Дарҳақиқат, мусулмонлар ўзларидан олдинги умматлардан ҳеч бирига берилмаган ўзларига хос буюк хислат ва фазилат соҳибидирлар. У ҳам бўлса, исноддир.[1] Шунинг учун ҳар бир авлод вакиллари ўзларидан кейингиларга илмни иснод орқали нақл қилиб беришган.
Иснод борасида Ибн Сирин (ваф.110/728) бундай деган: «Ҳақиқатан, бу илм диндир. Шундай экан, сиз ўз динингизни кимдан ўрганаётганингиз ҳақида ўйлаб кўринг».[2]
Яна: «Олдинлари иснод ҳақида сўрамас эдилар. Фитналар пайдо бўлгач, бизга ровийларингиз исмларини айтиб беринг, дейиладиган бўлди. Агар Аҳли суннадан бўлсалар, ҳадислари қабул қилинар, агар бидъат аҳлларидан бўлсалар, ҳадислари қабул қилинмас эди»,[3] деган.
Суфён Саврий (ваф.161/778) шундай деган: «Иснод мўминнинг қуролидир. Агар унда қурол бўлмаса, нима билан жанг қилади?!».[4]
Яна: «Иснод ҳадиснинг зийнатидир. Бас, унга эътиборли бўлган киши саодатли инсондир», деган.
Имом Шофиъий (ваф.204/819) шундай деган: «Иснодсиз ҳадис талаб қилган кишининг мисоли тунда ўтин терувчи киши кабидир. У ўзи билмаган ҳолда ичида илонлари бор бўлган бир боғ ўтин кўтариб олган бўлади».[5]
Абдуллоҳ ибн Муборак (ваф.181/797): «Иснод диндандир. Агар иснод бўлмаганида истаган одам истаган гапини гапириб юрган бўлар эди»,[6] деган.
Уламолар иснод масаласида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадислар билан чекланиб қолмадилар, балки саҳобалар ва тобиъийларнинг сўзларида ҳам унга таяниб иш тутдилар. Аллома шайх Абдураҳмон Муаллимий раҳимаҳуллоҳ Ибн Абу Ҳотим Розийнинг “Ал-Жарҳ ват Таъдил” номли китобига ёзган муқаддимасида шундай ёзади: «Инсон ўз дини ва дунёси учун кўпгина билимларга муҳтож бўладики, уларни хабарлар орқали билиб олишдан бошқа ҳеч бир йўли йўқдир. Агар ана шу хабарларда рост ва ёлғон, ҳақ ва ботил, тўғрилик ва хато воқе бўлгани учун ҳам инсон уларни бир-биридан ажратиб олишга мажбурдир.
Аллоҳ таоло бизларга ростгўй салафларни насиб этган эканки, улар Раббимизнинг Китоби, Пайғамбаримизнинг суннати, саҳобаларнинг сўзлари, қозиларнинг ҳукмлари, фақиҳларнинг фатволарини, тил ва адабиётни, шеърият, тарих ва бошқаларни ёритиб беришда бизга керак бўладиган барча хабарларни биз учун сақлаб келдилар. Улар ўша хабарларни иснод билан келтиришни ўзларига лозим тутдилар ва кейингиларга ҳам шуни лозим қилиб қўйдилар.
Улар ровийларнинг ҳолатларини ўрганиб чиқдиларки, бу нарса хабарларни текширишда катта ёрдам беради. Улар ўша хабарларни биз учун сақлаб келдилар.
Улар ровийларнинг ҳолатларини ўрганиб чиқиб, ҳар бир ровийга унинг ўзига муносиб бўлган ҳукмни бердилар. Ривоят қилган хабарини олиб, хужжат қилса бўладиган ровийлар билан бошқаларнинг ўртасини ажратиб бериб кетдилар…
Улар хабарларнинг ўзини ҳам танқидий ўрганиб чиқдилар ва улар орасидан саҳиҳларини биз учун ажратиб олиб, ўзларининг саҳиҳ китобларига киритиб кетдилар. Зоҳири саҳиҳ кўринган хабарларни ҳам ўрганиб чиқдилар. Улар ўзларидаги улкан илм бойлиги, дақиқ тушунчалари билан уларни саҳиҳликдан чиқариб юборадиган иллатларни ўргандилар. Кейинроқ ўша иллатларни тушунтириб, хабарларнинг саҳиҳлигига халал берадиган жиҳатларни баён қилиб, улар ҳақида иллатларга оид асарлар битдилар. Бундан ташқари улар ёлғон хабарларни йўқотишга уриндилар ва бирор ривоятнинг ёлғонлиги ёки заифлигини далиллар орқали кўрсатиб бериш учунгина уларни нақл қилдилар. Улардан кейин келган ҳадис уламолари бу борада енгиллик йўлини тутиб, ўзлари эшитган ҳар қандай хабарни ривоят қилиб кетдилар ва уларнинг даражаларини баён қилиб, ҳукмини одамларнинг ўзларига қолдирдилар. Чунки бу пайтга келиб, хабарларнинг даражасини аниқлаштирадиган қонун-қоидаларга асос солиб бўлинган, унинг аломатлари тўлиқ белгилаб берилган эди».[7]
Юқорида ўтганларга кўра, ҳадис бу – санад[8] билан нақл қилишдир. Чунки у диннинг асосларидан биридир.
Нақл қилинаётган ҳар қандай хабарнинг қабул қилиниш-қилинмаслиги ўша санадга боғлиқдир. Хабарнинг матнини ўрганиб чиқиш ундан кейинги ўринда туради. Бинобарин, агар санад тўғри бўлиб, унда хабарнинг матнига футур етказадиган иллат мавжуд бўлмаса, бундай хабарни нақл қилиш дурустдир. Акс ҳолда уни нақл қилиш тўғри иш эмас. Нақл қилинган хабарларнинг ҳар бири билан худди шу меъёрга асосан иш кўрилади.
Саҳобалар, тобиъийлар ва улардан кейинги салафи солиҳлар ҳадис ва ҳадис илмига доир барча фанларга ана шундай ёндашганлар. Шунинг учун ҳам ровийлар ва муҳаддислар Ер юзида тарқалиб ҳадисларнинг санадлари билан матнлари устида изланишлар олиб борганлар. Мусталаҳул ҳадис, ровийлар табақаси, жарҳ ва таъдил,[9] ровийлар библиографияси каби илмлар ана шундан келиб чиққан. Бундан мақсад ҳадисларни ҳар қандай ўзгартиришлардан холилигича сақлаб қолиш ва бу борада аниқлик билан ҳаракат қилиш бўлган.
Улар ҳадисларнинг матнларини сақлаб қолишда улкан меҳнатлар қилишган. Уларнинг қабул қилиш-қилинмаслиги, саҳиҳ-саҳиҳмаслиги юзасидан ҳукм чиқариш учун маълум шартларни ишлаб чиқишган. Жумладан, ҳадис саҳиҳ ва мақбул бўлиши учун унинг ровийси ўша ҳадисни хотирасида ёки китобида сақлаб қўйган бўлиши лозим бўлган. Одатда муҳаддислар ҳар иккала шартга ҳам амал қилишган, яъни аввал ҳадисларни ёзиб олиб, сўнг ёдлаганлар.
Аста-секин ҳадис китоблари ёзила бошлаган ва бу иш кенг тарқалган. Асар эгаси ўзи ёзиб олган ҳадисларни китобнинг ўзидан ўқиб, одамларга ривоят қиладиган бўлган. Одамлар ундан ҳадис эшитиш, қўлидаги китобдан нусха кўчириш учун узоқ ва яқин юртлардан муҳаддиснинг ҳузурига оқиб келишган.
Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” асари тарих давомида оғзаки нақл қилиш ва нусхалари қўлма-қўл бўлиш орқали мутавотир йўл билан бизга қадар етиб келган. Бу ҳақда Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий бундай деган: «Муҳаммад ибн Исмоилнинг “Саҳиҳ” китобини (унинг ўз оғзидан) тўқсон минг киши эшитган. Уни мендан бошқа ривоят қиладиган ҳеч ким қолмади».[10]
Имом Бухорийнинг оғзидан ҳадис эшитган кишилар эшитиш ва оғзаки нақл қилиш билан чекланиб қолишмаган, балки унинг (Имом Бухорийнинг) ҳадисларини алоҳида бир китоб қилиб ёзиб боришган. Бундан мақсад “Саҳиҳул Бухорий”нинг ўзларида мавжуд ёзма нусхасини Имом Бухорийнинг оғзидан эшитган оғзаки нусхаларига қўшиб, уларни Имом Бухорийнинг ўзидаги нусхага солиштириб кўриш бўлган. Бу билан улар қўлларидаги нусхаларда мавжуд бўлган нуқсонларни тузатиб олишни истаганлар. Нусха кўчириш, солиштириб кўриш ва Имом Бухорийнинг ўзидаги нусхага мувофиқлаштириш ишлари ниҳоясига етганидан сўнг уларни алоҳида нусха қилиб ёзишган.
Имом Бухорийдан қилинган ривоятларнинг энг машҳурлари:
Имом Бухорийдан қилинган ривоятларнинг энг машҳурлари учтадир. Улар:
Биринчиси: Иброҳим ибн Маъқил Насафий (ваф.295/908) ривояти.
Мазкур ривоят Абу Солиҳ Халаф ибн Муҳаммад Хайём[11] орқали машҳур бўлган. Ундан буюк имом Абу Сулаймон Хаттобий (ваф. 388/998) ривоят қилган. Хаттобийнинг “Аълом ал ҳадис” (буюк муҳаддислар) номли асари Иброҳи ибн Маъқил Насафийнинг ривоятида асос ҳисобланади.
Иккинчиси: Ҳаммод ибн Шокир Насафий (ваф.311/923) ривояти.
Мазкур ривоятда келган ҳадислар сони Фирабрийнинг ривоятида келган ҳадислардан икки юзта камдир. Ушбу ривоят икки йўл билан етиб келган:
- Бакр ибн Муҳаммад Жаъфар ривояти.
- Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Румайҳ Насавий ривояти.
Байҳақий ўзининг “ас-Сунан ал-Кубро” асарида устози Абу Абдуллоҳ Ҳокимдан, у Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Румайҳдан, у Ҳаммод ибн Шокирдан, у эса Имом Бухорийдан ривоят қилиш орқали мазкур иккинчи ривоят йўлидан кўп нақл қилган.
Учинчиси: Абу Абдуллоҳ Фирабрий (231/845-320/932) ривояти.
Абу Абдуллоҳ Фирабрий “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ”ни унинг муаллифи имом Абу Абдуллоҳ Бухорийнинг ўзидан бир неча марта эшитган. Ҳатто айрим манбаларда унинг икки марта – биринчиси 248 йили Фарабр шаҳрида, иккинчиси 252 йили Бухорода эшитгани зикр қилинган.[12] Фирабрий мазкур асарни уч марта, яъни 253, 254 ва 255 йиллари Имом Бухорийнинг ўзидан эшитгани ҳам айтилади.[13]
“Саҳиҳул Бухорий” асари ислом уламолари наздида Қуръондан кейинги энг ишончли манбадир. Чиндан ҳам бу асар исломнинг аҳкомлари, таълимоти ва тартиботларини ўзида энг кўп жамлаган, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларига энг яқин замонда вужудга келган асарлардан биридир.[14]
Дарҳақиқат, одамлар бу асарни бир-бирларидан эшитганлар. Уни муаллифнинг ўзидан эшитиб ёд олиш учун Бухорога сафар қилганлар. Шунинг учун ҳам уни тўқсон минг киши эшитган. “Саҳиҳул Бухорий”ни эшитган ана ўша инсонлар орасида Имом Фирабрий ҳам бор эди. Унинг “Саҳиҳул Бухорий”ни қилган ривояти Аллоҳнинг изни билан машҳурликка эришди.
Имом Фирабрий ривоятининг бошқа ривоятлардан фарқли жиҳатлари ва машҳурлик сабаблари:
Биринчиси: Фирабрийдаги одиллик, хотиранинг кучлилиги ҳамда уламоларнинг унга айтган мақтовлари.
Иккинчиси: Фирабрийнинг нусхаси тўлиқ ва мукаммаллиги, ичида нуқсонлари йўқлиги.
Учинчиси: Фирабрий ўзидаги бу нусхани Имом Бухорийнинг қўлида бўлган асл нусхадан кўчириб олганлиги.
Тўртинчиси: Имом Бухорий вафотидан кейин ҳам узоқ вақтга қадар сақланиб қолгани эътиборидан Фирабрийнинг санади олийлиги.
Бешинчиси: Фирабрий уни Имом Бухорийнинг ўзидан эшитганлиги.
“Саҳиҳул Бухорий”ни Фирабрийдан ривоят қилганлар:
Одамлар имом Фирабрийдан “Саҳиҳул Бухорий”ни ёд олиш ёки ёзиб олиш учун дунёнинг турли тарафларидан оқиб келганлар. Уларнинг энг машҳурлари қуйидагилар деб айта оламиз:
- Имом, муҳаддис Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Аҳмад ибн Иброҳим ибн Аҳмад ибн Довуд Балхий Мустамлий (ваф. 376/986). У Фирабрийдан “Саҳиҳул Бухорий”ни 314 йили эшитган.
- Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳаммуяҳ ибн Юсуф ибн Аъюн Ҳаммавий, Сарахс хатиби (ваф. 381/991).
- Абу Ҳайсам Муҳаммад ибн Маккий ибн Муҳаммад ибн Маккий ибн Зуроъ Кашмиҳаний (ваф. 389/999).
- Абу Али Муҳаммад ибн Умар ибн Шаббуяҳ Шаббавий Марвазий.
- Абу Али Саид ибн Усмон ибн Саид ибн Сакан Мисрий Баззоз (ваф.353/964).
- Абу Зайд Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Марвазий (ваф.371/981).
- Абу Аҳмад Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Юсуф ибн Маккий Журжоний (ваф.373/983 ёки 374/984).
(давоми бор)