islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

Миссионер ташкилотларнинг ўз ғояларини тарғиб қилишда қўллайдиган услуб ва воситалари

Миссионерлик ҳақида гапирганда, аввало ушбу тушунчанинг луғавий ва истилоҳий маъноларини тушуниб олиш муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида қайд этиш лозим. Ушбу сўз лотин тилидаги “missio” феълидан олинган бўлиб, “юбориш”, “вазифани топшириш”, миссонер эса “вазифани бажарувчи” деган маъноларни англатади. Миссионерлик эса белгиланган вазифаларни ҳал қилишга қаратилган назарий ва амалий фаолият мажмуини билдиради.

Турли луғатларда ва манбаларда миссионерликка кўплаб таърифлар берилган. Уларнинг деярли барчасида миссионерликка хос хусусиятлар тавсифланиши баробарида, бу сўз асосан христиан дини билан боғланади [1,54].

Умуман олганда, турли луғатлар ва манбаларда баён этилган таърифлар бир-бирига жуда яқин ва ўхшаш бўлиб, уларга таянга ҳолда қуйидаги хулосани чиқариш мумкин: миссионерлик – бир динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилишни англатади.

Шу ўринда миссионерлик билан бирга прозелитизм ибораси ҳам кўпинча ёнма-ён қўлланилади. Прозелитизм тўғридан-тўғри бирон бир динга ишонган фуқарони ўз динидан воз кечишга ва ўзга динни қабул қилишга қаратилган ҳаракатларни англатади. У ўз моҳиятига кўра миссионерликнинг таркибий қисми ҳисобланади [2, 23].

Прозелитизм “ўзгача” дин ва диний эътиқодларни тарғиб этаётганлиги ташвишлидир. “Оммавий маданият” ниқоби остида маънавий таҳдиднинг янги кўриниши сифатида прозелитизмнинг тобора авж олиши миллий маънавият ва диний қадриятлар учун хатарлидир. Глобаллашув шароитида прозелитизмнинг авж олиши анъанавий динларнинг заифлашувига, ноанъанавий динларнинг эса кучайишига хизмат қилаётгани кузатилмоқда. Бинобарин, дунё миқёсида “оммавий маданият” ниқобидаги прозелитизмнинг кенг тарқалиши, диний ақидапарастлик, терроризм ва экстремизмнинг глобал миқёсда тус олишига замин яратмоқда [3, 9].

Дин миллий маънавиятнинг таркибий қисми, миллатни бирлаштириб турувчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Бир тилда гаплашадиган, умумий тарих ва ягона давлатга эга бўлган, аммо турли динлар ёки конфессияларга эътиқод қиладиган миллатлар ҳамон ички бирликни таъминлай олмаётгани, кичкина бир сабаб қайта–қайта низоли вазиятлар ва фуқаролар урушининг келиб чиқишига замин яратаётгани ва мамлакатлар ўз тараққиётида ўнлаб йилларга орқада қолиб кетаётгани ҳам шундай хулоса чиқариш имконини беради.

Юқоридаги хусусиятлар билан бир қаторда, замонавий миссионерликни белгиланган мақсадларнинг моҳиятидан келиб чиқиб, шартли равишда икки гуруҳга бўлиш мумкин. Биринчи гуруҳга миссионерликни ўзига хос бизнесга, шахсий бойиш манбаига айлантирган ташкилотларни киритиш мумкин. Бундай ташкилотлар асосчилари эътиқод қилувчилар сонини кўпайтиришдан  уларнинг мулки ва бойлигига эгалик қилиш ҳисобига ўзларининг молиявий имкониятларини яхшилаш ва кенгайтиришдек мақсадларни кўзлайдилар. Замонавий секталарнинг мутлақ кўпчилигини шу гуруҳга киритиш мумкин.

Иккинчи гуруҳга миссионерликдан сиёсий қурол сифатида фойдаланаётган ташкилот ва уюшмаларни киритиш мумкин. Бундай гуруҳлар ортида муайян ҳудудларга нисбатан ўзининг аниқ геосиёсий режаларига эга бўлган давлатлар ва сиёсий кучлар туриши бугунги кунда ҳеч кимга сир эмас [4, 16].

Миссионерлар томонидан кишилар онгига таъсир ўтказишнинг турли услублари қўлланиб келинмоқда.

Шулардан айримларини қуйида санаб ўтамиз:

Оммавий маданиятга мослашиш, мулоқот миссия услуби, ижтимоий тадбирлар, черковни маҳаллийлаштириш, ижтимой-сиёсий вазиятлардан фойдаланиш, турли воситаларни ишга солиш, ноширлик фаолиятидан фойдаланиш, матбуот ва ОАВни қўллаш, интернет, радио ва телевидениядан ўз мақсади йўлида фойдаланиш усуллари кўплаб учрамоқда.

Сўнгги икки асрда турли йўл ва усулларда ҳаракатлар юритган миссионерлар исломий қадриятларга қарши нохуш тассуротлар уйғотишга интилишди. Масалан, Г.Пфандер ва З.Звемерлар бошлиқ миссионерларга оид нашрларнинг арабча, туркча, форсча нусхалари ушбу мақсадларга хизмат қилган.

Миссионерлар ва прозелитлар фақат булар билан кифояланиб қолишаётгани йўқ. Улар ёш, ҳали тараққиёт йўлига тўла тушмаган мамлакатлар ночорлигидан ўз мақсадларида фойдаланиб қолишга интилмоқдалар. Миссионерлар томонидан хайр-саховат ва ёрдам ниқоби остида шифохоналар, ўқув марказлари, хайрия муассасалари, тарбия ўчоқлари ташкил этиляпти. Аҳолининг ночор қатламлари қалбига йўл топиш учун уларга пул, кийим-кечак, озиқ-овқат, дори-дармон улашиш ҳам мисссионерлар қўллайдиган воситалардан биридир. Айниқса, улар олий ўқув юртлари талабалари орасида фаол иш олиб боришмоқда. Бир қарашда беозор кўринган «тарғиботчи»ларнинг китоб ёки пул улашишлари аслида узоқни кўзлаб, пухта режа билан олиб борилаётган сиёсатнинг бир кўриниши, холос. Миссионерларнинг бир раҳбари очиқ айтган эди: «Миссионерлик гуруҳларининг мақсади фақатгина насронийликни ёйиш бўлмай, балки Ислом оламини насроний ғарб ҳукмига бўйсундиришдир» [5, 9]. Ана шу кураш ва ҳаракатлар «меваси»ни бериб турибди.

Шунингдек миссионерлик ҳаракатлари ўз ғоялари орқали янги мустақилликка эришган давлатларининг иқтисодий, сиёсий ва маънавий жиҳатдан ғарб давлатлари таъсир доирасига тушириш, маълум халқлар ўртасида ўз эътиқодига нисбатан шубҳа пайдо қилиш ва аста-секин ишонч ва эътиқоддан воз кечишга олиб келиш, ўз динидан воз кечиш, ўзга динни қабул қилган кишиларнинг эътиқодида собит туришини таъминлаб, шу орқали уларнинг сафи янада кенгайтириб боришни мақсад қиладилар.

Масаланинг ана шу жиҳатига эътибор берилса, миссионерлик ҳаракатлари ортида диний заминда миллатни ичидан бўлиб ташлашга қаратилган ғаразли сиёсий мақсадлар ётганини ва у келтириб чиқарадиган фожеаларни англаб етиш мумкин. Бу миссионерлар ўз мақсадларига эришадиган бўлсалар, улар фаолият олиб бораётган мамлакатда низо ва жанжалларнинг авж олиши, душманлик ҳиссиётларининг пайдо бўлиши орқали динлараро низоларнинг келиб чиқишига замин яратилиши, халқнинг парокандаликка юз тутиши ва маънавий таназзулнинг келиб чиқиши мумкинлиги ҳақида хулоса чиқариш имконини беради.

Хулоса шуки, миссионерларнинг бугунги кундаги фаолияти ҳеч бир минтақа, ҳеч бир давлат бундай таҳдиддан ҳоли эмаслигини кўрсатади. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун эса миссионерликнинг моҳиятини тўғри ва чуқурроқ англаш, уни бартараф этиш йўлида мақсадли, тизимли ва тадрижий фаолият олиб бориш зарур бўлади.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати: 

  1. А.Очилдиев, Ж.Нажмиддинов. Миссионерлик: моҳият, мақсадлар, оқибатлар ва олдини олиш йўллари. (Юз саволга юз жавоб) Тўлдирилган, қайта ишланган нашри. –Т.: ТИУ нашриёт-матбаа бирлашмаси. 2017. –200 б.
  2. Филонов В.И. История взаимодействия Русской православной церкви с Ватиканом в контексте развития католического экуменизма (середина XX – начало XXI в.) // Москва. 2014.
  3. Мусаев М. “Оммавий маданият” тизимида прозелитизм. // Имом Бухорий сабоқлари. 2015. № 2. –8-11 б.
  4. Истамов И. Миссионерлик келтириб чиқарадиган офатлар. // https://mehrob.uz/article/16
  5. Мирзаева С.Қ. Миссионерлик ҳаракатининг барқарорликка таҳдиди. // “Ислом нури” газетаси. 2010. 30 апрель.

Мирзагатова Мухлиса,

Тошкент ислом институти

4-босқич талабаси

230450cookie-checkМиссионер ташкилотларнинг ўз ғояларини тарғиб қилишда қўллайдиган услуб ва воситалари
Дўстларга улашинг:

Мавзуга доир:

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг:

Диний-маърифий янгиликлардан хабардор бўлинг!