Аллоҳ таоло калому шарифида шундай деб марҳамат қилади: “Албатта, биз уни арабча Қуръон қилдик. Шоядки, ақл юритсангиз”. (Юсуф-сураси 2-оят) Дарҳақиқат, бу каби ояти карималар Қуръони каримда кўплаб учрайди. Уламоларимиз Аллоҳнинг сўнгги пайғамбари айнан араблар орасидан танланиши ҳамда мусулмонларнинг сўнгги китоби араб тилида нозил бўлишига турли сабабларни кўрсатишади. Шуларнинг бирида қуйидагича фикрлар келтирилган: “Аллоҳ таоло ўзининг охирги китоби учун араб тилини танлагани нафақат араблар, балки барча уммат учун улкан неъматдир”. Жоҳилият даврида араблар ўта кибрлилиги ва шуҳратпарастлиги билан бошқа қабилалардан ажралиб турарди. Агар Қуръон бошқа ажам тилида нозил қилинганида, улар: “Биз унинг маъноларини тушунмаяпмиз”, дея ундан юз ўгиришлари табиий эди. Аллоҳ таоло жаҳолатга ботган қавмга ўзларидан бирини сўнгги пайғамбари ва уларнинг тилларини охирги китобининг тили бўлишини ихтиёр қилди.
Бундан ташқари, маънавиятимиз тарихига оид бўлган илмий ва адабий асарларнинг аксирияти араб тилида битилган. Бу асарларни бугунги кунда ўрганиш муҳим аҳамият касб этиб, тил ва адабиёт, тарих фанлари бўйича илмий-тадқиқот ишларининг олиб бораётганлар учун муҳим манбаъ бўлиб ҳисобланади. Араб ёзуви ва тилини ўрганиш тарихий манбаълар билан танишиш ва улардан илмий, амалий мақсадларда фойдаланиш имконини беради.
Республикамиз мустақилликка эришганидан сўнг шарқ тилларини, хусусан, араб тилини ўрганишга катта аҳамият берила бошланди ва бу соҳада муайян ишлар амалга оширилди. Жумладан араб тили фанидан дастурлар, ўқув қўлланмалари ва дарсликлар ўзбек тилида ёзила бошланди. Хозирги кунда араб тили Республикамизнинг Тошкент давлат шарқшунослик университетида, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида ва ўрта махсус ислом билим юртларида асосий фан сифатида ўқитилса, Ўзбекистон миллий университети ва Жаҳон тиллари университетининг барча факультетлари, Тошкент давлат педагогика университетининг филалогия ва тарих факультетларида ҳам ўқитилиб келинмоқда. Шунингдек, араб тилига ихтисослашган мактаблар, нодавлат таълим муассасалари ҳам мавжуд.
Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий: «Тилга эътибор, элга эътибор», деган эдилар. Бу сўзлар бекорга айтилмаган, албатта. Чунки ҳар бир тил маълум бир ҳудудда алоқа воситаси, қолаверса миллатлараро танишув, дўстлик воситасидир.
Араб тили сомий тиллари оиласининг жанубий шаҳобчасига киради. У ўз ирсий тараққиётида уч босқични босиб ўтди: қадимги адабий араб тили, мумтоз адабий араб тили ва замонавий араб тили.
Қадимги адабий араб тилига Арабистон ярим ороли ва Суриянинг жанубидаги қадимги обидалар ва қояларда топилган ёзувлар мисол бўлади. Уларнинг энг қадимгилари эрамизнинг IV – VI асрларига оиддир.
Мумтоз адабий араб тилида эса эрамизнинг VI – VII асрларида битилган. Биз уларда мукаммал грамматик қурилишга эга бўлган, кенг лексик таркибли, жоҳилият даври назми ва қабилалар лаҳжаларининг нодир хусусиятларини ўзида мужассам этган бой тилни кўрамиз. Мумтоз араб тили хозирги замон араб тилининг шаклланиши учун замин бўлди. IX–X асрларда мумтоз адабий араб тили тўла шаклланиб бўлди. Бу даврга келиб Қуръони карим, қадимий назм ва Қурайш лаҳжаси таъсири остида араб ёзуви ва сарф-наҳв (грамматикаси) шаклланди. Етук грамматик низом ва луғат бойлигига эга бўлгани учун мумтоз араб тили қабилалар ўртасидаги адабий тил бўлиб хизмат қилди. Унинг луғат бойлиги шевалар ҳисобига ҳам кўпайиб борди. Мумтоз араб тили Ислом дини байроғи остида Яқин ва Ўрта Шарққа, Марказий Осиё ва Африканинг кўп қисмига тарқалди. Ўрта Осиёда у узоқ муддат ҳалқаро ва билим тили бўлиб келди. Дунё фани равнақида чуқур из қолдирган буюк боболаримиз Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Абу Наср Форобий, Муҳаммад Хоразмий, Маҳмуд Замахшарий ва Аҳмад Фарғонийлар шу тилда ижод қилишган.
Мумтоз адабий араб тили лексик жиҳатдан бироз ўзгарган ҳолда хозирга қадар арабларнинг адабий тили бўлиб келмоқда.
Бунинг асосий сабаби араб дунёси ва бутун мусулмон дунёсини бирлаштириб турувчи Қуръони карим, ҳадиси шариф ва бошқа мўътабар манбаълардир.
Тошкент ислом институти
махсус сиртқи бўлими 704-гуруҳ талабаси Ш. Турсунов