Мулла Али Қори кўп соҳалар билимдони ҳисобланиб, жуда кўп илмий асарлар яратган. Улар жумласига, ҳадис илми, фиқҳ илми, Қуръонни турли қироатларда ўқиш, калом илми, тасаввуф тарих, таржима, адабиётшунослик соҳаларини киритиш мумкин.
Аллома ўзининг бетакрор, камёб тарзда ёзилган, ҳамда латиф ва мазмунли мулоҳазаларни ўз ичига қамраб олувчи асарларининг кўплиги билан ҳам шуҳрат қозонган. Манбаларда келтирилишича, уларнинг сони икки юздан зиёдни ташкил этади ва улар бир неча жилдлардан иборат китоблар ва кўплаб саҳифалар ҳамда рисолалардан иборат[1].
Уларнинг ичида энг машҳур асарлари:
- “Шарҳ ал-мишкот” ёки “Мирқот ал-мафотиҳ”. Бу асар Хатиб Табризийнинг “Мишкот ал-масобиҳ” асарига ёзилган шарҳ бўлиб, у Мулла Али Қорининг шох асаридир. Бу шарҳ ўн бир жилддан иборат. Ушбу асарда аллома “Мишкот ал-масобиҳ” асарида келган ҳадисларни ҳанафий қарашлари бўйича шарҳлайди. Ундаги баъзи баҳсли ўринларда ўзи тутган ҳанафий мазҳаби билан жавоб қайтаради. Асар бир неча бор нашр қилинган.
- “Минаҳур ровзил азҳар шарҳил фиқҳил акбар”. Ушбу асар ҳанафий мазҳаби асосчиси имом Аъзам Абу Ҳанифанинг “Ал-Фиқҳул акбар” асарига ёзилган шарҳдир “Фатҳу бобил иноя” асари “Мухтасар ал-виқоя” китобига ёзилган шарҳ. Унда Аллома бошқа мазҳабдаги шахсларнинг ҳанафийлик мазҳаби борасидаги қарашларини нотўғри эканлигини маълум қилиб, барча аҳкомларни оят ва ҳадислар билан исботлаб чиққан.
- “Шарҳ аш-шифо фи ҳуқуқ ал-Мустафо”. Қози Ийознинг “аш-Шифо” номли асарининг муҳим шарҳларидан бири.[2] Ушбу китоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари, ҳаётлари, сифатларини баён қилган.
Шунингдек, Мулла Али Қорининг машҳурликда юқоридагилардан кам бўлмаган бир қатор асарлари ҳам бўлиб, улар турли мавзулар бўйича ёзилган:
- “Одобул-муридин”. Ушбу китоб тасаввуф фанига оид асар ҳисобланади.
- “ал-Иътиморул жания фи асмоил хоффия”. Ушбу китоб инсонларнинг таржимаи ҳолларига бағишланган асардир.
- “Иршод ас-Сорий”. Унинг бу асари ислом дини фарзларидан бири бўлмиш хаж амали арконларига бағишланган[3].
- “Асмор ал-жаниййа фи асмо ал-ҳанафиййа”. Ушбу асар ҳанафий мазҳабига мансуб уламолар фаолиятларини ёритишга бағишланган[4].
- “Нузҳат ал-хотир ал-фотир фи таржима ас-Саййид Абулқодир” асари ислом дунёсидаги энг машҳур ва етук шайхи Абулқодир ал-Ғилонийнинг таржимаи ҳоли ва ҳаёт йулларини баён этишга бағишланган.
- “Шарҳ ал-арбаин ан-Нававий” асари Имом ал-Нававий жамлаган 40 ҳадис тўпламига ёзилган шарҳдир[5].
- “Шарҳ ул-Бурда” асари эса машҳур “Қасидаи Бурда” асарига ёзилган шарҳдир[6].
- “Арбаийн ал-ҳадис фи фазоил ал-Куръон, “Арбаийн ал-ҳадис фи таркиб ла илаҳа иллаллоҳ” ва “Арбаийн ал-ҳадис фи қироат ал-басмала фи аввали сурати “Бароат” номли ҳадис илмига оид асарлари.
Мулла Али Қори кўп сохаларда ёзилган ноёб асарларни оддий ҳалқ оммасига тушунарли ва қулай бўлиши учун уларга асар тарзида кўплаб шарҳлар ва мулохазалар ёзган.
ТИИ Махсус сиртқи бўлим
талабаси Фармонов Таваккалжон
[1] Мулла Али ал-Қори. Мирқотул мафотиҳ шарҳи мишкотул масобиҳ. – Байрут: Дорул кутубил илмия, 1422/2001. Ж. 1. –Б. 8.
[2] Истанбул, ҳиж.1264, 1285, 1290, 1299, 1308, 1309, 1312, 1316, 1319йй.; Bulak ҳиж.1275й.; Қоҳира ҳиж.1327й.
[3] Мулла Али Қори. Мирқот ал-мафотиҳ шарҳ Мишкот ал-масобиҳ. –Қоҳира:Дор ал-кутуб ал-исломий, 1966. Ж. 1. – Б.85.
[4] Ўша асар. – Б.86.
[5] Ўша асар. – Б.87.
[6] Мулла Али Қори. Мирқот ал-мафотиҳ шарҳ Мишкот ал-масобиҳ. –Қоҳира:Дор ал-кутуб ал-исломий, 1966. Ж. 1. – Б.88.