Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга саловату саломлар бўлсин.
Давр ўтиши билан баъзи илмларда ўзгариш ва янгиланишлар бўлиши тарих қонуниятидир. Аммо бу дунёда ўзгармас ва ҳеч шубҳа аралашмаган илмлар ҳам бор. Бу илмнинг асоси, аввало Аллоҳ таолонинг муқаддас каломи Қуръони Карим бўлса, иккинчи ўринда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадислар туради. Бу икки илмдан сўнг Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт йўллари, сийрату шамойиллари ҳақидаги илм, ислом манбашунослиги ва ислом динининг асосий илми – сийрат туради. Бу илмларнинг ўзгармаслигига бош сабаблардан бири эҳтиёткорлик ва омонатдорликдир.
Сийрат илми Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ёритиб берувчи муҳим соҳадир. Сийрат дастлабки даврда ҳадисларнинг бир бўлаги бўлган. Ҳижрий кейинги асрларда муҳаддисларнинг орасида ҳам сийрат илмига эътибор бериш бошланди, шундан сўнг бу илм алоҳида илм сифатида шаклланди. Бу илм Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт йўллари, фаолиятлари, ислом динини тарқатиш йўлида олиб борган саъй-ҳаракатларидан тортиб, турмуш тарзларигача бўлган барча мавзуларни ўзида қамраб олган алоҳида соҳа бўлиб вужудга келди.
“Сийра” илк ислом даври адабий жанри бўлиб, «Ҳаёт йўли», «Турмуш тарзи», «Юриш услуби» маъноларни англатади. Шу маънода сийра «суннат» сўзига маънодошдир. Истилоҳда эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт йўллари тарихи, таржимаи ҳолларидир. Ҳеч қайси пайғамбарнинг ҳаёт йўллари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларичалик аниқ ва ишончли қилиб ёритилмаган ва китобларда энг тўғри манбалар билан бизга етиб келган эмас. Бу илмнинг тарихига назар солсак, аввало бу соҳада номлари машҳур бўлган 4 киши алоҳида зикр этилади.
1.Урва ибн Зубайр, 93 ҳижрий санада вафот этган.
- Абон ибн Усмон ибн Аффон, 105 ҳижрийда вафот этган. Бу зотларнинг асарлари бизгача етиб келмаган.
- Ваҳб ибн Мунаббиҳ, 114 ҳижрийда вафот этган. Бу зотнинг исролиёт қиссалларини кўп ривоят қилганини эслатадилар.
- Шураҳбил ибн Саъд Хатмий Маданий, 123 ҳижрий санада вафот этган. Бу киши ғазавотларни ва бадрий (Бадр жангида қатнашган саҳобалар) ларни яхши биладиган олимлардан эди.
Булардан кейин Умавий халифалар даврида сийрат уламоларининг иккинчи табақаси зоҳир бўлди. Булардан сўнг эса Аббосийлар даври сийратчилари етишиб чиқдилар. Уларнинг ичида қуйидаги зотлар шухрат топдилар:
- Мусо ибн Уқба, 141 ҳижрий санада вафот этган. Бу кишининг ғазовот китоби бор.
- Муҳаммад ибн Исъҳоқ Мутталибий, 151 ҳижрий вафот этган. Бу киши халифа Мансурнинг талабига биноан, «Ал-Мағозий» китобини ёзган. Унда Одам Атодан то ўзи яшаётган замонгача бўлган тарихини баён этган. Халифа уни мухтасар қилишни амр қилган. Ибн Исъҳоқнинг ушбу китоби бизгача етиб келган биринчи сийрат китобидир.
- Маъмар ибн Рошид, 150 ҳижрий санада вафот этган. Бу зотнинг асарлари бизгача етиб келмаган.
- Муҳаммад ибн Умар Воқийдий, 207 ҳижрий санада вафот этган. Воқийдийнинг «Ал-Мағозий» китоби ўзидан кейин кўплаб сийратчиларнинг китобларига асос бўлган.
Бу олимлардан сўнг сийрат уламоларининг янги бир авлоди шаклланиб улар ичидаги кўзга кўринган ва бизгача китоблари етиб келган сийрат илмининг асосий таянчи ҳисобланган «Ас-Сийра ан-Набавия» асарининг муаллифи Абу Муҳаммад Абдулмалик ибн Ҳишомдир.
Бугунги кунга келиб энг машхур сийрат уламоларининг аввалида Ибн Исъҳоқ ва Ибн Ҳишом раҳматуллоҳу алайҳлар туришади. Кейинги давр уламоларининг барча асарларида у зотларнинг ўрни беқиёсдир. Дастлабки даврда сийрат асарлари тўлиқ ва ровийлари билан ёзилган бўлса, кейинчалик эса ўқувчиларга осонлик бўлиши учун ровийлар силсиласини тўлиқ зикр қилинмайдиган бўлиб мхтасар китоблар ёзила бошланган. Бу мухтасар сийрат китоблари – «Мавлид» деб аталган. Аксар мавлид асарлари назмий йўналишда ёзилган бўлсада мақсад қандай қилиб бўлса ҳам сийратни, маҳбубимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини оммага етказиш ва ўргатиш бўлган.
Янги давр илмий изланишлари билан уламолар янги йўналишдаги асарлар ёза бошлашди. Бу йўналишдаги асарлар сийрат бобидаги “Фиқҳус сийра” номи билан давом этиб бормоқда. Бундай асарларда сийратга тегишли маълумотларни чуқур таҳлил қилиб, улардан келиб чиқадиган ҳукмлар ва ҳикматларга алоҳида эътибор берилади.
Бугунги кунгача сийрат илми бардавом ҳолатда шаклланиб, уламолар тарифидан омонатдорлик ила авлоддан авлодга етиб келмоқда.
Манбалар асосида
Тошкент Ислом институти
битирувчиси О. Юнусхўжа