Бидъат сўзи луғатда “بدع” ўзагидан олинган бўлиб, “ўхшаши бўлмаган бир ишни қилмоқ, ижод қилмоқ” маъносида келади. Бу сўз келиб чиқишига кўра, “янгилик, кейин пайдо бўлмоқ, ўхшаши йўқ” каби бир-бирига жуда яқин маъноларни ифодалаши билан бирга, бошқа маъноларда ҳам ишлатилади[1]. Бу мавзуни кенгрок ёритиб бериш мақсадида бидъат сўзини қуйидаги маъноларини келтириб ўтиш ўринли бўлади:
– Бир нарсани ўхшашисиз қилмоқ (бажармоқ), ижод қилмоқ;
– Кудуқ қазимоқ ва очмоқ;
– Тенги йўқ;
– Ишни чиройли қилмоқ;
– Хасталик, чарчоқ, заифлик каби камчиликлар сабабли туяни йўлда қолиб кетиши;
– Кимнидир далили ҳукмсиз қолиши;
– Шоир тенги йўқ шеър ёзиши;
– Янгидан бир нарсани пайдо қилмоқ, бидъат чиқармоқ;
– Янги иш, воқеа, шижоат ва шарафда устун киши, янги урфдаги мода;
– Кейин пайдо бўлган иш.
Нарсаларни ўхшаши йўқ қилиб яратган Аллоҳнинг “ал-асмо ал-ҳусно”сидан бири البديع дир.
Шунингдек, мукаммал, етук (комил), янги тери тўрва, семиз киши деган маънолари ҳам мавжуд.
Азҳарий (ваф. 370/991 й.) бидъатга тамал маъно сифатида “янги бўлмоқ”, Кисоий (ваф. 190/805й) “хайр (яхши) ва шар (ёмон)га эга энг сўнгги нуқта” деган таърифларни берадилар.
Абу Саъид “أبدع” қолипида “ботил бўлмоқ” маъносининг ҳам мавжудлигини айтади. Масалан, фалончининг ҳужжати ботил бўлди, деган иборани ҳам борлигини келтиради[2].
Асмаий (ваф. 231/845 й.) эса “тўймоқ, семиз бўлмоқ” маъноси борлигини айтган, Ибн Арабий “керакли қилди, вожиб деб ҳисоблади” каби маъноларининг ҳам борлигини айтади[3]. “بدع” сўзи ва унинг бошқа маъноларда келган шакллари асосан “Мавжуд ҳолатдан ташқарида бўлмоқ” деган умумий маъноси атрофида бирлашади.
Бидъат сўзи луғатда “янгилик” маъносини билдириш билан бирга, атама сифатида унга турли фарқли таърифлар ҳам берилган. Бу таърифларни икки гуруҳга ажратиш мумкин:
- Кенг қамровли,
- Тор қамровли.
Кенг қамровли таърифга кўра бидъат, Пайғамбар (с.а.в) вафотларидан кейин пайдо бўлган барча нарсаларга айтилади[4].
Тор қамровли таърифга кўра эса, Пайғамбар (с.а.в) вафотларидан кейин пайдо бўлган ва динга доир қўшимча ва камчилик олиб келадиган барча нарса[5] тушунилади.
Ҳар икки таъриф таҳлил қилинса, “Пайғамбар (с.а.в)дан кейин пайдо бўлган” деган маъноларни ўз ичига олгани билан, уларни мазмунларида фарқ бор. Яъни, биринчи таърифга кўра, “барча нарса” кирса, иккинчи таърифда фақатгина “динга боғлиқ нарсалар” киради. Ҳар икки таърифда ҳам бидъат сўзининг маъносидаги “янгилик” кўпроқ салбий маъно касб этади. Бу ерда динга тааллуқли бўлмаган воқеа-ҳодисаларнинг динни бузиш хавфи борлиги назарда тутилади.
Бу ерда ёритилиши керак бўлган бошқа бир жиҳат, Пайғамбар (с.а.в) яшаган даврлари сўнгида бидъатлар ўртасида чегаранинг мавжуд бўлганидир. Кейинчалик бу чегара Пайғамбар (с.а.в)нинг бу мавзудаги ҳадисларини эътиборга олган ҳолда, улар далолат қилган маънога кўра, хулафои рошидин, саҳабаи киром ва тобеъинлар даврига қадар кенгайиб борган. Бу ихтилоф суннатнинг таърифи ва моҳияти хусусидаги ихтилоф таъсирида келиб чиққан. Чунки суннат ва бидъат луғавий ва истилоҳий маънода ҳам бир-бирига зид сўзлардир.
Бу сўзнинг Қуръони каримда ишлатилиши эса, Ҳадид сураси 27 оятида, “Сўнгра уларнинг изларидан кетма-кет пайғамбарларимизни юбордик ва Исо ибн Марямни ҳам (уларнинг) ортидан юбордик ва унга Инжил (китобини) ато этдик ҳамда унга эргашган кишиларнинг дилларида меҳрибонлик ва шафқат пайдо қилдик. Роҳибликни эса ўзлари чиқариб олдилар.биз уларга уни (роҳибликни) ёзганимиз йўқ, лекин улар ўзлари Аллоҳнинг ризолигини истаб (роҳиблик) қилидилар-у, сўнгра унга тўла риоя қила олмадилар..”[6], янгилик яратмоқ, тўқиб чиқармоқ маъносида аҳли китобларнинг руҳонийликни жорий қилганлари ҳақидаги хабарларда келади. Аҳқоф сураси 9 оятда, “(Эй, Муҳаммад!) Айтинг: “Мен пайғамбарларнинг янгиси (биринчи) эмасман. Мен (келажакда) на ўзимга ва на сизларга нима қилинишини билмасман. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинадиган нарсага эргашурман. Мен фақат аниқ огоҳлантирувчиман”, биринчи марта бўлмоқ, ўхшаши йўқлик маъносида Пайғамбар (с.а.в)нинг биринчи юборилган пайғамбар эмасликлари, улардан аввал ҳам пайғамбарлар юборилганлиги ҳақидаги хабар билан ишлатилган. Шунингдек, Бақара сураси 117 оятда, “(У) Еру осмонларнинг яратувчисидир. Бирор ишни қиладиган бўлса, (фақатгина унга) “Бўл!” деса, бас, у бўлади” ва Анъом сураси 101 оятда “(У) осмонлар ва Ернинг ихтирочисидир. Унинг ёри (жуфти) бўлмаган бўлса, қаёқдан унга фарзанд бўлсин?! Ҳамма нарсани яратди. У ҳамма нарсанинг билимдонидир” оятларида, яратмоқ маъноси тўртта жойда келган бўлиб, уларда Аллоҳнинг яратувчилиги ҳақида сўз боради[7]. Аммо шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, Қуръони каримда келаётган (бадаъа) қолипидаги маънолар истилоҳдаги мазмунга эга эмас. Уни фақатгина сўзнинг луғавий маъносида келганини эътироф этиш мумкин. Акс ҳолда кишилар наздида “Қуръони каримда ҳам бидъат атамаси қўлланилган экан”, деган мулоҳазалар уйғониши мумкин.
Ҳадисларда эса бу сўзнинг асл ва бошқа маъноларидан ташқари салбий маъноларда ҳам ишлатилади. Шунингдек, бидъат сўзи “муҳдас” сўзининг синоними сифатида ҳам келади. Бидъат сўзи билан бир маънода ишлатиладиган “муҳдас” сўзи ҳақида маълумот бериш ўринли бўлади. Муҳдас “ҳадаса” сўзидан олинган бўлиб, асл маъноси “бир нарсанинг янгидан пайдо бўлиши, илгари бўлмаган нарсанинг кашф қилиниши”[8] демакдир. Сўзнинг бошқа маънолари сифатида “Янги, ёши кичикларга киноя тарзида қўллаш, ижод қилмоқ, пайдо қилмоқ, воқеа, хабар, ҳадис, янги бир ҳолат, гаплашмоқ, маълумот бермоқ”[9], каби сўзлар келади. Умуман олганда, “илгари мавжуд бўлмаган бир нарсанинг янгидан пайдо бўлиши” маъносини англатади.
Шунингдек, атаманинг исломий илмлардаги талқини ҳам мавжуд бўлиб, улар қуйида келтирилади. Бидъат мавзуси, тушунчанинг маъносидаги қамрови туфайли, барча ислом соҳаларидан етарлича ўрин эгаллаган. Манбаларга назар ташланса, бидъат тушунчаси Пайғамбар (с.а.в) даврлари (бунга саҳоба, тобеъин, табаъа-тобеъин даврлари ҳам киритилади)дан кейинги даврларда пайдо бўлган бегона тушунчаларга қарши ҳимоя воситаси сифатида кўлланган[10]. Яъни, бидъат, Қуръон ва суннатга мос келмайдиган бир тушунча ёки амалнинг “номуносиб ва номақбул”лигини кўрсатувчи бир ўлчовдир. Шунинг учун Шотибий, бидъатга “дин деб қаралган йўл”, мазмунида таъриф беради. У ҳам бўлса динга мувофиқ келмаган нарсаларни динда бор деб қабул қилишдир[11].
Тошкент ислом институти битирувчиси
Нурмуҳаммедов Алишер,
“Ислом динида бидъатларга муносабат”
мавзусидаги битирув малакавий ишидан олинди
[1] Ибн Манзур. Лисон ал-араб. – Байрут: Дар ал-фикр, 1997. – С. 229-231.; Таҳонавий. Кашшоф истилаҳат ал-фунун. I-II, Истанбул, 1994. – С. 133. (Бундан кейин: Таҳонавий. Кашшоф); Зобидий. Тож ал-Арус. – Байрут. Дар ал-аҳяи ат-Турос, 1385. – С. 309.; Ибн Форис. Мўъжам мақойис ал-луға. – Қоҳира: Дар ал-мактаба, 1368. – С. 209-210.; Иззат Али Атиййа. Ал-Бидъа. – Байрут: Дар ал-кутуб илмия, 1982. – С. 157. (Бундан кейин: Атийя. Бидъа.).
[2] Çelik Ali. Kavram ve Mahiyet Olarak Sünnet ve Bid’at. – Istanbul. 1997. – S. 122. (Бундан кейин: Çelik Ali. Kavram ve Mahiyet Olarak Sünnet ve Bid’at)
[3] Ибн Манзур. Лисон ал-араб. – Байрут: Дар ал-фикр, 1997. – С. 229-231. (Бундан кейин: Ибн Манзур. Лисон ал-араб.)
[4] Изуддин Ибн Абдуссалом. Қаваъид ал-аҳком. – С. 172; Атийя. Бидъа. – С. 162.
[5] Атийя. Бидъа. – С. 162.
[6] Қуръони карим: маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва тафсир муаллифи: А. Мансур. / Таҳрир ҳайъати: У.Алимов, Р. Обидов ва бошқ. / Масъул муҳаррир: Абдуҳалимов Б. – Тошкент.: Тошкент ислом университети, 2007. – Б. 95.
[7] Çelik Ali. Kavram ve Mahiyet Olarak Sünnet ve Bid’at. – S. 122.
[8] Мавсуъат ал-фиқҳия. – С. 30.
[9] Ибн Ҳанбал. Муснад. – Байрут: Муассаса ар-рисала, 1420. – С. 120.
[10] Шотибий. Ал-Эътисом. – С. 132.
[11] Çelik Ali. Kavram ve Mahiyet Olarak Sünnet ve Bid’at. – S. 131-132.