islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ижтиҳод нима?

Ижтиҳод – ислом ҳуқуқшунослигида ижтиҳод қиёс ва ижмода қўлланиладиган метод (услуб) ҳисобланади. Ижтиҳод араб тилида إجتهد   ижтаҳада феълининг ўзаги (масдари) бўлиб, аслий ҳарфлари ج ح د бўлган جهد  жаҳада калимасидан ўзлаштирилган. Агар جهد жуҳдун замма билан ўқилса “тоқат” маъносида бўлади. أفرغ جهده афроғо жуҳдаҳу – бор кучини сарфлади, яъни тоқатини деган маъно келиб чиқади. جهد жаҳдун фатҳа билан ўқилса, “машаққат” маъносида бўлади. أصاب جهدا أي مشقة – “қийинчилик” етти, яъни машққатга дучор бўлди деган маънони ифодалайди.

Араб тилига оид машҳур “лисонул араб” китобида: “جهد сўзини фақат Ҳижоздагина замма билан айтилган улардан бошқалар уни фатҳа қилиб айтишган[1]”.

جهد жаҳада сўзи ўзбек тилида; 1) ҳаракат қилмоқ, интилмоқ, меҳнат қилмоқ, зўр бермоқ[2], جهده الأقصى жуҳдуҳу ал-ақсо – бор кучи билан ҳаракат қилмоқ, 2) толиқтирмоқ ва чарчатмоқ, деган маъноларни англатади.

Араб тилининг йирик луғат олими саналган аллома Маждуддин Муҳаммад ибн Ёқуб Ферузободий  جهد жаҳада – бу “тоқат” ва “машаққат” деганидир. Масалан:  جهد دابته жаҳада даббатаҳу – дегани “от-уловига меъёрдан ортиқ юк қўйди” маъносида ишлатилади деб ўз фикрини исботлайди[3]. Демак جهد жаҳада сўзини мўътабар луғат китоблари ва олимларнинг сўзларига таяниб, шуни айтиш мумкинки, “жаҳд” ёки “жуҳд” калималари  “ҳаракат қилиш, интилиш ва бир ишга қиттиқ тиришиш” маъно ва моҳиятиларни ўзида тўла қонли акс эттиради.

 إجتهد ижтаҳада сўзи ўзбек тилида; 1) тиришқоқлик (қунт) билан қилмоқ, ғайрат (ҳафсала) билан қилмоқ, 2) мустақил (эркин) қарор чиқармоқ ва إجتهاد сўзи 1) ҳаракат қилиш, интилиш, ҳафсала, қунт, иштиёқ, 2) олий даражада билимга эга бўлиш ва шариат соҳасидаги баъзи масалаларни мустақил ҳал қилиш ҳуқуқини олиш, الإجتهاد فى الشرع шариат қонунларини ишончли шарҳлаш,   الإجتهاد فى المسائل القضائية ал-итиҳаду фий ал-массаили ал-қозоияҳ ёки القضائي ал-қозоий юридик масалаларни мустақил ҳал этиш ҳуқуқи, 3) мустақил ижод, манбаларни эркин тадқиқ этиш; сарф фанида ўрганиладиган  إجتهد ижтаҳада бобининг масдари (ўзаги) бўлган إجتهاد ижтиҳадун “Ижтиҳод”нинг маъноси куч ва тоқатни сарф қилиш, ёки машаққатни талаб қилиб, унинг масъулиятини бўйнига олишдир. Бу икки маъно ҳам бир-бирини қўллаб қувватлайди.

Ибн Асир айтади: ижтиҳод – иш, вазият, ҳолат ва бирор масаланинг талабида куч сарфлаш тушунилади. У имкон ва тоқат сўзларидан олинган.

“Ақробул мавадда” китоби муаллифи бундай таъриф беради: ижтиҳод – меҳнатга (иш) лозим бўлган ишни рўёбга чиқариш учун бор имкониятни сарф қилишликдир. أجتهد ажтаҳиду деб фақат қийинчилик ва меҳнати оғир бўлган ишларга айтамиз. Мисол учун أجتهد في حمل الحجر ажтаҳиду фий ҳамлил ҳажари (тошни кўтаришга тиришаман ёки ҳаракат қиламан) деймиз. Лекин, أجتهد في حمل الخردلة  ажтаҳиду фий ҳамлил хордалати (бир парча гўштни кўтаришга тиришаман ёки ҳаракат қиламан) демаймиз.

Аълоий айтади: “Ижтиҳод масдар бўлиб, мақсадга етиш йўлида бор кучини охиригача ўша иш учун фидо қилиш маъносидадир. Бу сўз фақатгина инсон учун қийин ва машаққат бўлган ҳоллардагина ишлатилади”.

Ижтиҳоднинг истилоҳдаги маъноси борасида усулул фиқҳ уламолари ва фақиҳлар бир қанча турли таърифларни берганлар.

Абдулҳаким Шаръий Жузжоний “ислом ҳуқуқшунослиги” деб номланган китобда , шундай таъриф берган: “Ижтиҳод  луғатда,  бор тоқат ва имкониятни бирор ишни бажариш ёки бирор мақсадга эришиш учун ишлатишдир. “Ижтиҳод” фиқҳий атама сифатида фақиҳ томонидан бор имкониятни амалий ҳукумларни тафсилий далиллар, яъни асосий манбалардан чиқариб олиш учун ишлатиш ёки шариат ҳукумларини қиёс орқали Қуръон ва Суннатдан белгилаб олиш демакдир[4]”.

Юртимизда ижод қилган ислом дини уламоларидан Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўзининг “усулул фиқҳ” китобида ижтиҳодга қуйидагича таъриф берган:  “Ижтиҳод” сўзи луғатда бор имконини ишга солиб ҳаракат қилиш, биздаги “Жон-жаҳди билан уриниш” маъносини англатади. Ижтиҳод ҳукумларни тафсилий далилларидан чиқариб олиш амалиётидир. Ижтиҳод шариатда бор ҳамда барча аср ва замонларда матлуб нарсадир [5].

Зуҳриддин Ҳусниддинов таҳрири остида нашр қилинган, юртимизнинг кўплаб диншунос ва исломшунос олимлари фойдаланаётган “ислом энциклопедия”сида келтирилган жумлалар билан сўзимизга якун ясаймиз:  “Ижтиҳод” (араб тилида – ғайрат қилиш, интилиш) – фақиҳ томонидан шаръий ҳукмни ҳосил қилиш учун барча билим ва тоқатини ишга солиш. Ижтиҳод шаръий ҳукми келмаган ишнинг махсус қоидаларни ишга солиб шаръий ҳукмини аниқлаш учун қилиниди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тириклигида у кишидан бошқа одам ижтиҳод қилмаган. Бу мумкин ҳам эмас эди. Ижтиҳод еттинчи аср охирида вужудга келган. Бу вақтга келиб саҳобаларнинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам фаолиятлари, айтган сўзлари ҳақидаги хабарларда ихтилоф пайдо бўлган. Бундан ташқари мусулмон жамоасидаги ҳаёт тарзининг ўзгариб бораётганлиги туфайли кўплаб ҳуқуқий муаммолар туғилган. Шунинг учун ижтиҳоднинг асосий мақсади янги ёҳуд ўтмишдошлар томонидан ҳал этилмаган масалаларни топиш, исломга таянилган ва уни қувватлаган ҳолда ҳал этиш бўлган[6].

Демак, ижтиҳоднинг луғавий ва истилоҳий маъноларидан келиб чиқиб шуни хулоса қилиш мумкинки, яъни, “ижтҳод” Аллоҳ таолонинг китоби ва Росулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларидаги ҳақиқатни (энг тўғрисини) топиш учун бор имкониятини сарфлаш тушунилади. Шариат ҳукмлари Қуръон ва суннатдаги бевосита, аниқ кўрсатмаларга эмас, уларнинг умумий мазмуни ва кенг шарҳига асосланганда матн ва шариат ўртасидаги алоқа ижтиҳод орқали ўрнатилади. Қуръон ва суннат қанчалик аниқ ва равшван бўлиб кўринмасин, уни шарҳлаш ва аниқ шароитга қўллаш учун албатта, ижтиҳодга мурожаат этиш лозим бўлади[7].

Кенг маънода эса, ижтиҳод  деганда шариат  қонун-қоидаларини ишлаб шиқиш ва изоҳлашда инсон тафаккуридан фойдаланиш тушунилади. У Қуръон оятларини талқин қилишдан то ҳадисларнинг ҳақиқийлигини ўрганишгача бўлган кўплаб жараёнларни ўз ичига олади.

Шу билан бирга, шариатда ижтҳодни қўллаб бўлмайдиган ўринлар ҳам мавжуд бўлиб, улар ислом ақидасига тегишли масалалар ҳисобланади.

Юқоридаги фикр ва мулоҳазалардан кўрдикки, ижтиҳод ислом ҳуқуқшунослигида катта аҳамиятга эга бўлиб, фиқҳ ривожида муҳим роль ўйнайди.

Тошкент ислом институти

4-курс талабаси Иззатуллаев Файзуллоҳ

 

[1]  Абул Фазл Жамолиддин Муҳаммад ибн Мукрим. Лисонул араб. Байрут. 2005.-Б. 684.

[2] Муҳаммад Юсуф ва муаллифлар гуруҳи. Ан-найм ул-кабир. Наманган нашриёти. Наманган. 2014.-Б. 116.

[3] Маждуддин Муҳаммад ибн Ёқуб Ферузободий. Ал-қомус ал-муҳит. Байрут. 2003.-Б. 263.

[4] Абдулҳаким Шаръий Жузжоний. Ислом ҳуқуқшунослиги, ҳанафий мазҳаби ва Ўрта Осиё фақиҳлари. Тошкент ислом университети нашриёти. Тошкент. 2002. –Б.45.

[5] Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Усулул фиқҳ. “Sharq” нашриёти. Тошкент. 2010. –Б. 508.

[6] Зуҳриддин Ҳусниддинов. Ислом энциклопедия. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти. Тошкент. 2004. –Б.106.

[7] Тошкент ислом унверситети. Илмий-таҳлилий ахборот. 2003. 3-сон.-Б.16.

222990cookie-checkИжтиҳод нима?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: