Журжи Зайдон 1862 йил 14 декабрда Байрутда ливанлик насроний-савдогар оиласида дунёга келган. 1881-82 йиллар орлиғида Байрутдаги Тиббиёт билим юртида ўқиди. 1880-йиллар ўрталарига келиб Мисрга риҳлат қилди. Бу вақтлар Қоҳира Байрутга қараганда анча маданий тараққий этган. Зиёлилар ўз мавқеийга эга бўла бошлаган ва миллий озодлик ҳаракатлари анча кенг қулоч ёйган эди. Бир сўз билан айтганда Қоҳира Европа тараққийпарвар ғояларини ўзлаштириш борасида шарқ шаҳарларининг барчасидан ўзиб кетганди. Балки шунинг учун ҳам бўлғуси адиб 1892 йили Мисрда “Ал-Ҳилол” журналига асос солди ва ўзи бош муҳаррир бўлиб фаолият кўрсата бошлади.
Айтиш мумкинки Журжи Зайдон замонавий араб адабиётида тарихий романчилик мактабига асос солди. Муаллифнинг VII-XIII асрлар оралиғидан ҳикоя қилувчи Ислом тарихига оид 17 тарихий романи бор. Мазкур асарлар нашрдан чиққан ҳамони жуда кенг миқёсда ўз ўқувчисини топа билди. Зеро, муаллиф асли байрутлик ва Қоҳирада истиқомат қилса-да, бутун араб-мусулмон оламида мазкур асарлар катта қизиқиш уйғотди.
Таъкидлаш ўринлики, бу асарларнинг довруғи араб бўлмаган мусулмон диёрларга, алал-хусус Марказий Осиёга ҳам етиб келди. Фикримизнинг далили сифатида ўзбек романчилиги асосчиси Адбулла Қодирий Журжи Зайдон билан кўришмаган бўлса-да уни ўзига устоз деб билган: “… мени роман ёзишга ҳавасландирган Миср фузалосидан Устоз Жўржи Зайдон билан уни таништириб,…”[1].
Албатта фавқулодда мувоффақият қозонган илк роман ижод қилиш учун биргина рус ва европалик муаллифлар асари эмас, балки бошқа маданиятлардаги ромнчилик ҳодисаси билан танишиш зарурати бўлган. Абдулла Қодирийнинг мадрасада таҳсил олгани боис араб тилини билиши, янги замон араб романчилиги асосчиларидан бўлган Журжи Зайдон асарлари билан танишишини осонлаштирган.
Яна бевосита Журжи Зайдон ижоди масаласига юзланар эканмиз, унинг кўп қиррали ижодкор эканини таъкидлаб ўтмай иложимиз йўқ. Унинг тарихни билиши, тарихий романлар ёзишдаги маҳоратини оширган бўлса, фалсафа ва мантиқ илмидан хабардорлиги мантиқий хулосалар чиқариш, кутилмаган ерда ҳар замонга мос келувчи ҳикматли сўзлар айтиш иқтидорини тарбия қилган. Тиббиёт билим юртижа олган таҳсиллари адибнинг мазкур соҳа қаҳрамонлари образини яратишда қўл келган дейиш мумкин.
Муаллифнинг яна бир қатор тарихий асрлар воқеаларидан ҳикоя қилувчи романлари Мисрнинг ХVIII- ХIХ асрга оид даврлари билан ўқувчини таништиради. Зайдон асарлари тили араб сўзлашув тилига жуда яқинлиги туфайли уларни китобхонларнинг кенг оммаси мароқ билан ўқийди. Асарлар сюжетидаги кутилмаган бурилишлар ва ёзувчининг ўқувчи диққатини жалб қилувчи ўзига хос услуби, уларни Европа тилларига таржима қилинишига сабаб бўлган. Адиб асарларидан бир нечаси рус тилига ҳам таржима қилинган. Ўзбек тилига адибнинг “Фарғоналик келин” романи ўгирилгани маълум.
Журжи Зайдон тарихчи олим сифатида “Мусулмон ҳазораси тарихи” (1902-06), “Араб тили тарихи” (1904), “Араб адабиёти тарихи” (1911-14) каби асарлар битган.
Адиб, публицист, олим Зайдон 1914 йил 21 августда Қоҳирада оламдан ўтади. Ундан қолган бадиий мерос то ҳозирги кунгача кенг китобхон оммаси томонидан ажиб эхтирос билан ўқилади. Ёзувчининг ана шундай гўзал асарларидан “Ҳорун ар-Рашиднинг синглиси” деб номланган тарихий романи ҳам ўзбек тилига ўгирилган. Мазкур асар Шарқ уйғониш даврининг йирик империяси бўлган Аббосийлар давлатини бошқарган ҳукмдорлардан бири бўлган Ҳорун ар-Рашид ва унинг аҳли оиласи ҳамда яқинлари ҳақида ҳикоя қилади. Лекин шунга қарамай асарни ўқиш жараёнида яқин шарқнинг IX аср бошларидаги қиёфаси билан ҳам танишиб, кенг маълумотларга эга бўлади.
Журжи Зайдон асарларида Европа ёзувчиларидан таъсирланган жиҳатлар билан, қадимий арабларда мавжуд бўлган эхтиросли ҳикоянавислик улубининг омухталашувидан пайдо бўлган ажиб уйғунликни ҳис қилса бўлади. Жўржи Зайдон “Ҳарун ар-Рашиднинг синглиси” тарихий романини 1906 йилда ёзиб тугаллайди. Маълумки, адиб ижод қилган давр араб диёрларида маърифатпарварлик ғоялари тараққий этиб бу бадиий адабиётда ҳам ўз аксини топган. Бу ўринда икки моҳиятан бир-бирига зид дунёқарашларни омухталашуви бордек туюлади гўё. Бир томондан мустамлакачи Европа маданияти, хусусан бадиий ижод намуналаридан ўрнак олиш, иккинчи тарафдан миллий уйғониш ва истиқлол қайғуси, миллий ўзликни англаш тушунчалари. Эътироф этиш керакки, ҳар икки ғоя ХХ аср бошларида жамиятни ўз ортидан эргаштирган. Лекин, албатта, Ғарб ҳақида гапирадиган бўлсак. У жамиятда ахлоқ ва қадриятлар борасида кўпроқ Шарққа мурожаат қилиши керак, деган тушунча анча чуқур кетганини сеза биламиз. Ўрта асрларда мисли кўрилмаган даражада гуллаб-яшнаган Араб маданияти, моддий ва маънавий қадриятлар ҳақида узоқ гапириш мумкин. Айниқса, шеърият ва бунга параллел равишда прозада ёрқин фалсафий асарлар дунё юзини кўрди, бундан ташқари аниқ ва ижтимоий фанларда беҳисоб, нодир асарлар яратилди, бутун антк фалсафа намоёндалари асарлари билан Европа ўрта асрларда араб тилида танишди ва мазкур асарлар ҳозир ҳам ўзининг қадрини заррача камайтмаган. Бироқ, араб диёрларининг мустамлакачилар томонидан истибдодга солиниши афсуски, уларни барча соҳаларда оқсашларига сабаб бўлди. Ўз ўзидан янги даврда қуллик қаердан келди, деган саволга жавоб излаган миллат ойдиналари бир вақтлар Ғарб Шарқдан ўзлаштирган қадриятларни қайта тиклаш лозимлигини англаб қолди. Бу борада халқ билан мулоқот қилишнинг энг таъсирчан услуби бадиий адабиётдир. Шу сабабдан Жўржи Зайдон гарча тарихий жанрда кўпроқ ижод қилган бўлса ҳам, аслида халқини, мусулмонини истибдод зулмидан чиқаришни мақсад қилгани асарлари мазмунидан сезилади.
Адиб янги давр араб адабиётининг вакили сифатида айрим россиялик мутахассислар фикрига кўра, арабларнинг Ломоносови лақабини ҳам олган. Бундан ташқари, Россиялик шарқшунос И.Крачковский таъкидига кўра, Журжи Зайдон асарлари тили ўз даврида маълум маънода араб тили нормативи вазифасини бажарган[2].
Шундай экан, араб тили ва адабиёти билан яқиндан танишишни истаган ҳар бир мутахассис ва талаба учун Жўржи Зайдон ижоди эътиборсиз қолмайди.
Хулоса қиладиган бўлсак, Журжи Зайдон аввало публицист сифатида биринчилардан бўлиб араб матбуотига асос солган “Ал-Ҳилол” журналини чиқарган муҳаррирдир. Шунингдек,
1) Журжи Зайдон замонавий араб адабиётида тарихий романчилик мактабига асос солган, унинг VII-XIII асрлар оралиғидан ҳикоя қилувчи Ислом тарихига оид 17 тарихий романи бор.
2) Адиб асарлари довруғи араб бўлмаган мусулмон диёрларга, алал-хусус Марказий Осиёга ҳам етиб келган. Ўзбек романчилиги асосчиси Адбулла Қодирий Журжи Зайдонни устоз деб билган.
3) Журжи Зайдон кўп қиррали ижодкордир. У тарихчи, файласуф, публицист ёзувчи бўлган.
4) Муаллиф Мисрнинг ХVIII- ХIХ асрга оид даврларига оид яна бир қанча тарихий асарлар яратган, унинг асарлари тили араб сўзлашув тилига жуда яқинлиги туфайли уларни китобхонларнинг кенг оммаси мароқ билан ўқийди. Асарлар сюжетидаги кутилмаган бурилишлар ва ёзувчининг ўқувчи диққатини жалб қилувчи ўзига хос услуби, уларни Европа тилларига таржима қилинишига сабаб бўлган.
5) Адиб асарларидан бир нечаси рус тилига ҳам таржима қилинган. Ўзбек тилига адибнинг “Фарғоналик келин”, “Ҳорун ар-Рашиднинг синглиси” романлари таржима қилинган.
6) Журжи Зайдоннинг “Мусулмон ҳазораси тарихи” (1902-06), “Араб тили тарихи” (1904), “Араб адабиёти тарихи” (1911-14) каби илмий асарлари тадқиқотчилар учун ҳанузгача аҳамиятлидир.
7) Журжи Зайдон асарларида Европа ёзувчиларидан таъсирланган жиҳатлар билан, қадимий арабларда мавжуд бўлган эхтиросли ҳикоянавислик улубининг омухталашувидан пайдо бўлган ажиб уйғунликни ҳис қилса бўлади.
8) Адиб янги давр араб адабиётининг вакили сифатида айрим россиялик мутахассислар фикрига кўра, арабларнинг Ломоносови лақабини ҳам олган. Бундан ташқари, Россиялик шарқшунос И.Крачковский таъкидига кўра, Журжи Зайдон асарлари тили ўз даврида маълум маънода араб тили нормативи вазифасини бажарган. Араб тили ва адабиёти билан яқиндан танишишни истаган ҳар бир мутахассис ва талаба учун Жўржи Зайдон ижоди ҳамиша янги яхши манба сифатида хизмат қилиши мумкин.
Тухтаев Насрулло
Ақоид ва фиқҳ фанлар кафедраси ўқитувчиси
[1] “Шарқ ҳақиқати” газетаси. 1929 йил. 218-сон. Ушбу газета 1923-30 йиллар оралиғида Тошкентда чиқиб турган. Муассис: Тошкент вилояти партия комитети.
[2] Баранов Х.К. Арабско-русский словар. Москва. Из-ва “Русского языка”. 1984. Сю 14.