islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Суғуртанинг таърифи ва унинг моҳияти

Суғурта арабчада “تأمين – таъмин” дейилади. Бу янги истилоҳ бўлиб, унинг инглизча истилоҳидаги муқобили “Insurance”, яъни омонликни рўйобга чиқариш. Инглизча “security” калимаси баъзи араб лаҳжаларига суғурта маъносида кириб қолган. (Ушбу калимани бузиб талаффуз қилиш билан бизнинг диёрларга келганда суғурта деб ишлатила бошланган)[1]. Баъзи китобларнинг сарлавҳаларида ёки таъминга тегишли фатволарда бугунги кунимизда ҳам суғурта калимаси учраб туради.

Таъмин, яъни суғурта моли эҳтимолий талофатга учраса, уни тўлаб бериш эвазига маълум маблағ ёки хизмат ёки бошқа бир молиявий тўлов тўлашни зиммасига олиб, суғурта қилувчи томонидан тўлаш орқали пул олиб тузиладиган шартнома. Агар мол талафотга учраса, ушбу олган бўлак муқобилида тўланди[2].

Суғурта-ҳар хил ноҳуш ҳодисалар рўй бериши натижасида кўрилган зарарни қоплаш ҳамда фуқороларнинг ҳаётида тегишли суғурта ҳодисалари рўй берганда уларга моддий ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этиладиган ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ (мақсадли пул фондлари) иқтисодий муносабатлар йиғиндиси. Ўтказиш шартига қараб, суғурта мажбурий ва ихтиёрий бўлади. Объектига кўра, мулкий, шахсий ва жавобгарлик суғуртасига бўлинади. Суғуртанинг асосини риск ташкил этади. Суғурта-бу рискни тақсимлаш усулидир[3].

Суғурталанувчи қонун асосида ёки икки томонлама шартнома асосида суғурта компанияси билан фуқоролик-ҳуқуқий муносабатларга кирувчи юридик ёки жисмоний шахс. Суғурталанувчи учинчи шахс фойдасига суғурта шартномасини тузишга ҳақли. Суғурталанувчи суғурта мукофотини ўз вақтида тўлаши шарт. Суғурта шартномасини тузиш жараёнида суғурталанувчи суғурта объектига  тааллуқли бўлган барча маълумотларни суғурта компаниясига маълум қилиш шарт.

Суғурта объектишахсий суғуртада фуқороларнинг ҳаёти, соғлиги, меҳнат қобилияти: мулкий суғуртада бинолар, қурилмалар, транспорт воситалари, уй-жой мулки, ташиладиган юклар ва бошқа моддий бойликларни сақлаш билан боғлиқ манфаатлар; жисмоний ёки юридик шахснинг ўз ҳатти-ҳаракати билан унинг шахсга зарар келтириш фуқоролик масъулияти – масъулиятни суғурталашда суғурта объектлари бўлиб ҳисобланади. Рискни баҳолаш мақсадида суғурта объекти суғурта компаниясининг мутахассислари томонидан экспертиза қилиниши мумкин[4].

Суғурта шартномаси икки томонлама ёзма равишдаги битим бўлиб, бунда суғурта компанияси суғурта ҳодисаси туфайли зарар кўрилганда суғурталанувчига суғурта қопламаси ёки суғурта суммасини тўлаш мажбуриятини олади. Суғурта шартномасини тузишдаги асосий, оддий ва қўшимча шартлар суғурта шартномасининг мазмунини ташкил этади.

Суғурта қопламаси мулкий суғуртада ва суғурталанувчининг учинчи шахс олдида фуқоролик жавобгарлигини суғуртасида зарарни қоплаш учун суғурта фондидан тўланадиган пул маблағи. Суғурта қопламаси суғурта суммасига тенг ёки ундан кам бўлиши мумкин. Суғурта ҳодисаси рўй берганлик ҳолати ва шакли бўйича аджастер ёки авария комиссарининг хулосаси суғурта компанияси томонидан суғурта қопламаси тўланишда асос бўлиб хизмат қилади[5].

Суғурта полиси – суғурта шартномаси тузилганлик фактини тасдиқловчи ҳужжат. Суғурта полисида қуйидаги реквизитлар бўлиши шарт: суғурта компаниясининг юридик манзили,суғурталанувчининг номи, суғурта объекти,суғурта мукофотининг миқдори, шартноманинг амал қилиш муддати. Суғурта қопламасини тўлашда суғурталанувчи суғурта полисини суғурта компаниясига тақдим этиши зарур.

Суғурта мукофоти – суғурта мукофотининг миқдори суғурта суммасига нисбатан фоизларда аниқланади. Суғурта мукофотининг миқдори аниқ суммаларда ҳам ифодаланиши мумкин. Масалан, автомобилъ эгаларининг учинчи шахсга зарар келтириш фуқоролик жавобгарлигини суғуртасида суғурта мукофоти аниқ пул бирлигида кўрсатилади[6].

Маълумки, ҳозирги кунга келиб ривожланган мамлакатлар хўжалигида шакллантирилаётган миллий даромаднинг катта қисми хизмат кўрсатиш соҳасининг ҳиссасига тўғри келмоқда. Хусусан, уларнинг жумласига суғурта хизматлар ҳам киради. Ҳозирги кунда молия бозорларида суғурта компаниялари ўзларининг маблағлари билан иштирок этса, жаҳон товар ва хизматлар бозорларида ўз суғурта хизматларини кўрсатиш билан фаолият олиб бормоқда.

Суғурта бозори – бу муҳим ижтимоий, иқтисодий омил бўлиб, товарлар савдоси, хатар, жон ва мулкларни суғуртавий ҳимоясининг талаб ва таклифи шаклида намоён бўладиган бўладиган иқтисодий муносабатдир. Суғурта бозорининг асосий хусусияти шундан иборатки, кутилмаган кўнгилсиз ҳодиса рўй берганда ишлаб чиқарувчини ёки тижоратчини қўллаб-қувватлашдир. Бундан ташқари, суғурта бозори унинг истеъмолчиларига молиявий муносабатларини мувофиқлаштирувчи фонд вазифасини ҳам бажариши мумкин[7].

Суғурта иши исломнинг илк даврларида мавжуд бўлмаганлиги туфайли кўпчилик олимлар томонидан катта баҳс мунозараларга сабаб бўлмоқда. Аммо жамиятнинг тинимсиз равишда ривожланиши ва ундаги кишиларниг эҳтиёжларини қондириш учун суғурта фаолияти ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар фуқоролари ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб қолди[8]. Ислом дини асосий дин ҳисобланган мамлакатларда суғурта фаолиятидан фойдаланиш бир мунча оқсамоқда.

Ислом уламолари суғурта фаолияти ҳақида икки хил қарашдалар. Айрим уламолар уни жоиз деб ҳисобласалар, айримлари ножоиз деб эътироф этадилар. Қуйида ҳар иккала томоннинг далилларини  ўрганиб чиқишга ҳарат қиламиз.

Баъзи иқтисодчиларнинг фикрича, суғурта – бу бирор тадбиркор ёки шахс маълум фалокат ёки тушкунликка тушган ҳолатда муаммо фақат унинг бўйнида эмас, балки шундай оғир пайтда суғурта компанияси унга муаммоларини  енгиллаштириш ва синишнинг олдини олишга катта ёрдам берадиган фаолиятдир. Бундан ташқари, Ислом динининг асосий мақсадларидан бири, ҳаётнинг ижтимоий ва иқтисодий соҳаларида жамият аъзоларига  ўзаро ёрдам ва кафолат орқали ёрдам бериш асосига қурилган. Шунга биноан суғурта диннинг шу мақсадларига мос келиши фикримиз изоҳи бўла олади.

Ҳозирда суғурта атамаси араб тилида “Таъмин” ёки “Такофул” атамалари билан юритилмоқда[9] .

Юқорида айтиб ўтгганимиздек, суғурта фаолияти кейинчалик пайдо бўлганлиги туфайли илгари муамалада бўлган ва Исломнинг забардаст уламолари томонидан қабул қилинган баъзи шартномаларга қиёс қилиб,ижтиҳод қилинган. Суғуртани ҳаром деб фатво берган олимларнинг фикрича, биринчидан, суғурта катта баҳс (шубҳа)га сабаб бўлмоқда, иккинчидан эса бу фаолият қиморнинг бир туридир, қиморда эса ўйинни олиб борган томон фойдани олади[10]. Суғурталанган шахс олган фойда эса фоиздир, яъни рибо.

Бу ерда иқтисодчи олимлар ва дин уламоларининг қарама-қарши фикрлари асосини аниқлаштирсак, масала равшанлашади, чунки дин қиморни ва бунга оид фикрларни ҳам таъқиқлайди.

Бундан ташқари, Ислом инсонларнини диннинг илк дааврлардаги фаолият доирасида чегаралаб қўймаган,улар ўз ҳаётлари мобайнида янги фаолият турларини кашф қилишлари мумкин, аммо бу фаолиятлар Исломнинг асл қоидаларига зид келмаслиги керак. Янги шартнома сифатида муомалага кирган ҳижрий VII асрда кенг қўлланила бошланган байъул-вафо шартномаси ҳозирги суғурта фаолиятига жуда мос келади. Ислом ҳуқуқига биноан,аввалги шартномаларга ўхшаш келишув турларини қабул қилишган ёки аввалги шартномаларга ўхшамаган бўлса-да, Исломнинг асл қоидалари доирасидан чиқмаган бўлса, жоиз деб қабул қилиниши байъул вафонинг ҳанафий мазҳабида мубоҳ эканлигини Аллома Муҳаммад Абу Заҳро (раҳматуллоҳи алайҳ) таъкидлаб ўтганлар. Чунки, бу шартнома аввалги ҳеч бир муомала турига ўҳшамаганлиги сабабли ва ўз даврининг энг фаол иқтисодий шартномаси сифатида аҳли раъй уни қабул қилганлар.

Юқорида айтиб ўтилганидек, ислом инсонларни илк давридаги қонунлар доирасида чегаралб қўймаган, жамият эҳтиёжларидан келиб чиқиб исталганча фаолият олиб боришлари мумкин, аммо бу фаолиятлар Ислом динининг асл қонунларига зид келмаслиги шарт. Бу баҳсимиз суғурта ақди ва унинг суратларининг шаръий қоидаларидагн иборат бўлиб, исломий шаръий ҳукумлар  асосида бўлади.

Суғурта XIX асрда пайдо бўлган, лекин суғуртанинг энг қадимги кўриниши 1346 йилда пайдо бўлган[11].

Биз бу ўринда 60 йилдан кўпроқ асрдош уламоларимиз ўртасида давом этган узоқ баҳсдан кейин, ислом шариатининг ҳукмларига мувофиқ суғурта ишини асослаб беришга ҳаракат қиламиз. Ўша баҳслар давомида мубоҳ ва ҳаром ўртасидаги бир-бирига зид бўлган шаръий фатволар пайдо бўлган эди ва бу борада фиқҳий конференция ва мажлислар такрор-такрор ўтказилган бўлиб, биринчи 1955 йил Мисрда, сўнгра 1961 йил Дамашқдаги ҳафталик фикҳий мажлисларда, сўнгра Қоҳира, Маккаи мукаррама, Қувайт, Дубай ва ундан бошқа шаҳарларда ўтказилган эди[12].

ТИИ Модуль таълим шакли

талабаси Болтаев Шермуҳаммад

[1] https://islom.uz/view/суғурта суғурта сайтининг расмий маълумотларига асосланган ҳавола.

[2] Доктор Ваҳбату Зуҳайлий. Ал-Муъамалотул-молиятул-муъасиро. Байрут: Дорул-фикр, 2002. – Б. 265.

[3] Баймуратов Т. Суғурта иши фанидан тайёрланган ўқув-услубий комплекс. – Тошкент: Ўзбекистон, 2013. – Б. 449.

[4] Шенниев Х.М., Кенжаев И.Ғ. Чет мамлакатлар суғуртаси. – Тошкент: Янги нашр, 2012  – Б. 1885.

[5] Баймуратов Т. Суғурта иши фанидан таййорланган ўқув-услубий комплекс. – Тошкент: Ўзбекистон, 2013.  – Б. 445.

[6] Хўжаев Й. Ташқи иқтисодий фаолиятда суғурта // Ўқув қўлланма. – Тошкент: Солиқ академияси, 2005. – Б. 257.

[7] Шеннаев Х.М., Кенжаев И.Ғ. Чет мамлакатлар суғуртаси. – Тошкент: Янги нашр. 2012.  – Б. 189.

[8]. Доктор Ваҳбату Зуҳайлий. Ал-Муъамалотул-молийятул-муасиро. – Байрут:  Дорул фикр. -2002. – Ж. 2. –Б.268.
[9] Муҳаммад Тақий Усмоний. Буҳус фи қозоя фиқҳийя муосира. – Дамашқ:  Дорул қалам, 2009. – Ж. 2.

[10] Доктор Ваҳбату Зуҳайлий. Ал-Муъамалотул-муосиро. – Байрут: Дорулфикр, 2002. – Б. 21.

[11] Доктор Ваҳбату Зуҳайлий. Ал-Муъамалотул-молиятул-муосиро. – Байрут: Дорул-фикр, 2002. Ж-2. – Б. 269.

[12] Ислом фикҳий Академиясининг “Маънавий ҳақлар” тўғрисидаги 2,9-боб, 1887 қарори. – Қувайт, 1998.

304431cookie-checkСуғуртанинг таърифи ва унинг моҳияти

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: