Жамиятда бағрикенгликни таъминлашнинг асосий тамойиллари
Маълумки, жаннатмакон юртимизда қадим замонлардан маданияти, урф-одатлари, тили, дини ва ўзининг алоҳида турмуш тарзига эга бўлган, ҳамда бир-бирига ўхшамаган турли ҳил динларга эътиқод қилувчи ажойиб, етук алломаларни ўзида жам қилган ўлкадир.
Инсоният бир ота-онанинг фарзандларидир. Уларнинг ирқи, тили, миллати, қадриятларининг турлича бўлиши Аллоҳ таолонинг ҳикматидир. Қуръони каримда “Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳ учун тўғриликда собит турувчи, одиллик билан гувоҳлик берувчи бўлингизлар. Бирор қавм кишиларини ёқтирмаслик, сизларни адолатсизлик қилишга ундамасин! Одил бўлингиз! Зеро у адолат (тақво)га яқинроқдир. Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ ишларингиздан хабардордир” (Моида, 8.)
Бундан ташқари Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларида: “Барча динларнинг аҳлларига садақа бераверинглар”,- дейилган.
Диёримиздан етишиб чиққан алломаларнинг асарларида ҳам диний бағрикенгликни тарғиб қилувчи ғояларни кўришимиз мумкин. Юртимиздан етишиб чиққан буюк олим, аллома, мотурудия йўналиши асосчиси Абу Мансур ал-Мотурудийнинг асарларида ҳам ана шундай ғоялар келтириб ўтилган. Жумладан, Мутурудий ҳазратларининг барчага машҳур бўлган “Тавилот аҳли сунна” китобининг Ҳаж сураси 40-оятининг тафсирида: “Черков ва синагогаларни вайрон этиш ман этилади. Шунинг учун ҳам, мусулмонлар юртида мана шу давргача улар бузилмай сақланиб қолган. Бундай масалаларда аҳли илмлар орасида ихтилоф йўқдир” – деб келтирилган.
Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик масаласини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-йил 7-февралдаги 4947-сонли қарорига мувофиқ 2017-2021-йилларга мўлжалланган “Ҳаракатлар стратегияси”нинг 5-йўналиши бўлган “Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур йўналтирилган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсатни юритиш” доирасида амалга оширилаётган диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик масаласи амалда ўз ифодасини топмоқда. Шу жумладан, бу икки йўналиш бир-бирига узвий боғлиқ ва бири иккинчисини тўлдириб келади. Бу икки манба ҳам давлат ва халқ учун ўта муҳим аҳамиятга эга йўналишлар ҳисобланади. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек: “Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсатни юритиш” орқали давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш бош мақсадимиздир.
Охирги беш йил ичида диний бағрикенгликни таъминлаш соҳасида жуда кўплаб ишлар амалга оширилди:
2018-йил 16-апрелдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3668-сонли Қарорига мувофиқ Қўмита ҳузурида фаолият юритадиган жамоатчилик-маслаҳат органи ҳисобланмиш Конфессия ишлари бўйича кенгашнинг янги таркиби тасдиқланди.
БМТ Бош Ассамблеяси 2018-йилнинг 12-декабр ойида ўтказилган ялпи мажлисда “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолуцияни қабул қилди. Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат лойиҳаси БМТнинг барча аъзо давлатлари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди. Мазкур резолуцияни қабул қилиш ташаббуси 2017-йил сентябр ойида БМТ Бош Ассамблеясининг Ню-Ёркдаги 72-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан илгари сурилди.
2018-йилнинг 16-апрелида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5416-сонли Фармонни имзолади. Мазкур ҳужжат Ўзбекистонда диний таълим тизимининг узлуксизлигини таъминлашга қаратилган: бошланғич босқичдан (ўрта махсус ислом таълим муассасалари ёки мадрасалар) тортиб, то олий ва ундан кейинги диний таълимгача эди. 2019-йил 4-сентябрдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4436-сонли қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитанинг Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши билан жамиятда виждон эркинлиги ва диний-маърифий муҳит барқарорлиги кафолатларини таъминлаш мақсадида мустаҳкам ва доимий ҳамкорликни назарда тутувчи янги тизим жорий этилди.
Бундан ташқари, Дин ишлари бўйича қўмита таркибида аёллар билан ишлаш бўлими ташкил этилди, шунингдек, ушбу йўналишдаги ишларни назорат қилувчи раис ўринбосари лавозими ҳам жорий этилди. Хотин-қизлар ўртасида маънавий-маърифий ишларни мувофиқлаштириш бўйича Республика тарғибот гуруҳи ташкил этилди.
Ўзбекистон Ислом академияси ва Тошкент Ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро Ислом академияси ташкил этилди. Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида Академия таркибидаги малака ошириш Маркази ҳудудий филиаллари ташкил этилди.
Ўзбекистон халқаро Ислом академияси ҳузурида “Зиё” медиа-маркази ташкил этилиб, у аждодларимизнинг диний-илмий меросини кенг тарғиб қилиш, диннинг ҳақиқий инсонпарварлик мақсадини ҳамда диний-маърифий ҳаётда содир бўлаётган янгиликлардан кенг жамоатчиликни хабардор қилиб боришни таъминловчи асосий медиа-тузилма ҳисобланади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилди. Унинг асосий вазифаси масжидлар, зиёратгоҳлар, муқаддас қадамжолар ва шу каби бошқа объэктларнинг реконструкциясини молиялаштириш, уларни моддий-техник базасини яхшилаш ҳамда ушбу соҳа ходимларини моддий қўллаб-қувватлашдан иборатдир.
Ўзбекистонда Ислом сивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилди. Вилоятларда калом, ҳадис, фиқҳ, ақида илми ва тасаввуфни ўрганишга ихтисослашган бешта илмий мактаб очилди. Ислом сивилизацияси маркази томонидан Ўзбекистонда Марказий Осиё мусулмон мутафаккирларининг жаҳон сивилизацияси ривожидаги ролига бағишланган китоб ва рисолалар тайёрланди. Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Имом Термизий, Ҳаким Термизий ва термизлик бошқа олимларнинг асарлари ўзбек тилига таржима қилинди. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Насафий, Алоуддин Усмондий, Саффар Бухорий ва ҳ.к. каби улуғ алломалар асарларининг аксарияти таржима қилиниб, нашр этилди.
Ўзбекистонда Тошкент Халқаро Ислом академияси, «Мир Араб» олий мадрасаси, Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти, Ҳадис илми мактаби, 10 та мадраса. Бундан ташқари, Тошкент православ семинарияси, Тошкент христиан семинарияси каби диний таълим муассасалари фаолият кўрсатмоқда.
Мустақиллик йилларида 308минг нафар мусулмон Саудия Арабистонига зиёрат учун борган бўлса, шулардан 130 минг киши “Ҳаж”, 178 минг киши эса “Умра” амалини бажаришга муваффақ бўлган. 2,5 минг христиан ва яҳудийлар Исроил, Россия, Туркия, Италия, Грузия ва Юнонистон каби давлатларнинг муқаддас диний қадамжоларига ташриф буюрганлар. 2019-йилдан эътиборан Ўзбекистон фуқаролари учун “Умра” зиёратлари квотаси бекор қилинди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда экстремизмга қарши курашиш чора-тадбирларини амалга оширишдаги ёндашувлар консептуал жиҳатдан қайта кўриб чиқилди. Бунда асосий эътибор аҳоли ўртасида профилактика ва тушунтириш ишларига қаратилди. Ушбу соҳада амалга оширилаётган барча саъй-ҳаракатлар “Жаҳолатга қарши маърифат” деган эзгу ғояга асосланган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, жамиятда диний бағрикенгликни таъминлаш бизнинг асосий вазифаларимиздан биридир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамбилеясининг минбаридан туриб “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган резалуцияни илгари суришлари, унинг нечоғлик муҳим эканини кўрсатади. Шунинг учун нафақат биз ёшлар, балки ҳар бир инсон, башарият турли ҳил маданиятлардан, тиллардан, урф-одатлардан иборат эканини англашимиз ва уларни ҳурмат қилишимиз зарур. Чунки ҳеч қайси миллат, ёки ҳеч қайси давлат тинчликсиз, диний бағрикенгликсиз тараққиётга эришмайди. Шу каби жонажон юртимизда ҳам турли миллат вакиллари бир-бирлари билан аҳл иноқ бўлиб яшаб келишмоқда. Биз ҳам бу анъанани давом эттиришимиз, бундан ташқари буларнинг барчасини соф шаклда келгуси авлодга етказиб беришимиз лозим. Мана шу йўлда бағрикенглик бизга асосий восита бўлиб ҳизмат қилади.
Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси ўқитувчиси Ҳошимов Ойбек