islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ислом Каримов асарларининг баркамол авлод тарбиясидаги аҳамияти

Ислом Каримов тавалуддининг 80 йиллигига бағишланади

 Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов маънавиятга қаратилган ҳар қандай таҳдид ўз-ўзидан мамлакат, унинг миллий манфаатларни, соғлом авлод келажагини таъминлаш йўлидаги жиддий хатарлардан бирига айланиши ва охир-оқибатда жамиятни инқирозга олиб келишини алоҳида қайд этади. Яъни …дунёдаги зўравон ва тажовузкор кучлар қайси бир халқ ёки мамлакатни ўзига тобе қилиб, бўйсиндирмоқчи, унинг бойликларини эгалламоқчи бўлса, авваламбор, уни қуролсизлантиришга, яъни энг буюк бойлиги бўлиши миллий қадриятлари, тарихи ва маънавиятидан жудо қилишга уринади[1] деб таъкидлайди.

Муаллиф маънавий таҳдидлар ҳақида гапирар экан мафкуравий, ғоявий ва информацион хуруж каби инсон руҳий дунёсини издан чиқариш мақсадини қўйган, тили, дини ва эътиқодидан қатъи назар, ҳар қайси инсоннинг том маънодаги эркин инсон бўлиб яшашга қарши қаратилган хуружлар моҳиятига тўхталади.

Ислом Каримов Юксак маънавият – енгилмас куч асарида маънавий тарбия асосини ташкил этувчи муҳим омил ва мезонлар, шахснинг ёш хусусиятларини ҳисобга олиб, босқичма-босқич ривожлантириб бориш усул ва воситалари атрофлича таҳлил этиб берилган. Ислом Каримов ўз ҳаётий тажриба ва кузатишларига суяниб, ўсиб келаётган ёш авлод тарбияси ҳаёт-мамот масаласи эканлиги, ота-оналар, маҳалла фаоллари ва устоз-мураббийлар фаолиятидаги энг устувор вазифа сифатида қаралиши лозимлигини қайд этади.

Шунингдек, мазкур асарда глобаллашув жараёни, унинг  мазмун-моҳияти, ижобий ва салбий жиҳатларини ҳар томонлама таҳлил этиш, фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя билан курашишнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилади.

Дарҳақиқат, ҳарбий, иқтисодий, сиёсий тазйиқни сезиш, кўриш, олдини олиш мумкин, аммо мафкуравий тазйиқни, унинг таъсири ва оқибатларини тезда илғаб олиш қийин. Шу маънода, Ислом Каримовнинг бундай хатарларга  доимо сергак, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш, лоқайдлик ва бепарволикка барҳам бериш ҳақидаги даъватлари ғоят муҳим аҳамият касб этади. Китобда ҳақли равишда таъкидлаганидек, бундай таҳдидларга қарши ҳар томонлама чуқур ўйланган, пухта илмий асосда ташкил этилган, мунтазам ва узлуксиз тарзда олиб бориладиган  маънавий тарбия билан жавоб бериш мумкин.

Асарда бугунги кунда  халқаро майдонда турли сиёсий кучлар ўзининг ғаразли манфаатларига эришиш учун “Эркинлик ва демократияни олға силжитиш” ниқоби остида  амалга ошираётган, узоқни кўзлаган сиёсатнинг асл моҳияти ва мақсадларини ўз вақтида сезиш, англаш ғоятда муҳим экани таъкидланади. Шуни ҳисобга олган ҳолда, халқимизнинг маънавий оламини бундай таҳдидлардан асраш, ҳозирги ўта мураккаб замонда халқаро майдонда содир бўлаётган жараёнларнинг туб моҳиятига етиб бориш, улар ҳақида холисона ва мустақил фикрга эга бўлиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаси сифатида тилга олинади.

Ҳозирги пайтда рўй бераётган айрим салбий ҳолатлар, ножўя ҳатти-ҳаракатлар, ёвуз ишлар, аввало, мафкуравий бўшлиқнинг юзага келиши учун йўл қўйилган камчилик ва эътиборсизлик туфайли содир бўлмоқда. Ғоявий бўшлиқни юзага келиши энг аввало  чуқур ижтимоий-сиёсий, маънавий-психологик  муаммо ва жараёнлар билан боғлиқ эканлигини Ислом Каримовнинг асарларида яққол кўришимиз мумкин.

Ислом Каримов маънавиятга қарши турли хуружлар ҳақида гапирар экан, таъкидлаб ўтадики: “Бу ҳақда гапирганда, фақат битта миллат ёки халқ ҳақида фикр юритиш масалани ўта тор тушуниш бўлур эди. Яъни, бу ўринда сўз фақат бизнинг маънавиятимизга қарши қаратилган тажовузлар ҳақида, азалий фазилатларимиз, миллий қадриятларимизни ана шундай ҳужумлардан асраш хусусидагина бораётгани йўқ. Муҳим ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлган ушбу муаммони кенг миқёсда, дунёнинг барча мамлакатлари ва халқлари ҳаётига дахлдор масала сифатида ўрганиш, таҳлил қилиш ва баҳолаш мақсадга мувофиқдир”Масалага бундай кенг қамровли ёндошув кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ. Ислом Каримовнинг ўзи ҳам эслаб ўтганидек, бизнинг улуғ аждодларимиз барчаси “ўз ижоди билан нафақат икки дарё оралиғидаги халқларни, балки бутун башарият фарзандларини   доимо меҳр-оқибатли, дўст-биродар бўлиб яшашга” даъват этиб келганлар.

Инсоннинг қалби ва онгига жо бўлган миллий маънавий-ахлоқий негизлар уни бутун умри давомида ҳалол, пок, билимли, халқ хизматида бўлишга, Ватан равнақи ҳамда тараққиётига ҳисса қўшишга, ўзининг онгли ва эркин мушоҳада қилувчи шахс сифатида камол топишига муттасил равишда ундайди. Ислом Каримов доимо таъкидлаб келган эди: “…Фарзандларимизни миллий ва умуминсоний қадриятларимиз асосида, ўз фикру тафаккури ва замонавий билимга эга бўлган ватанпарвар этиб вояга етказиш – барчамизнинг оталик ва оналик бурчимиздир”. Ватанимиз келажаги бўлган ёшларга ҳозирги замон талаблари даражасида билим ва тарбия бериш, уларни юксак маънавиятли, онги ҳарқандай салбий таъсирларга нисбатан  бардошли қилиб вояга етказиш – бугунги кун таълим муассасаларининг асосий вазифасидир, чунки фақат ана шундай инсонларгина келажакда одил жамият пойдеворини ярата олади деган эдилар.

Ислом Каримовнинг “…Ақл-заковатли, юксак маънавиятли кишиларни тарбиялай олсакгина, олдимизга қўйган мақсадларга эриша оламиз, юртимизда фаровонлик ва тараққиёт камол топади” деган сўзлари айни шу маънони англатади. Бу эса ҳар биримизнинг фарзандларимиз, ёш авлоднинг маънавий-ахлоқий камолоти, ғоявий чиниқишига, ҳар ҳил бузғунчи ғоя ва мафкураларга қарши муросасиз курашчи руҳида тарбиялашга масъулият билан ёндашишга ундайди. Айнан фарзандларнинг камолоти – эртанги кунда барчамизнинг тинч ҳаётимизни таъминлайди. Бунинг учун уларни миллий ғоя руҳида тарбиялаш, уларга ҳурлик, озодлик, демократик тамойилларга асосланган жамият барпо этиш, эркин фуқаролик жамият асослари ҳақида тушунча бериш барчамизнинг бурчимиздир.

Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев томонидан 2017 йил 27 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги ПҚ-3404 сонли қарори Биринчи Президентимиз хотирасини абадийлаштиришга қаратилган бўлиб, мазкур қарор ушбу тарихий шахсни Ўзбекистон буюк келажаги пойдевори қандай асосларда қурилганлигини келгуси авлодларга етказишда хизмат қилади.

ТИИ Маънавият-маърифат ва иқтидорли

талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ў.Собиров

[1] Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. – Т., Маънавият, 2008, 11-бет.

24780cookie-checkИслом Каримов асарларининг баркамол авлод тарбиясидаги аҳамияти

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: