islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳаёти ва  илмий фаолияти

У зот  Тожуддин, Абулфазл, Абулаббос деган тахаллуслар билан номланган. Шайх Аҳмад Зарруқ раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “У зот шайх, имом, фақиҳ, олим ва орифлар таржимони Тожуддин Абулфазл Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абдулкарим ибн Абдирраҳман ибн Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Исо ибн Ҳусайн ибн Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ насаблари Жаззомий (яъни асли араблардан)  Моликий мазҳабида бўлган. Искандарияда яшаб Қурофада вафот этганлар. Шозилия тариқатининг муршиди ўз асрининг сараси, замонасининг ажойиб инсони, шариат ва тариқат илмининг имоми ва  Моликий ва Шофеъий мазҳабларининг муфтийси бўлган”[1].

Шайх ибн Аббод Рундий раҳматуллоҳи алайҳ “Ийқоз ал-ҳимам фи шарҳ ал- ҳикам” китобида қуйидагиларни ёзади: “Ибн Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳнинг насаблари Жаззомий бўлиб боболари Миср фатҳ қиллингандан кейин  Искандарияга кўчиб у ерни ватан тутишган. У зот ҳам Искандарияда таваллуд топган. Шунинг учун нисбатлари Искандарий, Искандароний ва Сакандарий шаклида келтирилган. Барча оила аъзолари шаръий илмларни тарқатиш билан машғул, зиёлилар бўлишган. Боболари Шайх Абу Муҳаммад Абдулкарим ибн Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ Искандарияда энг машҳур фақиҳлардан бўлган. Ибн Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ ҳам бобосига ўхшаб ёшлигидан шаръий илмлар билан шуғулланиб, фақиҳ бўлиб етишди. У зот доим ёшликларидан бобоси каби олим бўлишга интиларди. У зот ҳаётининг асосий қисми Искандарияда ўтиб, ўша асрнинг машҳур олимларидан тафсир, ҳадис, фиқҳ, усул, наҳв фанларидан дарс олган ва кўп йил мударрислик қилган. Қоҳирага кўчиб ўтиб шайх Абулаббос Мирсий раҳматуллоҳи алайҳга шогирд тушиб Шозилия тариқатига киради ва бир пайтнинг ўзида илмдан ажралмасдан ўз фаолиятини у ерда ҳам давом эттириб “Ал-Азҳар” жомеъасида ва “Мансурия” мадрасасида фиқҳ, ҳадис, тасаввуф ва бошқа илмлардан мударрислик қилган ва даъват, ваъзу иршод ишлари билан ҳам машғул бўлган ”.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ибн Атоуллоҳ раҳматуллоҳи  алайҳнинг ҳаётини уч босқичга бўлиб ўрганиш мумкин. Бу даврларнинг иккитаси Искандария шаҳрида, учинчи ва охирги давр Қоҳира шаҳрида  ўтганлар.

Биринчи давр; Ибн Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ  674 йилга қадар Искандарияда ўз замонасининг кўзга кўринган  олимларидан тафсир, ҳадис, фиқҳ, усул, наҳв, баён ва шу каби  диний илмларни ўрганадилар.

Иккинчи давр; Бу давр 674 йилдан бошланиб, Ибн Атоуллоҳ Абулаббос  Мирсий раҳматуллоҳи алайҳ билан танишадилар.  Искандариядан Қоҳирага кўчиб ўтадилар. Шу орада Шозилия тариқатида сўфий бўладилар. Лекин ана шу вақтларда ҳам диний илмларни таҳсил қилишдан тўхтаб қолмайдилар. Сўнгра бир қанча вақт дарс бериш билан машғул бўладилар.

Учинчи даврда эса Искандариядан Қоҳирага муқим яшаш учун батамом кўчиб ўтадилар. Бу йиллар у зотнинг етук фақиҳ, мукаммал тасаввуф олими даражасига етишган даври ҳисобланади.

Насабшунос олимлар Ибн Атоуллоҳ Сакандарий роҳимаҳуллоҳ вафоти ҳақида икки хил фикр билдирганлар. Жумҳур олимлар у кишини ҳижрий 709 йил Жумодулохир ойида  вафот этган дейишса, Шаъроний 707 ҳижрийда вафот этган, дейди. Жумҳур олимлар айтган фикр қувватли ҳисобланади.[2]

Ибн Ҳажар Асқалоний роҳимаҳуллоҳ Ибн Атоуллоҳ Сакандарий роҳимаҳуллоҳни каҳл ёшида вафот этганлигини таъкидлайди. “Ал-қомус ал-муҳит”да каҳл, ўттиз ёки ўттиз тўртдан эллик биргача бўлган ёшга айтилиши келтирилган. Демак, юқорида келтирилган маълумотлардан Ибн  Атоуллоҳ Сакандарий роҳимаҳуллоҳ ҳижрий 658 ва 679 йиллар орасида таваллуд топганлигини хулоса қилиш мумкин. У киши Абулаббос Мирсий ҳазратларининг 12 йил суҳбатида бўлганлиги ва ўз навбатида Абулаббос Мирсий раҳматуллоҳи алайҳ 686 ҳижрийда вафот этганлигини ҳисобга оладиган бўлсак, Ибн Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳнинг таваллуди 658 йилда бўлганлиги янада равшанлашади. Чунки Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ аввал диний илмларни олганларидан кейин тасаввуфга ўтганлар ва айни пайтда навқирон йигит бўлганлиги ҳам таъкидланган[3].

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ҳақида уламолар кўп мақтовли сўзларни айтишган.

Устозлари Шайх Абулаббос Мирсий қуддиса сирруҳ: “Сен келажакда буюк шаън соҳиби бўласан ва икки йўл: илми зоҳир ва илми ботиннинг имоми ва муфтийси бўласан”, деганлар”.

Имом Заҳабий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “У зот буюк мақом соҳиби, кўплаб фазилатлар эгаси ва сўзлари қалбларга таъсирли зот бўлган. У зот “Ал-Азҳар” жомеъасида ваъз айтарди, унинг суҳбатида минглаб инсонлар қатнашар эди”.

“Табақот аш-Шофиъийя ал-Кубро” китобининг соҳиби шайх Тожуддин Субкий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “У зот ориф, имом, кароматлар соҳиби ва тасаввуфнинг пешвоси бўлган ”.

Тожуддин Субкий раҳматуллоҳи алайҳнинг оталари шайх Тақийюддин Субкий раҳматуллоҳи алайҳ Ибн Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳнинг энг пешқадам шогирдларидан бири бўлган. У зотнинг имомлик даражасидаги кўплаб шогирдлари бўлган. Шунинг учун ҳам имом Суютий раҳматуллоҳи алайҳ: “У кишининг тариқати Қуръону суннатдан умуман четга чиқиш бўлмаган, соф исломий сунний тариқатдир. Ибн Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ фиқҳда ҳам кўп китоблар ёзган. Шулардан бири “مختصر تهذيب المدونة في الفقه للبرادعي” (“Мухтасару таҳзиб ул мудаввана фил фиқҳ лил Бародаъий”) номли китобидир” деган[4].
Ибн Фарҳун раҳматуллоҳи алайҳ “Дебож ал-Музҳаб” китобида айтади: “Аҳмад ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ Шозилия тариқатининг имоми, тариқат омонатини шайхи Абулаббос Мирсийдан олган, турли-хил фанларни ўзлаштирган олим эди. Тафсир, ҳадис, фиқҳ, усул, наҳв ва бошқа илмларда пешқадам бўлган. Кўплаб фойдали китоблар ёзган, таъсирли воиз бўлган, ваъз бобида чиройли назмлар ҳам ёзган. Ўз замонасининг ажойиб инсони бўлган”.

Аллома Доктор Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Ибн Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ  ислом шариатида порлаган  буюк олимлардан биридир. У киши инсонни ҳавойи нафсдан ҳимоя қиладиган шариат ҳақиқатига чўмиб, Аллоҳ таолони ҳузурида сиддиқлик, розилик ва таваккул мақомига етган олим бўлган. Шариат илмини “Ал-Азҳар” жомиасида таҳсил қилганлар. У кишини машҳур шогирдлари бўлиб, улар сирасига имом Тақиюддин  Субкий ва имом Қаррофийларни киритиш мумкин.

Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ  ваъз-иршод қиладиган бўлсалр у кишининг сўзлари қалбларни чўлғаб олар, нафсларга таьсири кучли бўлар эди. Ўша замонда яшаган ва  кейинги давр уломалари ҳам гарчи мазҳаблари ва юртлари турлича бўлишига қарамай юқорида айтилган гапларга иттифоқ қилишган”[5].

Аллома доктор Абулвафо Ғунаймий Тафтазоний; Ибн Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ ўзлари дарс берадиган “Мансурия” мадрасасида 709 ҳижрий сана Жумодул охир ойида вафот этгани ва Қурофия қабристонига дафн қилинганини таъкидлайди. У кишининг қабри Искандарияда ҳозир ҳам машҳур зиёратгоҳ бўлиб, у киши номидаги жомеъ масжид ҳам бор[6].

Тошкент ислом институти

Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси ўқитувчиси

Илҳомжон Ғофуров

[1] Абдул Ҳалим Маҳмуд. “Латоифул минан”. Дорул китабул мисрий. Қоҳира. 1990 йил. Б‑9.

[2] “Ал-ҳикам ал- атоия”. “Шарҳу ибн Аббод Рундий”. Қоҳира 1408 ҳ. 1988.м. Б‑14-15.

[3]  Абул Вафо  Ғунаймий Тафтазоний. “Ибн Атоуллоҳ Сакандарий ва тасаввуфуҳу”. Қоҳира 1389ҳ 1969м. Б‑17.

[4] Ибн Аббод Рундий. “Шарҳу ал-ҳикам ал-атоийя”. Қоҳира 1408 ҳ. 1988.м. Б‑18.

[5] Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий. “Ал-ҳикам ал-Атоия шарҳ ва таҳлил”. Сурия. Димашқ. 1424.ҳ. 2003.м. Ж-1. Б‑9.

[6] Абулвафо  Ғунаймий Тафтазоний. “Ибн Атоуллоҳ Сакандарий ва тасаввуфуҳу”. Қоҳира 1389ҳ 1969м. Б‑35.

218910cookie-checkИбн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳаёти ва  илмий фаолияти

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: