islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Муовия розияллоҳу анҳу бошқаруви даври: 534 нафар энг малакали табиблар ва тажрибавий илмлар

Тошкент ислом институтида “Октябрь – Ислом тарихи ва сийрат фан ойлиги” муносабати билан “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев Модуль таълим тизими 3-курс талабаларига “Умавийлар даврида, илм-фанга эътибор” мавзусида очиқ дарс ўтди.

Очиқ дарсда Ўқув-услубий бўлим бошлиғи Шоғиёс Шожалилов, “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири Баҳодир Аъзамов, ўқитувчилар Мансур Жамбилов ва Тўлқин Азимов қатнашиб, таҳлил қилдилар.

Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу

Муовия ибн Абу Суфён ибн Ҳарб ибн Умайя (603-680) – умавийлар сулоласининг биринчи ҳукмдори (661-680). Ҳижратдан 15 йил олдин Маккада туғилган ва ҳижрий 60  йили (м. 680 й, 6 май) Ражаб ойида Дамашқда вафот этган.
Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу 23 ёшида Макка фатҳи куни Исломга кирган. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваҳий котибларидан бири эди.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу халифалик даврида акаси Язид ибн Муовия бошқараётган қўшинда хизмат қилиб, қўшин бошқаришда ёрдам берган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик даврида – 21 йили Шомдаги Урдун вилоятига волий қилиб тайинланди.

Акаси Язид ибн Абу Суфён вафот этгач, халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу уни Дамашқ ва унинг атрофидаги ерларга волий қилиб тайинлади.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу халифалик даврида Муовия розияллоҳу анҳу Шомнинг барча ҳудудига волий бўлди.

35 йили Халифа Усмон ўлдирилганидан сўнг, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни халифа деб тан олмади ва халифа Усмон розияллоҳу анҳунинг қасосини олиш учун ҳаракат бошлади.

Ундан олдин Али ибн Абу Толиб ва Усмоннинг қасосини олишга уринган Оиша розияллоҳу анҳо ўртасида “Жамал воқеаси” бўлиб ўтган эди.
“Жамал воқеаси”дан кейин Муовия розияллоҳу анҳу Али розияллоҳу анҳуга қарши уруш ҳаракатларини бошлади. Сиффийн жангидан сўнг у Шомда мустаҳкам ўрнашиб олди.

Халифа Али ибн Абу Толиб хавориж мунофиқлар томонидан ўлдирилгандан сўнг, бир гуруҳ кишилар унинг ўғли Ҳасан розияллоҳу анҳуни халифа сифатида эътироф этишди.
Музокаралар натижасида Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу Муовия розияллоҳу анҳу билан сулҳ тузди ва уни ҳукмдор деб тан олди. Бу Умавийлар сулоласининг ҳукмронлигининг бошланиши эди.

Умавийлар сулоласи

Умавийлар сулоласи 661-750 йиллар оралиғида ҳукмронлик қилган. Умавийлар сулоласининг биринчи ҳукмдори Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу бир қанча маъмурий ва ҳарбий ислоҳотлар ўтказди. Жумладан, халифа лавозимини наслий меросга айлантириш, давлат хазинаси ҳамда давлат архивини ташкил этиш, араб тилини давлат тили деб эълон қилиш ва ҳаказо ишлар. Бу тадбирлар Умавийлар давлатининг ҳарбий-сиёсий ва иқтисодий қудратини оширди. Умавийлар пойтахти сифатида Дамашқда шаҳри танланди, шунинг учун адабиётларда Умавийлар ҳукмронлиги даври Дамашқ халифалиги деб ҳам аталади.

Шом диёрлари халифаликнинг марказий вилоятига айланди. Умавийлар даврида мусулмонлар шарқда Табаристон, Журжон, Мовароуннаҳр ва Синдни, Ғарбда Шимолий Африка ва Испаниянинг катта қисмини босиб олдилар.

Умавийларга қарши кўп марта қўзғолонлар бўлиб ўтди. 747-750 йларда Абу Муслим раҳбарлигидаги қўзғолон натижасида ҳокимият аббосийлар қўлига ўтди.

Умавийлар давлатининг ижтимоий ривожланиш ва илм-фан йўлида амалга оширган ислоҳатлари

Умавийлар давлатида халққа ижтимоий таъминотни амалга ошириш муайян кўринишда ривожланди. Бунга мисол тарзида ҳижрий 45-53 йиллар оралиғида ироқ ва ҳижозлик камбағал одамлар ёрдам пулига муҳтож эканликларини билдирувчи махсус битоқа-бўйинтуруқ (бежик) осиб юришган.

Кейинчалик, Умар ибн Абдулазиз даврига келиб ҳижрий 99-101 йилларда тайинланган ижтимоий ёрдам ва маошларни тақсимлаш ва тарқатиш турлари кенгайтирилди. Масалан, қарздорларга ёрдам бериш, оила қуришга қўли калталарга ёрдам сингари. Яна, шунингдек, кўзи ожизларга ёрдам берадиган ходимга, беш нафар етимни қармоғига олганга, мусулмон бўлмаганларга таъминотлар ажратиш жорий қилинди.

Ижтимоий таъминот ишлари бутун давлат бўйлаб йўлга қўйилди. Биргина Ироқнинг ўзида ҳижрий 120-126 йиллар оралиғида вояга етмаган ва бева аёлларга ажратилган маблағ миқдори 10 минг дирҳамни ташкил қилган.

VII-VIII асрлар мусулмон жамияти умавийлар ҳукмронлиги даврида ҳар жиҳатдан тараққий этди. Бу даврда давлат ҳудудидан ташқаридаги вилоятлар – Шарқий Европа ўлкалари, Узоқ Шарқ, Ҳиндистон ва Ҳабашистон билан савдо алоқалари ўрнатилди.

VII асрда бу мамлакатлардаги ички ва ташқи сиёсий тушкунлик барқарор эмаслигига қарамай, умавийлар моддий ва маданий ривожланиш давом этди.

Умавийлар даврида аниқ, табиий ва ижтимоий фанларга эътибор кучли бўлиши билан бир қаторда фиқҳ, ҳадис, тафсир, илмлари соҳаларида мисли кўрилмаган изланишлар олиб борилди. Бунда ижтимоий-маънавий ҳаётда эски динлар ўрнини мустаҳкам эгаллаган Ислом муҳим аҳамият касб этди.

Ислом фақат дингина эмас, балки янги маънавий йўналиш сифатида бутун маданий жараёнга, мусулмон ва бошқа мамлакатлар орасида ижтимоий-маданий, маърифий алоқаларнинг кучайишига ҳам катта таъсир кўрсатди.

Умавийлар давлатида тиббиёт ва тажрибавий илм-фаннинг ривожланиши

Форс ва Рум давлати мағлуб бўлиб, Умавийлар давлати қўлига ўтганидан сўнг, улардан улкан илмий меърос қолди. Энди вазифа бу илмий манбалардан фойдаланиш эди.

Давлат сурёний ва юнон тилларини яхши билган одамларни жалб қилиб китобларни сўзма-сўз араб тилига таржима қилдирди. Ўз навбатида, бу таржимонлар тажрибавий илмларни ҳам пухта билишар эди. Бу илмий ишларни амалга оширишда мутахассисларнинг фаолиятига яраша мукофот беришни умавий ҳукмдорлари жорий қилдилар.

Муовия розияллоҳу анҳу илмий тадқиқотлар олиб борадиган марказ ва кутубхона ташкил қилди. Айниқса,бу марказда марвликлар алоҳида аҳамиятга эга олимлар бўлиб, ҳатто сафар ва юришларда ҳам уларнинг кўрсатма ва тадқиқотларидан унумли фойдаланишар эди. Баъзи тарихчилар Муовия розияллоҳу анҳунинг шахсий табиби Ибн Осол насроний бўлиб, тиббиётга доир китобларни араб тилига ўгирганини айтишади.

Тиббиёт ва кимёга тегишли китобларни араб тилига ўгиришни Холид ибн Язид биринчи бошлаб берган шахс ҳисобланади. Шунингдек, халифалар Искандария мадрасасида таълим олган мутахассисларга юнон ва қибтий тилидаги асарларини араб тилига таржима қилишни буюрган эди. Яна тиббиётда машҳур Жолут-Галеннинг китоблари ҳам таржима қилинган. Бунинг натижасида ислом диёрларида тиббиёт илмига асос вужудга келди. Жолутнинг ўзи таржимон, файласуф, донишмандлар ва ҳунармандларга яқин инсон эди. У нужум (астрономия), кимё, ҳарбий урушлар, қурол-аслаҳалар ва ҳунармандчиликка оид китобларни таржима қилган. Муовия розияллоҳу анҳунинг шу каби хайрли ишлари натижасида исломда улкан хазина, яъни Дамашқ кутубхонаси ташкил вужудга келди.

Муовия розияллоҳу анҳу даврида 534 нафар энг кўзга кўринган табиблар бор эди. Басранинг ўзида биргина Зиёд ибн Абиҳни қўли шикастланганда 150дан ортиқ табиб даволаш учун тўпланганди. Ўша вақтда Басра аҳолиси тахминан саккиз минг эди.

251200cookie-checkМуовия розияллоҳу анҳу бошқаруви даври: 534 нафар энг малакали табиблар ва тажрибавий илмлар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: