Сўнгги йилларда тарих фанига бўлган катта эътибор, соҳа эгалари ижодий қарашларида ҳам киши билмас ўзгаришлар ясамоқда.
Илгари илмий жиҳатдан ўрганиш у ёқда турсин, ҳатто оммабоп бир нима ёзиш «эп кўрилмаган» йўналиш, мавзуларга қўл урила бошланди.
Ҳолбуки, улар бўйича изланишлар олиб бориш тақиқланганини биз билмаймиз. Балки мустамлака даврида мана шундай ёзилмас ва очиқ айтилмас кўрсатмалар бўлгандир, бироқ мустақиллик даврига келиб ҳам бу борада жиддий уринишлар бўлган эмас.
Бундай ҳолатнинг сабаби жуда ҳам оддий деб ўйлаймиз: бошқа соҳаларда бўлгани каби, умуман, ижтимоий фанлар, хусусан, унинг тарих йўналишида ҳалигача «совет мактаби» томонидан тортиб қўйилган чизиқлардан чиқиб кетилолгани йўқ…
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг илк кунларданоқ миллий мерос ва салоҳият – маънавият, маърифат, адабиёт, санъат, илм-фан, таълимга бўлган муносабатни тубдан ўзгартириш, уни замонавий тарзда давлат сиёсати даражасига кўтариш билан боғлиқ тинимсиз уринишлари, жамоатчилик, айниқса, давлат хизматчилари ва зиёлилар онгига узлуксиз сингдириб боришлари ўлароқ туғилган муҳит ўз меваларини бера бошлаганини сезмаслик мумкинмас. Жумладан, тарих фанида.
Тарихда шахсларнинг тенгсиз ўрни, катта-кичик масала, тармоқлардан тортиб бутун бир давлат ва юрт, минтақа ва халқлар, ҳатто кишилик тақдири-ю тараққиётига таъсирини ҳеч ким инкор этмаган ва этолмайди ҳам. Ушбу ҳақиқатни тасдиқловчи мисолларни қидириб узоққа боришнинг кераги йўқ, улар эл-юртимиз ўтмишида етарли топилади. Шу билан бирга, шу ҳақида сўз кетганда, биз асосан ўта йирик, кўпчиликка маълум ва машҳур сиймоларга урғу беришга одатланганмиз. Ваҳоланки унча-мунча кишининг қўлидан келмайдиган хизматларни қилиб қўйган, эътироф, ҳурмат ва ҳар бир авлод эсда тутиши, ибрат олишига лойиқ, бироқ тарихчи олимлар томонидан «юзага чиқарилмаган» аждодларимиз кўплаб топилади. Улардан бири Ялангтўш Баҳодирдир.
Ялангтўш Баҳодир шахсини жуда камчилик, ўшанда ҳам, Шердор ва Тиллакорий мадрасаларини қурдирган одам сифатида билади. Унинг обрўси, умуман миллатимиз ва давлатимиз тарихида тутган ўрни, аслида, анча кўламли ва залворлидир.
Ялангтўш Баҳодир 1576 йили туғилган. Унинг замондоши ва сўз кетаётган давр тарихи бўйича ўта қимматли асар — «Баҳр ал-асрор фи маноқиб ал-аҳёр» («Олийжаноб кишилар ботирлигига оид сирлар денгизи») муаллифи Маҳмуд ибн Валининг (XVII аср ўрталарида ўлган) ёзишича, амирнинг ўз оти Хатой Баҳодир бўлган. Ялангтўш эса унинг лақаби эди. Мазкур ишончли гувоҳлик амирнинг исмини, бизнингча, сифатланишини, гоҳ Низомиддин, гоҳ Абдулкарим тарзида талқин қилиниши билан боғлиқ турли баҳсларга ҳам ойдинлик киритади, деб ўйлаймиз.
Ялангтўш Баҳодирнинг Қўчқор баҳодир ва Муродқули Баҳодир исмли қариндошларига оид гувоҳликлар бўлгани ҳолда, отаси ва ўғли Бойбекда «баҳодир» унвонини учратмаймиз. Қолаверса, унинг отаси исми бўйича ҳам айрим англашилмовчиликлар бор. Ҳужжатларда унинг оти Бойхожа бўлгани аниқ ёзилган. Қозоқ халқ оғзаки ижоди намуналарида Жалантўс Сейитқул ўғли ҳам учрайди. Агар XVIII асрда яна бир Ялангтўш – Жалантўс Қулиқули (мақбараси Қарағанда шаҳридан жануби-шарқда жойлашган) яшагани инобатга олинса, ҳужжатлар ва достонлар ўртасида юзага келган бундай тушунмовчиликни осонгина ечиш мумкин, деб ўйлаймиз. Яъни гап Ялангтўш (қозоқчасига Жалантўс) исмли, турли замонларда яшаган бир неча тарихий шахс – Бойхожа, Сейитқул ва Қулиқули ўғиллари ҳақида кетмоқда. Масаланинг бу жиҳатига ўтган асрнинг йигирманчи йилларида яшаган қозоқ маърифатпарвари ва давлат арбоби Халил Дўстмуҳамедов ҳам эътибор қаратганини эслатиб ўтган бўлардик.
Нима бўлганда ҳам, бўлажак сиёсий ва ҳарбий арбоб дунёга келган палла — XVI асрнинг сўнгги чораги ўзбек давлати ўзининг темурийлар давридаги сиёсий қудратини тиклай бошлаган йилларга тўғри келганди.
Гап шундаки, ички қарама-қаршиликларни йўқотолмаган темурийларни енгиб, ўзбек давлати бошқарувига келган шайбонийлар янги ва ёш сиёсий куч сифатида кўтаринки кайфиятда иш тутганлари яхши маълум. Чунончи сулола асосчиси Муҳаммад Шайбонийхон (1500-1510) Турон ва Хуросонни бирлаштиришга, яъни темурий Султон Абу Саъид ўлимидан (1469) кейин аср сўнггигача Самарқанд ва Ҳиротда ҳукм сурган икки ҳокимиятчиликка чек қўйиб, камида Амир Темур давридан Самарқандга бўйсуниб келган меросий ерларни бирдан-бир пойтахт измига қайтарган. Ундан кейин юз берган сустлашишларга қарамай, Убайдуллахон (1533–1540) уринишлари билан ўзбек давлатининг Хуросонга бўлган ҳаққи амалда таъминлаб турилган. Бироқ кейинги – сиёсий майдонга Абдуллахон иккинчи чиққунга қадар йилларда яна қўшҳокимиятчилик «касали» қўзғалиб, энди Самарқанд ва Бухоронинг ўз хонлари бор эди. Бундай ҳолат маҳаллий бошбошдоқликни кучайтириб юбориши, ташқи кучлар иштаҳасини қўзғаши табиий эди ва шундай бўлган ҳам.
Ўз сиёсий юксалишини 1557 йили Бухорони қўлга киритишдан бошлаган Абдуллахон кейинги йилларда Самарқанд, Тошкент, Саврон, Ясси, Ўтрор, Сайрам, Фарғона, Бадахшон, Кўлоб, Хоразм, Хуросон, Кошғарни бўйсундириб, ҳозирги Ўрта Осиё, жанубий Қозоғистон, ғарбий Хитой, Афғонистон, шимоли-шарқий Эрондан иборат улкан ҳудудни давлатимизнинг ўша пайтлардаги пойтахти Бухоро атрофида бирлаштиролган.
Шу маънода, унинг сиёсий интилишлари ва хатти-ҳаракатларида Амир Темурга нисбатан катта ҳурмат ва Соҳибқирондек шуҳрат қозониш иззат-нафси кучли бўлганини илғамаслик мумкин эмас. Масалан, 1578 йили Ўтрор, Сиғноқ, Саврон ва Туркистон шаҳарларини бўйсундирган Абдуллахон Соҳибқирон Аҳмад Яссавийга атаб қурдирган мақбарани зиёрат қилиш асносида уч юзта қўй сўйдириб, Амир Темур ясаттирган улкан қозонда овқат пиширтирган ва етим-есир, оч-наҳорларга улашган, марҳумнинг руҳига бағишлаб дуолар ўқилган.
1582 йили Дашти қипчоққа ҳарбий юриш уюштирганида эса, ҳозирги Қозоғистоннинг Қарағанда вилояти Улуғтоғ тумани ҳудудида жойлашган Улуғтоққача етиб борган. Яъни Амир Темур Тўхтамишхонга қарши лашкар тортган 1391 йилнинг апрель ойи охирларида йўл-йўлакай қароргоҳ қурган тоғлик олдидан чиққан ва у ердаги Олтинчўққида Соҳибқирон буйруғига кўра катта ҳарсангтошга битилган мана бу сўзларни ўқиган “Тарих етти юз тўқсон учинда, қўй йили ёз (кўклам) ойи ораси Туроннинг султони Темурбек уч юз минг черик билан ислом учун Булғор хони Тўхтамишхонга қарши юрди. Бу ерга етиб, белги бўлсин деб бу тепани қурди. Тангри нусрат бергай, инша Аллоҳ. Тангри эл кишига раҳмат қилғай, бизни дуо била ёд қилғай”.
Марҳум хотирасига ҳурмат бажо келтирган Абдуллахон унинг қаршисида худди шунга ўхшаш тепаликдаги тошга «Кимки бу манзилга қадам қўйса, хайрли дуо ила бизни ёд айласин» сўзларини ўйдириб ёздирган.
Умуман олганда, Абдуллахон Дашти қипчоққа, хусусан, Сибир, Қозоқ хонликларига нисбатан анча ғайратли сиёсат юритгани маълум. Чунончи 1563 йили шайбоний Кучумхонга лашкар бериб, уни Сибир хонлигида ҳокимиятга келишида қўллаб-қувватлаб, изчил сиёсий-иқтисодий ва диний алоқаларни йўлга қўйгани маълум. Шунингдек, тарихий манбаларда қозоқ хонлари Шиғай (1580 – 1582) ва Тўкал (1582 – 1598) ўзбек ҳукмдорига бўйин эгиб, унга хизмат қилганларига оид гувоҳликлар бор.
Демак, Ялангтўш Баҳодирнинг болалик ва ёшлик кезлари мана шундай, катта ва муҳим тарихий воқеаларга бой босқичга тўғри келган ҳамда мазкур омил унинг дунёқараши, феъл-атворига таъсир ўтказиши турган гап эди. Қолаверса, Туркистоннинг Бухоро, Самарқанд, Хива, Шаҳрисабз, Қарши, Термиз, Тошкент, Қўқон, Андижон сингари ўнлаб катта-кичик шаҳарлари, яъни ўтроқ маданий муҳит талабларига мос равишда аввал мактаб, сўнг мадрасада дунёвий ва диний билимларни пишиқ эгаллаган. Ҳарбий санъат сирларини ўрганган, жисмонан чиниқиб, турли қурол-яроқлардан фойдаланиш, лашкарни бошқариш бўйича маҳоратини оширганига оид гувоҳликлар ҳам йўқ эмас.
Ўзига тўқ ва ўзига яраша мавқега эга оила вакили экани ҳамда тилга олинган сифатдаги таълим-тарбия вақти соати келиб Ялангтўш Баҳодирга асқатиши турган гап эди. Абдуллахоннинг 1598 йили юз берган ўлимидан кўп ҳам ўтмай шайбонийлар сулоласининг бир асрлик фаолияти ҳам якун топади. Ўзбек давлати бошқарувига аштархонийлар келадилар. Ялангтўш Баҳодирнинг келгуси бир умрлик кечмишлари ҳам айнан мазкур сулола билан боғлиқдир.
Расмий хизматни Хуросонда фаолият юритаётган аштархоний Динмуҳаммадхон (1599 йили ўлган) қўлида бошлаган Ялангтўш Баҳодир ўзининг ботирлиги ва садоқати туфайли янги сиёсий хонадоннинг ишончини қозона бошлаган. Шунинг учун ҳам, кейинги аштархонийлар Боқи Муҳаммадхон (1601-1605) ва Вали Муҳаммадхон (1605-1611) ҳам уни кўздан қочирмаганлар. Бироқ амирнинг юксалиши 1606 йилдан Динмуҳаммадхон ўғли, Балх вилояти ҳокими Надр Муҳаммадга хизмат қила бошлаши билан боғлиқдир. Айнан мазкур аштархоний султон уни оталиқ лавозимига лойиқ кўрган, унга ҳозирги Афғонистон ҳудудидаги қатор ер-сувларни тортиқ қилган.
Ялангтўш Баҳодирнинг янада кенгроқ миқёс – мамлакат сиёсий турмушида танилиши, борган сари ўз мавқейини ошириб боришида 1611 йилдан бошлаб ўттиз йил ўзбек давлатини бошқарган Имомқулихоннинг (1611-1642) хизмати катта бўлган. Адолатли, ақлли ва ботир хон сифатида каттаю кичик орасида донғи кетган Имомқулихон даври аштархонийлар сулоласи ҳукмронлиги йилларидаги энг ривожланган ва кучайган босқич саналади.
Давлат бошқарувини қўлга олишига ҳисса қўшгани, садоқатли ва намунали хизматларини эътиборга олган Имомқулихон 1712 йили Ялангтўш Баҳодирни Самарқанд вилояти ҳокими этиб тайинлайди. Умумҳисобда у қирқ йил – 1612-1632, 1633-1642 ва 1645-1656 йилларда Самарқандни бошқарган. Шунингдек, орада ҳозирги Афғонистон марказий ҳудудига тўғри келадиган тарихий Каҳмерд вилояти ҳокими ҳам бўлган.
Мамлакат ҳудудининг дахлсизлигини таъминлаш йўлида Ялангтўш Баҳодир шимолда даштиқипчоқлик кучлар — Есимхон, Турсун султон ва Абулай султон, жанубда Хуросон учун эронлик сафавийларга қарши курашларда жонбозлик ва ботирлик кўрсатгани маълум. Шу билан бирга, ўзбек давлати томонидан қозоқ хони Жаҳонгирга ёрдамга юборилган Ялангтўш Баҳодир ва Абдураҳмон девонбеги бошчилигидаги қўшин 1643 йили ҳозирги Қозоғистоннинг жануби-шарқидаги Ўрбулоқда юз берган ҳал қилувчи урушда қалмоқларнинг эллик минглик лашкарини енггани ҳам маълум.
Ялангтўш Баҳодир ўз даврининг энг бадавлат кишиларидан бири эди. Ишончли манбаларда ёзилишча, бойлик бўйича ундан фақат олий ҳукмдор устун турган, холос. Унинг Самарқанд, Кеш вилоятлари, ҳозирги Афғонистонда кўпдан-кўп экин майдонлари, чорва яйловлари бўлган. Ялангтўш Баҳодирнинг сиёсий, ҳарбий, иқтисодий қудрати, ҳомийлиги кўламининг овозаси юрт ташқарисида ҳам тарқалган эди. Тескари ҳолда, ҳар йили Ҳиндистон саркорлари, Қандаҳор, Хуросон вилоятлари ҳокимлари, қирғиз, қалмиқ ва қозоқ йўлбошчилари, Кошғар хонлари, ҳатто Тибетдан унга қимматбаҳо совға-саломлар жўнатиб турилмаган бўларди.
Сўз кетаётган даврда нақшбандия тариқатининг энг йирик сиймоларидан бири, ислом тарихида тириклигида аъзам унвонига эришган уч уламонинг бири, Имоми Аъзам, Ғавсул Аъзамдан кейинги шахс Маҳдуми Аъзам (1461–1542) ва издошларининг обрў-эътибори жуда юқори бўлган.
Отаси томонидан машҳур мутасаввиф Бурҳониддин Қилич, онаси томонидан Аҳмад Яссавийга бориб тақаладиган Саййид Аҳмад Хожагий — Маҳдуми Аъзам Косонда туғилган ва мактаб ҳамда мадрасани ҳам шу ерда битирган. Кейинчалик Тошкентда Хожа Аҳрорнинг шогирди Муҳаммад Қозига шогирдликка тушган. Устозининг ўлимидан сўнг нақшбандия тариқатининг етакчисига айланган.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур унга бағишлаб рубоийлар ёзганига оид гувоҳликнинг ўзиёқ шайхнинг шуҳрати Туркистондан ташқаридаги ўлкаларга ҳам тарқалганидан далолат беради, албатта. Шу ўринда, Маҳдуми Аъзам ҳам шоирга атаб «Бобурия» рисоласини яратиб, Ҳиндистонга жўнатганини эслатиб ўтган бўлардик.
Шайбоний султонлар, ҳокимлар, амирлар Маҳдуми Аъзамни ўзларига пир деб билганлар. Жонибек султон уни Самарқандга кўчиб ўтишга кўндиргач, шайх 1528 йили Даҳбед қишлоғига келиб, умрининг қолганини шу ерда ўтказган, катта боғ яратиб, экин-тикин ва боғдорчилик билан шуғулланган.
Маҳдуми Аъзам ҳеч бир замонда ўз қимматини йўқотмайдиган қарашлари билан машҳур эди: Дин ва муқаддас китоблар инсонни маънавий етуклик сари етаклаш учундир, инсон дин учун эмас, дин инсон учун яратилгандир. Билим дуру гавҳардир, илмдан кўра қимматлироқ жавоҳир бўлиши мумкин эмас. Ҳақиқий илмни эса билими ва маънавияти мукаммал устоздан олмоқ лозим.
Ялангтўш Баҳодирнинг пири бўлган Хожа Ҳошим (1634 йили ўлган) эса Маҳдуми Аъзамнинг набираси эди. Хожа Ҳошим Имомқулихоннинг тахтга ўтиришида қўллаб-қувватлаган шахслардан бири саналади. Улар сирасида Ялангтўш Баҳодир ҳам бўлган. Замондошлари, ихлосмандларини меҳнат ва билимга чорлаган нақшбандчилар, хусусан, Хожа Ҳошимнинг Ялангтўш Баҳодирга таъсири катта бўлгани шубҳасиз. Ўзи ҳам Бухоро мадрасасини битирган амир илму фан, адабиёт ва санъат аҳлини ўта қадрлаган. Умри давомида кўпайтириб борган бойлигининг анчасини масжид, хонақоҳ, ҳаммом, кўприк, мактаб, мадрасалар қуриш, уларда дарс берган ва дарс олганларнинг моддий таъминотига сарфлаган.
Мадрасаларни сақлаш чиқимлари, мударрислар маоши, талабалар нафақасида узилиш бўлмаслиги учун кўпдан-кўп экин майдонлари, карвонсарой, дўкон сингари даромадли жойларни уларга умрбод вақф қилиб берган.
Ялангтўш Баҳодирнинг номини абадийлаштирган омил унинг сиёсий-ҳарбий фаолияти, гўёки тугамас бойлиги эмас, балки Ер юзининг сайқали саналмиш Самарқанддаги Регистон майдонида қурдирган икки бино — Шердор ва Тиллакорий мадрасалари билан боғлиқдир, албатта.
Регистоннинг келажагини белгилаб берган Улуғбек ғояси ва меҳнати меваси бўлмиш мадраса қаршисида 1619-1636 йилларда қад кўтарган Шердор мадрасасини Ялангтўш Баҳодир Хожа Ҳошимга бағишлагани маълум. Иморатнинг ташқи ўлчови 70 метрга 57 метр, ички ҳовлисининг катталиги 30 метрга 30 метр бўлиб, меъмори – Абдулжаббор, безаш ишларига Муҳаммад Аббос бошчилик қилган.
Тарҳи тўртбурчак, икки қаватли бинонинг бош тарзи икки қанотининг ҳар бирида қовурғали гумбаз ва минораси бор. Минора тепасига эллик олти зина билан чиқилади. Пештоқ равоғи ичкарисидаги кошинкори безак орасида қора асосли кошинга оқ ҳарфлар билан меъмор Абдужаббор номи ёзилган.
Қаносларидаги қизғиш зарҳал тусли шер оқ оҳуни қувмоқда. Қуёш бодомқовоқ, қийиқ кўзли қилиб тасвирланиб, юзи зарҳал тусли ёғду билан ҳошияланган. Бутун лавҳа зангори асосда бўлиб, фируза ва зарҳал бўёқлар билан тасвирланган ҳамда бир-бирига чирмашиб кетган навдалар, очилиб ётган оқ гуллардан иборат. Мадрасанинг «Шердор» номи билан машҳурлиги ҳам ушбу кўриниш билан боғлиқдир.
Иморатларни ясатишда қуёш ва шер суратларидан фойдаланиш янгилик бўлмай, Амир Темур Кешда қурдирган, салобати бўйича тенгсиз Оқаройнинг 70 метрлик пештоқида, аниқроғи баланд дарвоза тепаси ҳамда икки четида қуёш манзарасидаги шер тасвирлангани маълум. Яъни мазкур иншоотдаги шер тасвири учта бўлган ва испаниялик элчи Руйи Гўнсалес Деклавихў уларни 1404 йили ўз кўзи билан кўрган.
Бундан чиқди, Ялангтўш Баҳодирнинг Шердор мадрасасини барпо этиш ва безаш билан боғлиқ режаси, юқорида айтилганидек, Улуғбек мадрасаси ҳамда Оқсаройдан олинган таассурот билан боғлиқ бўлган, дейиш мумкин. Негаки Шердорнинг серҳашамлиги айнан унинг пештоғи билан белгиланади. Унинг икки томонида гумбазли дарсхона жойлашган. Ҳовли атрофидаги икки қаватли ҳужраларнинг сони эллик тўртта бўлиб, ҳар бирининг олдида равоқли айвон бор.
Бутун иморат юзи нақшлар билан қопланган бўлиб, уларда чок, йирик хандасавий сулс, куфий ёзувлари ва гул бандлари тасвирларда уйғунлашган бўлиб, Самарқанд меъморий безаклар мактабига хосдир.
1646 йили Ялангтўшбий Баҳодир яна бир катта ишга қўл урган: Регистоннинг шимолида Тиллакорий мадрасасининг қурилиши бошланган. Мирзойи карвонсаройи асоси устига мадраса, ҳужралар ўрнида пештоқ гумбазли масжид жойлашган. Безак ишларида олтин сарфлангани учун тилладан ишлов берилган маъносида «тиллакорий» деб юритила бошланган.
70 метрга 70 метр бўлган мадрасага чуқур равоқли пештоқ орқали, ғарб томондан кирилиб, икки қанотининг олди равоқли, икки қаватли ҳужралар, бурчакларини тенг катталикдаги гулдаста мезаналар эгаллаган. Масжид хонақоҳининг баланд пойгумбази узоқдан кўзга ташланиб туради.
Хонақоҳ тўрига мармардан меҳроб ва зинапояли минбар ишланган. Ўз даврида зарҳал нақшлар билан жозибадор безатилган хонақоҳнинг икки ёнини олди равоқли, гумбаз томли айвонлар (йўлаклар) эгаллаган.
Бош тарзидаги безак мавзуларининг бойлиги, ички ва ташқи нақшларнинг серҳашамлиги, пештоқ қаноси ва токчасидаги ироқи каштани эслатувчи безаклар, бўртма ёзувлар ўзига хосдир.
Равоқ бурчаклари, безакли тоқиларни тўлдиришда усталар турли усулларни қўллаганлар. Кошинли равоқларда яшил тангачалар, сарғиш япроқлар ва феруза поялар акс эттирилган.
Хонақоҳ изораси кошиннамоён, девори, гумбази ва бағали кундал услубидаги серҳашам нақшларга бой. Меҳроб равоғи ва бағали муқарнас косачалар билан тўлдирилиб, зарҳал берилган ҳамда Қуръон оятларидан олинган бўртма ёзувлар билан ҳошияланган.
Эшиклар мураккаб нақш ва ёзувлар билан ёғоч ўймакорлигида пардозланган.
Ҳовли саҳнига мармар ётқизилган. Атрофидаги ҳужраларга эшик, туйнугига панжаралар ишланган. Қурилиш ишлари 1660 йили, яъни Ялангтўш Баҳодир ўлимидан сўнг тугалланган.
Бизгача етиб келган ҳужжатлардан бирига кўра, мазкур икки мадрасанинг моддий таъминоти учун 11610 таноб суғориладиган ер, 8 та дўкондан келадиган даромад вақф қилиб берилган.
Ялангтўш Баҳодир қурдирган меъморчилик обидаларидан яна бири Даҳбеддаги Маҳдуми Аъзам мажмуасидир. Васиятига кўра ўзи яратган боғ ўртасидаги нок дарахти тагига кўмилган шайх қабрини обод этишга Ялангтўш Баҳодир 1618 йили киришгани маълум. Чунончи қабрнинг жануб томонига кенг ва юксак хонақоҳ солдирган. Мозорни ўраб турган девор ва равоқли дарвозани эса, сўз кетаётган даврнинг яна бир забардаст давлат арбоби Нодир девонбеги (1568-1644) қурдирган.
Хонақоҳнинг шимолий қисмидаги, 17.6 метрга 16.6 метр ўлчовдаги деярли квадрат шаклга эга дахма Самарқанднинг кулранг мармаридан ишланган бўлиб, баландлиги – 1.55 метр, бурчаклари мармар ярим устунлар билан безатилиб, Қуръон оятлари билан зийнатланган.
Ялангтўш Баҳодирнинг Хожа Ҳошим икки ўғлига турмушга чиққан икки қизи – Иқлимабону ва Ойбибининг қабрлари ҳам шу ерда.
Хоразм ҳукмдори Исфандиёрхоннинг (1623-1643) Эрон шоҳи Сафидан (1629-1642) Ялангтўш Баҳодирнинг Маккага зиёратини қўллаб-қувватлаш бўйича илтимоси билан боғлиқ гувоҳликка шубҳа билдирмаган бўлардик. Тўғри, Хуросон учун курашда ўзбек амири сафавийлар билан кўп марта тўқнаш келган. Бироқ ҳаж сафари билан боғлиқ масалада мусулмон ҳукмдорлари одатда олижаноблик кўрсатганлар. Шу билан бирга, Ялангтўш Баҳодир мазкур ниятини амалга оширолмай қолганининг эҳтимоли баланд. Негаки манбаларда буни тасдиқловчи ҳатто бирон ишора ҳам йўқ. Қолаверса, XVII аср қирқинчи йилларининг биринчи ярмида ўзбек давлати бошқарувида жиддий сиёсий ўзгаришлар юз берган: 1642 йили Имомқулихон ўрнини эгаллаган Надр Муҳаммадхон (1642-1645) уч йилга бормай тахтни ўғли Абдулазизхонга (1645-1681) топширишга мажбур бўлган. Мазкур жараёнда фаол қатнашган Ялангтўш Баҳодирнинг юртни вақтинчалик бўлса-да тарк этиши мумкин эмасди.
Ялангтўш Баҳодир 1656 йили 80 ёшида бу ёруғ оламни ташлаб кетган. Васиятига кўра уни Даҳбеддаги Маҳдуми Аъзам хонақоҳига, пири Хожа Ҳошим қабрининг оёқ томонига кўмганлар. Шу тариқа, ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихида ўз ўрни ва хизматларига эга йирик давлат арбоби, кўплаб хайрли ишлар ташаббускори, илм-фан ҳамда маданият ҳомийси Ялангтуш Баҳодирнинг умр дафтари тугаган. Бироқ унинг миллатимиз ва давлатимиз равнақи ва довруғи йўлида қилган ишлари авлодлар хотирида абадий қолажак.
Азамат Зиё,
тарих фанлари доктори, профессор