг тўғрилиги илоҳий амр билан белгиланадиган бўлса, унда ахлоқнинг келажаги ўзининг мавжудлиги бўйича Худога эътиқод қилишга боғлиқ бўлиб қолади. Чунки, Фрейд бўйича, диний эътиқод йўқолиш чегарасида турибди. Дин билан ахлоқ иттифоқининг давом этиши бизнинг ахлоқий қадриятларимизнинг ҳалокатига олиб боради. Дин, Фрейд бўйича, айнан идеаллар ва қадриятларга хавф солади”.

Мавзуга доир:

Фрейдизм ва дин (З.Фрейднинг диний-психологик қарашлари)

С.Жимбинов психоанализ ҳақида

С.Жимбинов: “Психоанализ – ярим бадиий, ярим илмий таълимот. Шахснинг асоси ҳисобланган илк болалик, унитилган кечинмалар ва аламлар, ушалмаган орзулар – буларнинг ичида қанчалар шеърият ва донишмандлик бўлиши мумкин эди! Бироқ Фрейднинг қовоқ уйган материализми ва хира атеизми унинг мифологиясини бузуқ ва чўлоқ қилиб қўйди”.

С.Жимбинов:”Диндор одамнинг ибодати, тавба-тазарруси ва дуолари психоаналитик шахсини мутлақо кераксиз, ҳатто зарарли қилиб қўяди. Бироқ XX асрнинг худосизлашган дунёсида врач-психоаналитик ўзига ишониб руҳонийнинг ҳеч бўлмаганда бир бўлак вазифасини ўз зиммасига олди. Психоанализ – тавба-тазаррунинг атеистик пародиясидир”.

Психоанализ инсоннинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатадиган, нафснинг истакларига, майлларига қарши борадиган ҳар қандай нарсани, жумладан маданиятни, динни инкор қилади. Маданият ва дин инсон майлларига тўсиқ бўлиб, унинг қондирилиш йўлларига тўғон уради ва инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатади, деган ғоя илгари сурилади.

Фрейдизм ҳалокати ва иймоннинг тан олиниши

Аввалига Фрейд назариясининг бутунлай илмий яроқсиз экани маълум бўлди. Бундан ташқари, Фрейд ва бошқа психология назариётчиларининг қарашларидан фарқли равишда психологлар инсонни ақли соғлом ва мукаммал бўлиши пойдеворида иймон асосий тош, деган хулосага келдилар. Америкалик ёзувчи Патрик Глинн психологларнинг хулосасини қуйидагича ифодалаган:

ХХ асрнинг сўнгги чорагида Фрейд тарафидан илгари сурилган психоаналитик қарашга нисбатан муросасиз бўлди. Фрейднинг иймон ҳақида айтганларининг ҳаммаси мутлоқ равишда янглиш бўлиб чиққани диққатга энг сазавор бўлганидир. Сўнгги 25 йил ичида психология соҳасида ўтказилган илмий тадқиқотлар, Худога бўлган иймон нафақат Фрейд ва унинг ҳамфкирлари айтмоқчи невроз тури, балки аксинча, иймон инсон бахти ва саломатлиги учун ақлий ва жисмоний монандлигининг унсуридир. Кетма-кет олиб борилган жуда кўп тадқиқотлар, диний ибодатларни адо қиладиган, худога ишонувчи одамнинг соғлом ҳатти-ҳаракатлари ва иймонсизликдаги одамларнинг ичкиликка ружъу қўйиши, нароктик моддаларига қарамлиги, ажралишлар ва ўзи жонига суиқасд қилиш, кофирлар орасидаги депрессиялар билан тўғридан-тўғри боғлиқлик борлигини очиб берди.

Патрика Глин сўзи билан хулоса қиладиган бўлсак “ХХ аср сўнггидаги замонавий психология, ўзи олдин айтганидек ҳаётдан дин ва иймонни “суриб” чиқариш ўрнига у билан танишиб, яқинлаша бошлади” ва “инсон саломатлиги борасида онг ости ва психологик жиҳатларига оид назарий ва амалий қуруқ секуляр қарашлар барбод бўлди”.

З.Фрейд ҳаёти ва оиласи

З.Фрейд Венада яшагани ва ижод қилгани ҳаммага маълум. Тўлиқ исми Сигизмунд Шломо Фрейддир. Бу ерда у университетни тамомлаб, тиббиёт фанидан доктор унвонига эга бўлган ва ўзининг назариясига жило берган.

Зигмунднинг отаси Якоб Фрейд иккинчи бор уйланганида қирқ ёшда, бўлғуси она – Амалия Натансон йигирмада эди. Уларнинг ҳар иккиси ҳам Германиядан чиққан яҳудийлар оиласидан бўлиб, Якоб Фрейд вофурушлик билан шуғулланар, оиланинг иқтисодий аҳволи бозордаги нарх-навонинг кўтарилиши ва пасайишига қараб ўзгариб турарди. Шунга кўра, Зигмунд уч ёшга тўлганида оила тирикчилик важидан аввал Лейпцигга, бир йилдан сўнг Венага кўчиб ўтишга мажбур бўлади.

Ота-онанинг ўқиш-ёзишга лаёқатли бу ўғилдан умидлари катта эди. Шунинг учун ҳам унинг таълим-тарбиясига алоҳида эътибор беришди. Натижада, Зигмунд 9 ёшидаёқ гимназияга ўқишга киради. Бу пайтда оиладаги фарзандлар 8 нафар бўлиб (уларнинг икки нафари аввалги никоҳдан эди), Зигмунднинг ўқиши учун барча шароитлар яратиб берилганди. У, айниқса, адабиёт ва фалсафага бошқача қизиқиш билан қарар, Шекспир, Кант, Гегель, Шопенгауэр, Ницше асарлари мутолааси билан “илм тиши” чиққанди. Ўспирин Фрейд немис тилини мукаммал билиши баробарида грек ва лотинчани ҳам ўрганган, француз, инглиз, испан, итальян тилларида эса бемалол гаплаша олган. Шу боис у 17 ёшида гимназияни муваффақиятли битиради ва 1873 йилда Вена университетининг тиббиёт факультетига ўқишга киради…

Фрейд ўзининг 83 йиллик умри давомида 24 жилдга жо бўлган асарлар яратди, у тиббиёт фанлари доктори, профессор бўлиш билан бирга, дунёнинг бир қанча нуфузли илмий жамиятлари, академиялари, ассоциацияларининг фахрий аъзоси этиб сайланганди.

Зигмунд Фрейд умрининг сўнгги ойларини Англияда ўтказади. У кўп тамаки истеъмол қилганидан ўпка саратонидан азият чеккан. Натижада 33 марта операцияни бошидан ўтказган. У ўзининг шифокори ва дўсти ҳисобланган Макс Шурдан ўша вақтда машҳур бўлган ғоя – эвтаназия (ўз ўлимига розилик бериш)ни амалга оширишда ёрдам сўрайди. У Фрейдга уч баробар кўпроқ морфин дозасини берган ва бўқоқ саратони касаллиги сабабли 83 ёшли Фрейд 1939 йили оламдан ўтади.

Х.Алимовнинг маърузасидан сўнг, семинарнинг савол-жавоб қисми қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлди.

Бугунги кун мутахассиси барча йўналишларда илмга эга бўлиши керак. Шунинг учун Тошкент ислом институтида ҳам кўплаб соҳаларга бағишланган мавзуларда илмий суҳбатлар ўтказилмоқда. Олий маъҳад ўқитувчилари кенг фикрли, дунёқараши илмий-маърифий нуқтаи назар жиҳатдан юқорилигини ҳисобга олган ҳолда, талабаларни ҳам ҳар томонлама билимли кадрлар қилиб етиштириш устувор вазифадир.

Дунёда турли қараш ва мафкурага эга инсонлар яшар экан, уларнинг ҳам назарияларини ўрганиш соҳа мутахассисларининг вазифасидир. Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳимаҳуллоҳ айтганларидек, обид, зоҳид, мурид-талаба барча нарсада Аллоҳнинг яратуви, қудрати, ҳикмати турганини билганда эди, ҳеч нарсадан ётсирамас эди.

ТИИ Матбуот хизмати

185160cookie-checkЗигмунд Фрейднинг диний қарашлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: